Тожикистонда музликлар камаймоқда: Ўзбекистон учун хавф нимада?

Сурат манбаси, AFP
Яқин келажакда Ўзбекистондаги сув билан боғлиқ вазият янада ёмонлашиши мумкин. Мамлакат ҳозирда Оролбўйи ва Амударёнинг қуйи оқимида қурғоқчилик билан курашаётган бўлса, кейинги ўн йилларда бу кескинлашув бошқа ҳудудлар, айниқса Амударёнинг ўрта оқимида ҳам юз бериши мумкин.
Сабаби, Тожикистон ва Қирғизистон тоғларидаги музликлар ҳар доимгидан-да юқори суратда эримоқда. Ўзбекистоннинг асосий сув таъминотчилари бўлган Амударё ва Сирдарё эса айни музликлардан бошланади.
Май сўнгида Душанбе музликларни асраш бўйича ўтказилган илк халқаро конференцияга мезбонлик қилди. Тадбирда Тожикистон музликлари юқори суръатда камайиб бораётганидан ташвиш билдирилган.
Бу ўз сув таъминотининг ярмидан кўпини Тожикистондан олувчи Ўзбекистон учун ҳам хавотир келтириб чиқаради. Сўнгги йиллардаги ҳукумат қарорлари ва лойиҳаларига қарамасдан, мамлакатда сув билан боғлиқ муаммолар ҳануз кўпайишда давом этмоқда.
Иқлим исиб, қурғоқчилик хавфи ортиб бораётган бир пайтда Душанбедаги сўнгги тадбирлар Тошкент учун нимани англатади? Марказий Осиё айни ресурс тақсимотини қандай йўлга қўймоқчи? Сув минтақада геосиёсий қуролга айланиши мумкинми?
Сув минтақада геосиёсий қуролга айланиши мумкинми?
29-31 май кунлари Душанбеда музликларни асраш бўйича биринчи халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Тожикистон пойтахтига 80 мамлакатдан 2500 дан ортиқ вакилни жалб қилган.
Йиғин манзарасида минтақадаги музликларга доир қатор маълумотлар эълон қилинди. Мутахассислар уларнинг аксарини хавотирли ва жиддий эътиборга молик дея баҳолашмоқда.
Унга кўра, Тожикистон сўнгги 23 йил ичида 1000 дан ортиқ музликларни йўқотган. Бу мамлакатдаги жами музликларнинг қарийб 10 фоизини ташкил этади. Айни ҳолат бутун Марказий Осиё бўйлаб миллионлаб одамлар ҳаётини хавф остига қўйиши айтилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон учун ушбу маълумотлар огоҳлантириш каби янграмоқда. Юқори кўрсаткичдаги демографик ўсиш даврида бу янада хавотирли тус олиши мумкин.
Сабаби, қарийб 40 миллионга яқинлашган ўзбекистонликлар сув тақчиллигининг турли таъсирларида аллақачон яшаб келади. Буни сўнгги йилларда ошаётган нархлар ва қишлоқ хўжалигида унумдорликнинг камайиши мисолларида ҳам кўриш мумкин.
Bu jarayon alohida yillarda sekin kechayotgandek tuyulsa-da, uzoq muddatli o‘zgarish sifatida juda xavotirli.
Тожикистон музликлари Ўзбекистон учун нега муҳим?
Ўзбекистон сув ресурсларининг катта қисми трансчегаравий дарёларга, айниқса Тожикистон ҳудудидан келувчи сув оқимларига боғлиқ. Тожикистон, бутун Марказий Осиёда энг кўп музликларга эга бўлган давлат сифатида, Ўзбекистоннинг сув хавфсизлигида ҳал қилувчи ўринга эга.
Амударё ва Зарафшон дарёларининг бош оқимини асосан Тожикистон тоғ тизмаларида бошланувчи ирмоқлар ташкил қилади. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон умумий дарё оқимининг тахминан 80 фоизи ташқи ҳудудлардан келади. Шундан 60 фоизга яқини Тожикистондан.
Тожикистондаги музликлар асосан юқори тоғли ҳудудларда жойлашганлиги боис, улар табиий сув омбори вазифасини бажаради. Йил давомида аста-секин эрийдиган музликлар дарёлар учун табиий регулятор каби ишлайди.
Бироқ, айни музликлар тез суръатда эрийдиган бўлса, бу Ўзбекистоннинг суғориладиган ерларида ҳосилдорликни хавф остига қўяди. Сабаби, келгуси ўн йилликларда кутилаётгам юқори ҳарорат дарёлар баҳорда тошиб кетиши, ёзда эса қуриб қолиши эҳтимолини ошириши мумкин.
Илмий кузатувларга кўра, охирги 50 йил ичида Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати ўртача 1,5–2°С га ошган. Бу эса музликларнинг эриш суръатини сезиларли даражада тезлаштирган. Натижада, баъзи тоғли ҳудудлардаги музликлар 30–40 фоизгача қисқаргани кузатилмоқда.
"Бу жараён алоҳида йилларда секин кечаётгандек туюлса-да, узоқ муддатли ўзгариш сифатида жуда хавотирли," – деган Тожикистон бош Вазири ўринбосари Дилрабо Мансури.

Сурат манбаси, AFP
Сув бўйича келишув қандай ишлайди?
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишувлар имзоланган. Аммо баъзи кузатувчилар ушбу келишувларнинг кейинги тақдири музликлардаги барқарорликка боғлиқ деган фикрда.
"Иқлим ўзгариши фонида ҳар икки мамлакатнинг илмий ҳамкорлиги, мониторинг тизимлари ва сув сиёсати бир-бирига мос бўлиши талаб этилади. Тожикистондаги музликлар барқарорлиги Ўзбекистоннинг келажакдаги сув таъминоти учун стратегик аҳамиятга эга," – деб ёзади сиёсий таҳлилчи Уилдер Санчез Марказий Осиё сув таъминоти бўйича "Atlantic Council"да чоп этган мақоласида.
"Марказий Осиёдаги музликларнинг жадаллик билан эриши Ўзбекистоннинг сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмасига бевосита таъсир қилмоқда. Амударё ва Сирдарё дарёлари мамлакатдаги асосий сув манбалари бўлиб, улар оқимининг катта қисми тоғ музликлари орқали шаклланади. Шу боис, бу музликлардаги ҳар қандай ўзгариш Ўзбекистон сув тизимининг барқарорлигига хавф солади."
Tojikistondagi muzliklar barqarorligi O‘zbekistonning kelajakdagi suv ta’minoti uchun strategik ahamiyatga ega.
Музликларниннг эришиши Ўзбекистонга қандай таъсир қилмоқда?
Ўрганишларга кўра, дарё оқимларининг мавсумий ва умумий ҳажми ўзгариб бормоқда. Илгари баҳор ва ёз ойларида барқарор равишда дарёга қуйиладиган музлик сувлари бугунги кунда май-июн ойларига келибгина тўлиб оқмоқда.
Натижада июл-августга бориб, сув танқислигининг кузатилиши мавсумий ҳодисага айланиши мумкин. Сув миқдоридаги бу каби камайиш туфайли минтақада деҳқонлар ўз вақтида етарли миқдорда сув ололмаётгани айтилади.
БМТ ўрганишларига кўра, бу Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятларида айниқса сезилмоқда.
Тармоқлардаги сув хавфсизлигига доир постлар изоҳларида ўзини хоразмлик ёки қорақалпоғистонлик дея таништирувчи аксар ҳисоб эгалари далаларга сув етиб бормаётганлиги ҳақида ёзишганини тез-тез учратиш мумкин.
Шу билан бирга, мутахассисларнинг айтишича, Марказий Осиёда музликларнинг тез эриши Ўзбекистоннинг сув ресурслари билан боғлиқ ижтимоий ва иқтисодий тизимларига сезиларли таъсир кўрсатишни бошлаган.
"Ўзбекистон аҳолиси ва иқтисодиёти учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган сув манбалари камайиб бораётгани қишлоқ хўжалиги, ичимлик суви таъминоти, миграция ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда," – деб ёзади Уилдер Санчез.
Унга кўра, сув танқислиги Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига, айниқса, суғориладиган ерларга жиддий зарар етказмоқда. Мамлакатнинг суғориладиган ер майдони тахминан 4,3 миллион гектарни ташкил этади ва бу майдонларнинг катта қисми Амударё ва Сирдарё дарёларидан олинадиган сувга боғлиқ.

Сурат манбаси, AFP
Сўнгги йилларда музликларнинг эриши натижасида ушбу дарёларнинг сув миқдори камайган. Суғориш учун сув етишмовчилиги натижасида кўплаб майдонларда экинлар вақтида суғорилмай қолмоқда. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги учун ҳам таҳдид туғдирмоқда.
Хусусан, таҳлилчилар айни тренднинг таъсири Ўзбекистондаги пахта саноатида аниқ кўзга ташланганини таъкидлашади.
"Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги пахта саноати маълум миқдорда пасайишни бошдан кечирди. Бу эса пахта майдонларидаги мажбурий меҳнатга қарши рейдлар эмас, кўпроқ сув тақчиллиги сабаб юз бермоқда. Сабаби, пахта Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларидан биридир. Ҳосилдорликнинг пасайиши нафақат фермерларнинг даромадига, балки мамлакатнинг экспорт даромадларига ҳам салбий таъсир кўрсатади," – деб ёзади Уилдер Санчез.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Жумладан, сув танқислиги ва қишлоқ хўжалигидаги қийинчиликлар миграция жараёнларини кучайтирмоқда. Сувсизлик натижасида қишлоқ ҳудудларида иш ўринлари камайган. Аҳолининг шаҳарларга ёки чет элга кўчиши ошмоқда.
Ҳукумат айни масалани сиёсий кун тартибга олиб чиқишни бошлаган. Президент Мирзиёев қарийб ҳар бир йиғинда, хусусан, Будапештдаги сўнгги тадбирларда ҳам ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб ўтган.
Катта миқдордаги инвестиция жалб қилиниши бошланган бу соҳадаги натижалар бир неча ўн йилликларда кўзга ташланади, дейди мутахассислар.
Бироқ, мамлакатда урчиган коррупция ва ижродаги муаммолар халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳукумат лойиҳаларнинг қанчалик мувафаққиятли якунланишини савол остида қолдиради.












