Ҳиндистон Покистонни ҳарбий базаларига ҳужумда айблади, Исломобод рад этиб, "биз яширмаймиз" деди

Karachi

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Покистон армияси Карачига қилинган дрон ҳужумларини текширмоқда
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ҳиндистон Покистонни дрон ва ракеталар орқали унинг учта ҳарбий базасига ҳужум қилганликда айблади. Исломобод эса бу айбловни рад этиб, ҳужум қилса яшириб ўтирмаслигини айтди.

Ҳиндистон армиясининг маълум қилишича, Покистоннинг Жанму ва Удхампурдаги (Ҳиндистон томонидан бошқариладиган Кашмир) ҳамда Панжоб штатидаги Патханкот ҳарбий базаларига ҳужум уюштиришга уринишлари бартараф этилган.

Пайшанба куни кечқурун Жамму шаҳрида портлашлар содир бўлгани ва минтақада электр таъминоти узилгани хабар қилинди.

Покистон мудофаа вазири Ҳаважа Осиф BBC билан суҳбатда улар ҳеч қандай ҳужум уюштирмаганини билдирди.

"Бу айбловни рад этамиз, ҳозирча ҳеч қандай амалиёт ўтказмадик. Агар ҳужум қилсак, уни рад этмаймиз", деди Осиф.

Жамму

Сурат манбаси, EPA

Бу воқеадан аввал, Ҳиндистон чоршанба кечаси Покистон ҳарбий объектларига ҳужум қилгани ва Исломободнинг ҳарбий нишонларга зарба бериш уринишларини "зарарсизлантиргани"ни айтган эди.

Покистон эса бунга жавобан Ҳиндистон ҳаракатини "яна бир тажовуз акти" деб баҳолади. Бу чоршанба куни Покистон ва Покистон томонидан бошқариладиган Кашмирдаги нишонларга қилинган Ҳиндистон ракеталар ҳужумидан кейинги воқеа эди.

Чоршанба кунги Ҳиндистон зарбалари халқаро ҳамжамиятда жиддий ташвиш уйғотди. БМТ ва дунёнинг етакчи давлатлари вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди.

Getty Images
Bu ayblovni rad etamiz, hozircha hech qanday amaliyot o‘tkazmadik. Agar hujum qilsak, uni rad etmaymiz.
Havaja Osif
Pokiston Mudofaa vaziri (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Чегара ҳудудларидаги артиллерия зарбалари ва ҳужумлар икки ядровий давлат ўртасида кенг қамровли уруш бошланиш хавфини оширмоқда.

Бу сўнгги йигирма йилдаги энг жиддий тўқнашув деб баҳоланмоқда.

Ҳиндистон чоршанба куни ўтган ой Ҳиндистон томонидан бошқариладиган Кашмирда туристларга қилинган террорчилик ҳужумига жавобан, тўққизта "террористик инфратузилма" объектига зарба берганини маълум қилди.

Покистон эса бу айбловларни кескин рад этиб, Пахалгам шаҳрида 26 фуқаро ҳалок бўлган ҳужум ортида турмаганини айтмоқда.

Бу ҳужум Кашмирдаги сўнгги йиллардаги фуқароларга қарши энг қонли ҳаракат бўлиб, вазиятни кескинлаштирди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти ҳиндистонлик сайёҳлар эди.

Ҳиндистон томонидан бошқариладиган Кашмирда узоқ йиллардан буён исён давом этмоқда. Бу можаро минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган.

Кашмир — икки давлат 1947 йили Британия Ҳиндистонидан ажралиб, мустақил бўлганидан бери улар ўртасида низо нуқтасидир. Икки давлат ҳам бу минтақани ўз ҳудуди деб даъво қилади ва шу масалада икки марта уруш қилган.

Жамму аҳолиси хавфсиз жойга кўчирилган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Жамму аҳолиси хавфсиз жойга кўчирилган

Чоршанба куни Ҳиндистон томонидан амалиёт бошланганидан кейин дунёнинг турли давлатлари тарафларни ўзаро тийилишга чақирди.

Бироқ пайшанба куни Ҳиндистон ҳам Покистон ҳам бир-бирини янги ҳарбий ҳаракатларда айблашди.

Покистон ҳарбийларининг баёнотига кўра, Ҳиндистон томонидан бир неча манзилга дрон учирилган.

"Кеча Ҳиндистон Покистон ҳудудида бир неча манзилга дрон юбориш орқали яна бир тажовуз ҳаракатини амалга оширди", деди генерал-лейтенант Аҳмад Шариф Чодрий. "Булар: Лахор, Гужранвала, Чаквал, Равалпинди, Атток, Баҳавалпур, Миано, Чор ва Карачининг яқини".

