Ўзбекистон: Чорвоқ ҳаммага имконли ҳордиқ маскани бўлиб қоладими?

Сурат манбаси, O‘zbekiston Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim o‘zgarishi vazirligi
Бугуннинг ўзида Тошкентдек йирик шаҳар яшовчиларининг ёз жазирамасида салқинлаб дам олиши учун етарлича шароит йўқлиги аён бўлиб қолди. Шундай бир шароитда пойтахтнинг тоза ичимлик суви манбаси ҳам бўлган Чорвоқ агар фақат бойроқ қатлам дам оладиган масканга айланса, аҳвол янада оғирлашиб, муаммолар янада кўпаймайдими? Мавзудан хабардор ўзбекистонликлар, айниқса фаоллар орасида ана шу саволлар бот- бот такрорланмоқда. Озари бизнесмен ва Ўзбекистон Экология вазирлиги шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб беролдими? Хавотирларни аритолдиларми?
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг собиқ куёви Эмин Агаларов Тошкент вилояти ҳудудидаги Чорвоқ сув омбори атрофида 10 миллиард АҚШ долларига баҳоланаётган дам олиш масканинини барпо этишга қарор қилди.
Sea Breeze деб номланган лойиҳа Бўстонлиқ туманининг тоғли ҳудудида, тахминан 500-700 гектар майдонда қурилади.
Озарбайжон-Россия бизнесмени ва қўшиқчи Эмин Агаларов Sea Breeze лойиҳасини 2024 йил декабрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этди.
Лойиҳа ўз ичига ҳордиқ ҳудудлари, соҳиллар, спорт майдонлари, меҳмонхоналар, турар-жой мажумуалари ва бошқаларни олади.
Курорт Чорвоқ сув омборининг жанубий ва шимолий қирғоқларида жойлашади ва сув ҳавзаси устидан ўтказилган бир километрлик кўприк билан боғланади. Курортнинг ўз мактаблари ва сув ва ҳордиқ зоналари, спорт мажмуалари, дўконлари, ресторанлари ва бошқа иншоотлари бўлади.
Қўшиқчиликда Эмин тахаллуси билан танилган Агаларов Agalarov Development ширкати раҳбари ва Озарбайжон-Россия Бизнес Кенгаши директорлар кенгашининг раиси ҳисобланади.
Шу йил апрелида Эмин Эгаларов лойиҳани яна Президент Мирзиёев билан муҳокама қилди ва хабарларга кўра, фаол қурилиш ишларини ёздаёқ бошлашга ваъда берди.
Июн ойидаги 5-Тошкент Халқаро Инвестиция форуми пайти тадбиркор Ўзбекистон Инвестиция вазирлиги билан яна 5 миллиард долларлик сармояни жалб қилиши ваъда этилган курорт қурилишига оид шартномани имзолади.
Мухбирларга кўра, Чорвоқ соҳилидаги лойиҳа Ўзбекистон ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.
Атроф-муҳит фаоллари йирик миқёсли лойиҳа Тошкент шаҳри ва вилоятининг тоза ичимлик суви манбаи бўлган Чорвоқнинг табиий мувозанати бузади деган хавотирни билдирдилар, лойиҳани мустақил комиссия томонидан текшириб чиқилишини талаб қилдилар.
Лойиҳанинг атроф-муҳитга салбий таъсири бўлмаслигига кенг жамоатчиликни ишонтириш мақсадида Эмин Агаларов Ўзбек расмийлари ва журналистлар учун сафар ташкил қилди, 8-9 июл кунлари Озарбайжоннинг Каспий денгизи соҳилида барпо этган Sea Breeze лойиҳаси қандай ишлаётгани билан таништирди.
Эмин Агаларовнинг сўзларига кўра, бу лойиҳани 2006 йили ҳаётга татбиқ этганларидан кейин Каспий денгизининг 22 километрга чўзилган соҳилида сув сифати яхшиланган.
"Биз сув сифатини 20 йилдан буён текшириб келамиз ва унинг сифати яхшиланганини биламиз. Бизнинг қирғоқларимиз мамлакатдаги энг тоза қирғоқдир", деди у.
"Охирги 20 йилда бу ерда 20 метрлик дарахтлар униб-улғайди. Охирги уч йилда жами қиймати 35 миллион доллардан зиёдлик 10 миллион ниҳол ўтқазилди. Бугун биз Боку яшовчилари Sea Breezeга кўчиб ўтишни хоҳлаётганларини кўраяпмиз, чунки ўшанда сен йил давомида курортда яшайсан", деди Агаларов.
Унинг айтишича, ўзининг Ўзбекистондаги лойиҳасида 15000 иш ўрини яратилади ва у соҳилларни маҳаллий яшовчилар учун текин қилиб қўйишга ваъда берди.
"Бугун Чорвоқ хавф остида. Сув сифати ёмонлашиб бораяпти. Биринчиси, чиқинди сув йиғилмайди. Иккинчидан, ҳар бир беназорат қурилиш қазилган чуқурдан чиқиндихона сифатида фойдаланаяпти. Мен сизнинг экология вазирингиз билан гаплашдим: бирор нарсани назорат, маъқуллаб бўлмайди", деди тадбиркор.
Эмин Агаларов айтишича, курорт солиқларидан Ўзбекистон ҳукумати миллионлаб доллар даромад топади ва уларни ҳудудни ривожлантиришга йўналтиришга қодир бўлади.
Эмин Агаларов омборда сув йилдан-йилга камайиб кетади деган атроф-муҳит ҳимоячиларининг хавотирини рад этди.
