Камтарлик ва давлат хизматчиси бир-бирига ёт тушунчаларми?

БМТ давлат хизмати форуми иштирокчилари

Сурат манбаси, Telegram/Saida Mirziyoyeva

Сурат тагсўзи, Самарқанддаги давлат хизмати форуми жуда фойдали тадбир бўлгани таъкидланди
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Сингапур Президенти Ҳалима Ёқуб "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" самолётида Тошкентга келгани ёдингиздами?

Аҳоли жон бошига бойлиги бўйича дунёнинг биринчи мамлакати раҳбарининг ўз самолётида эмас, тужжорий авиа компания учоғи билан сафар қилгани Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини "ларзага солган" эди.

Алоқадор мавзулар

Бугун gazeta.uz веб-нашри Ўзбекистон учун долзарб мавзуни кўтарди, муаммо илдизларидан бири, шубҳасиз, амалдорларнинг давлат пулига нисбатан муносабатидадир.

Нима учун аҳолининг давлат хизматчиларига бўлган ишончи паст?, деган саволни қўяди gazeta.uz.

Охирги йилларда Ўзбекистонда ҳоким ёки вазирларнинг зарурият бўлмаса ҳам қиммат автомобил харид қилганлари хабарлари матбуот ва ижтимоий тармоқларда кўп тарқалди, кўп муҳокама қилинди.

Шу йил мартида Президент Мирзиёев ҳоким ва вазирларни "иномарка"лардан воз кечишга буюрди.

Матбуот бугун ҳоким кийган кўйлак ёки пойафзалнинг хориждаги нархи қанчалигини муҳокама қилаяпти.

Бу нарса ҳокимман ёки вазирман деган инсон, "бошқа инсонлардан бой бўлишим, бой кўринишим керак", "юқори, устун туришим керак, бунинг учун халқ, давлат пулини бемалол сарфлашим мумкин", деган нотўғри тушунчадандир.

Ҳолбуки, куни кеча Қозоғистон Президенти Тоқаев президентлик лавозимини иш юритувчи деб таърифлади.

"У(президент) Худонинг элчиси эмас. У ўз халқи сайлаган давлат менежери. Бизнинг ҳолатимизда саккиз йил муддатга", деди Қосим-Жўмард Тўқаев Al Jazeera телеканалига берган интервюсида.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Самарқанд шаҳрида ўтган БМТнинг давлат хизматига бағишланган форумида ушбу мавзуга боғлиқ жуда кўп долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Жумладан, этика ва коррупция масалалари ҳам.

Форумда Ўзбекистонда давлат хизматларини ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегияси қабул қилингани урғуланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ форуми қатнашчиларига мурожаатини Президент маъмурияти раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.

"Дунё шиддат билан ўзгармоқда ва биз Ўзбекистонда бу ўзгаришларга фаол ислоҳотлар билан жавоб бермоқдамиз", деган Саида Мирзиёева Ўзбекистондаги давлат хизматчиларининг 35 фоизини хотин-қизлар ташкил этишини таъкидлади.

Нега Ўзбекистонда давлат хизматчиларига ишонч пастлиги ҳақида муносабат билдирар экан, gazeta.uz муштарийси Radis Ilalov давлат идора ва ташкилотларнинг оддий фуқароларга нисбатан муносабатига тўхталди:

"Оддий нарсадан бошлаш мумкин. Ўз мамлакати фуқаролари билан қайта телефон алоқасини йўлга қўйиш билан. Мисол керакми? Авария, свет, сув, газ ўчиши пайти шу соҳанинг ҳамма даражасидаги амалдорга қўнғироқ қилишга ҳаракат қилиб кўринг. Телефонлар банд. Бошқа вазирликлар билан ҳам аҳвол шу. Алоқадек оддий нарсанинг устидан ҳам назорат йўқ. Фуқароларнинг муаммоларини эшитишни хоҳламайдилар".

Muzaffar Abduazimov эса давлат хизмати ходимларининг ўз касб фаолиятларидан нақадар қониқишлари ва соҳани янада яхшилашга қанчалар ҳисса қўша олишлари мумкинлигини савол остига олди.