Унинг сўзларига кўра, Синд вилоятида бир фуқаро ҳалок бўлган, Лахорда эса тўрт ҳарбий яраланган.

Лахордаги АҚШ консуллиги ўз ходимларига бинода хавфсиз жойда қолишни буюрди.

Ҳиндистон эса мазкур ҳаракат Покистоннинг "Шимолий ва Ғарбий Ҳиндистондаги ҳарбий нишонларга зарба бериш уриниши"га жавобан амалга оширилганини айтмоқда.

Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги баёнотида: "Лахордаги ҳаво мудофааси тизими йўқ қилингани ишончли манбалар орқали маълум қилинди", дейилади.

Покистон бу даъвони рад этди.

Айни пайтда икки давлат баёнотлари мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.

Кейинроқ Ню-Деҳлида матбуот анжумани ўтказган Ҳиндистон ташқи ишлар котиби Викрам Мисри: "Биз вазиятни кескинлаштирмоқчи эмасмиз, фақат дастлабки ҳужумга жавоб қайтармоқдамиз", деди.

Айни пайтда қурбонлар сони ошиб бормоқда. Покистоннинг маълум қилишича, чоршанба тонгидан бери Ҳиндистон ҳаво зарбалари ҳамда назорат чизиғи бўйлаб олиб борилган отишмалар натижасида Покистон ва Покистон томонидан бошқариладиган Кашмирда камида 31 киши ҳалок бўлган, 57 киши яраланган.

Ҳиндистон армияси эса баҳсли Кашмир минтақасидаги Покистон томонидан амалга оширилган ўт очишлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 16 нафарга етганини, улар орасида уч аёл ва беш бола борлигини маълум қилди.

Аввалига Ҳиндистон Пахалгамдаги ҳужум ортида қайси гуруҳ турганини айтмаганди, аммо 7 май куни бу ҳаракат учун Покистонда жойлашган "ЛашкариТоййиба" гуруҳини айблади.

Ҳиндистон полицияси ҳужумчилардан икки нафари покистонлик эканини иддао қилмоқда. Исломобод эса бу даъвони рад этиб, 22 апрелдаги ҳужумлар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.

Чоршанба кечаси халққа қилган мурожаатида Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Ҳиндистон зарбаларида ҳалок бўлганлар учун интиқом олишини ваъда берди.

У шунингдек, Покистон Ҳиндистоннинг бешта қирувчи самолётини уриб туширганини яна бир бор таъкидлаб, буни "муносиб жавоб" деб атади. Ҳиндистон бу даъволарга изоҳ бермади.

Пайшанба куни Жамму шаҳрида портлашлар содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганидан кейин маҳаллий ОАВ Ҳиндистон ҳарбий манбаларга таяниб, Жамму минтақасидаги бошқа шаҳарлар — Ахнур, Самба ва Катхуада ҳам портлашлар кузатилганини маълум қилди.

7 май: Ҳиндистон Покистонга зарбалар берди – Нималар маълум?

Ҳиндистон Покистонга зарбалар берди – Нималар маълум?

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Покистон назоратидаги Кашмирнинг Музаффаробод шаҳри

Ҳиндистон бошқарувидаги Кашмирда сайёҳларга қарши содир этилган қонли ҳужумдан икки ҳафта ўтиб, Ҳиндистон Покистон ва Покистон назоратидаги Кашмирга бир қатор зарбаларни амалга оширди.

Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги ушбу зарбаларни "Синдур амалиёти" деб номланган. 22 апрель куни рўй берган, 25 ҳиндистонлик ва бир непаллик сайёҳ ҳалок бўлган ҳужум учун жавобгарларни жазолашга берилган "ваъда"нинг бир қисми эканини маълум қилди.

Алоқадор мавзулар:

Бироқ ўтган ойги ҳужумга ҳар қандай алоқаси борлигини рад этадиган Покистон ва бу зарбаларни "асоссиз" деб атади. Бош вазир Шаҳбоз Шариф бу "қотиллик ҳаракати жазосиз қолмайди", деб баёнот берди.

Покистон армияси бешта Ҳиндистон учоғи ва бир дронини уриб туширганини маълум қилди. Ҳиндистон ҳозирча бу даъволарга жавоб бермаган.

Покистон армияси матбуот котиби, генерал-лейтенант Аҳмад Шариф Чаудрий, камида 26 киши ҳалок бўлгани ва 46 киши яраланганини айтди. Ҳиндистон эса Покистон томонидан бошқариладиган Кашмирга қилинган артиллерия ҳужумларида камида етти фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилди.

