Дубай,Бирлашган Араб Амирликлари: Ўзбекистон фуқароларига визасиз тартиб бекор қилиниши мумкинми?

Сурат манбаси, БАА Ташқи ишлар вазирлиги
Абу-Дабида яҳудий руҳоний қотиллигида гумонланиб уч ўзбекистонлик қўлга олинганидан кейин Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги қаттиқ чоралар кўришга ваъда берди, бу Ўзбекистон фуқаролари учун БААга визасиз режим бекор қилинишига олиб келиши ҳам мумкин.
26 ноябр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг билан учрашган, Исроил-Молдован раввинининг БААдаги ўлими муносабати билан таъзия изҳор этди.
Бир кун олдин Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари раввин қотиллигида гумон қилинган уч Ўзбекистон фуқаросини аниқлаганлари ва ҳибсга олганлари ҳақида хабар тарқатдилар, қотиллик мотивини аниқлаш устида ишлаётганларини билдирдилар.
Абу Дабидаги "Хабад" ултра ортодокс яҳудий ташкилоти раввини 28 ёшли Цви Коганнинг жасади ғойиб бўлганидан уч кун ўтиб, якшанба куни топилган эди.
"Бугун Ташқи ишлар вазирлигида Исроилнинг Ўзбекистондаги Элчиси Гидеон Лустиг жаноблари билан учрашдик. Цви Коганнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирдик", деб ёзди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Телеграм каналида.
"Ўзбекистон халқи барча дин ва элат вакилларига азалдан дўстона муносабатда бўлиб келган. Биз миллатчиликнинг ҳеч қандай кўринишига тоқат қилмаганмиз ва бундан кейин ҳам тоқат қилмаймиз. Терроризм ва экстремизмнинг чегараси ва миллати йўқ.
Ташқи ишлар вазири ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Ҳодисани шарҳлар экан, Дубайдаги Ўзбекистон консуллиги Абу Дабидаги Ўзбекистон элчилиги ва бош консуллиги БАА Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан мунтазам мулоқотда" эканликларини, улар ҳам "терговда иштирок этаётганлари"ни хабар қилган.
Хусусий Nova24 веб-сайти хабар беришича, Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги ижтимоий ҳамоҳангликни ҳимоя қилиш, қонунларга итоат этилиши, ижтимоий таҳдидларга қатъий ва шафқатсиз чора кўришга барча ваколатларини ишга солиш билан пўписа қилган.
"Бу Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз тартиб бекор қилинишига олиб келиши мумкин", деб ёзди веб нашр.
Расмий маълумотларга кўра, 2023 йили БААга 130 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ташриф буюрган.
2024 йил 16 февралидан расман ўзбекистонликларга визасиз режим жорий этилган.
Ўзбекистонликлар БААда визасиз 30 кун бўлишлари мумкин.
Ўзбекистонликлар Бирлашган Араб Амирликларига туризм, бизнес ва меҳнат муҳожирлигига боришади.
Телеграм каналимиз:












