Болани ўғил ва қиз, деб ажратиш хатоми? Ўзбекистон ва дунё Ilm-fan dunyo yangiliklar

Ота ва она ўғли ва қизига газета ўқиб бермоқда

Сурат манбаси, Javier Hirschfeld/Getty Images

    • Author, Мелисса Ҳогенбум
    • Role, BBC Future

Қизим қизларга хос бўлган ва пушти рангли ҳамма нарсага ўч. У ҳали икки ёшга тўлмасидан аввал қизлар учун деб реклама қилинган пушти гулли кийимларни яхши кўради. У уч ёшда эканида футбол ўйнаётган бир гуруҳ болаларни кўрсатиб, унга сал катта бўлганингда сен ҳам ўйнашинг мумкин дедим. "Футбол қизлар ўйини эмас", деб жавоб берди у қатъий.

Биз унга, эҳтиёткорлик билан, оз бўлса да, қизлар ҳам футбол ўйнашини айтдик. У ишонмади. Аммо у ҳам жуда ҳаракатчан, кўпинча ўғил болаларга хос деб ҳисобланган осилиш, сакрашни яхши кўради.

Унинг ўғил ва қиз болалар ўртасидаги фарқ ҳақидаги тушунчалари бу қадар эрта ёшданоқ намоён бўлиши кутилмаган эди, аммо аксар болаларнинг дунёқараши бошданоқ жинсий хосланган бўлишини назарда тутсак, буни оддий ҳол сифатида қабул қилиш мумкин.

Бу бирламчи фарқланишлар зарарсиздек кўриниши мумкин, аммо жинсий хосланган дунёқараш уларнинг қандай улғайиши, жамиятда ўзини қандай тутиши ва қиладиган танловларида ўчмас из қолдиради.

Кейинчалик жинсий хосланган тушунчалар кўплаб салбий оқибатларга элтувчи юқумли эркаклик - маскулинлик қадриятларини тарғиб қиладиган жамиятни вужудга келтиради ва уни сақлайди. Хўш, жинсий хосликка бу қадар эътиборимизнинг таъсири қанчалик давомли бўлади?

Кўпчилик қизлар ҳам ҳаваскор ва ҳам профессионал майдонда футбол ўйнашни қойиллатишади. Аммо, шунда ҳам, футбол эркаклар спорти, деб кўрилади

Сурат манбаси, Javier Hirschfeld/Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўпчилик қизлар ҳам ҳаваскор ва ҳам профессионал майдонда футбол ўйнашни қойиллатишади. Аммо, шунда ҳам, футбол эркаклар спорти, деб кўрилади

Бир неча аср аввал аёлларнинг ақлий жиҳатдан эркаклардан заифлиги мутлақ ҳақиқат ўлароқ қабул қилинарди.

Фан бу тушунча ифодалаган фарқларни узоқ вақтдан бери ўрганиб келади.

Бир неча тадқиқотлар аста секинлик билан бундай фарқлар борлигини инкор қилмоқда, шунга қарамай, дунёмиз ўжарлик билан гендер марказчи бўлиб турибди.

Бу ҳақда ўйлаганингизда гўдаклигимиздан олган тарбиямиз ҳаммаси оддий эканини кўрсатади. Ота-оналар ва энагалар ўғил ва қиз болаларга фарқли қарамаймиз дейди, аммо далиллар улар аслида шундай қилишини кўрсатади.

Бу бола туғилмасдан аввал бошланади. Боласининг ўғил эканини билган она унинг ҳаракатларини бошқача тасвирлай бошлайди. Ўғил бола бўлса, уни "ҳаракатчан" ва "кучли" деб тасвирлашади, агар она боланинг жинсини билмаса, унинг ҳаракатларини бундай тасвирламайди.

Боланинг ҳолатини скрининг қилиш имконияти пайдо бўлгандан бери ота-оналар берадиган биринчи савол унинг жинси ҳақида бўлади. Ундан аввал тўғри чиқишига далиллар бўлмаса ҳам, онанинг қорин шаклига қараб бола жинсини тахмин қилишган.

Янада нозикроқ жиҳати ўғил ва қиз болаларни тасвирлашда, ҳатто уларнинг хулқи бир хил бўлганда ҳам, қўллайдиган сўзларимиздир. Гендер фарқлари сезилиб турган ўйинчоқларни ташлаб қўйинг, бу ўғил ва қиз болалар учун дея нисбат берилган нозик хусусият ва ҳоббиларни кучайтиради.

