Ўзбекистон боксчисини мағлуб қилган спортчи аёлми ё эркак? Тестостерон нима ўзи? Янгиликлар Yangiliklar Dunyo

Ўзбекистонлик Навбаҳор Ҳамидова ўтган йили Осиё чемпиони бўлганди.

Сурат манбаси, Alex Nicodim/Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонлик Навбаҳор Ҳамидова ўтган йили Осиё чемпиони бўлганди.

Ҳиндистон пойтахтида ўтаётган бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик боксчи Навбаҳор Ҳамидова кутилмаганда бронза медалини қўлга киритди.

У чорак финал беллашувида Жазоир вакили бўлмиш Иман Хелифга ютқизиб мусобақада медалсиз қолганди. Аммо, Иман Хелиф сўнгра "саралаш талаблари"га жавоб бермаслиги ортидан мусобақадан четлатилди ва бронза медали Навбаҳорга олиб берилди.

Ўзбекистонда қатор хабар агентликлари 23 яшар жазоирлик Хелиф "генетик текширув"дан ўта олмагани ва эркак бўлиб чиққанини ёзишмоқда.

Аммо, Халқаро бокс уюшмаси (ХБУ)га кўра, бу маълумот нотўғри. Уюшма спортчиларнинг шахсий ва тиббий маълумотларини фош қилмаслигини айтди.

Хелиф - аёл спортчи ва кўплаб мусобақаларда аёллар қаторида беллашган.

Айни дамда, Жазоир олимпия қўмитаси Хелиф "тиббий сабаблар"га кўра дисквалификация қилинганини билдирди.

Жазоир матбуоти эса Хелиф ўз қон тизимидаги тестостерон даражаси юқори чиққани сабабли четлаштирилганини хабар қилмоқда.

Хелифнинг ўзи ижтимоий тармоқларда тарқатган видео-мурожаатида "фитна" қурбонига айланганини даъво қилди.

Иман Хелиф - икки олтин ва бир кумуш медал соҳиби.

Сурат манбаси, Instagram/Imane Khelif

Сурат тагсўзи, Иман Хелиф - икки олтин ва бир кумуш медал соҳиби.

"Мени ташқи кўринишим учун кўп сиқувга олишган ва шунга қарши ҳамиша курашиб келганман. Бугун бу фитна амалга ошди ва, тўғриси, мен чуқур шокдаман", деб айтган боксчи Жазоирнинг Kooora сайтига.

Иман Халиф олтин медал учун финалда хитойлик Янг Лиуга қарши рингга тушиши кутилганди.

Тестостерон нима?

Тестостерон - инсон организмидаги гормон бўлиб, эркакларнинг моякларида ва аёлларнинг тухумдонида ишлаб чиқарилади.

Аммо, аёллар тухумдони эркак моякларига қараганда анча камроқ тестостерон ишлаб чиқаради.

Ушбу гормон инсон балоғатга етганида кўпроқ ҳосил бўла бошлайди ва 30 ёшдан кейин камайиб боради.

Оддий қон таҳлили тестостерон даражасини аниқлаб бера олади.

Жинсий етук эркакларда нормал тестостерон даражаси ҳар децилитрга 280 ва 1100 нанограмм бўлса, аёлларда 15 ва 70 нг/дЦ бўлади.

Иман Халифда бу даража қанча экани Халқаро бокс уюшмаси томонидан, унинг қаттиққўл қоидаларига кўра, очиқланмади.

Тестостерон кўпинча жинсий фаолият билан боғлиқликда таҳлил қилинади ва эркакларда сперма ишлаб чиқарилишида ўта муҳим деб кўрилади. У, шунингдек, суяк ва мускуллар ўсиши, танада ёғнинг қаерда ва қай ҳолда йиғилиши ва қаерда соч ўсишини ҳам ҳал қилади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002