Ўзбекистон Кремлёв ташкилотидан чиқди

Сурат манбаси, olympic.uz
World Boxing халқаро бокс федерацияси Президенти Борис ван дер Ворст Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга расман қўшилганини эълон қилди.
Федерацияга Ўзбекистон билан бирга Қозоғистон, Гватемала ва Лаос ҳам аъзо бўлиб кирди.
Бу билан World Boxing га қўшилган мамлакатларнинг сони 51 га етди.
Энди World Boxingга аъзо мамлакатлар ўз боксчиларини 2028 йилдаги Лос-Анжелесдаги Ёзги Олимпиада ўйинларига юбора оладилар.
Шу вақтгача Ўзбекистон IBA - Халқаро Бокс ассоциациясининг аъзоси эди.
Аммо Халқаро Олимпия қўмитаси 2023 йили IBAни тан олишдан бош тортди, бунга бокс ассоциациясидаги молия, бошқарув ва ҳакамлик билан боғлиқ муаммолар сабаб қилиб кўрсатилди, ХОҚ 2028 йилдаги олимпиададан боксни чиқариб ташлашини эълон қилди.
Бу йилги Париж олимпадасида бокс мусобақаларини ХОҚнинг ўзи бошқарди.
ХОҚ Президенти Томас Бах миллий федерацияларни янги, "ишончли" халқаро ташкилот топишга чақирди, акс ҳолда боксчилари 2028 йилдаги олимпиадага қўйилмаслигини айтди.
Бунинг учун эса муҳлат 2025 йилгача берилди.
АҚШ, Буюк Британия, Германия, Австралия ва Бразилия боксчилари 2023 йили IBAга муқобил World Boxing халқаро бокс федерациясини ташкил қилдилар.
Яқинда World Boxing га Франция ҳам қўшилди.
Бир ой олдин World Boxing Президенти Борис ван дер Ворст Ўзбекистонга борди, ўшанда спорт расмийлари Ўзбекистоннинг бу ташкилотга қўшилишини тасдиқладилар.
Халқаро Бокс ассоциацияси IBA ни туғилган пайтидаги фамилияси Лутфуллоев бўлган Умар Кремлёв 2020 йилдан буён бошқаради.
IBAга Россиянинг давлат назоратидаги "Газпром" ширкати ҳомийлик қилиши сабабидан хориж матбуоти Умар Кремлёвни Кремлга алоқаси бор шахс деб кўради.
Шу йилги Париж олимпиадасида IBA бокс мусобақаларидан четлатган икки боксчи аёл жазоирлик Имона Халиф ва тайванлик Лин Юй-тин можароси ўртага чиқди.
IBAга кўра, бу икки спортчида ўтказилган "генетик тестлар уларнинг эркак эканини намойиш этган".
Бироқ IBA тестларидан шубҳаланган Халқаро Олимпия қўмитаси жазоирлик ва тайванлик спортчини аёллар ўртасида мусобақада қатнашишларига рухсат берди.
Имона Халиф ва Лин Юй-тин нега 2023 йилда дисквалификация қилинганларига очиқлик киритишга ваъда берган IBA раҳбарлари шошилинч онлайн матбуот анжумани ташкиллаштирдилар, аммо "тиббий сир"ни ошкор этолмасликлари важи билан ишончли исбот-далил тақдим этолмадилар.
Telegram kanalimiz