Болаларнинг қандай ўйнаши уларнинг улғайишида улкан роль ўйнайди. Бу болаларнинг илк кўникма ва қизиқишлари қандай шаклланиши билан боғлиқ. Кубиклар қуришга, қўғирочоқлар парваришлашга қизиқтиради.

Ўйинда нимани ҳис қилиш айниқса муҳим. "Агар маълум бир тур маҳоратни ривожлантирадиган ўйинчоқларни аҳолининг ярмига берсангиз, бу ярим аҳоли ўша тур маҳоратни ривожлантириши ва шунга қизиқишини англатади", дейди Кентуки университетидан психология профессори Кристиа Браун.

Болалар ҳам детективга ўхшайди, ён атрофини кузатиб, ўзи қайси тоифага мансублигини аниқлайди. Қайси жинсга мос келишини билгач, ўша жинсга мансуб кўрилган барча нарсага ўзини уради.

Мана нима учун икки ёшданоқ қизлар пушти рангга интилса, ўғил болалар ундан қочади. Мен бунга ўз шахсий ҳаётимда, икки ёшли қизим ўғил болаларга хос бўлган нарсалардан қочишга уринганини кўрганимда гувоҳ бўлдим. Ваҳоланки, унга аввал бошданоқ гендер хослиги билиниб турган либосларни кийдирмас эдим.

Ўйнаши учун ўғил болаларга одатда қўғирчоқ беришмайди. Аммо берилганда, улар ҳам қўғирчоқларга худди қизчалардек ғамхўрлик қилишади

Сурат манбаси, Javier Hirschfeld/Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўйнаши учун ўғил болаларга одатда қўғирчоқ беришмайди. Аммо берилганда, улар ҳам қўғирчоқларга худди қизчалардек ғамхўрлик қилишади

Мактабгача ёшдаги болаларнинг ўз жинсини бу қадар эрта билиб олиши ҳайратланарли эмас, айниқса, ота-оналар ва дўстлар болаларга жинсий хосланган ўйинчоқларни жуда эрта берганда.

Болалар ўзларининг қайси "жинсий қабила"га мансублигини тушунганда, жинсий белгиларга эътиборли бўлиб қолади, деб тушунтиради Мелбурн университетидан психолог Корделия Файн. Бу эса уларнинг хулқига таъсир қилади.

Масалан, ўйинчоқнинг қандай шаклда совға қилиниши ҳам боланинг унга қизиқишини ўзгартиради. Қизлар агар ранги пушти бўлса, ўғил болаларнинг ўйинчоғига ҳам қизиқиб қолиши мумкин.

Бунинг ўзига хос оқибатлари бўлади. Агар сиз ўғил болаларга эмас, қизларга қўғирчоқ ёки косметика тўпламларини берсангиз, унинг қизиқишлари шу нарсаларга йўналади. Ўғил болаларни эса автомашина ёки турли асбоб анжомлар ёрдамида қизиқишини фаолроқ ҳаракатларга йўналтириш мумкин.

Шунга қарамай, ўғил болалар ҳам қўғирчоқларни ўйнашга қизиқиши мумкин, аммо бундай ўйинчоқлар одатда уларга сотиб олиб берилмайди. Менинг ўғлим ўйинчоқ чақалоқни синглиси каби қучоқлайди, ўйинчоқ аравачага солиб, айлантириб юради.

"Ўғил болалар ҳам биринчи йили парваришлаш ва боқишга қизиқади. Биз шунчаки уларга бу ишлар қизларники эканини ўргатиб қўямиз ва бундай қилган болаларни жазолаймиз", дейди Браун.

Агар гўдаклигиданоқ ўғил болаларни ўзимиз қизларга хос ҳисоблаган ўйинчоқларни ўйнамасликка ундасак, уларда келгусида керак бўладиган айрим кўникмалар шаклланмай қолиши мумкин.

Агар уларни тенгдошлари қўғирчоқ ўйнашдан қайтарса, ва айни пайтда, улар оналарининг бола парваришлаётганини кўрса, бу ҳолат парваришлаш кимнинг вазифаси экани ҳақида унга нимани англатади? Шундай қилиб биз "биологик эссенциализм" дунёсига кириб борамиз. Яъни, биз аслида ўрганиладиган нарсаларни туғма асосдаги хусусият деб ҳисоблай бошлаймиз.

Ўйинчоқлар бир масала, аммо хусусиятлар ҳам гендер стереотиплашади. Ўғил болаларнинг ота-оналари кўпинча, болалари қанчалик ҳаракатчан ва қўпол ўйинларни ўйнаши ҳақида гапирса, қизлар юмшоқ ва итоаткор қилиб тасвирланади. Далиллар эса тескарисини кўрсатади.

