Ўзбекистон ҳам кейинги йил сув тақчиллигига ҳозирдан тайёрланиши керакми?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Шу кунларда Қозоғистон ҳукумати расмийлари, вазирлар мамлакатнинг жанубий вилоятларига сафар қилмоқдалар, маҳаллий расмийлар, деҳқонлар билан учрашиб, кейинги йил суғориш мавсумида сув тақчиллиги рўй бериши мумкинлигидан огоҳлантираяптилар, шу муносабат билан зарур чораларни кўришга чақираяптилар. Айни шу кунларда Самарқанд вилоятидаги сув омбори қуриб қолди.
9 декабр куни Қозоғистон Бош вазири Ўлжас Бектенов белгиланган сув чекловидан ортиқ суғормаслик ҳамда сувни кўп истеъмол қиладиган экин турларини камайтириш фармонини чиқарди.
Қозоғистон 2026 йилда сув тақчиллиги хавфига тайёргарлик кўрмоқда, деб ёзаяпти матбуот.
Расмийлар дарё суви оқимининг камайиши, самарасиз суғориш тизими ва бошқа омиллар қишлоқ хўжалигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар.
Бош вазир Ўлжас Бектенов раҳбарлиигида ўтган ҳукумат мажлисида ҳар бир томчи сувни тежаш зарурлиги таъкидланди, деб ёзди Қозоғистондаги хусусий Orda.kz сайти.
Бош вазир Бектенов белгиланган меъёрдан ортиқча сув сарфланишига йўл қўйган фермер хўжаликларига сув узиб қўйилишидан огоҳлантирди.
"Агар биз бир хўжаликда 100 гектар бўлиши керак десак, эртага ҳатто бундан бир гектар ортиқ ерга экилса, биз бир томчи ҳам ортиқча сув бермаймиз. Агар эртага Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасдиқлаган кўрсаткичлар бузилса, бюджетдан бир тийин ҳам қопланмайди", деди Бектенов ҳукумат йиғилишида.
Шу йиғилишда Бош вазир ўринбосари Канат Бозумбоев айтишича, 2026 йили сув кирими 1–1,5 миллиард куб метр атрофида бўлиши кутилаяпти, бу эса 1 миллиард куб метргача танқислик хавфини яратади.
"Айрим ҳудудларда 2025 йилда сувни кўп талаб қиладиган экинларни камайтириш режалари бажарилмади", деб қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.
Қозоғистон ҳукумати мажлисида мамлакат жанубидаги Сирдарёда барпо этилган Чордара сув омборига сув кирими 43% камайгани, Норин-Сирдарё каскадида сув захиралари ўтган йилга нисбатан 3,8 миллиард куб метрга камайгани қайд этилди.
Иқлим ва инфратузилма босими
Ulysmedia.kz сайти хабар қилишича, Жаҳон Банки баҳолашига кўра, Қозоғистонда дарё суви оқими 27% га камайган. Асосий сабаблар — иқлим ўзгариши ва қўшни давлатлардан сув киримининг камайиши.
"Қўшниларнинг хасислиги Қозоғистонга сув инқирозини яқинлаштираяпти" дея сарлавҳа қўйди веб-сайт ўз мақоласига.
"Қозоғистондаги сув таъминоти ва канализация инфратузилмаси эскирган, чунки таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. Инфратузилмага инвестициялар орқада қолмоқда ва бу кўплаб ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга олиб келмоқда", дейилади ҳисоботда.
Ҳисоботга кўра, сув ва санитария тизими етарли эмаслиги сабабли йиллик иқтисодий йўқотишлар 750 миллион долларга етмоқда. Мутахассислар огоҳлантиришича, агар ҳозир зарур чоралар кўрилмаса, сув танқислиги ҳаво ҳароратининг кўтарилиб бораётгани ва ёғингарчиликнинг нотекислиги туфайли давом этиши, ҳатто кучайиши ҳам мумкин.
Spik.kz веб-сайти хабар қилишича, Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари Канат Бозумбоев икки вазир ва бир неча вазирлар ўринбосарлари билан мамлакатнинг жанубий уч вилоятига ташриф буюриб, маҳаллий расмийларни огоҳлантирганлар, фермерларни сувни кам талаб қиладиган экинларга ўтишга чорлаганлар.
Улар Қизил Ўрда, Туркистон ва Жамбил вилоятларида бўлганлар.
"Норин-Сирдарё каскадига сув кирими кескин камайди. Бу келаси йил суғориш мавсумида сув етишмовчилиги хавфини яратади", дейишди расмийлар.
"Тўқтоғул сув омбори сатҳи рекорд даражада пасайиши хавфи бор", деб қўшимча қилишди расмийлар.
Улар "барча сув истеъмолчиларини етарли сув билан таъминлаш ва фавқулодда ҳолатларни олдини олиш учун … Қизил Ўрда вилоятида 2026 йилда шоли экиладиган майдон 70 минг гектардан ошмаслиги керак", деб буйруқ беришди.
Ўзбекистонда сув омбори қуриди

Сурат манбаси, Telegram/Cosmo Monitoring
Ўзбекистондаги Podrobno.uz сайти 7 декабр куни Самарқанд вилоятидаги Қорасув сув омбори бутунлай қуриб қолгани ҳақида хабар қилди.
"Самарқанд вилоятида вазият танқидий. Пайариқ туманидаги Қорасув сув омбори бутунлай қуриб қолди, деб ёзди Cosmo Monitoring Telegram канали. Канал муаллифи Фозилбек Раҳимовнинг айтишича, 26,9 миллион куб метр сув сақлаш учун мўлжалланган ва тахминан 8100 гектар ерни суғоришга хизмат қиладиган сув омбори ҳозирда бутунлай бўш", дейилади хабарда.
Омбор 2019 йили 42,1 миллион куб метр сув сақлаган ва 8100 гектар ерни суғоришга хизмат қилган. Фермерлар унинг йўқолиши "ҳудуд қишлоқ хўжалиги учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин", деб огоҳлантиришди.
Экспертлар узоқ вақтдан бери Марказий Осиё умумий сув инқирози остонасида эканини огоҳлантириб келадилар.
The Times of Central Asia сайтининг ёзишича, 2028 йилга келиб, иқлим ўзгариши, аҳоли ўсиши ва эскирган сув инфратузилмаси сабабли минтақада "хроник сув танқислиги" юзага келиши мумкин.
Қурғоқчилик таҳдидига қарши биргаликда кураш

Сурат манбаси, O'zbekiston Energetika vazirligi
22 ноябр куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида сув ва электрга бағишланган уч томонлама келишув имзоланди.
Чунки бу йил Қирғизистон энергетика инқирозига дуч келди, электр ишлаб чиқариш учун сув омборларида бу йил шундоқ ҳам кам йиғилган сувни оқизиши талаб этилади, бироқ Тоқтоғул ГЭСида тўпланган сув келгуси йил баҳори ва ёзида нафақат Қирғизистоннинг ўзи, балки Совет замонида айнан Ўзбекистон ва Қозоғистон далаларини суғориш учун Тоқтоғул барпо этилган қуйи оқимдаги қўшнилари учун зарур.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистон бу йилги куз-қиш мавсумида Қирғизистонни электр билан таъминлаш, Қирғизистон эса бу вақт давомида ГЭСидаги сувни оқизмай ғамлашига келишилди.
Минтақа дуч келаётган сув тақчиллиги бундан кейин муаммога қўшни мамлакатларнинг бирлашиб қарши туришларини талаб қилаётганини раҳбарлар ҳам юқори минбарлардан такрор-такрор айтмоқдалар.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон келишувини Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида шундай баҳолади:
"Бу фақат қишда Бишкекни электр энергияси билан таъминлаш ҳақида эмас. Бу келаси ёзда Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги учун сув кафолати ҳақида.
Қирғизистон ҳозирда Тўқтоғул сув омборида сув сатҳининг кескин пасайишига дуч келмоқда — ўтган йилга нисбатан деярли 2 миллиард куб метрга кам.

Сурат манбаси, .
Агар мамлакат қишда электр энергияси ишлаб чиқариш учун кўпроқ сув қўйиб юборишга мажбур бўлса, оқибатлар қуйидагича бўлади:
• Қирғизистон: янада чуқур энергетик танқислик, ўчиришлар, иқтисодий йўқотишлар
• Ўзбекистон ва Қозоғистон: 2026 йил ёзида суғориш учун жиддий сув танқислиги
• Қишлоқ хўжалиги: пахта, ғалла ва боғдорчиликка катта хавфлар
Уч томонлама келишув бу домино-эффектнинг олдини олади, барча учун иқтисодий ва ижтимоий йўқотишларга олиб келадиган жиддий инқироздан сақлайди.
Бу келишув Марказий Осиёнинг энг мураккаб муаммолари фақат бирдамлик орқали ечилишини исботлади.
Бу дипломатия учун ютуқ ва умумий ресурслар бошқарувининг намунасидир.
Барқарор сув–энергия модели:
Келишув "қишда энергия — ёзда сув" тамойилини қайта жонлантиради. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қишда Қирғизистонга электр энергияси етказиб бериши, Тўқтоғулда сув тўпланишига имконият яратади. Ёзда эса бу сув уларнинг қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун қўйиб юборилади — ўзаро манфаатли ва барқарор цикл шаклланади.
Минтақавий инқирознинг олдини олиш:
Тўқтоғулда сув сатҳи хавфли даражада паст. Агар чора кўрилмаганида, оқибат равшан эди: қишда Қирғизистонда энергетик инқироз, ёзда эса Ўзбекистон ва Қозоғистонда суғориш учун қаттиқ сув танқислиги. Бу келишув превентив дипломатиянинг ёрқин намунасидир.
Ишонч ва институтлар барпо этиш:
Томонлар тасодифий музокаралардан узоқ муддатли, институционал режалаштиришга ўтишди ва 2026 йил учун протокол имзолашди. Бу ишончни мустаҳкамлайди ва келгуси сиёсий қарама-қаршилик эҳтимолини камайтиради.
Минтақавий энергетика хавфсизлигини кучайтириш:
Келишув истеъмолни қисқартириш, самарадорликни ошириш ва минтақавий электр тармоқларини мувозанатлаш мажбуриятларини ўз ичига олади. Бу янгиланувчи энергия манбаларини келгусида интеграция қилиш учун зарур бўлган мувофиқлашган энергетик тизим сари муҳим қадамдир.
Яна чуқурроқ интеграция пойдевори:
Бу келишув яхши қўшничилик ва асосий ҳақиқатга содиқликни кўрсатади: Марказий Осиё барқарорлиги рақобатда эмас, балки бирдамликда.
Бу шунчаки энергетика келишуви эмас — бу янада ўзаро боғлиқ, барқарор ва ҳамкор Марказий Осиё сари ташланган асосий қадамдир".












