Сунъий интеллект ва одамни фарқлай оламизми?

Сурат манбаси, Jesussanz/Getty Images
- Author, Дейзи Стифенс
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Инсон ёки сунъий интеллект (СИ) билан суҳбатлашаётганимизни фарқлай оламизми?
Шу пайтгача компьютерларнинг қанчалик ақлли эканини баҳолашда бериладиган асосий саволлардан бири эди бу.
Бу савол 1950 йилда инглиз математиги Алан Тюринг ишлаб чиққан Тюринг тестидан келиб чиққан бўлиб, у машина интеллекти ҳақидаги фалсафий фикрларни биринчи марта эмпирик синовга айлантирган эди.
Бу тестга кўра, агар компьютернинг ҳаракатларини одамникидан фарқлай олмасак, уни "ақлли" деб ҳисоблаш мумкин.

Сурат манбаси, History/Universal Images Group Getty Images орқали
Бироқ 2014 йилда сунъий интеллект чатботи биринчи марта мазкур синовдан ўтгани эълон қилинди. Аммо бу тарихий лаҳза бўлиш ўрнига, баҳсларни янада қизитди.
Тақлид ўйини
Тюринг тести – тақлид ўйини бўлиб, унда бир одам матн орқали бошқа бир одамга ва компютерга мурожаат қилади.
У қайси бири инсон, қайси бири машина эканлигини аниқлашдан олдин истаган саволларини бериши мумкин.
"Тюрингнинг айтишича, агар одам инсонлар ва машиналар ўртасидаги фарқни ишонч билан ажрата олмаса, у ҳолда бизда инсон фикрлай олади-ю, машина фикрлай олмайди, дейишга асос қолмайди", дейди Ню-Йоркдаги Stony Brook университетининг психология доценти доктор Кэмерон Жонс.
Тюрингнинг башоратига кўра, 2000-йилга келиб, компьютерларни беш дақиқалик сўровдан сўнг, камида 30 фоиз ҳолатда одамдан фарқлаб бўлмаслиги керак эди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Ғирром ўйин"
2014-йилда Eugene Goostman деб номланган сунъий интеллект чатботи Тюринг тестида ҳакамларнинг 33 фоизини инсон эканлигига ишонтирди, бу мусобақа ташкилотчилари белгилаган чегарадан баланд эди.
Чатбот инглиз тилида мулоқот қилиб, 13 ёшли украиналик бола қиёфасига кирганди.
Германиядаги RWTH Aachen университетининг файласуф ва меҳмон маърузачиси доктор Маркус Пантсар бу "ғирром ўйин" бўлганди деди.
"Чатботнинг камчиликлари украиналик ўсмир боланинг инглиз тилисидаги нуқсонларга мос келарди", деб изоҳ берди у.

Сурат манбаси, VCG Getty Images орқали
Ўшандан бери янада ривожланган воситалар Тюринг тестидан ўтгани ҳақида хабарлар берилмоқда.
2025 йил бошида чоп этилган мақолада Жонс OpenAIнинг ChatGPT 4.5 тизими 73 фоиз ҳолларда инсон деб баҳоланганини аниқлади. Meta'нинг Llama 3.1 тизимини эса 56% ҳолларда инсондан фарқлаб бўлмади.
"Менимча, бу моделлар одамларнинг ўзига қиёслаганда ҳам кўпроқ инсон деб баҳоланганини ҳисобга олсак, улар тестдан ўтмади деб тортишиш қийин", дейди у.
Аммо баъзилар бу компютерларнинг ҳақиқатан ҳам фикрлай олишини тасдиқлашига шубҳа билан қарамоқда.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Хитой хонаси аргументи
1980 йилда файласуф Жон Серл "Хитой хонаси аргументи" деб номланган фикрий тажрибани таклиф қилди.
У қуйидагича: хитой тилини тушунмайдиган инглиз киши бир неча хитойча белгилар ва улардан фойдаланиш бўйича инглизча кўрсатмалар ёзилган хонага қамаб қўйилади.
Хонадан ташқаридаги одамлар унга хитой тилида ёзилган саволларни узатади ва у жавобларни шакллантириш учун кўрсатмалардан фойдаланади, жавоблар ҳам хитой тилида бўлади.
Четдан қараган одамга бу киши хитой тилида гапираётгандек туюлади, лекин аслида у нима деяётганини ўзи тушунмайди. Баъзилар компьютерлар ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин, деб ҳисоблайди, чунки улар фақат тегишли жавобларни бериш учун дастурлаштирилган, холос.

