Дайжест: Ўзбекистон кимни мамлакатга киритмоқчи эмас? Мирзиёев олимпия қўмитаси раиси, янги Осиё бокс ташкилоти тузилди

Сурат манбаси, O'zbekiston Milliy Olimpiya qo'mitasi
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар қилишича, Ўзбекистондаги "кўп минг сонли олимпия оиласи, спортчи ва мураббийларнинг илтимосини инобатга олган ҳолда" Президент Шавкат Мирзиёев номзоди Миллий Олимпия қўмитаси раислигига илгари сурилган ва қўмита Бош ассамблеясидаги овоз беришда бир овоздан маъқулланган.
Миллий Олимпия қўмитасининг навбатдаги мажлисида Бош вазир Абдулла Арипов қатнашган.
Миллий Олимпия қўмитаси хабарига кўра, Бош вазир Абдулла Арипов 2028 йилдаги Лос-Анжелес ёзги Олимпия ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш лозимлигини таъкидлаган ва шунинг учун ҳам Президент Мирзиёев номзоди илгари сурилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг раиси, унинг куёви, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, Ойбек Касимов Бош котиб ва Шерзод Ташматов раис ўринбосари этиб сайланганлар.
World Boxing янги Осиё бокс ташкилотини қўллаб-қувватлайдиган бўлди

Сурат манбаси, Getty Images
World Boxing халқаро бокс федерацияси Россия етакчилигидаги Халқаро Бокс Ассоциациясидан (IBA) ажралиб чиққан янги Осиё Бокс Конфедерациясини (ASBC) қўллаб-қувватлашини эълон қилди.
Хабар қилинишича, Осиё бокс федерацияларини жамлаган фавқулодда мажлис ўтказган ва IBA таркибида қолиш ёки чиқиб кетиш масаласини овозга қўйган.
Шундан сўнг Осиё Бокс Конфедерацияси (ASBC) президенти Пичаи Чунҳаважира дарҳол истеъфо берган ва World Boxing таркибида янги Осиё конфедерацияси ташкил этилганини эълон қилган.
Reuters ахборот агентлиги хабар қилишича, Таиланд Бокс Ассоциациясининг президенти бўлган Пичаи Чунҳаважира, янги ташкилот "спортимизнинг шаффоф, адолатли ва барқарор келажагини таъминлайди", деб айтди.
Ушбу янгиликни World Boxing Президенти Борис ван дер Ворст олқишлаб чиқди.
Дунёдаги олимпиада бокси тарихида энг донгдор 10 мамлакат рўйхатига киритиладиган Ўзбекистон ва Қозоғистон ноябр ойи бошида World Boxing федерациясига қўшилган эди.
Бокс ҳозирча 2028 йилдаги Лос-Анжелес ёзги олимпия ўйинлари ичига киритилгани йўқ.
Яқин-яқингача Бокс спорт турини Халқаро Бокс ассоциацияси IBA тақдим қилиб келган, бироқ Халқаро Олимпия қўмитаси IBA ташкилотини бошқарув, молия каби масалаларда узоқ йилдан бериб танқид қилиб келар, боксни олимпиадада тақдим қилиш ҳуқуқидан айириб қўйиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Халқаро Бокс ассоциациясини 2020 йилдан буён Умар Кремлёв бошқаради, у ассоциацияга раис бўлиб келган пайти ташкилотдаги камчиликларни тузатишга ваъда берган, ташкилотнинг анча қарзларини узган.
IBAга Россиянинг давлат назоратидаги "Газпром" ширкати ҳомийлик қилиши сабабидан хориж матбуоти Умар Кремлёвни Кремлга алоқаси бор шахс деб кўради.
Бу йилги Париж-2024 олимпиадасида қайси боксчилар қатнашиши қарорини Халқаро Олимпия қўмитасининг ўзи берди.
Халқаро Олиспия қўмитаси Президенти Томас Бах бокс бўйича миллий федерацияларни янги, "ишончли" халқаро ташкилот топишга чақирди, акс ҳолда боксчилари 2028 йилдаги олимпиадага қўйилмаслигини айтди.
Бунинг учун ХОҚ 2025 йилгача муҳлат берди.
2023 йили АҚШ, Буюк Британия, Германия, Австралия ва Бразилия бокс ташкилотлари IBAга муқобил World Boxing халқаро бокс федерациясини ташкил қилдилар.
Яқинда World Boxing Президенти Борис ван дер Ворст Ўзбекистонга борган, ўшанда Ўзбекистон бу ташкилотга қўшилиши эълон қилинган эди.
Ўзбекистон кимни мамлакатга киритмоқчи эмас?

2024 йил 15 ноябридан Ўзбекистон ҳукумати номақбул деб топган инсонларнинг Ўзбекистон ҳудудига киритилиши тақиқланди.
Президент Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида"ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мақсадидаги қонунни имзолади.
Исталмаган шахсларни Ўзбекистонга киритмаслик мақсадидаги қонунни халқаро ташкилотлар танқид қилишган, бу Ўзбекистоннинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларига зид эканини таъкидлашган.
Бу қонун "эркин ҳаракатланиш ва халқаро алмашишни жиддий чеклаши, Ўзбекистоннинг қайтадан халқаро даражада иҳоталанишига олиб келиши, Президент Мирзиёевнинг сиёсий ислоҳотлари барқарорлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган халқаро инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар, олимлар ва бошқалар билан конструктив мулоқотга путур етказиши мумкин. Бунақа чоралар Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини тўкади", дея ҳали лойиҳа муҳокамасида баёнот берган эди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Халқаро Хелсинки қўмитаси.
Айрим кузатувчилар фикрича, Ўзбекистоннинг номақбул шахслар рўйхати Россиядаги империяпараст сиёсатчиларнинг бузғунчи баёнотларига жавоб бўлиши мумкин.
Охирги йилларда россиялик сиёсатчи, журналист ёки фаолларнинг собиқ Совет республикалари ва раҳбариятига нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик, "Украина кунини бошига солиш" билан таҳдид, хусусан, Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишгача бўлган баёнотлари кузатилди.
Аммо икки ой олдин Канадада истиқомат қиладиган таниқли журналист, ёзувчи ва ҳуқушунос Бахтиёр Шоҳназар ватанига киритилмади, Тошкент аэропортидан қайтишга мажбур бўлди.
У ўзига нега Ўзбекистонга киритилмагани сабаби бўйича бирорта аниқ, юридик асосга эга важ кўрсатилмаганини билдирди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Номақбул шахс қонуни ҳали қабул қилинмагани Бахтиёр Шоҳназар, таниқли Ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоил, журналист Шоҳида Ёқуб ва қатор ўзбекистонлик мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг Ўзбекистонга киритилмаслигига монеълик қилмаган.
Янги қонунга кўра, Ўзбекистоннинг номақбул шахслари рўйхати Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Сенат, ва бошқа махсус ваколатли давлат органларининг тақдимотига асосан тузилади.
Бу рўйхатни тузишда бирор бир шахснинг Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини, тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишларни ёки ҳаракатларни содир этганига алоҳида эътибор қаратилади.
Телеграм каналимиз:












