Сунъий интеллект сувимизни қандай ичиб қўймоқда?

Сурат манбаси, @Google
- Author, Сара Иброҳим
- Role, BBC Жаҳон Хизмати
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланиш мисли кўрилмаган суръатда ортиб бормоқда.
Бироқ бу чанқоқ технология бўлиб, уни совитиш ва у ишлатадиган улкан миқдордаги электр энергияни ишлаб чиқариш учун сув талаб этади.
БМТ маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг ярми аллақачон сув танқислигини бошдан кечирмоқда, иқлим ўзгариши ҳамда ўсиб бораётган талаб туфайли танқислик янада зўрайиши кутилмоқда. Сунъий интеллектнинг жадал кенгайиши вазиятни оғирлаштириши мумкинми?
Сунъий интеллект қанча сув сарфлайди?
OpenAI бош директори Сэм Алтманнинг айтишича, ChatGPT'га юборилган битта сўров бир чой қошиқ сувнинг 15 дан бир қисмини сарфлайди.
Бироқ, Калифорния ва Техасдаги АҚШ олимлари ўтказган тадқиқот шуни кўрсатдики, компаниянинг GPT-3 моделида 10-50 та жавоб учун ярим литр сув сарфланади – бу ҳар бир жавобга 2–10 чой қошиқ сув тўғри келишини англатади.
Сарфланган сув миқдори сўров тури, жавобнинг узунлиги, жавоб қаерда қайта ишланиши ва ҳисоб-китобда эътиборга олинган омилларга қараб фарқланади.
АҚШ олимларининг тахминий ҳисоб-китоби, яъни тахминан 10-50 та сўров учун 500 мл сув сарфи кўмир, газ ёки АЭСларда турбиналарни ҳаракатга келтирувчи буғ каби қувватни ишлаб чиқариш учун сарфланадиган сувни ҳам ўз ичига олади. Жаноб Алтман берган рақамларда бу ҳисобга олинмаган бўлиши мумкин. Би-би-си сўровига жавобан OpenAI ҳисоб-китоблар тафсилотларини келтирмаган.
Шунга қарамай, сувдан фойдаланиш миқдори ошиб бормоқда. OpenAI'нинг таъкидлашича, ChatGPT ҳар куни миллиардлаб сўровларга жавоб беради ва бу кўплаб сунъий интеллект ботларидан бири, холос.
АҚШ тадқиқотига кўра, 2027 йилга бориб сунъий интеллект саноати ҳар йили бутун Дания давлатидан тўрт-олти баравар кўп сув сарфлайди.
"Биз сунъий интеллектдан қанчалик кўп фойдалансак, шунчалик кўп сув истеъмол қиламиз", дейди тадқиқот муаллифларидан бири, Риверсайддаги Калифорния университети профессори Шаолей Рен.
Сунъий интеллект сувдан қандай фойдаланади?

Сурат манбаси, Getty Images
Электрон мактублар ва стримингдан тортиб иншолар ёки дипфейкларни яратишгача бўлган онлайн фаолият маълумотлар марказлари деб аталадиган йирик объектлардаги улкан компьютер серверларида қайта ишланади. Бу серверларнинг баъзилари нақ бир нечта футбол майдонлари катталигида келади.
Компьютерлар орқали электр токи ўтганда улар қизиб кетади.
Сув – одатда тоза, чучук сув кўпинча совитиш тизимларида асосий элемент ҳисобланади. Усуллар ҳар хил, лекин баъзида ишлатилган сувнинг 80% гача қисми атмосферага буғланиши мумкин.
Сунъий интеллект харид қилиш ёки интернетда қидириш каби анъанавий онлайн вазифаларга қараганда анча кўпроқ ҳисоблаш қувватини талаб қилади, айниқса, тасвирлар ёки видеолар яратиш каби мураккаб вазифалар бўлса. Шу боис улар кўпроқ электр энергияси сарфлайди.
Фарқни аниқ ҳисоблаш қийин, аммо Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, ChatGPT сўрови Google қидирув сўровига қараганда деярли 10 баравар кўпроқ электр энергиясини сарфлайди.
Кўпроқ электр энергияси кўпроқ иссиқлик ҳосил қилиш демакдир, шу боис кўпроқ совитиш талаб этилади.
Сунъий интеллект учун сувдан фойдаланиш қанчалик тез ўсмоқда?

Сурат манбаси, Getty Images
Йирик сунъий интеллект технология компаниялари сунъий интеллект фаолияти учун ишлатиладиган сув миқдори ҳақида аниқ рақам айтмайди, аммо уларнинг умумий сув истеъмоли ортиб бораётгани рост.
OpenAI'нинг йирик сармоядорларидан бўлган Google, Meta ва Microsoft компанияларининг экологик ҳисоботларига кўра, 2020 йилдан бери сувдан фойдаланиш сезиларли даражада ошган. Бу вақт ичида Google'нинг сувдан фойдаланиши деярли икки баравар кўпайди. Amazon Web Services эса рақамларни эълон қилмаган.
Сунъий интеллектга бўлган талаб ўсиши кутилаётган бир пайтда, Халқаро энергетика агентлиги маълумот марказларининг сув истеъмоли 2030 йилга бориб деярли икки бараварга ошишини башорат қилмоқда, шу жумладан, энергия ишлаб чиқариш ва компьютер чипларини ишлаб чиқаришда сарфланадиган сув ҳам ҳисобга олинган.
Google маълумотлар марказлари 2024 йилда сув манбаларидан 37 миллиард литр сув олганини айтмоқда, шундан 29 миллиард литри "истеъмол қилинган" – бу асосан буғланишни англатади.
Бу кўпми? Буни нима билан таққослашингизга боғлиқ. Бу миқдор БМТ томонидан тавсия этилган кунига камида 50 литрдан 1,6 миллион кишини бир йил таъминлашга етади ёки Google маълумотларига кўра, бир йил давомида АҚШ жануби-ғарбий қисмидаги 51 та гольф майдонини суғоришга кифоя қилади.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Маълумотлар марказларини қуруқ жойларда қуриш сабаби нимада?
Маълумотлар марказлари қурилишига қарши маҳаллий норозиликлар сўнгги йилларда дунёнинг қурғоқчиликка мойил бўлган баъзи ҳудудларида, жумладан, Европа, Лотин Америкаси ва АҚШнинг Аризона каби штатларида асосий муаммога айланди.
Испанияда маълумотлар марказлари кенгайишига қарши курашиш учун "Сизнинг булутингиз менинг дарёмни қуритмоқда" номли экологик гуруҳ тузилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Кучли қурғоқчиликдан азият чеккан Чили ва Уругвайда сув таъминоти бўйича норозилик намойишларидан сўнг Google маълумотлар марказлари учун режаларни тўхтатди ёки ўзгартирди.
Дунё бўйлаб 150 дан ортиқ маълумотлар марказини бошқарадиган NTT Data бош директори Абҳижит Дубенинг айтишича, иссиқ ва қуруқ ҳудудларда марказлар қуришга "қизиқиш ортиб бормоқда".
Унинг айтишича, ер, электр инфратузилмаси, қуёш ва шамол энергияси каби қайта тикланадиган энергия манбаларининг мавжудлиги, шунингдек, қулай қонунлар каби омиллар бу ҳудудларни технология компаниялари учун жозибадор қилади.
Мутахассислар таъкидлашича, намлик коррозияни кучайтиради, бинони совитиш учун кўпроқ энергия талаб этилади, бу эса қурғоқчил жойларнинг афзалликларини янада оширади.
Google, Microsoft ва Meta ўз экологик ҳисоботларида қуруқ ҳудудлардаги сувдан фойдаланишларини таъкидлашган.
Компанияларнинг сўнгги экологик ҳисоботларига кўра, Google ўзи олаётган сувнинг 14 фоизи сув танқислиги юқори бўлган ва яна 14 фоизи "ўртача" хавф бўлган ҳудудлардан олинишини таъкидламоқда. Microsoft эса сувнинг 46 фоизини "сув танқислиги мавжуд" ҳудудлардан, Meta эса сувнинг 26 фоизини сув танқислиги "юқори" ёки "ўта юқори" бўлган ҳудудлардан олаётганини маълум қилди. Amazon Web Services бу борада ҳеч қандай рақам келтирмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Совитишнинг бошқа усуллари йўқми?
Қуруқ ёки ҳаво билан совитиш тизимларидан фойдаланиш мумкин, бироқ улар сувли тизимларга нисбатан кўпроқ электр энергияси сарфлайди, деб таъкидлайди профессор Рен.
Microsoft, Meta ва Amazon компаниялари сувни буғлантирмайдиган ёки алмаштирмайдиган "ёпиқ айланма" тизимларни ишлаб чиқаётганликларини маълум қилган.
Жаноб Дубейнинг фикрича, келажакда бундай тизимлар қуруқ ҳудудларда кенг қўлланиши мумкин. Аммо уларни жорий этишга ҳали "жуда эрта" эканлиги айтилади.
Германия, Финляндия ва Дания каби давлатларда маълумотлар марказларидан чиқадиган иссиқликдан маҳаллий уйларни иситишда фойдаланиш лойиҳалари амалга оширилмоқда ёки режалаштирилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, компаниялар одатда ичимлик суви каби тоза, чучук сувдан фойдаланишни афзал кўради, чунки бу бактериялар кўпайиши, тиқилиб қолиш ва коррозия хавфини камайтиради.
Бироқ баъзи компаниялар денгиз суви ёки саноат оқова сувлари каби ичимлик бўлмаган сув манбаларидан фойдаланишни кўпайтирмоқда.
Фойда экологик зарарни оқлаяптими?
Сунъий интеллект аллақачон сайёрамизга бўлган босимни камайтиришга ёрдам бермоқда. Масалан, кучли иссиқхона гази бўлмиш метаннинг сизиб чиқишини аниқлашга ёки транспортни ёқилғи тежовчи йўналишлар бўйлаб қайта йўналтиришга ёрдам бермоқда.
БМТнинг Юнисеф болалар агентлиги Инновациялар бўлими глобал директори Томас Дейвиннинг таъкидлашича, сунъий интеллект бутун дунё бўйлаб болалар учун таълим, соғлиқни сақлаш ва иқлим ўзгариши соҳасида муҳим омил бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, Meta
Бироқ у компаниялар шунчаки "энг кучли ва илғор моделни яратиш" учун эмас, балки "самарадорлик ва шаффофлик"да бир-бири билан рақобатлашишини истайди.
Шунингдек, у компаниялар ўз моделларини очиқ манбага айлантириши, яъни улардан ҳар ким фойдаланиши ва ўзига мослаштириши мумкин бўлишини хоҳлайди.
Жаноб Дейвиннинг таъкидлашича, бу СИ моделларни ўқитишнинг кўп энергия ва сув талаб қиладиган жараёнига эҳтиёжни камайтиради.
Бироқ, бир қанча Европа ҳукуматлари, Европа Иттифоқи ва БМТ органларига маслаҳатчилик қилган, Ахлоқий технологик жамият номли тармоқни бошқарадиган мустақил тадқиқотчи Лорена Жауме-Паласи сунъий интеллектнинг оммавий ўсишини экологик барқарор қилиш "иложи йўқ"лигини таъкидлайди.
"Биз уни самарали қилишимиз мумкин, лекин уни янада самарали қилиш кўпроқ фойдаланишга олиб келади."
"Узоқ муддатда каттароқ ва тезроқ сунъий интеллект тизимларини яратиш учун рақобатни давом эттиришга етарли ресурс йўқ бизда", дейди у.
Технология компаниялари нима дейди?
Google, Microsoft, AWS ва Meta совитиш технологияларини маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб танлаганликларини айтмоқда.
Уларнинг барчаси 2030 йилгача "сув профицет" бўлишни кўзламоқда. Яъни, улар ўз фаолиятлари давомида сарфлаганидан кўпроқ сувни қайтаришни режалаштирмоқда.
Бунинг учун улар ўзлари фаолият юритаётган ҳудудларда сувни тежаш ёки тўлдириш бўйича лойиҳаларни молиялаштирадилар – масалан, ўрмонлар ёки ботқоқликларни тиклашлари, сув сизиб чиқаётган жойларни аниқлаш ёки суғоришни такомиллаштиришлари мумкин.
АWС бу мақсадга эришиш йўлининг 41 фоизини босиб ўтганини айтмоқда, Microsoft "йўлда" эканлигини айтмоқда, Google ва Meta эълон қилган рақамлар эса улар тўлдираётган сув миқдори сезиларли даражада ошганини кўрсатмоқда. Аммо Юнисефдан жаноб Дейвиннинг айтишича, умуман олганда, бундай мақсадларга эришиш учун ҳали "узоқ йўл" бор.
OpenAI сув ва энергия самарадорлиги устида "қаттиқ ишлаётганини" айтиб, "ҳисоблаш қувватидан самарали фойдаланиш ҳақида ўйлаш жуда муҳимлигини" қўшимча қилди.
Аммо профессор Реннинг айтишича, сувдан фойдаланиш бўйича янада изчил ва стандартлаштирилган саноат ҳисоботи зарур: "Аниқ ўлчай олмасак, уни бошқара олмаймиз."
