Сурат манбаси, Malte Mueller/Getty Images
Гарчи Тюринг тести ақл мавжудлигини аниқлашга даъво қилса-да, у асосан машина одамларга етарлича тақлид қила оладими ёки йўқлигини аниқлайди", дейди Калифорнияда жойлашган дастурий таъминот муҳандиси Жорж Маппурас. У Тюринг тестига ўзининг муқобил вариантини таклиф қилган.
У буни тушунтириш учун мисол келтиради.
"Сиз исталган сунъий интеллект ботини очиб, ундан биринчи навбатда аналог соат қандай ишлашини тушунтириб беришини сўрашингиз мумкин ва у буни аниқ тушунтиради", дейди у.
Аммо агар сиз ундан маълум бир вақтни кўрсатадиган соат расмини яратишни сўрасангиз, ҳозирги сунъий интеллект моделлари буни уддалай олмаслиги мумкин.
"У маълумотни аслида тушунмайди", деб қўшиб қўйди у.
Бошқалар, масалан Пантсар, Тюринг тести компютернинг ҳакамни алдаш қобилиятига ортиқча эътибор қаратади, деб ҳисоблайди.
"Тўғри, ҳақиқий ақлли ҳаракатларда алдаш элементи бўлиши мумкин, лекин бу асосий жиҳат эмас", деб таъкидлайди у.
Муқобил тестлар
Пантсар йиллар давомида таклиф қилинган кўплаб муқобил вариантлардан бири бўлган «Жамоага асосланган интеллект тести»ни ишлаб чиқди.
Лабораторияга асосланган Тюринг тестидан фарқли ўлароқ, унинг сценарийсида сунъий интеллект мавжуд жамиятга, масалан, математикларнинг онлайн ҳамжамиятига уларга билдирмай жойлаштирилади.
Маълум вақт ўтгач, аъзолар унинг машина эканини сезадими ёки йўқ, текширилади.
Бу тестда ҳам маълум даражада алдов мавжуд, аммо Пантсарнинг фикрича, тестнинг асосий қисми моделнинг "инсонга тақлид қилиши" эмас, балки "инсонга хос тарзда ҳаракат қилиши"дан иборат, бу унингча муҳим фарқдир.
"Интеллектни табиий шароитларда, яъни биз амалда иштирок этадиган муҳитда баҳолаш керак", деб таъкидлайди файласуф.
Twitter'dagi biror akkaunt bilan bahslashib, so‘ngida 'iya, men inson bilan emas, sun’iy intellekt bilan gaplashayotgan ekanman-ku' degan xulosaga kelayotganlar soni ko‘paymoqda
Ўзининг таъкидлашича, унинг тести ишлаб чиқувчиларни сунъий интеллект тизимини яратишда унинг алдов тестидан ўтиши ёки ўтмаслигига эмас, балки фойдали бўлишига эътибор қаратишга ундайди.
Маппурас, аксинча, интеллектнинг аниқроқ ўлчовини кўрсатадиган тест ишлаб чиқди.
Унинг фикрича, инсон билан бир хил ақлий қобилиятга эга машина, яъни сунъий умумий интеллект, агар мавжуд билимлардан фойдаланиб "янги илмий кашфиётлар қилиб, уларни тушунтира олса", юзага келган бўларди.

Сурат манбаси, Oscar Wong/Getty Images
Танқидларга қарамай, баъзилар Тюринг тести замонавий сунъий интеллект тадқиқотларида ҳамон аҳамиятли деб ҳисоблайди.
Жонснинг таъкидлашича, тестнинг очиқ тузилиши ва аниқ белгиланмаган саволлари "маълум даражада динамик, мослашувчан интеллектни" синаш имконини беради.
"Агар биз буни шунчаки бошқа статик меъёр билан алмаштирсак, Тюринг аслида нимани назарда тутганини тушунмаган бўламиз," дейди у.
"Ютқизилаётган жанг"
Қандай тест ишлатилишидан қатъи назар, Пантсарнинг фикрича, сунъий интеллект тизимлари ривожланишда давом этар экан, уларни одамлардан ажратиб бўлмай қолиши мумкин.
"Охир-оқибат, бу биз курашаётган, аммо ютқизишимиз тайин бўлган жанг", дейди у.
Бунинг исботи эса, унинг фикрича, сунъий интеллектни ўзини сунъий интеллект сифатида эълон қилишга мажбурловчи ҳуқуқий асослар зарурлигини оқлайди.
"Агар мен маълумотлари нотўғри мақола эълон қилсам, бунинг учун жавобгарман, – дейди Пантсар. – Аммо сунъий интеллект ёзган мақола учун ҳеч ким жавобгар эмас."

Сурат манбаси, 10'000 Hours/Getty Images
Жонснинг фикрича, машиналарнинг инсонга қанчалик яхши тақлид қила олишини ўлчаш муҳим, шу боис Тюринг тести бугун ҳам долзарблигича қолмоқда.
"Биз интернетда одамлар билан кўп мулоқот қиламиз, – дейди у. – Twitter'даги бирор аккаунт билан баҳслашиб, сўнгида "ия, мен инсон билан эмас, сунъий интеллект билан гаплашаётган эканман-ку" деган хулосага келаётган одамлар сони кўпаймоқда."
"Менимча, Тюринг тести айнан ана шу ҳолат содир бўлиш эҳтимолини аниқлаш имконини беради," дея қўшимча қилади у.



































