Миллионлаб доллар билан тушаётган амалдорлар - нега пора миқдори ортиб кетди?

Доллар

Сурат манбаси, ДХХ

Сурат тагсўзи, Сўраган 2 миллион доллардан 1 миллионини олаётган вақти ушланган амалдорнинг исми айтилмаяпти
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Шавкат Мирзиёев даврига нисбат бериб аталаётган Янги Ўзбекистонда амалдорларнинг мисли кўрилмаган даражада пора билан қўлга тушаётгани ва гўёки етарли жазосиз қолаётгани муҳокама қилинмоқда.

Сўнгги ҳафтада Андижон вилояти ва Чирчиқ туманларидан икки ҳоким ўринбосарининг шу вақтгача мисли кўрилмаган катта миқдорда пул билан ушлангани жамиятда акс-садоларга сабаб бўлди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Миллионер амалдорлар

ДХХ 5 ноябр куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокимининг ўринбосари жуда катта миқдорда пора олган вақтида ушлангани ҳақида хабар берди.

Исми ва ҳокимнинг қайси масалалар бўйича ўринбосари эканлиги айтилмаган хабардаги мулозим шаҳар ҳокимлиги захирасидаги 20 гектар ерни 2 миллион долларга сотишга келишган.

У 1 миллион АҚШ доллари олаётганда ушланган.

Олдинроқ Андижон вилоят ҳокими ўринбосари лавозимидан яқинда бўшатилган Ботиржон Ҳамроев қўлга олинган вақти унинг уйидан 3 миллион доллар пул чиққани хабари берилди.

Бу пуллар ҳоким ўринбосари уйида қандай пайдо бўлиб қолгани тафсилотлари айтилмади.

Андижон вилоятида амалдорларнинг пора билан ёки давлат пулларини талон-тарож қилиб қўлга тушиш ҳолатлари олдин ҳам кузатилган. Расмий маълумотларда Андижон республикада коррупция илдиз отган вилоятлар қаторида биринчи ўринда тилга олинади.

Лекин шундай бўлса-да, нафақат Андижонда балки очиқ манбалардаги хабарларга ишонилса, Ҳамроев барча вилоятлардаги амалдорлар ичида бундай катта миқдорда пул билан қўлга олинган илк мулозим бўлиб турибди.

Вилоят ёки шаҳарда қўл остидагиларининг катта миқдордаги талон-тарож қилишига ёки пора олишига вилоят, туман ё шаҳар ҳокимлари ҳам сиёсий жавобгар бўлиши керакми?

gazeta.uz
Jinoiy emas, siyosiy javobgarlik masalasini ko‘rish kerak. Qozog‘istonda shunday qilishdi. Men bu taklifni doim berib kelganman. Albatta vazirlar qarshi bu gapimga.
Akmal Burxonov
Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi rahbari (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Андижонда ўзи нима бўлганди?

Ҳокимлар доим оппоқ чиқаётгани шубҳаостига олинмоқда

Сурат манбаси, Андижон вилоят ҳкоимлиги

Сурат тагсўзи, Ҳокимлар доим оппоқ чиқаётгани шубҳаостига олинмоқда

Daryo.uz нашри Андижон вилояти ҳокимлигидаги ўз манбасига таяниб, вилоят ҳокими собиқ ўринбосари — вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Ботиржон Ҳамроевга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганини ёзди.

Унинг хонадонида текширув ўтказилган. Собиқ амалдор бюджет маблағларини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа ҳолатлар бўйича терговга чақиртирилган ва процессуал тартибда ушланган.

Нашр собиқ ҳоким ўринбосари хонадонида жуда катта миқдорда (уч миллион доллар) маблағ сақланаётгани аниқланган, деб ёзди.

Аммо кейинчалик daryo.uz ва kun.uz хабарни таҳрир қилиб, 3 миллион доллар топилгани ҳақидаги жумлани олиб ташлади. Кузатувчилар Ўзбекистонда сўнгги йилларда босим билан мақолаларни таҳрирлаш ёки олиб ташлатиш кенг ёйилганини айтишади.

Аммо aniq.uz сайтида собиқ ҳоким ўринбосари хонадонида уч миллион доллар маблағ топилгани сарлавҳага ёзилган мақола ҳамон турибди.

3 миллион доллар катта пулми?

Dollar

Сурат манбаси, Reuters

Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда кенг акс-садо берди. Ҳар қалай Ўзбекистонда амалдорларнинг пора билан ёки бошқа сабаблар билан қўлга олинаётганида бунча катта миқдордаги сумма жамоатчиликка илк маротаба ошкор қилинганди.

Уйингда 3 млн доллар пулинг бўлса, қандай яшаркан а одам? 3 млн доллар нақд пул қанча жойни эгалларкан?, деб савол беради, @murodov_.

Ўтказиб юборинг X пост , 1
X контентига рухсат бериш

Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас

Охири X пост, 1

“1 куб метр жойга 100 миллион доллар сиғади.

30 кило пул бўларкан холос 3 миллион доллар”, дейди @Aslanov_K.

Ўтказиб юборинг X пост , 2
X контентига рухсат бериш

Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас

Охири X пост, 2

Интернетдаги маълумотларга кўра, агар 3 миллион доллар 100 долларлик банкнотлардан иборат бўлса кичик сафар чамадони ёки рюкзакка жойланиши мумкин.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов пора олиш ҳодисаларини Ислом Каримов джаври билан қиёслайди.

“Адашмасам, 1999 йилнинг декабрида 250 минг АҚШ доллари миқдоридаги пора билан ҳибсга олинган Жиззах шаҳар прокурори Шамсиев воқеаси бутун тизимни даҳшатга солганди. Бугун ҳоким ўринбосарлари учун 2-3 миллион долларлик поралар одатий ҳол ўлароқ қабул қилинмоқда. Савол: бу тараққиётми ёки коррупция даражаси? 2030 йилда одатий пора миқдори қанча бўларкин?”, дейди у.

Андижон коррупция энг илдиз отган вилоят сифатида қайд қилинади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳисоботларига қаралса, вилоят бир неча йилдан бери коррупцияга оид жиноятлар содир қилиш рейтингида тепадан пастга тушмаяпти. Давлат манфаатларига зарар етказиш бўйича ҳам Андижон бу йил олд қаторларда қайд қилинган.

Ҳокимлар бехабарми?

Ижтимоий тармоқдаги айрим фойдаланувчилар бу пуллар аслида вилоят ҳокимига аталганлиги ҳақида фаразларни билдирди.

Бироқ ушбу фаразларнинг исботи йўқ ва расмийлар ҳозирча бундай катта миқдорда пул сақлагани айтилаётган амалдор тўғрисида расмий маълумот бермаяпти.

Аммо кузатувчилар Ўзбекистонда коррупция ёки пора олишда айбланиб фақат раҳбар ё ҳоким ўринбосарларининг қўлга олинишидан шубҳа билдиришади.

Қўл остидагиларнинг порахўр бўлиб кетганидан ҳоким бехабар қолиши мумкин эмас, дейишади улар.

Бироқ коррупцияга қарши курашиш агентлиги агар қайсидир ҳоким жиноят устида ушланмаса уни ҳуқуқий жавобгарликка тортишга асос йўқлигини айтади. Бироқ у раҳбарлар сиёсий жавогарликка тортилиши кераклигини таъкидлайди.

“Сиёсий жавобгарлик масаласига қўшиламан. Мен бу таклифни доим бериб келганман. Айниқса, раҳбарлар қарши чиқади менга, албатта вазирлар қарши бу гапимга. Қозоғистонда шуни қилишди. Ўша тизимида қайсидир ходими коррупцион жиноятни содир қилса, раҳбариятини жавогарлик тортиш. Жиноий эмас, сиёсий жавобгарлик масаласини кўриш керак”, дейди Акмал Бурхонов.

Ҳозирча коррупцияда пешқадам бўлиб турган Андижон вилояти ҳокими ҳам, ўринбосарлари минглаб ва баъзан миллионлаб доллар билан тушаётган бошқа раҳбар ва ҳокимлар ҳам сиёсий жавобгарликка тортилмади.

2020 йилнинг июнь ойида Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокими ўринбосари Ж. Машрабов 9 гектар майдонли ерни $60 минг эвазига таклиф этиб, $35 минг пора олаётган пайтда қўлга олинган.

Бу ҳолат президент Мирзиёевнинг эътиборига тушган унинг олдини олиш учун ўзига хос ечим таклиф қилганди.

"Битта районнинг ҳокими ўринбосари 60 минг доллар пора олса, бу нима деган гап? Энди бундан кейин ҳокимларнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарорлар Миллий геоахборот тизимига киритилгандан кейин ҳақиқий, деб ҳисобланади", дея таъкидлаганди президент.

Афтидан президентнинг таклифи иш бермаётган кўринади.

Амалдорлар ва блогерларга бўлаётган икки хил муносабат

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач коррупцияга қарши аёвсиз курашишини маълум қилди.

Шу вақт оралиғида Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жураев 13 йилга қамалди ва унинг сейфидан 1 миллион доллар нақд пул чиққани хабар қилинганди.

Бундан ташқари собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ва ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевлар коррупцияда айбланиб қамоққа ташланди.

Мирзиёев фармони билан махсус Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентлик маълумотларига ишонилса жамиятда коррупция ҳолатлари йилдан йилга камаймоқда.

Бироқ фаоллар жавобгарлик борасида давлат собиқ амалдорлар ва фаоллар ҳамда қалам аҳлига бир хил муносабатда бўлмаётганидан шикоят қилмоқда.

Президент ваъдаларига қарамасдан собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодировнинг кирдиркорлари акс этган фильм намойиш қилинмасдан у озодликка чиқди.

Farukh Samarkandi Андижон ҳокими ўринбосари ҳам блогерлар каби очиқ суд қилинадими, дея савол ташлайди.

“Пул олганини исботлаш учун роликлар чиқадимикан тармоқда?

Фаоллардан айримлари чақирилиб, бу замҳокимнинг кирдикорлари акс этган "кино" паналарда қўйиб бериладимикан Олимжонни "киноси" каби?

Буни суди қанақа бўларкана? Жамоатчиликка очиқ бўладимикан?”, дейди Farukh Samarkandi.

Шунингдек, коррупция билан қўлга тушаётган амалдорларга берилаётган жазонинг юмшоқлиги ва улар кўп ўтмасдан озодликка чиқиб яна масъул лавозимларга тайинланиши мулозимлар орасида қўрқувнинг камайиши ва пора миқдорининг кескин ошиб кетишига олиб келгани тахмин қилинади.

Расмийлар ҳозирча уйида 3 миллион доллар билан ушлангани айтилаётган Андижон ҳокими ўринбосари ҳақида ҳеч нарса демаяпти.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002