Ўзбекистон фуқаролари Бирлашган Араб Амирликларида раввинни ўлдиришда гумонланмоқда

Сурат манбаси, Reuters
Бирлашган Араб Амирликларида уч нафар Ўзбекистон фуқароси исроиллик раввин Цви Коганни ўлдиришда гумонлаб ҳибсга олингани айтилади.
БАА Ички ишлар вазирлиги баёнотида ҳибсга олинганларнинг икки нафари 28 ёшда, учинчиси эса 33 ёшда экани хабар қилинди.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари гумонланувчиларнинг исмлари Олимбой Давлатёров, Маҳмуджон Кенжабоев ва Азизбек Исмоилов эканини ёзмоқда.
Мамлакат расмийлари гумондорларнинг кишанланган ва юзлари ёпилган суратларини чоп этди. Суратларда гумонланувчиларнинг оталари исмлари ҳам кўрсатилган.
Рейтерс агентлигининг қайд этишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозирча бу шахсларга нисбатан расмий айбловлар қўйилгани ҳақида хабар бермаган.
28 ёшли ултра-ортодокс раввин Зви Коган ўтган ҳафта пайшанба куни бедарак йўқолган эди. Унинг жасади якшанба куни топилган.

Сурат манбаси, БАА Ташқи ишлар вазирлиги
Коган бир неча йил Дубайда яшаган ва у ерда кошер озиқ-овқат дўконини юритган, дея хабар беради Ассошиэйтед Пресс.
Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги Коганнинг ғойиб бўлиши бўйича тергов ҳақида гапира туриб, уни фақат Молдова фуқароси деб аташган.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу қотилликни “антисемит террорчилик ҳаракати” деб атади.
БААнинг бир неча минг кишидан иборат яҳудий жамияти аъзолари қотилликдан чуқур хавотирга тушган.
BBC Ўзбек хизмати бу борада Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига сўров юборди ва вазирлик унга мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланишни тавсия қилди.
Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси ВВС сўровига кейинроқ жавоб беришга ваъда берди, бироқ Когонни ўлдиришда гумон қилиниб ҳибсга олинган мамлакат фуқаролари ҳақидаги маълумотларни инкор этмади ёки тасдиқламади.