Ҳиндистон қаерларни нишонга олди?

Деҳли чоршанба куни тонгда Покистон ва Покистон назоратидаги Кашмирда тўққизта турли жойга зарба берилганини маълум қилди.

Бу объектларни ҳужумлар режалаштирилган ва бошқарилган "террористик инфратузилма" деб таснифланган.

Баёнотда таъкидлашича, Покистоннинг бирор ҳарбий объектларига ҳужум қилинмаган, ва уларнинг "ҳаракатлари аниқ мўлжалланган, мезонга солинган ва кескинликни кучайтирмасликка қаратилган" бўлган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Покистон маълумотларига кўра, Музаффарабод ва Кашмирдаги Котли ҳамда Баҳавалпур (Покистоннинг Панжоб вилоятида) ҳудудлари зарбага учраган.

Покистон мудофаа вазири Ҳоважа Асиф GeoTV телеканалига берган интервьюсида, зарбалар фуқаролар яшайдиган ҳудудларга берилгани, Ҳиндистоннинг "террорист лагерларини нишонга олдик" деган даъволари ёлғон эканини айтди.

Нима учун Ҳиндистон ҳужум бошлади?

Бу зарбалар ядровий қуролга эга икки қўшни ўртасидаги кескинлик ошган пайтда, курорт шаҳар Пахалгамда содир бўлган отишмалардан сўнг амалга оширилди.

22 апрелда содир этилган ҳужумда 26 киши ҳалок бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, ҳужумчилар асосан ҳинду эркакларини нишонга олишган.

Бу ҳужум Қашмирда охирги йигирма йилда фуқароларга қарши амалга оширилган энг даҳшатли ҳужум бўлиб, Ҳиндистонда кенг норозилик келтириб чиқарди.

Бош вазир Нарендра Моди ҳужумчиларни "жаҳоннинг ҳар бир бурчидан топамиз" деб ваъда берди ва буни режалаштирганлар "тасаввур қилолмайдиган жазога" дучор бўлишини айтди.

Бироқ Ҳиндистон Пахалгам ҳужумида кимни айблаётганини расман айтмаган ва бу ҳужумни аниқ ким амалга оширгани ҳали ҳам ноаниқ.

Аммо Ҳиндистон полицияси икки ҳужумчини Покистон фуқароси деб айблади, Деҳли эса Покистонни террористларни қўллаб-қувватлашда айблади — бу айбловларни Исломобод рад этди ва 22 апрелдаги ҳужумларга алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Шундан бери икки давлат ҳам ўзаро дипломатларни чиқариб юбориш, виза беришни тўхтатиш ва чегараларни ёпиш каби чораларни кўрди.

Аммо кўпчилик бу 2019 йилда 40 нафар ҳиндистонлик ҳарбий хизматчининг ўлимига сабаб бўлган Пулвама ҳужумларидан кейингига ўхшаш чегаралараро зарбага айланишини кутган эди.

Нима учун Кашмир Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги келишмовчилик манбаи ҳисобланади?

Кашмирни Ҳиндистон ва Покистон тўлиқ даъво қилади, лекин 1947 йилда Британиядан мустақилликка эришгандан кейин ҳудуд ҳар икки давлат томонидан қисман назорат остида.

Мамлакатлар бу ҳудуд учун икки марта уруш олиб борган.

Аммо яқинда эса жангариларнинг ҳужумлари икки мамлакатни уруш ёқасига олиб келди. Ҳиндистон томонидан бошқариладиган Кашмирда 1989 йилдан бери Ҳиндистон ҳукмронлигига қарши қуролли исён давом этмоқда, жангарилар хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолини бирдек нишонга олмоқда.

Бу 2019 йилда Кашмирга ярим мустақил мақом берган 370-модда бекор қилинганидан бери тинч аҳолига қарши содир этилган биринчи йирик ҳужум эди.

Бу қарордан сўнг минтақада норозиликлар кузатилди, лекин шу билан бирга жангарилик сусайди ва минтақага ташриф буюраётган сайёҳлар сони кескин ошди.

2016 йилда Урида 19 нафар ҳиндистонлик аскар ўлдирилганидан сўнг, Ҳиндистон Назорат чизиғи бўйлаб - Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги амалдаги чегара бўйлаб - жангарилар базаларига қарши "жарроҳлик зарбалар" берди.

Дунёнинг турли мамлакатлари ва дипломатлари томонидан ҳозирги вазиятнинг кескинлашишини тўхтатишга уринишлар бўлди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш аллақачон "ўта эҳтиёткорлик"ка чақирди, АҚШ президенти Дональд Трамп эса жанглар "жуда тез тугашига" умид билдирди.