Украина Путин қароргоҳига дрон ҳужумини рад этди

Президент Зеленский қулоғида наушник билан

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Президент Зеленскийга кўра, Кремлнинг Украина Россия президенти қароргоҳига дронлар ҳужуми уюштиргани ҳақидаги баёноти ҳаво зарбаларини давом эттириш учун баҳонадир.
    • Author, Би-би-си Янгиликлар хизмати
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

29 декабр куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина 91 дрон билан Россия президентининг "Валдай" номи билан танилган Новгород вилоятидаги қароргоҳига ҳужум қилди деб баёнот тарқатди.

Шу куни Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Доналд Трамп телефон орқали яна суҳбатлашдилар, ушбу суҳбат мобайнида Путин Трампга ўзининг қароргоҳига Украина дрон ҳужуми уюштиргани ҳақида маълум қилган.

Россиянинг давлат назоратидаги ТАСС ахборот агентлигининг Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга таяниб хабар беришича, бу хабар Трампни ларзага солган.

"Бундай ақлсизликни тасаввур ҳам қилолмайман, деди", дея Трампдан иқтибос келтирган Ушаков.

Путин Трампга "Киевнинг содир этаётган давлат терроризми туфайли Россия мавқеъси қайта кўриб чиқилади, дея аниқ айтди", деди Россия президенти ёрдамчиси.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина дрон ҳужумларидан кейин "РФ Қуролли кучларининг жавоб зарбалари нишонлари ва вақтлари аниқ белгилангани" ҳақида баёнот берган.

Украина Президенти Володимир Зеленский буни Россиянинг "навбатдаги ёлғони" дея рад этди.

Зеленскийга кўра, бу Россиянинг Украинага ҳужумларини янада давом эттириш учун бир баҳонадир.

"Россия ўзининг хавфли баёнотлари билан бизнинг Президент Трамп командаси билан биргаликдаги дипломатик ҳаракатларимиз ютуқларини барбод этиш учун яна ўзининг эски ҳунарига қайтди", дея X(собиқ Твиттер)даги саҳифасида пост қолдирди.

Зеленский: сулҳ режаси Украина референдумига қўйилиши керак

АҚШ Президенти Доналд Трамп ва Украина Президенти Володимир Зеленский Флоридадаги музокаралар ортидан ташкиллаштирилган матбуот анжумани пайти

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Президент Трамп матбуот анжумани пайти Украина урушини якунига етказиш бўйича АҚШ ва Украина томони "илгари силжишга эришди", бироқ "тиканли масалалар" қолди, деб айтди

28 декабр куни АҚШ Президенти Доналд Трамп ва Украина Президенти Володимир Зеленский урушни тўхтатиш режасини уч соат муҳокама қилдилар. Икки президент Россия билан тинчликка эришиш йўлида катта илгари силжишга эришилди деб баёнот бердилар. Флоридадаги музокаралар ортидан журналистларга гапирган Президент Зеленский АҚШдаги 20 банддан иборат сулҳ режаси референдумга қўйилиши керак деди.

Журналистларнинг қайд этишларича, Трамп ва Зеленский учрашувидан кейин тинчликка эришиш йўлидаги асосий масала ҳал этилмаганича қолган.

Яъни, Россия тўла қўлга киритолмаган бутун Донбасс ҳудудини ўзиники бўлишини хоҳлайди.

Украина эса бу шартга рози эмас.

АҚШ Президенти Трамп эса ана шу келишувга эришилиши керак деб туриб олган.

Алоқадор мавзулар

Якшанба кунги музокаралар АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Флорида штатидаги Мар-а-Лаго хусусий қароргоҳида уч соат давом этди.

Учрашув якунида Президент Трамп айтишича, музокаралар "аъло" бўлган.

Бу "жуда зўр суҳбат" бўлган ва бу суҳбат Россия-Украина урушини ниҳоясига етказишга анча яқинлаштирган.

Трамп сўзларига кўра, сулҳ режасига жуда яқин қолди, томонлар битимда кўзда тутилган 95 фоиз шартлар бўйича келишувга эришганлар.

Президент Трампнинг ўзи тан олишича, ҳал этилмаган асосий савол - Донбасс ҳудуди кимга тегишли бўлиши ҳақидаги савол қолган.

Донбасс ҳудуди масаласини Президент Трамп "жуда муҳим" масала деб атади.

Унинг фикрича, томонлар ҳали бу "келишувга яқинлашаяптилар".

Музокаралар якунида Украина Президенти Володимир Зеленский Донбасс масаласи ҳамон ўта долзарб бўлиб қолаётганига ишора берди, бу масала бўйича "Украинанинг мавқеъи аниқ ва Россия мавқеъсидан фарқ қилади".

Президент Зеленский айтишича, Украина учун асосий масала ҳудудий масала эмас, балки мамлакат хавфсизлиги учун кафолат масаласи "мустаҳкам тинчликка эришиш йўлидаги муҳим босқич"дир.

Президент Зеленский сўзларига кўра, Украина томони битимнинг ушбу банди бўйича Европа сиёсатчилари билан ишлашни давом эттиради, бироқ у ерда "муҳокама қилинаётган ҳамма масалаларни тугатиш" лозим бўлади.

"Муҳокама қилинаётган ҳамма масалаларни тугатиш"га яқин ҳафталар ичида эришиш мумкин, деди Украина президенти.

Iqtibos

Флоридадаги музокаралар ортидан ташкиллаштирилган матбуот анжуманида АҚШ Президенти Доналд Трамп, ҳудудлар бўйича битимга имкони борича тезроқ эришган яхши, деб айтди.

"Украина катта жасурлик кўрсатди", "(душманга) улкан талофат етказди", бироқ можарони "ниҳоясига етказиш керак", деди Доналд Трамп.

У тинчлик битимига эришиш зарурлигини тушунтириш мақсадида Украина парламенти қаршисида сўзлашга тайёрлигини билдирди.

Бунга жавобан Украина Президенти Зеленский, "Сизни кўришдан ҳар доим хурсандмиз", деди.

Президент Зеленский айтишича, АҚШ томони Украинага 15 йиллик хавфсизлик кафолатини ваъда қилаяпти.

Бироқ у Президент Трамп билан мулоқот пайти АҚШдан Украина хавфсизлиги учун 30-50 йиллик хавфсизлик кафолатини сўраган.

Президент Трамп бу ҳақда ўйлаб кўришга ваъда берган.

Зеленский билан учрашуви олдидан АҚШ Президенти Доналд Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан телефонда сўзлашган.

Бу суҳбатда Россия Президенти Владимир Путин Донбасс ҳудудларининг кимга тегишли экани масаласи ўзлари учун энг муҳим масала эканини яна бир марта таъкидлаган.

Путин сўзларига кўра, Президент Трамп ўзи билан Алясканинг Анкорижидаги август ойидаги эришилган "тушунишга" таянгани маъқул.

Аммо ўшанда Анкорижда бирор бир муҳим келишувга эришилгани ҳақида хабар берилмаган эди.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Россия тарафининг асосий талабини қуйидагича ифодалади:

"Киев... Донбассга тааллуқли "жасур, масъулиятли сиёсий қарор қабул қилиши керак".

Кремл расмийлари Флоридадаги музокаралар ортидан АҚШ Президенти Доналд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин яна бир бор телефон орқали суҳбатлашишга келишганлари ҳақида хабар бердилар.

"Бу суҳбат энг яқин орада бўлиши керак", деб айтди Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг саволига.

Трамп ва Зеленский мулоқоти қандай қабул қилинмоқда?

АҚШ Президенти Доналд Трамп билан учрашувга Украина Президенти Володимир Зеленский яна ҳарбий кийимини ўзгартириб келди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ Президенти Доналд Трамп билан учрашувга Украина Президенти Володимир Зеленский яна ҳарбий кийимини ўзгартириб келди

Матбуот анжумани пайти Президент Трамп АҚШ, Россия ва Украинанинг уч томонлама музокаралари эҳтимоли борлигини айтди, унинг сўзларига кўра, бундай учрашув "вақти келса, бўлади".

Мухбирларимизнинг ёзишича, Доналд Трамп Россия-Украина урушини ўзи шахсан тугатган дунёдаги урушлар рўйхатига киритишни жуда хоҳлаяпти, шунинг учун ҳам мабодо музокаралар бир жойда депсиниб қоладиган бўлса, уруш яна давом этавериши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Президент Зеленский Украина ҳайъати 2026 йил январида Европа раҳбарлари билан бирга яна Оқ Уйда учрашишлари мумкинлигини айтди.

Флоридадаги учрашувдан Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен Президент Трамп ва Президент Зеленский билан видео мулоқот қилган.

Мулоқот ортидан Еврокомиссия президенти "яхши прогресс"ни олқишлади, айни вақтда Украина учун "темир хавфсизлик кафолатлари" зарурлигини таъкидлади.

Франция Президенти Эммануэл Макрон Киев иттифоқчилари кейинги ой Парижда кўришишлари мумкилигини, Украина хавфсизлиги кафолатларини муҳокама этишлари мумкинлигини айтди.

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер матбуот хизмати хабар қилишича, Кир Стармер ва Европа раҳбарлари "мустаҳкам хавфсизлик кафолатлари муҳимлигини урғуладилар ва ушбу ёввойи урушни имкони борича тез ниҳоясига етказиш зарурлигига чақирдилар.

Президент Зеленский тинчлик режасини Украина референдумига қўйиш учун 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш талаб қилинишини айтди.

Аммо Россия оташкесимга рози эмас.

Бу нарса Президент Трамп ва Президент Путин телефон сўзлашувида ҳам тилга олинган.

Президент Трамп Президент Путин урушни тўхтатишни хоҳлаётганига ишонишини айтди.

Бу орада Украинага Россия ҳужумлари тўхтамаган.

Украина расмийлари хабар қилишича, Россия тунда Украинага 25 ҳаво зарбаси берган, бу ҳужумлардан 21 таси қайтарилган.

Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг 89 дронини уриб туширгани, уларнинг аксари Брянск вилояти осмонида нишонга олинганини хабар берди.