Тадқиқотлар биз бошқалардан нимани кутсак, ўша нарса бизнинг улар ҳақидаги қарашимизга таъсир қилишини кўрсатади. Ота-оналар жинси аниқ бўлмаган ғазабнок чеҳрани ўғил бола деб, қувноқ ёки хафа чеҳрани қиз боланики деб белгилаган.

Оналар ўғлининг жисмоний хусусиятларига кўпроқ урғу беради, ўғлининг олдига қизиникига нисбатан оғирроқ мақсадларни қўяди. Ҳатто ўғлининг эмаклашини ҳам қизиникидан тезроқ деб ўйлайди. Ваҳоланки, бу жиҳатдан ҳеч қандай фарқ бўлмайди. Шундай қилиб, одамларнинг ўз хато тасаввурлари болаларига таъсир қилади ва бу стереотипларни кучайтиради.

Тил ҳам кучли роль ўйнайди - қиз болаларнинг тили эртароқ чиқади, аммо бу кичик, аммо сезиларли фарқ, тадқиқотлар кўрсатишича, оналарнинг қизига ўғлига нисбатан кўпроқ гапириши сабабли бўлиши мумкин. Улар, шунингдек, қизларига ҳиссиётлари ҳақида кўпроқ гапиришади. Бошқача айтганда, биз беихтиёр қизларни сўзамолроқ ва ҳиссиётлироқ қилиб, болаларни эса қўполроқ ва тажовузкорроқ қилиб тарбиялаб қўямиз.

Брауннинг изоҳлашича, бу хато тушунчалар кейинчалик ҳам сақланиб қолиши сабаби аён. Биз ўз стереотипларимизга мос келмаган феъл атворни инкор қиламиз.

"Шундай қилиб, биз кун бўйи китоб ўқиб ўтирган ўғил болани ёки уй атрофида шовқин солиб, югуриб юрган қиз болаларни кўрмай қолаверамиз, - дейди у. - Миямиз стереотипларимизга мос келмаган маълумотларни эътиборсиз қолдиради."

Болалар атрофидаги ижтимоий сигналларга ниҳоятда эътиборли бўлади, улар фарқларни жуда эрта пайқайди

Сурат манбаси, Javier Hirschfeld/Getty Images

Сурат тагсўзи, Болалар атрофидаги ижтимоий сигналларга ниҳоятда эътиборли бўлади, улар фарқларни жуда эрта пайқайди

Ота-оналар гендер нейтрал бўлиши учун қизларига ҳам ўғил болаларники, деб реклама қилинган ўйинчоқ ва либосларни сотиб олиб бериши мумкин, аммо тескариси камдан-кам бўлади. Мана шунинг ўзи гендер деганда нимани тушунишимизни ойдинлаштиради. Эркакларга доим ҳукмрон ва кучли жинс сифатида қараб келинади, бу эса ота-оналарни ошкор ёки яширин шаклда ўғлини қиз болаларга хос нарсалардан узоқ тутиш ундайди.

Файн тушунтиришича, "биз гендер иерахиянинг намоён бўлишини кўра бошлаймиз - ўғил болалар жуда эрта ёшданоқ қизларга ўхшаб қолишдан уяла бошлайди".

Бу нима учун ота-оналар ўғил бола кийимидаги қизига қиз бола кийимидаги ўғлига нисбатан кўра енгилроқ қараши сабабини кўрсатади. Ёки нима учун эркакшода бўлишим мен ҳақимда ижобий муносабат уйғотганини ҳам изоҳлайди. Мен ҳеч қачон қўғирчоқ ўйнамаганман, дарахтга чиқишни севардим. Ўзини қизларга хос тутадиган ёки кийинадиган ўғил болаларга эса муносабат ундай эмас. Қизларга ўхшаган бўлиш эркакларнинг мавқеини туширади.

Гендер бўйича тадқиқотчиларнинг фикрича, бундай танловлар ижтимоий жиҳатдан белгилангандир, аммо бирор гендер феъл атвор туғма ёки йўқлиги ҳақида якдиллик йўқ. Масалан, она қорнида эканида катта миқдорда андроген таъсирига тушган қизлар туғилганда ўғил болаларники дея таснифланган ўйинчоқларни кўпроқ танлайди.

Ҳатто шу ерда ҳам муҳит танловларни шакллантиради, дейди Файн. Бу қизларнинг эркакларда ривожланганроқ бўлади деб ҳисобланган фазони ҳис қилиш қобилияти доим ҳам баланд бўлавермайди.

