Эркаклар аёлларни ураяптими? Янги матбуот анжумани яна саволларни жавобсиз қолдирди

Тайванлик Лин Юй-тин(чапда) ва жазоирлик Иман Хелиф

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тайванлик Лин Юй-тин(чапда) ва жазоирлик Иман Хелиф атрофида баҳслар қизиган
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Париж-2024 Олимпиадасида икки боксчи атрофида баҳслар авж олди.

Асосий савол - Нега Халқаро Олимпия қўмитаси "жинси номаълум" инсонларга аёллар бокси мусобақаларида қатнашишларига рухсат берди?

Аммо Халқаро Олимпия қўмитаси ўз тартиб-қоидалари бўйича иш кўраётганини, жазоирлик Иман Хелиф ҳамда тайванлик Лин Юй-тинни аёллар ўртасидаги бокс мусобақаларидан четлатиш учун асос йўқлигини айтади.

5 август куни икки спортчи дисквалификация қилинганини айтиб келадиган Халқаро Бокс Уюшмаси(International Boxing Association) раҳбарлари матбуот анжумани уюштирдилар, мухбирларга кўра, бу матбуот анжумани бу спортчилар мусобақага қатнашишга ҳақли ёки йўқ эканликлари ҳақидаги жавоблардан кўра янада кўпроқ саволларни пайдо қилди.

Алоқадор мавзулар:

Би-би-си мухбири Шон Кёрнс ёзишича, ХБУ Россия етакчилигидаги ҳаваскор боксчилар ташкилотининг бошқарувчи органи ҳисобланади, бироқ 2019 йили Халқаро Олимпия қўмитаси ХБУ раҳбарлиги ва бошқарувига оид юзага келган хавотирлар боис ХБУни хаваскор боксчилар ташкилоти деган мақомидан мосуво қилган ҳамда бу ташкилотнинг олимпиада ўйинларида бокс мусобақаларини ташкиллаштириш ҳуқуқини тортиб олган.

2020 йилги Токио Олимпиадасида бокс мусобақалари ХБУ эмас, балки Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) томонидан ташкил этилди.

Париж олимпиадасидаги баҳслар авжига чиққан вақтда ХБУ президенти Умар Кремлёв(туғилган пайти Лутфуллоев, кейин фамилиясини ўзгартирган) ва ХБУ ижрочи директори Крис Робертс матбуот конференцияси ўтказишлари ҳақида эълон қилдилар.

Мухбирларга кўра, техник муаммолар туфайли матбуот анжуманининг бошланиши 100 минутдан ҳам кечикиб кетган, бироқ Кремлёв ва Робертс нега спортчилар дисквалификация қилинганлари ҳақидаги саволларга бир-биридан фарқли, баъзи жойларида эса бир-бирига қарши жавоб берганлар.

ХБУ матбуот анжуманида нима дейилди?

ХБУ президенти Умар Кремлёв Россия Президенти Владимир Путин билан 2022 йил сентябрида бокс марказининг тантанали очилиш маросимида

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ХБУ президенти Умар Кремлёв(ўнгда) Россия Президенти Владимир Путин билан 2022 йил сентябрида бокс марказининг тантанали очилиш маросимида

Крис Робертс иддаосича, Хелиф ва Лин биринчи марта Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган 2022 йилги жаҳон чемпионатида тест топширишган, бироқ бу натижалари "якуний бўлмагани"(инглиз тилида inconclusive) учун спортчиларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Унинг сўзларига кўра, спортчиларнинг кейинги йил Ню-Деҳлидаги жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этилишларига уларнинг тест натижалари "номувофиқ"(инглиз тилида ineligible) чиққани сабаб бўлган.

"Хромосома тестлари натижалари иккала боксчининг ҳам иштирок эта олмаслигини кўрсатди", деди Крис Робертс.

Аммо Робертс икки спортчи "хромосома тестлари"дан ўтди, деган бўлса, Кремлёв тестлар боксчиларнинг тестостерон даражасини аниқлаш учун ўтказилганлигини айтди.

Тестостерон - бу мушак массаси ва кучини ошириши мумкин бўлган гормон. Хромосомалар генетик маълумотни, шу жумладан, инсоннинг жинси ҳақидаги ахборотни ўз ичига олади.

"Уларда тестостерон даражаси жуда юқори", деди матбуот анжуманига видео алоқа орқали қўшилган ва таржимон орқали гапирган Умар Кремлёв.

"Биз улар бизга рухсат берган тест натижаларини олдик ва бу тест натижалари эркаклар каби уларда тестостерон даражаси юқори эканлигини кўрсатди", деди ХБУ президенти Кремлёв.

Халқаро Олимпия қўмитаси Президенти Томас Бахни яна аввалгидек танқидларга тутган Кремлёв, агар боксчилар "аёл бўлиб туғилганликларини исботламоқчи бўлсалар, буни ўзлари қилишлари керак", деб қўшимча қилган.

ХБУ раҳбарлари сўзларига кўра, улар Хелиф ва Лин тестлари натижаларини Жаҳон Антидопинг агентлиг(WADA) томонидан аккредитация қилинган икки лабораторияга юборганлар.

Бироқ WADA Би-би-си Спорт билан суҳбатда гендер тестларини текширувдан ўтказмаслигини, ўзларининг иши фақат допинг билан боғлиқлигини айтди.

Халқаро Олимпия қўмитаси ўтган ҳафта Иман Хелиф ва Лин Юй-тин атрофида бўлаётган ғавғоларни қоралаб баёнот берди.

Хелиф ва Линга қаратилган "тажовуз", "ҳеч қандай тартиб-қоидасиз қабул қилинган ўзбошимча қарорларга асосланган", дейилади ХОҚ баёнотида.

Би-би-си ХБУнинг мувофиқлик тестлари натижаларини кўргани йўқ ва ҳозирча бу тестлар нимадан иборатлигини аниқлай олгани йўқ.

Енгил атлетика, велоспорт ва сузиш каби қатор спорт турлари трансгендер аёлларга хотин-қизлар мусобақаларида қатнашишни тақиқлади ва жинсий ривожланиш фарқи бўлган спортчилар учун янада қаттиқроқ мезонларни жорий қилди.

Аммо ХОҚ бокс бўйича, агар паспортида аёл эканлиги кўрсатилган бўлса, аёллар бўлимида қатнашиш ҳуқуқига эга, дейди.

5 август куни ХОҚ матбуот котиби Марк Адамс яна Хелиф ва Линнинг Париж ўйинларига киритилиши қарорини ҳимоя қилди.

"Ушбу спортчилар олти йил давомида ҳеч қандай муаммосиз катталар мусобақаларида қатнашиб келишаяпти", деди ХОҚ матбуот котиби.

"Бу аёллар ушбу мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқига бўлиб келганлар, ушбу мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқига эгалар ва ушбу мусобақада иштирок этишади", деди Марк Адамс.

Хелиф ва унинг жамоаси ХБУга жавоб беришгани йўқ, лекин унинг ўзи шундай деди: "Мен бутун дунёга аёл эканлигимни айтмоқчиман ва аёл бўлиб қоламан".

Жазоир Олимпия қўмитаси аввалроқ "муайян хорижий ОАВ томонидан таниқли спортчимиз Иман Хелифга қаратилган ғаразли ва ахлоқсиз ҳужумларни" танқид қилган эди.

Лин ҳам, Тайван олимпия қўмитаси ҳам бу борада ҳеч қандай изоҳ бермади.

Би-би-си Спортнинг Крис Робертс билан суҳбати

Би-би-си Спорт мухбири Аде Адедойин душанба кунги матбуот анжуманидан кейин ХБУ ижрочи директори Крис Робертс билан суҳбатлашди.

Савол: 2022 йили сиз қандай тестлар ўтказгансиз?

Жавоб: "Гендер тестлари учун тестлар 2022 йил Истанбулда ўтказилган. Бу натижалар лабораторияда ўтказилган. Ундан чиққан натижалар қоидаларга мувофиқ, номувофиқ деб топилган. "

Савол: Улар қон тестлари эдими?

Жавоб: Ҳа, қон тестлари.

