Ўзбекистон: Пулни ҳоким ёрдамчиси еди, даккини журналистлар эшитди

xodim

Сурат манбаси, gazeta.uz

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Бош прокуратура пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани ҳоким ёрдамчиси ярим миллиард сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштириб юборганини хабар қилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарни рад қилиб, расмий идорага эмас, журналистларга эътироз билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 3 феврал куни Тошкент шаҳри "Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси М.Ф. 20 нафар фуқароларга электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан, қабул қилиб олган электрон калитлардан фойдаланган ҳолда жами 427,7 млн. сўмлик кредит маблағларини қўлга киритиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган"и ҳақида хабар қилди.

Хабарда айтилишича, М.Ф. ўзининг қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқароларга маҳалла ҳудудида яшамаган бўлса-да, қалбаки тавсияномалар орқали жами 207,7 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилишига эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Алоқадор мавзулар:

"Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди", дейилади расмий хабарда.

Хабар чиққандан бир кун ўтиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.

Ҳокимлик Бош прокуратура чиқарган хабарни "ахборот маконида тарқалган маълумот", деган ва "гўёки" сўзини ишлатиб, уни шубҳа остига олган.

"Ахборот маконида гўёки Шайхонтоҳур туманида ишлайдиган ҳоким ёрдамчиси 20 нафар шахснинг номига кредит расмийлаштириб, олинган маблағлардан фойдалангани ҳақидаги маълумотлар тарқалмоқда", дейилади ҳокимлик муносабатида.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
DXX
Ommaviy axborot vositalaridan axborotni e’lon qilishda ishonchlilik, xolislik va mas’uliyat tamoyillariga amal qilishlarini yana bir bor so‘rab qolamiz.
Toshkent shahar hokimligining Bosh prokuratura xabariga munosabati
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

Ҳокимлик Тошкент шаҳрида бундай тавсифга мос келадиган мансабдор шахс мавжуд эмаслигини маълум қилган.

"Тарқатилаётган маълумотларда М.Ф. деб айтилаётган шахс ўтган йилнинг ноябрь ойида ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилган", дейилади унда.

Ўтмишда прокуратура органида ишлаган Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг матбуот хизмати журналистлардан ишончли ахборот тарқатиш кераклигини "яна бир бор" сўраган.

"Оммавий ахборот воситаларидан ахборотни эълон қилишда ишончлилик, холислик ва масъулият тамойилларига амал қилишларини яна бир бор сўраб қоламиз".

Бирор жиноятда айбланган ходимларнинг эски сана билан ишдан бўшатиш ҳоллари Ўзбекистон учун бегона эмаслиги айтилади.

Бироқ Бош прокуратура идорасининг хабарини ҳокимлик "ишончсиз" деб таъриф бериши ва хабар учун журналистларни айблаш ҳолати олдин учрамаган.