Биз биламизки, болалар атрофидаги ижтимоий сигналларга ниҳоятда эътиборли бўлади, улар фарқларни жуда эрта пайқайди. Бу танловлар қандай ривожланганидан қатъиназар, катталар ва тенгдошлари уларни жамиятга мослаштиради ва улардан муайян хулқ-атворни кутади. Бу эса хавотирли оқибатлари бўлган жинсий фарқланган дунёни яратади.

Масалан, қиз болалар мактабга тайёрланаётганда математика бўйича жинслар ўртасида фарқ бўлмайди, аммо кейинчалик, ўқитувчилари ва ўз тушунчалари таъсирида фарқ катталаша боради.

Бу айниқса муаммолидир, чунки улар гендер стереотипларни кучайтирадики, улар "жинсингиз келажагингиз ва қизиқишларингизни белгиламаслиги керак деган замонавий гендер тенглик принципига зиддир", дейди Файн.

Муайян ўйинчоқлар ўғил болалар учун дея тақдим қилинганда улар бола миясидаги тегишли боғланишларни янада мустаҳкамлайди. Дарҳақиқат, бир гуруҳ қизлар уч ой мобайнида Тетрис ўйнаганида, улар миясидаги визуал маълумотларни қайта ишловчи қисми бу ўйинни ўйнамаганларникига нисбатан катталашган. Агар қиз ва ўғил болаларга турлича ҳоббилар таклиф қилинса, миядаги ўзгаришлар ҳам шунга мослашади.

Астон университетидан нейролог Жина Риппоннинг изоҳлашича, гендер хосланган дунёда яшаш гендер хосланган мияни вужудга келтиради. У ўзини эркакча тутишга мослашган ўғил болаларни етиштирувчи маданиятни яратади, агар бу болалар шундай қилмаса, тенгдошларидан ажралиб қолади.

Агар биз фарқларга диққат қилсак, Риппон айтганидек, ўғил болалар фанга, қизлар эса бола парваришлашга яхши деган каби мифларни қабул қилишни бошлаймиз.

Бу улғайгандан кейин ҳам давом этади. Аёллар математикадан масала ечишда қобилиятларини етарли баҳоламайди, эркаклар эса аслидагидан баланд баҳолайди. Агар аёлларга муайян тестни уларнинг жинсидагилар яхши топширолмаслиги айтилса, улар ҳақиқатан ҳам ўша тестдан яхши натижа кўрсатмайди. Бу эса мактаб ва университет таълимига, келгусидаги карьера танловига таъсир қилмай қолмайди.

Айрим эркакча хусусиятлар эрта ёшдан шакллантирилиши кейинчалик аёлларга қарши зўравонликларга алоқадорлиги янада хавотирлидир.

Масалан, жинсий зўравонликка мойил шахслар "маскулин тажовузкорлик"да ҳам юқори бўлади, дейди Мичиган университетидан психолог Меган Маас. Булар эркаклар табиатан тажовузкор, жинсий қониқтирилиши керак бўлган, аёллар эса табиатан итоаткордир деган ишонч сабаблидир.

Олимларга кўра, гендер хосланган дунёда яшаш гендер хосланган мияни вужудга келтиради

Сурат манбаси, Javier Hirschfeld/Getty Images

Сурат тагсўзи, Олимларга кўра, гендер хосланган дунёда яшаш гендер хосланган мияни вужудга келтиради

Тадқиқотлар кўрсатишича, малика бўлишни орзу қилган қиз болалар ўз ташқи қиёфасига кўпроқ эътибор беради ва "ўзларини объектга айлантиради", яъни улар ўзлари ҳақида жинсий объект сифатида ўйлай бошлайди", дейди Маас.

"Сексуаллашган гендер стереотип"ларда юқори натижа кўрсатган қизлар интеллект билан боғлиқ хусусиятларга эътиборсизроқ бўлиб қолади. Тадқиқотда аниқланишича, қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам эрта ёшданоқ жозибадорликни "интеллектга зид" хусусият сифатида кўради.

Браун ва унинг ҳамкасблари 2020 йили эълон қилган мақолада эркакларнинг аёлларга қарши жинсий тажовузкорлиги кенг тарқалгани болаларга ёшликдан сингдирилган қадриятлар сабаблидир. Бу тарбия ота-оналар, мактаб, ОАВ ва тенгқурлар орқали амалга ошади. "Қизларнинг жинсий объектга айлантирилиши анча эрта бошланади", дейди Браун.

Бу гендер тушунчалар ва тасаввурлар сақланиб туришининг яна бир сабаби эркак ва аёллар миясида туғма фарқ борлиги ҳақидаги доимий хабарлардир.