Савол: Аммо сиз бу қон тестлари якуний эмас дедингиз, шундайми?

Жавоб: Тўғри. Икки боксчи учун.

Савол: Иккинчи қон текшируви натижалари қандай чиқди?

Жавоб: Айнан бир хил. Улар бизга бир хил маълумот берди. Бу маълумот кейин директорлар кенгашимизга бизнинг мувофиқлик мезонларимиздан келиб чиқиб, ким эркак ва ким аёл эканлиги борасида қарор қабул қилишлари учун тақдим этилди.

Савол: Аниқлик киритиш учун 2022 ва 2023 йилларда қилган тестларингиз айнан бир хил бўлганми?

Жавоб: Ҳа, тўғри. Улар лабораториялар орқали қилинган.

Савол: Ушбу тестлар нимани аниқлашга мўлжалланган? Сизнинг президентингиз тестостеронни аниқлаш учун деди...

Жавоб: Бу хромосома масаласи эди. Ўшани аниқлаш учун. Самарали гендер тести.

Савол: Нима демоқчисиз?

Жавоб: Қайси хромосома XX га, қайси хромосома XY тўғри келишини аниқлаш учун. Ана шу мезон асосида. Сиз буни техник мусобақа қоидаларида кўргансиз. Демак, қарасангиз, бу нимани англатишини тушунасиз.

Савол: Умар Кремлёв сиз уларни тестостерон учун текширганингизни айтди...

Жавоб: Йўқ, қон таҳлиллари ўтказилган. Бу талабдаги мезонларга асосан... улар гендер тести, қон тести эди. Мен [Кремлёв] нотўғри демоқчи эмасман.

Савол: У тестостерон даражаси юқори деб айтди...

Жавоб: Бу тестларда тестостероннинг даражалари юқори бўлган. Бу бир неча турли нарсаларни келтириб чиқаради. Бу ўша тестда турли нарсаларни аниқлайди.

Савол: Доктор улар "генетик жиҳатдан эркак" деб айтди. Бу нима дегани?

Жавоб: Билмайман. Унинг бу борада нима демоқчи эканлигини билмайман. Унинг ўзидан сўраш керак. Мен бу ерда айтмоқчи бўлганим шуки, тестлар Истанбулда ўтказилган, кейин Ҳиндистонда ўтказилган. Натижалар номувофиқлик бизнинг мезонларимизга зид эканлигини кўрсатди ва шунинг учун боксчилар бизнинг турнирдан четлаштирилган.

Савол: Биз ойдинлик киритилишига умид қилгандик, нега чалкашлик пайдо бўлгани сабабини сиз тушунтироласизми?

Жавоб: Биз тестлардан фақат улар берган нарсаларни олишимиз мумкин. Мен ортиқ тафсилотига кира олмайман.

Савол: Биз учун вазият ҳамон шаффоф эмас...

Жавоб: Менимча, бу ерда вазият... сиз нега боксчиларнинг ўзидан сўрамайсиз? Биз бу маълумотни ошкор қилолмаймиз. Буни боксчиларнинг ўзидан сўраш керак.

Савол: Кремлев тестостерон деди, сиз XY хромосомаси деяпсиз. Биз аниқлик киритиш йўлида олдинга силжий олмаяпмиз...

Жавоб: ОК.

Савол: Бугун чалкаш кун бўлдими?

Жавоб: Қайси маънода? Сиз керакли маълумотни ололмадингизми? Бу маълумотни кўришингиз учун сизга юборишимиз мумкин.

Савол: Лабораториялар WADA томонидан аккредитация қилинганми?

Жавоб: Ҳа, аккредитациядан ўтган. Лицензия рақамлари билан. Тўғри. Оммавий ахборот воситалари бу шов-шувларнинг барчасини кўтарган. Ҳеч ким Иман Хелифни эркак ёки Хитой Тайпейи боксчисини эркак деб айтгани йўқ, мен ҳам айтганим йўқ.

Савол: Лекин шифокорингиз шундай деди, тўғрими? Сизнинг шифокорингиз, улар генетик жиҳатдан эркак, деди...

Жавоб: Доктор нима деди? Шундай дедими? ОК.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002