"Албатта, бу ерда сув бўлади. Мен бу ҳақда президент билан гаплашдим. Бу ерда сув аниқ бўлади, фақат соҳил сал узоқроқда бўлиши мумкин", деди у.

Сурат манбаси, .
Иқлим вазири инвесторни дастаклади
Бокуга сафар пайти Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг журналистларга айтишича, Агаларовдан фарқли ўлароқ, бошқа қурувчилар ўз биноларини имкони борича сув омборига яқин қуришга ҳаракат қиладилар ва вазирлик "бунга қарши курашишдан чарчади".
Экология вазири айтишича, агар Бўстонлиқ туманида тизимли қурилиш бошланмаса, у ҳолда қурилиш тартибсиз давом этади, сифатли дам олишни истаган аҳоли хорижга чиқиб кетади. Унинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари ҳар йили хорижда дам олишга 2 миллиард доллардан ортиқ пул сарфлаяптилар. Агар мамлакатнинг ичида таклифлар етарли бўлганида, ушбу маблағнинг бир қисми мамлакат ичида қолиши мумкин эди.
"Очиғини айтганда, биз Sea Breeze раҳбарияти барча талабларимизни бажаришга тайёрлигини кўряпмиз. Улар бу жараёнга бизнинг экологларимизни ҳам киритишга тайёр. Албатта, текширув тизимли бўлиши керак. Биз барча таклифларни бирлаштирамиз кейин назорат қиламиз", деди Экология вазири Абдуҳакимов.
Вазир Абдуҳакимов айтишича, Агаларов компанияси ҳали ўз лойиҳасининг бор тафсилотини тақдим этгани йўқ, шунинг учун ҳам у тасдиқланмаган.
"Биз ҳали ҳеч қандай ҳужжатларни қабул қилганимиз йўқ, ўз хулосамизни ҳам берганимиз йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, улар нима қилса, ҳаммаси Ўзбекистон қонунларига мувофиқ амалга оширилади", деди Азиз Абдуҳакимов.
Чорвоқ лойиҳасига қаршилик
Озарбайжонга Ўзбек расмийлари ва журналистлари сафари олдидан Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Sea Breeze Uzbekistan лойиҳасига буткул қарши эканини айтди.
26 июнда эълон қилинган видеода Расул Кушербаев шундай деди:
"Чорвоқ сув омборининг атрофида ҳар қандай қурилиш қилинишига қаршиман. Нафақат See Breeze, балки ўша ерда яқин бўлган меҳмонхоналар, алоҳида дам олиш жойларини ташкил қилиниши ва унинг устида ҳар хил қайиқларда учиш ва бошқа кўнгилочар ҳаракатлар амалга оширилишига ҳам тўлиқ қаршиман. Чорвоқни қанча кўп асраймиз, шунча кўпроқ яшаймиз. Қанча биз уни ифлослаймиз, қанча авайлаб-асрамаймиз, шунча ўзимизникилар, келажагимиз бу жойларни ташлаб кетишига мажбур қиламиз", деди Расул Кушербаев.
Унинг қўшимча қилишича, Экология вазирлиги энди бу масалани ўрганиб чиқади, чунки ҳали лойиҳа ҳужжатлари мавжуд эмас.
Podrobno.uz веб-нашрининг 5 июл куни ёзишича, таниқли жамоат фаоли Ислом Капарзо Sea Breeze лойиҳасини танқид қилган.
У Боку ва Тошкентдаги лойиҳаларни бир-бирига солиштириб бўлмаслигини айтган.
"Фарқ яққол: Чорвоқ - авваламбор Тошкентнинг сув эҳтиёжини қондириш учун қурилган сунъий иншоот. Каспий эса - суви шунга мослашган денгиз", деди Ислом Капарзо.
"Сунъий дамба, сув омбори Каспийдек ўзини ўзи тозалай олмайди", дея Капарзо сўзларини тасдиқлаган шарҳловчилар Чорвоқда турзона ташкил қилиш охир-оқибат сув тошқини ёки қурғоқчиликка олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдиришган.
Ислом Капарзо фикрича, бундан кейин пойтахтда сув таъминоти билан юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликлар боис Чорвоқни бундай қурилишлардан консервация қилишни талаб этади.
Аксинча, кўп миллионли шаҳарнинг ягона сув манбаси бўлган сув омборини эҳтиёткорлик билан асраб-авайлаш лойиҳалари зарур, деган блогер.
23 июн куни Gazeta.uz нашри жамоатчилик ушбу лойиҳага қарши деб ёзди.
"Чорвоқ қирғоғида Sea Breeze Uzbekistan туристик мажмуаси қурилиши ҳақидаги хабар жамоатчиликда катта резонанс уйғотди. Ижтимоий тармоқларда экологик хавфлар муҳокама қилиниб, нега қарор очиқ муҳокамасиз қабул қилингани сўралмоқда", деб ёзди gazeta.uz
Экоблогер Urikguli - Мўтабар Хушвактованинг Sea Breeze лойиҳаси ҳақида экспертлар ва инфлюенсерларнинг фикрларини тўплаган видеоси ижтимоий тармоқларда катта резонансга сабаб бўлди — видео 16 июлгача Instagram'да 1 миллион 400 минг мартадан ортиқ томоша қилинди.
Сиз қандай фикрдасиз? Фикрларингизни бизга Телеграмда @bbcuzbeklondon йўллашингиз мумкин.












