Starlink: Нега Элон Маск фазога минглаб сунъий йўлдош учираяпти? Internet Ilm-fan Dunyo Fazo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Миллиардер Элон Маск ташкил қилган SpaceX ширкати Ер орбитасига минглаб сунъий йўлдошларни учираяпти. Аллақачон кўплаб одамлар осмонда изма-из учиб ўтган бу сунъий йўлдошларни кўришган.
Бу сателлитлар SpaceX компаниясининг Starlink деб номланган лойиҳаси доирасида фазога олиб чиқилмоқда.
Starlink лойиҳасининг мақсади - Ердаги Интернет етказиб бериш мушкул бўлган ҳудудларга фазодан юқори тезликдаги Интернет хизмати билан таъминлаш.
Starlink нима ва у қандай ишлайди?
Starlink фазодаги кўп сондаги сунъий йўлдошларнинг тармоғи орқали Интернет хизматини етказиб беради.
Бундан кўзланган мақсад - Ер сайёрасидаги юқори тезликдаги Интернетни етказиб бериш имконияти йўқ жойларда истиқомат қиладиган инсонларга Интернет билан таъминлашдир.
"Буюк Британияда бу тоифадаги одамлар бор, аммо бутун дунё бўйлаб кўпроқ одамлар ана шу тоифага киради, масалан, Африкада", дейди Портсмут университетининг космик лойиҳа менежери доктор Люсинда Кинг.
Сунъий йўлдошлар ва ер ўртасидаги уланиш тезлигини ошириш учун Starlink сунъий йўлдошлари Ер атрофида паст орбитага жойлаштирилмоқда.

Бироқ, ер шарини тўлиқ қамраб олишни таъминлаш учун жуда кўп сондаги паст орбитада учадиган сунъий йўлдошлар керак.
2018 йилдан бери Starlink улардан 3000 га яқинини коинотга юборгани айтилади.
Улар якунида 10 000 ёки 12 000 га етиши мумкин, дейди Крис Холл.
"Сунъий йўлдошлардан фойдаланиш чўл ва тоғларнинг чекка жойларида Интернетга уланиш муаммосини ҳал қилади", дейди у.
"Бу ушбу ҳудудларга етиб бориш учун кабеллар ва устунлар каби катта ҳажмдаги инфратузилмани қуриш заруратини йўқотади".
Starlink неча пулга тушади ва ундан ким фойдаланади?
Стандарт Интернет-провайдерлар билан солиштирганда, Starlink арзон эмас.
У мижозлардан ойига 99 доллар (Буюк Британияда ойига 89 фунт стерлинг) олади. Сунъий йўлдошларга уланиш учун зарур бўлган антенна қозони ва роутер нархи 549 доллар (Буюк Британияда 529 фунт).
Бироқ, Буюк Британиядаги хонадонларнинг 96 фоизи, Европа Иттифоқи ва АҚШдаги хонадонларнинг 90 фоизи аллақачон юқори тезликдаги интернетга эга.
Лондон университети қошидаги Коинот сиёсати ва ҳуқуқи институти директори профессор Саид Мостешар: "Ривожланган дунёнинг аксарияти аллақачон яхши коммуникацияга эга", дейди. "Улар даромад учун кичик бозор улушига таянади."
Компаниянинг таъкидлашича, у ҳозирда хизмат кўрсатадиган 36 мамлакатда, биринчи навбатда Шимолий Америка, Европа ва Австралияда 400 000 обуначига эга. Бунга хонадонлар ҳам, корхоналар ҳам киради.
Келгуси йилда Старлинк ўз қамровини Африка ва Жанубий Америка, шунингдек, Осиё, дунёнинг интернет қамрови нотекис бўлган минтақаларида кенгайтиришни режалаштирмоқда.
"Starlink нархлари, айтайлик, Африкадаги кўплаб хонадонлар учун жуда юқори бўлиши мумкин, - дейди Крис Холл. - Аммо бу тизим чекка ҳудудлардаги мактаблар ва касалхоналарни боғлашда муҳим роль ўйнаши мумкин."
Starlink Украинага қандай ёрдам бермоқда?
Россия қўшинлари Украинада олдинга силжишлари билан улар Украина интернет хизматларини ўчириб, ижтимоий тармоқ сайтларини тўсиб қўйишга ҳаракат қилишди.
Илон Маск босқин бошланганидан сўнг дарҳол Украинада Starlink фаолиятини йўлга қўйди. Мамлакатга 15 мингга яқин Starlink антенналари ва роутерлари тўплами жўнатилди.
"Starlink давлат хизматлари ва ҳукумат ишини қўллаб-қувватлайди", дейди Крис Холл. "Руслар уни ўчиришнинг йўлини топа олишмади".
У жанг майдонида ҳам ишлатилган.
"Украина кучлари ундан алоқа мақсадида фойдаланади - масалан, штаб-квартира ва дала қўшинлари ўртасида", дейди Лондон Қирол коллежида мудофаа бўйича тадқиқотчи доктор Марина Мирон.
"Унинг сигналлари анъанавий радио сигналлари каби тўсилиб қолиши мумкин эмас ва тўпламни ўрнатиш учун атиги 15 дақиқа етарли."
Starlink космик тартибсизликларни келтириб чиқарадими?
Starlink'дан ташқари, сунъий йўлдош интернет хизматларини ҳам тақдим этувчи OneWeb ва Viasat каби рақобатчилар минглаб сунъий йўлдошларни паст Ер орбитасига олиб чиқмоқда.
Бу муаммоларга олиб келади, дейди Саид Мостешар.
"Бу космосда тўқнашувлар эҳтимолини орттиради", дейди у.
"Сунъий йўлдошлар бошқа кемалар билан тўқнашиб, вайроналарни яратиши мумкин, бу эса ўз навбатида юқори тезлик учганда анча кўпроқ зарар етказиши мумкин".
Сўнгги пайтларда Starlink сунъий йўлдошлари, жумладан, Хитой космик станцияси билан боғлиқ кўплаб ҳодисалар юз берди.
"Агар жуда кўп парчалар бўлса, бу келажакда паст Ер орбитасини яроқсиз ҳолга келтириши мумкин", дейди Портсмут университети доктори Кинг.
"Ва биз паст Ер орбитасидан навигация ва алоқа сунъий йўлдошларимиз жойлашган юқори орбиталарга чиқа олмаслигимиз мумкин."

Сурат манбаси, Getty Images
Starlink сунъий йўлдошлари астрономлар учун ҳам муаммо туғдиради.
Қуёш чиқиши ва ботишида уларни оддий кўз билан кўриш мумкин, чунки қуёш нурида уларнинг қанотларида порлайди.
Бу телескоп тасвирларида юлдузлар ва сайёраларнинг кўринишига халақит берадиган чизиқлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
"Астрономлар муаммоларни пайқашди, - дейди профессор Мостешар. - Улар биринчи бўлиб бундан шикоят қилишни бошлашди".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