Гендер фарқлар топилмаган, мияни сканерлаш бўйича аксар тадқиқотларда гендер тушунчаси деярли тилга олинмайди. Ёки бошқалари ҳали нашр қилинмаган. Фарқ топилмадими, демак бу ҳақдаги илмий хулосалар эълон қилинмайди.

Аммо майда бўлса ҳам фарқни топганлари борасида эса, уларда маданий ёки стереотипик умидлар қанчалик роль ўйнаганини аниқлаш қийин. Катта одамнинг миясини аниқ қилиб эркак ёки аёл миясига таснифлаш жуда қийин.

1400 та мия тасвири таҳлил қилинган тадқиқотда нейробиолог Дафна Жоэл ва унинг ҳамкасблари эркак ва аёлларнинг бош миясида кулранг модда ва оқ модданинг тарқалиши бир хиллиги, биз бир биримизга кўпроқ ўхшашимизни аниқлаган.

Бир тадқиқотда жинси ошкор қилинмаслиги шарти билан видео ўйинда иштирок этганлар орасида аёллар ҳам эркаклар билан бирдек ўзини тажовузкор тутгани, аммо уларнинг аёл ёки эркаклиги кузатувчиларга маълумлиги айтилганда улар тажовузни камайтиргани аниқланган.

Бундан аёллар камроқ тажовузкор ва кўпроқ меҳрибон деб ҳисобланилаётгани келиб чиқади.

Инсоннинг раҳмини келтирадиган ҳолатлар ҳақида ўйлаганимизда аёл ва эркаклар аслида ўзини бир хилда тутади, шунчаки аёллар эрта ёшданоқ бундай ҳолатларга кўпроқ ҳиссий қарашга ўргатиб қўйилган.

Бу соҳада жиддий ўзгариш бўлиши учун одамлар аввало ўз хато тушунчаларини англаши, ўз қарашлари кўзлари билан кўриб турган ҳолатга мос келмаганда эътиборга олишлари керак. Уларнинг ўғил ва қиз болалардан нимани кутиши ўртасидаги фарқ вақт ўтиб шаклланади.

Одамлар нима учун ўғил болаларни шўхроқ деб ўйлашини эслаш ва ундай бўлмаган ҳолатларни кўрганда эътибор бериш керак.

Тадқиқотлар кўрсатишича, оналар қизига ўғлига нисбатан кўпроқ гапириши сабабли уларнинг тили эрта чиқади

Сурат манбаси, Javier Hirschfeld/Getty Images

Сурат тагсўзи, Тадқиқотлар кўрсатишича, оналар қизига ўғлига нисбатан кўпроқ гапириши сабабли уларнинг тили эрта чиқади

Қизим акаси каби шўх - агар ундан ҳам шўхроқ бўлмаса - акаси ҳам баъзида овқат тайёрлаш ўйнайди. Булар барча учун типик намуна бўлмаса ҳам, аммо ўғил ва қиз болалар ҳақидаги тушунчаларимизга мос келмайди.

Албатта, қизимнинг машина, ўғлимнинг қўғирчоқ ўйнашини гапиришдан кўра, ўғлимнинг ҳар нарсага осилиб чиқавериши ва қизимнинг пушти рангни яхши кўриши ҳақида гапириш анча осон.

Фарзандларимиз муқаррар равишда гендер фарқлилигига эътибор бера бошлаганда биз стереотипларни бошқа мисоллар билан ислоҳ қилишимиз мумкин, масалан, қизлар ҳам футбол ўйнай олади, ўғил болаларда узун соч бўлиши мумкин.

Биз уларни қайси жинсга мўлжалланганидан қатъиназар турфа хил ўйинчоқларни ўйнашга қизиқтиришимиз мумкин. Биз уларга иложи борича кўпроқ "жинсий хосланган ўйинларга қарши борадиган турли нарсаларни ҳис қилиш" имконини беришимиз керак, дейди Маас.

Агар биз туғилганимизда бир-биримизга кўпроқ ўхшаш бўлганимизни англамасак, болаларга ҳам шунга мувофиқ муносабатда бўлмасак, дунёмиз гендер марказчи бўлиб қолаверади. Бу тасаввурлардан воз кечиш осон эмас, аммо ўғил гўдакка унинг қанчалик жасурлиги ҳақида, қиз гўдакка эса унинг меҳрибонлиги ҳақида айтишдан аввал икки карра ўйлаб кўришимиз мумкин.

Мелисса Ҳогенбум BBC Reel муҳаррири ва The Motherhood Complex китоби муаллифи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek