Сир сақлашни биласизми? Аутизмга чалинган MI5 разведка ходими билан танишинг

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си Лондондаги MI5 бош қароргоҳига кириб, бир юқори лавозимли разведка ходими билан учрашишга ва у билан невродивергент бўлиш одамга қандай ҳиссиёт бериши ҳақида суҳбат қуришга муваффақ бўлди.
Лиам миллий хавфсизлик бўйича юқори даражадаги йиғилишни бошқараётган эди, аммо тўсатдан нимадир хато кетаётганини тушуниб қолади.
Боши қаттиқ оғрий бошлайди ва у диққатини йўқотади. Ҳамкасблари муҳокама қилаётган ҳужжатларга эътибор беришга ва суҳбатни давом эттиришга, шу билан бирга, телефонига келаётган янги хабарларни кўздан кечиришга ҳаракат қилади.
Бироқ, оғриқ кучайгани сайин, Лиам хонадан шошилинч чиқиб кетишга мажбур бўлади.
“Мен ҳиссий юкланишни бошдан кечирдим ва кўриш қобилиятимни йўқота бошладим,” дейди Лиам Би-би-си’нинг “Access All” подкастида.
“Ҳамкасбларим мени тузатишга ва ўзимга келтиришга уринишди.”
Лиам (бу унинг ҳақиқий исми эмас) кўп йиллардан буён MI5’да ишлайди.

Сурат манбаси, Getty Images
У хорижга сафар қилган ва баъзилари Британия фуқароларига зарар етказиши мумкин бўлган таҳдидларни олдини олишга қаратилган мураккаб тергов ишларида қатнашган.
У ҳар доим ишончлилиги билан фахрланиб келган. Бу разведка ходими учун муҳим сифатдир. Бироқ вазифаларни бажариш катта стресс билан кечарди.
“Йиғилишни тинглаш, имейлларни ўқиш ва ҳисоботда нима ёзиш ҳақида ўйлаш — баъзида мен буларнинг ҳаммасини бир вақтнинг ўзида қилишимга тўғри келарди” дейди у.
Лиам нимани бошқаларидан устувор қўйишни аниқлашда қийналарди ва шу сабабдан ҳам кўпинча батафсил маълумотларни тўлиқ англай олмасди.
Йиғилишдан кейин Лиам ишидан бир оз вақтга танаффус олиб, бир нечта мутахассислар билан суҳбатлашди.
У аутизм туфайли юз берган кучли жисмоний ва руҳий чарчоқ ҳолатини бошдан кечиргани маълум бўлди. Бу ҳолат йиллар давомида тўпланган стресс туфайли юзага келган эди.
Баъзи кунлар у нима содир бўлганини тушуниб етганидан енгил тортарди — баъзи кунлар эса у янги иш топишга мажбур бўлишидан хавотирланарди.
“Ишламаслик менга қийин бўлди,” дейди у. “Мен жуда чарчаган эдим, кўп фикрлар хаёлимда айланар эди. Одамлар мени қандай қабул қилишларидан хавотирда эдим.”
Хавотирларга қарамай, Лиам ишига қайтганда ҳамкасблари уни жуда яхши кутиб олишди. Унга соғлиқни сақлаш ва фаровонлик бўйича хизматлар таклиф қилинди, ва невродивергент одамларга ёрдам берувчи мураббийлар аутизм билан қандай келишиб яшаш мумкинлигини ўргатишди.
У бир вақтда бир нечта вазифалар билан банд бўлмаслик, кун тартибига амал қилиш ва ҳаётдаги устувор қадриятлари ҳақида суҳбатлашиш қанчалик муҳимлигини ўрганди.
Вақт ўтиши билан ҳаммаси осонлаша борди. Лиам невродивергент ходимлар тармоғига қўшилди ва аутизм билан оғриганлигини ошкор қилишдан уялмасликка ундалди.
У энди вазифаларни бажаришда ўзининг қандай кучли томонлари борлигини аниқ кўра олади. У разведка ишини мураккаб жумбоқни ҳал қилишга ўхшатади: бунда невродивергент одамлар муқобил нуқтаи назарларни таклиф қилиши ва билимдаги бўшлиқларни тўлдириши мумкин.
Унинг сўзларига кўра, унинг гиперконтсентрацияси, кичик тафсилотларгача эътиборли бўлиши ва яхши хотираси ҳам бу соҳада анча иш берган.
Koʻpincha ish beruvchilar orasida nevrodivergent holatlar haqida yetarli tushuncha yoʻqligi notoʻgʻri qarashlar va yetarli yordamning yoʻqligiga olib keladi.
Сир сақлаш MI5 да ишлашнинг энг муҳим қисми ҳисобланади. Лиамнинг нима иш қилиши ҳақида эса фақат унинг яқин оиласи билади, холос, лекин унинг аутизмга чалиниши ҳеч қачон ишининг бу томонига алоқадор бўлиб кўринмаган.
“Мен кўп маълумотларни ичимда сақлайман,” дейди у. “Сир сақлаш мен учун ҳеч қачон муаммо бўлмаган.”
MI5 ногиронлик бўйича “Ишончли иш берувчи” ҳисобланади.
Бу ногирон одамларга тенг имкониятлар яратиш учун чора-тадбирлар кўрилганлигини англатади.
У тахминан 5000 нафар ходимни иш билан таъминлайди, 2022 йилда эълон қилинган маълумотларга кўра, улар ишчиларининг тахминан 4%ини ногиронлар ташкил этади.
Ҳукумат институти маълумотларига кўра, бу 2022 йилда давлат хизматчилари ўртасида 14 фоиз ва Буюк Британия ишчи аҳолисида 15,5 фоиз ташкил этган кўрсаткичдан пастроқ.
Тарихий жиҳатдан олиб қараганда, хавфсизлик хизматлари ногирон одамлар ва бошқа кичик гуруҳлар, масалан, қора танлилар ва этник озчилик гуруҳларни ёллашда қийинчиликларга дуч келган, лекин MI5 бу борада жиддий ўзгаришлар қилишга ҳаракат қилганини айтади. Унинг энг сўнгги маош тафовути ҳисоботида 2022/23 йилларда янги қўшилган ходимларнинг чорак қисми этник озчилик вакиллари ва деярли 48% аёллар эканлиги қайд этилган.
MI5’нинг невродивергент ходимларининг қанча қисми юқори лавозимларга эришгани ҳақида маълумот берилмаган, лекин Лиамнинг айтишича, аутизм билан оғриши юқори кўрсаткичларга эришишига тўсқинлик қилмаган. Унинг юқори лавозимга кўтарилиши аутизм билан оғриганлигини билганидан кейин содир бўлган ва у ташкилотда бу каби муваффақиятга эришган бошқа одамларни ҳам билади.
“Баъзи одамлар ADHD томонида, баъзилар аутизм билан оғриган, баъзилар эса жуда сезгир,” дейди у. “Невродиверслик MI5 учун куч беради.”
Би-би-си хавфсизлик бўйича мухбири Гордон Корера Буюк Британия хавфсизлик агентликларида ходимларни диверсификациялашга катта эътибор қаратилаётганини айтади.
“Бу қисман аҳолининг аксини кўрсатиш, энг яхши одамларни қабул қилиш учун очиқ бўлиш ва шунингдек, дунёни фақат бир турдаги нуқтаи назар билан тушуниш натижасида келиб чиқадиган “гуруҳча фикрлаш”дан қочиш учун амалга оширилмоқда.”
У учта асосий агентлик, MI5, МИ6 ва GChQ орасида GChQда ногирон ходимлар кўпроқ кўзга ташланишини “ва у кўпинча невродиверсликка эга одамларни излашини” айтади.
Аммо “MI5 этник жиҳатдан кўпроқ хилма-хил кўринарди ва юқори лавозимларда кўпроқ аёллар бор эди,” дея қўшимча қилади у.
Disability Rights UK ходими Камрон Малик Буюк Британия иш маданияти невродивергент одамларга нисбатан ўзгариб бораётганини айтади.
“MI5 каби ташкилотлар аутизм каби ҳолатларга эга одамлар учун янада инклюзив ва қўллаб-қувватловчи муҳитни яратишда етакчилик қилишда муҳим роль ўйнайди,” дейди у.
Аммо Миллий Статистика Идораси маълумотларига кўра, 2022/23 йилларда аутизмга чалинган одамларнинг фақат 30% иш билан таъминланган, холос.
“Кўпинча иш берувчилар орасида невродивергент ҳолатлар ҳақида етарли тушунча йўқлиги нотўғри қарашлар ва етарли ёрдамнинг йўқлигига олиб келади,” дейди жаноб Малик.
Лиам ишини яхши бажариш учун барча салоҳиятларга эга эканлигини айтади ва ўз ҳикояси билан бўлишишни истайди. Аммо ҳамкасблари ўз тажрибаларини бўлишиш учун йиғиладиган жойлар ҳақида маълумот сўралганда, Лиам бирон маълумотни ошкор этишни истамайди.
“MI5 паби бор-йўқлигини тасдиқлай олмаганимдек рад ҳам этолмайман.”












