Ўзбекистон ва Россия: ўқувчи калтакланиши ортидан чиққан дипломатик можарога расмий Тошкент изоҳ берди

Бахтиёр Саидов ўзининг россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан ўтган учрашувида "ички ишларга аралашмаслик" ҳақида гапирган.

Сурат манбаси, Telegram/BaxtiyorSaidov

Сурат тагсўзи, Бахтиёр Саидов ўзининг россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан ўтган учрашувида "ички ишларга аралашмаслик" ҳақида гапирган.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан ўтган учрашувида "ички ишларга аралашмаслик" ҳақида гапирган.

Икки вазирнинг учрашуви Ню-Йоркдаги БМТнинг 79-Бош ассамблеяси доирасида ўтган.

Алоқадор мавзулар:

Саидовнинг бу баёноти Россия Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова Ўзбекистондаги мактабда рус тили дарсига боғлиқликда калтакланган боланинг ишига муносабати ортидан янгради.

Жума куни ўз Телеграм каналида хабар тарқатган жаноб Саидов шундай деб ёзди:

"Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жаноблари билан стратегик шериклигимизнинг долзарб мавзулари, шунингдек, бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш юзасидан атрофлича суҳбат ўтказдик. Анъанага кўра, ҳамкорлигимиз кун тартиби кенг бўлиб, барча соҳаларни қамраб олади. Ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиш муҳимлиги таъкидланди. Биз иттифоқчилик руҳидаги доимий мулоқотимизни давом эттиришга келишиб олдик."

Газета.узга кўра, татар миллатига мансуб бола ўзбек тилида гапирган ўқитувчидан дарсни рус тилида ўқитишни сўраган.

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Газета.узга кўра, татар миллатига мансуб бола ўзбек тилида гапирган ўқитувчидан дарсни рус тилида ўқитишни сўраган.

Саидов баёноти ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам баёнот чиқариб, ўзаро учрашувда "этник гуруҳлараро тоқатсизлик кўринишларига қарши курашиш заруратига алоҳида эътибор қаратилди" деб ёзди.

Нима бўлганди?

Хабарларга кўра, 23 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-сонли мактабда синов муддатида бўлган рус тили ўқитувчиси 6-синф ўқувчисини калтаклаган. Мактабда дарслар рус ва ўзбек тилларида олиб борилади. Ҳодиса рус тилида ўқитиладиган синфда бўлиб ўтган.

Газета.уз ёзишича, миллати татар бўлган ўғил бола ўқувчи ўқитувчи Озода Равшановадан рус тили дарсини рус тилида ўтишни сўраши ортидан жанжал келиб чиққан ва ўқитувчи гап қайтаргани учун болага қўл кўтарган. Равшанова ҳозирда бу мактабдан ишдан бўшатилган ва бошқа мактабда қилган жинояти учун жавобгарликка тортилган.

Ҳодиса матбуотда тарқалиши ортидан Мария Захарова Ўзбекистон ҳукуматидан "расмий изоҳ" талаб қилган.

"Россия томони Ўзбекистондан расмий изоҳ ва вазиятга ҳуқуқий баҳо беришни, ва агар исботланса, болага шафқатсиз муносабатда бўлган шахсга нисбатан чора кўришни талаб қилади", - деб ёзган Захарова.

BBC

Госдума депутати Михаил Матвеев эса русларни Марказий Осиё ва Қофқозорти давлатларидан чиқиб кетишга чақирган. "Нимани кутяпсизлар", - деб сўраган у ҳали ҳам собиқ совет республикаларидан Россияга кўчиб ўтмаётган русларга юзланиб.

Россотрудничество агентлиги раҳбари Евгений Примаков эса Чилонзор мактабидаги ҳодисани «болага нисбатан зўравонлик ва тажовуз шаклида» намоён бўлган «ёвуз русофобия кўриниши» дея тасвирлаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳодиса туфайли Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовга хат йўллаган.

Ўзбекистондан муносабат

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Россия томонидан янграйдиган баёнотларга дипломатик муносабат билдириши ноодатий ҳол. Одатда буни айрим сиёсатчилар ёки ижтимоий фаоллар амалга оширади.

Бахтиёр Саидовнинг охирги баёноти ҳам "ички ишларга аралашмаслик"ни тилга олса-да, гап айнан рус тили дарсидаги калтакланиш ортидан келиб чиққан можаро ва бунга нисбатан Захарова билдирган кескин муносабатга боғлиқлигини айтмаган.

Кескин муносабат эса Ўзбекистон парламенти спикерининг ўринбосари, "Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодировдан келди.

"Бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади! Бизнинг ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ичлари билан шуғулланишса тўғри бўлар эди. Текис жойда тўполондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди деган хулосага эртароқ шекилли...", - деб ёзди Қодиров ўз Телеграм каналида.

Мария Захарова

Сурат манбаси, Telegram/MariaZakharova

Сурат тагсўзи, Мария Захарова ўз Телеграм каналида ўзга давлатлардаги руслар ҳуқуқлари топталаётгани ҳақида бот-бот ёзади.

Россиянинг "Волга-Урал" нашри саволларига жавоб берган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ўқувчининг калтакланиши ноодатий ҳол бўлгани ва Ўзбекистонда рус тили ўқитилишига боғлиқ муаммолар ҳеч қачон бўлмаганини айтган.

"Биласизми, бизда ҳеч қачон рус тилидаги таълим билан боғлиқ муаммо бўлмаган. Нега? Бизда 10 мингта мактаб бор. Уларнинг мингтасида таълим буткул рус тилида олиб борилади. Иккита тилда: рус ва ўзбек тилларида таълим бериладиган мактаблар ҳам мингларча. Мен рус мактабини битирганман, унда учта синф ўзбек тилида, битта синф рус тилида ўқиган. Шу сабабдан бугунгача ўқитилиш тили бўйича рус тили ўзбек тилидан сўнг биринчи ўринда туради", - дея иқтибос келтирилган Акмал Саидовдан.

Собиқ депутат ва фаол Расул Кушербаев ҳам Захарованинг талабларига кескин муносабат билдирди ва унинг персона нон-грата дея тан олинишига чақирди:

"Захарова Ўзбекистон учун номақбул шахслар рўйхатининг бошида бўлиши керак. Биз бирор марта ҳам Россия мактабларида бўлаётган ишларга аралашмаганмиз. Чунки бу мутлақ Россиянинг ўз ички иши. Шу жихатдан Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захаровани Тошкентдаги мактаб воқеасига бурнини тиқиб, Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашаётгани шунчаки бир муносабат билан ўтиб кетадиган воқеа эмас. Афсуски тилидан захар томишдан у ёғига ўтмайдиган Захарованинг бошқа халқ ва мамлакатлар ички ишларига аралашиши биринчи бор эмас. Қолаверса, яқинда Ўзбекистонни босиб олиш ҳақида айтган россиялик сиёсатчининг ҳаракатларини изоҳлашда ҳам Захар хоним Ўзбекистонни камситган эди. Шу боис, яқинда Сенат қабул қилган қонунга асосан, Захаровани «Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати» киритишнинг айни вақти. Рўйхатни ундан бошлаш керак. Токи, бу шахс ўзининг ҳақоратомуз, шовинистик баёнотлари жавобсиз қолмаслигини реал ҳис қилсин."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek