Муҳаммад Азиз Умурзоқов АҚШдаги 389-оммавий отишма қурбони - Видео

Сурат манбаси, GoFundMe саҳифасида эълон қилинган фото сурат
Нейрожарроҳ бўлиб етишиш мақсадида АҚШдаги энг нуфузли олий ўқув даргоҳларидан бирида таҳсил олаётган талаба Муҳаммад Азиз Умурзоқовнинг фожеали ўлими бутун дунёдаги ўзбекларни ларзага солди.
Фожеа 13 декабр куни АҚШнинг Род-Айленд штати Провиденс шаҳридаги Браун Университети биносида рўй берди.
Ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, университетнинг инженерлик ва физика факултети биринчи қаватдаги аудиториясида у ерда бўлган инсонларга қарата ўқотар қуролдан ўт очилган.
Оқибатда икки инсон ҳаётдан кўз юмган, тўққиз киши яраланган.
Ҳалок бўлганлардан бири Муҳаммад Азиз Умурзоқов бўлган.
Гувоҳларга кўра, шанба куни соат 16:00 ларда имтиҳон бўлаётган вақт қуролланган шахс аудитория эшигини очган, нимадир деб, ичкаридагиларга қарата ўқ отишни бошлаган.
Полиция қуролли ҳужумда гумон қилинган шахс ҳибсга олинганини хабар қилди.
Бироқ кейин у қўйиб юборилган.
Маҳаллий матбуот хабар қилишича, гумондорни қидириб топиш Провиденс шаҳри марказида янги йил байрами олди харидорлар кўп бўлгани ҳамда концерт томоша қилиш учун минглаб одам келгани туфайли қийинлашган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Reuters ахборот агентлиги бошқа мамлакатларга нисбатан ҳам АҚШ ўқув даргоҳлари ва бошқа жамоат жойларида оммавий отишма кўпроқ рўй беришини эслатади.
Бунинг сабаби Қўшма Штатлардаги қуролга эгалик билан боғлиқ қонунчилик тараққий этган мамлакатлардаги энг енгил қонунчилик ҳисобланишидадир.
Gun Violence Archive ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йил 15 декабригача АҚШда 392 та оммавий отишма рўй берган, Браун Университетидаги 389-cи бўлган.
Оммавий отишма деб тўрт ёки ундан кўп инсон яраланиши ёки ҳалок бўлишига олиб келган ўқотар қурол ишга солиниши деб ҳисоблайдилар.
Ташкилотга кўра, 2024 йили АҚШда 503 оммавий отишма қайд этилган.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Нуфузли олийгоҳ
Браун Университети кампусидаги Barus ва Holley инженерлик ва физика факултети биноси етти қаватли бино бўлиб, унда учта йирик аудитория, кўплаб синфхона ва лабораториялар, жами 117 хонаси бор.
Провиденс шаҳри ҳокими Бретт Смайлей айтишича, бинонинг ташқи эшиклари ёпиқ бўлган, отишма бўлган аудиторияга кириш учун имтиҳон топширувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат талаб қилинган.
Шунинг учун ҳам қуролланган шахснинг ҳодиса жойига қандай қилиб киргани саволига полиция жавоб бергани йўқ.
Ушбу бинодаги ва факултетга яқин кутубхонадаги одамлар отишма овозларини эшитганларидан кейин яширинишга мажбур бўлганлар.
Полиция келиб текшириб рухсат берганидан кейин яширинган жойларидан чиққанлар.
Браун Университети АҚШнинг энг қадимги университетларидан бири бўлиб, унга 1764 йили асос солинган.
Браун Университети Ҳедера ёки Чирмовуқ Лигаси (Ivy League) деб номланадиган, Американинг энг нуфузли саккиз хусусий университети гуруҳига киради.
Бу лигага олий академик стандардлари, талабаликка қабул қилишдаги қаттиқ танлов ва обрўси баланд университетлар киритилади.
Браун Университетида 11 мингдан ортиқ талаба ўқийди.
Муҳаммад Азиз Умурзоқов оиласига ҳамдардлик

Сурат манбаси, .
Муҳаммад Азиз Умурзоқов АҚШда ўсиб улғайган, у Виржиния штатидаги Мидлотиан мактабида таҳсил олган.
Қобилиятли ёш ўзбек йигитининг бевақт ўлими ҳақида унинг оиласи аъзолари хабар қилдилар.
"У ҳаддан зиёд меҳрибон, ақлли ва қувноқ эди. Унинг нейрожарроҳ бўлиш ва инсонларга ёрдам беришдек улкан орзулари бор эди. У ҳамма жиҳатда оиласи учун ибрат бўлиб қолади", деб ёзди яқинлари GoFundMe веб-сайтида.
Муҳаммад Азизни яқиндан билган инсонлар веб-сайтда ўз хотиралари билан бўлашдилар, яқинларига таъзия изҳор этдилар.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШдаги Ўзбекистон элчилиги марҳум оиласи билан доимий алоқада эканини хабар қилди:
"Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги ваколатхоналари вакиллари марҳумнинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб, АҚШнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча масалалар юзасидан яқиндан иш олиб бормоқда", деб ёзди вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ўзининг Телеграм каналида.
Фожеа муносабати билан Америка-Ўзбекистон Ассоциацияси Муҳаммад Азиз яқинларига таъзия изҳор этди.
"13-декабр куни Браун университети талабаси Муҳаммад Азиз Умурзоқовнинг фожиали вафот этгани ҳақидаги хабарлар мени чуқур қайғуга солди. Биз Азиз Умурзоқовнинг оила аъзолари, дўстлари ва курсдошларига самимий ҳамдардлик билдирамиз ҳамда унинг порлоқ орзулари амалга ошмай қолганидан чексиз қайғудамиз. Марҳумни Худо раҳмат қилсин", деб ёзди Тошкентдаги АҚШ элчилиги расмий веб-саҳифасида элчи Жонатан Ҳеник.












