Янги "нефт" ёки Саудия ва БАА сунъий интеллект ёрдамида янада бойийдими?

Қора сочли ва соқолли эркак Бирлашган Араб амирликларидаги йирик маълумот марказида катта компютер олдида турипти. Чап қўлида ноутбук. Ортида ускуналардан чиқаётган яшил нур.

Сурат манбаси, Khazna

Сурат тагсўзи, БАА СИ хабига айланишни истайди
    • Author, Самир Ҳашми
    • Role, Бизнес мухбир
    • Reporting from, Дубай
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Доналд Трамп жорий йил бошида Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) келганида, у фақат матбуот сарлавҳаларига чиқадиган гапларнигина эмас, балки катта битимлар, улкан режалар ва сунъий интеллект (СИ) салоҳиятини ҳам келтирди.

АҚШ президентини шоҳона кутиб олиш маросими ўтказилди, аммо ташрифнинг энг муҳим воқеаси – БАА ва АҚШ ҳамкорлигида ташкил этиладиган улкан СИ кампуси ҳақидаги эълон бўлди.

АҚШдан ташқаридаги энг йирик СИ инфратузилма маркази сифатида эълон қилинган мазкур лойиҳа Кўрфаз давлатларининг глобал СИ харитасида марказий ўрин эгаллаш йўлидаги дадил қадами сифатида баҳоланди.

Алоқадор мавзулар

Трампнинг ташрифи шунингдек, стратегик ўзгаришлар билан ҳам мос келди – Оқ Уй Nvidia компаниясининг энг кучли микрочипларини БАА ва Саудия Арабистонига экспорт қилишга қўйилган чекловларни юмшатди. Бу қарор АҚШнинг Кўрфаз давлатларини технология бўйича муҳим шериклар сифатида кўраётганини кўрсатди.

Кўрфаз мамлакатлари ўзининг суверен фондлари, қулай географик жойлашуви ва энергиядаги устунлигидан (катта нефт захираларидан) фойдаланиб, ўзини СИ марказига айлантиришга интилмоқда. Технология эса уларнинг келажакда фақат нефт даромадларига боғлиқ бўлиб қолмаслик стратегиясида асосий ўрин тутади.

Айниқса, БАА бу жараёнда пешқадам. Бу ҳаракат марказида маълумотлар марказлари турибди. Абу-Даби OpenAI ва бошқа АҚШ компаниялари учун "Stargate" лойиҳаси доирасида йирик дата-марказлар кластерини қуришни эълон қилди.

Кўп миллиард долларлик лойиҳа БААда давлатга қарашли технология гиганти G42 томонидан молиялаштирилмоқда. Nvidia эса энг илғор чипларини етказиб беради. Cisco, Oracle ва Япониянинг SoftBank компанияси ҳам G42 билан ҳамкорликда биринчи босқични амалга оширмоқда.

"Қандай қилиб Emirates авиакомпанияси БААни жаҳон авиаташиш марказига айлантирган бўлса, энди БАА СИ ва маълумотлар марказига айланиши мумкин," дейди Khazna компанияси бош директори Ҳасан Ан-Нақбий.

G42 катта улушга эга бўлган Khazna БААдаги энг йирик дата-марказ оператори. Компания ҳозирда мамлакат бўйлаб 29 та марказни бошқаради ва Stargate инфратузилмасини қурмоқда.

АҚШ Президенти Доналд Трамп(чапда) БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зайд Ол Наҳаён қўлини сиқаяпти. Улар янги АҚШ-БАА СИ кампусининг 3D моделини олдида туришипти.

Сурат манбаси, WAM

Сурат тагсўзи, Трамп ва БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зайд Ол Наҳаён СИ кампус моделини эълон қилдилар

БАА ва Саудия Арабистони кучли СИ моделларини ўқитиш учун зарур бўлган дата-марказларни жойлаштиришни кўзлаяпти. "Ҳисоблаш – янги нефт", дейди Вашингтондаги Яқин Шарқ институти катта илмий ҳамкори Муҳаммад Солиман.

СИ соҳасида "ҳисоблаш" деганда юқори даражадаги чиплар ва йирик дата-марказлар орқали таъминланадиган улкан ишлов бериш қуввати назарда тутилади – булар Кўрфаз давлатлари ҳозир миллиардлаб доллар сармоя киритаётган соҳалар.

"Инфратузилма – бугунги СИ даврининг ёқилғиси, худди саноат даврида нефт қандай аҳамиятга эга бўлган бўлса," дейди Солиман. Унинг айтишича, ўтган асрда Кўрфаз нефт компаниялари глобал иқтисодиётни қувват билан таъминлаган бўлса, XXI асрда шу минтақадаги СИ компаниялари бутун дунё иқтисодиёти учун "ҳисоблаш қуввати"ни тақдим этмоқчи.

Сўнгги йилларда Кўрфаз суверен фондлари хорижий технология гигантларига миллиардлаб сармоя киритди, аммо энди улар пассив инвесторликдан фаол ўйинчига айланмоқда.

Саудия Арабистонида Давлат инвестиция фонди Humain номли миллий СИ компаниясини ишга туширди. У келгуси беш йилда бир неча юз минг Nvidia чиплари билан жиҳозланган "СИ фабрикалари" қуришни режалаштирмоқда.

БААда давлатга қарашли Mubadala сармоя компанияси G42 ва MGX'ни қўллаб-қувватламоқда. MGX – Microsoft асосий технология ҳамкори бўлган, 100 миллиард долларлик СИ йўналишидаги қўшма компаниядир.

Бироқ, юқори малакали СИ мутахассисларини жалб этиш ҳали ҳам қийин. Шу мақсадда БАА хорижий компаниялар ва тадқиқотчиларни кам солиқ, узоқ муддатли "олтин визалар" ва енгил қонунчилик орқали жалб қилмоқда.

Араб миллий либосида кийинган Ҳасан Алнақбий

Сурат манбаси, Khazna

Сурат тагсўзи, Ҳасан Ан-Нақбий, Форс кўрфазининг Осиё билан Европа ўртасида жойлашгани кўрфазга устунлик беради, дейди

"Жаҳон даражасидаги рақамли ва СИ инфратузилмасини қуриш оҳанрабодек таъсир қилади," дейди БААдаги СИ стартапи асосчиси ва венчур сармоядор Багдад Геррас.

Айни пайтда, минтақа ҳали OpenAI, Mistral ёки DeepSeek каби жаҳонга танилган СИ компаниясини яратганича йўқ, шунингдек, юқори даражадаги тадқиқотчи кадрлар захираси ҳам чекланган. Герраснинг таъкидлашича, БАА аҳолиси атиги 10 миллиондан ортиқ бўлиб, бу катта миқёсли тадқиқот экотизимини ривожлантиришни қийинлаштиради.

Кўрфаз давлатларининг СИ соҳасидаги шижоатли ҳаракати АҚШ-Хитой технология рақобатини саҳро ўлкаларига ҳам олиб келди.

Трампнинг ташрифи Вашингтонга минтақага оид СИ рақобатида кучли устунлик берди, аммо бунинг ўз бадали ҳам бўлди. Стратегик йўналишдаги ўзгариш доирасида БАА Хитой қўллаб-қувватлаган айрим лойиҳаларни қисқартирди ва Huawei ускуналарига боғлиқликни камайтирди.

Трамп ташрифи чоғида СИ бўйича келишувларга катта урғу қаратилгани, бу технологиянинг АҚШ дипломатиясидаги стратегик аҳамияти ортиб бораётганидан дарак беради.

Тарихан АҚШ-Кўрфаз муносабатлари "нефт-эвазига хавфсизлик" тамойилига асосланган бўлса, ҳозирда бу формат энергия, хавфсизлик ва технология йўналишига силжий бошлади.

Яқин Шарқ институти таҳлилчиси Муҳаммад Солиманнинг таъкидлашича, Трамп ташрифи пайтида имзоланган СИ келишувлари "Кўрфаздан кўра кўпроқ Хитой ҳақида" эди.

Масдар шаҳридаги Khazna дата марказидаги биноси ташқи кўриниши.

Сурат манбаси, Khazna

Сурат тагсўзи, Ҳазна компанияси бугунги кунда БАА бўйлаб 29 маълумот марказини бошқаради.

"Асосан, биз СИ соҳасида юксалиб келаётган ва истиқболли минтақа – Кўрфазни Америка СИ тизимига, яъни 'Team America AI' таркибига қўшишга ҳаракат қиляпмиз," дейди у.

"AI stack" атамаси чиплар, инфратузилма, моделлар ва дастурий таъминотдан иборат тўлиқ сунъий интеллект занжирини англатади – бу соҳанинг асосий қисми ҳозирда АҚШ компаниялари томонидан назорат қилинади.

Багдад Герраснинг айтишича, Хитой ўрнига АҚШни танлаш мантиқий қарор бўлган:

"Ҳозирги босқичда америкаликлар СИ ўйинида олдинда. Шунинг учун БАА уларга суянгани тўғри эди," дейди у.

Бироқ Reuters хабар қилишича, кўп миллиард долларлик "Stargate" келишуви ҳали ҳам хавфсизлик бўйича тасдиқ кутаяпти. АҚШ расмийлари БААдаги дата-марказларда эҳтимолий хитойлик кадрлар ёки технологиялар иштирокидан хавотирда.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Шунга қарамай, лойиҳа амалга ошиши кутилмоқда ва АҚШ компаниялари уни қўллаб-қувватлаяпти.

АҚШ ҳозирда СИ соҳасида етакчи бўлиб турганига қарамай, Солиман Хитойни камситмасликка чақирди:

"Улар жуда тез кенгаймоқда. Уларда аллақачон тўлиқ СИ тизими бор. Балки Американикидек қудратли эмасдир, лекин арзон. Кўп мамлакатлар учун 'етарлича яхши' – етарлича."

Ҳозирча эса ҳам АҚШ, ҳам Кўрфаз давлатлари ҳамкорликдан манфаатдор: АҚШ СИ ва ҳисоблаш соҳасида Хитойдан устунликка эришиш учун янги иттифоқчиларга, Кўрфаз эса нефт даромадлари ўрнини босадиган кучли шерикка эга бўлади.