Қирғизистон: Коронавирусга чалинганлар сони 42 га етди, фавқулодда вазият ва комендантлик соати эълон қилинди Koronavirus

Сурат манбаси, official
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Ўш, Қирғизистон
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 24 март куни берган маълумотига кўра, республикада яна 26 киши коронавирусга чалингани қайд этилган. Бунгача вирус юқтирганларнинг сони 16 нафар деб эълон қилинган эди.
"Касалхонада ётган яна тўрт киши коронавирусга чалинган деб тахминий хулоса қилинган. Уларни қайта текшириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, 96 одамнинг анализлари шубҳали бўлиб, ҳозирча салбий натижа кўрсатмоқда", дейилади коронавируснинг олдини олиш республика маркази ёйинлаган маълумотда.
- Қирғизистон: Коронавирус юқтирганлар 12 нафарга етди, 3 қишлоқда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
- Наврўз бекор қилинмаган Тожикистонда пандемиядан хавотир кучаймоқда
- Қирғизистон: Умрадан қайтган яна 3 кишида коронавирус аниқланди
- Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар ортмоқда, Қирғизистон ўқув юртларини ёпди
- Қозоғистонда илк коронавирус ҳолати аниқланди
Жами 142 одам шифохонага ётқизилган. 68 нафари эркак, 74 аёл. Уларнинг орасида бир ёшга тўлмаган икки бола бор. Олти ёшдаги бир нафар, 14 ёшдаги бир ўспиринда ҳам коронавирус аниқланган. Қолганларнинг ёши 16-86 ёш орасида.
Коронавирусга чалинганлар республиканинг қайси вилоят ёки тумани яшовчилари экани сир сақланмоқда.
Беморларнинг Бишкекдаги республика инфекция клиникасида, Ўш вилоят шифохонасида, Новқат туман, Жалолобод ва Боткен вилоят касалхоналарида даволанаётгани айтилади.
Коронавирусга чалинганларнинг аксарияти Умра зиёратидан қайтганлар. Бишкекдаги бир киши эса Франциядан келган. Ҳозирда улар карантинга олиниб, шифокорлар назоратида.
Юқумли хасталик республикада кенг тарқалмаслигини олдини олиш мақсадида, 22 мартдан бошлаб Қирғизистон ҳудудида фавқулодда вазият, 25 мартдан эса комендантлик соати эълон қилинган.
Бундай вазиятда аҳоли қандай қоидаларга амал қилиши кераклиги ҳақида Қирғизистон Фавқулода вазиятлар вазирлиги йўриқнома ишлаб чиққан. Комендантлик соати кечки соат 20:00 дан эрталаб соат 07:00 гача давом этади. Бу оралиқда одам ва транспорт ҳаракати тақиқланади. Қоидани бузганларни милиция қўлга олиб, керак бўлса уч кунгача ҳибсда сақлаши мумкин.
Фавқулодда вазият ва комендантлик соати қоидалари:
- Асосий йўлларда санитария-эпидемиология постлари ўрнатилади. Аҳолининг уйдан чиқмай туриши тавсия қилинади, бироқ муайян сабаблар туфайли постлардан ўтишга рухсат берилади. Блокпостлардан махсус автомобиллар (чиқинди, пул ташиш машиналари) ва юклар, озиқ-овқат, халққа керакли моллар, дори-дармонларни ташийдиган транспорт воситаларигина ўтказилади.
- Махсус ўтказиш қоғозлари бўлмайди. Шаҳар ташқарисида яшаб, бироқ шаҳарда ишлаганларга карантин пайтида уйдан туриб ишлаш тавсия қилинмоқда. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари, фавқулодда вазиятларида мустақил қарор чиқаради.
- Чеклов рўйхатига кирмаган ишхона эгаларига ўз ходимларига уйдан ишлашига имконият яратиб бериш ёки ишдаги ходимлар сонини қисқартириш тавсия қилинади.
- Қирғизистон мактаб ўқувчиларига 8 апрелгача таътил берилди. Ўқувчилар учун Таълим вазирлиги 4-чоракдаги ўқишни масофали олиб бораётгани учун, орадаги ўқимай қолган кунлари ёзги таътилга кўчирилмайди. www.edu.gov.kg сайтидан 1-11 синф ўқувчилари тест ва ўқув маълумотларини олишади. Битирув имтихонлари ва умумреспублика тести учун махсус методика қўлланилади.
- Давлат ва ҳусусий болалар боғчалари ёпилди. Олий ўқув юртлари билан коллеж талабалари онлайн ўқув тизимига ўтказилади. Олис ҳудудлардан шаҳарга келиб, уйларига кетолмай қолганлар ётоқхонада яшаб, билим олишаверади.
- Соғлиқни сақлаш йўналишида шифохона ва амбулатория клиникалари одатий иш жадвали бўйича фаолият юритади. Ўзини бетоб ҳис қилганларнинг шифо муассасасига бормасдан телефон орқали мурожат этишлари тавсия қилинмоқда.
- 22 мартдан бошлаб жамоат транспорти ҳаракатланишига чеклов киритилди. Аксар хусусий таксилар вақтинчалик ишга чиқишмайди. Махсус жамоат автобус билан троллейбус йўналишлари ишлайверади.
- Йирик савдо, кўнгилочар марказлари карантинга ёпилди. Бироқ фавқулодда вазият пайтида озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар одатий ҳолда ишлайверади. Кафе-ресторанлар таомларни манзилга етказиб бериш билангина чекланади. Озиқ-овқат махсулотлари сотмаган бозор, спорт майдончалари, сузиш марказлари ва гўзаллик салонлари вақтинчалик фаолиятини тўхтатади.
- Давлат хизматлари, жуда муҳим деб ҳисобланган давлат ишхоналари ва коммунал, газ, электр, иссиқлик хизматлари ҳар доимги тартибда ишлашади. Давлат ва муниципиал идоралар фуқароларни қабул қилишни чеклайди.
- Банкларнинг аксарияти очиқ бўлади, бироқ баъзи бўлим ходимлари сони қисқартирилиши ёки бўлимлар тўлиқ ёпилиши мумкин. Онлайн банкингдан фойдаланиш маслаҳат берилмоқда.
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ва коронавируснинг олдини олиш республика штаби фуқароларни ушбу қоидаларга риоя этишга чақирмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















