Яҳудий келгиндилар ҳужумлари Исроилнинг ўзини ҳам энди ичидан бўлмоқдами?

Сурат манбаси, ZAIN JAAFAR/AFP via Getty Images
- Author, Люси Уиллямсон
- Role, ВВСнинг Яқин Шарқ мухбири
- Reporting from, Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Дайр Истия яқинидаги Ҳамида масжидига қилинган ҳужум излари ҳали ҳам ташқарида сочилиб ётибди.
Дарвоза атрофига куйган мебеллар, минбарлар, тутун босган гиламлар уйиб ташланган – масжид ичи бўшатилган ва ахлатдан тозаланган, жума намозига тайёрлаб қўйилган.
Қаршилик изҳори сифатида ўнлаб эркаклар намозга келишди – улар куйган ва қорайган деворга орқа ўгириб туришар эди.
Масжид имоми Аҳмад Салмон Би-би-си билан суҳбатда пайшанба кунги ҳужум Ғарбий Соҳил бўйлаб келгиндилар зўравонлиги ошган паллада рўй берганини айтди.
"Улар исталган жойга – шаҳарларга, қишлоқларга етиб боришлари, тинч аҳолини ўлдиришлари, уйлар ва масжидларни ёқишлари мумкинлигини билдириб қўйишмоқчи."
"Мен буни қалбимда ҳис қиляпман, – дейди у. – Ибодатгоҳларга, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, тегиш тўғри эмас."
Аммо бу ҳужум Исроилнинг минтақавий ҳарбий бошлиғи учун ҳам мужда эди – масжиднинг ташқи деворига иброний тилида шундай ёзиб кетилган: "Биз сендан қўрқмаймиз, Ави Блут."

Сўнгги ҳафталар ичида бу ердаги яҳудий келгиндилар ҳужумлари ортидан армия раҳбарлари уларни қаттиқ огоҳлантирди, бир нечта ҳибсга олиш ва терговлар бўлди.
Аммо ишғолчи келгиндиларни Исроил ҳукумати қўллаб-қувватлаяпти, бу эса баъзилар фикрича, Ғарбий Соҳилни хавфли қарама-қаршиликка яқинлаштираяпти.
Ҳар йилги зайтун йиғими вақтида фаластинликлар ўз зайтунзорларига киришга уринадилар, зўравонликлар ҳам шу вақтда кучаяди, аммо бу йилги ҳужумлар БМТ рекордларини янгилади.
БМТнинг Инсонпарварлик масалалари бўйича бошқармаси октябр ойида фаластинликлар жабрланган ёки мол-мулкига зарар етказилган 260 дан ортиқ келгиндилар ҳужумларини қайд этди – бу улар 2006 йилда кузатувни бошлаганидан бери рўйхатга олинган энг юқори ойлик зўравонлик кўрсаткичидир.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари таъкидлашича, Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумларидан сўнг Ғазо уруши бошланганидан бери фаластинликларга нисбатан яҳудий келгиндиларининг тажовузлари кучайган.
БМТ маълумотларига кўра, ўшандан бери 3200 дан ортиқ фаластинлик яҳудий келгиндилар зўравонлиги ва чекловлари туфайли кўчишга мажбур бўлган.

Сўнгги кунларда Ғарбий Соҳил бўйлаб бир нечта ҳужумлар содир бўлди, жумладан, Байт Лид яқинидаги саноат ҳудуди ва бадавий биноларига ниқобдаги кўп сонли одамлар ҳужум қилди.
Хавфсизлик камералари уларнинг тепалик ёнбағридан ва завод дарвозаларидан ошиб ўтиб, бир нечта юк машинасини ёқиб юборганини тасвирга олган. Армиянинг айтишича, улар кейинчалик яқин атрофдаги Исроил аскарларига ҳам ҳужум қилганлар.
Исроил полицияси вакилининг айтишича, тўрт нафар гумонланувчи ҳибсга олинган. Улардан учтаси қўйиб юборилгани айтилмоқда.
Бир ойча олдин Байта атрофидаги зайтун боғларида зайтун йиғимларини ёритаётган Reuters журналисти Ранин Савафта калтакланганди – унинг дубулғасидаги чуқур из зарба қанчалик кучли бўлганини яққол кўрсатиб турарди.

Сурат манбаси, .
Байтадаги Қизил Ярим Ой ташкилоти кўнгиллиси Ҳамад ал-Жагуб абу Рабиа ҳам журналистга ёрдам беришга ҳаракат қилганида жароҳат олган – бошига тош билан урилган ва кейинчалик касалхонага олиб кетилган.
"Аллоҳ яратган бир инсон бундай қилади, деб ҳеч ўйламагандим, – дейди у. – Агар уларда озгина инсонийлик бўлганида, улар ҳеч қачон аёл кишига бундай қилмаган бўларди. Агар дубулғаси бўлмаганда у ўлиб қолиши мумкин эди."

Октябр ойида 55 ёшли Афаф Абу Алия Абу Фалаҳ қишлоғи яқинида ижарага олган экин майдонида зайтун тераётганида келгиндилар ҳужумига учраб қаттиқ калтакланган эди. Унинг зўравонликка учрагани тасвирланган видеоси кенг тарқалди ва халқаро миқёсда қораланди.
"Келгиндилардан бири менга ҳужум қилиб, калтаклай бошлади – бошимга, қўлларим ва оёқларимга урди, оёқларимни этиги билан тепди, – дейди у Би-би-си билан суҳбатда. – Йиқилиб тушдим. Нима бўлаётганини англамасдим, миям бўм-бўш эди – фақат оғриқни ҳис қилардим. Руҳим танамни тарк этаётгандек туюлди. Фақат болаларим ҳақида ўйлардим."
Ҳозир уйда даволанаётган Афафнинг айтишича, у ҳали ҳам оғриқдан азоб чекади, бошида 20 та чок бор, қўллари ва оёқларидаги кўкаришлар туфайли ухлай олмаяпти.
Унинг айтишича, оила ўз экин майдонига келгиндилар сабабли бора олмаяпти, улар бу йил зайтун етиштириш учун бошқа жойдан ер ижарага олишга мажбур бўлдилар.
"Иложи бўлса, ҳозироқ қайтардим, улардан қўрқмайман," дейди Афаф. Аммо у вазият хавфли тус олаётганини ҳам тан олди.
"Уруш бошида улар бундай эмас эдидар, – деди у. – Шу бир йил ичида улар кўпроқ тажовузкор бўлиб қолишди."
Унга нисбатан зўравонлик бўйича бир эркак ҳибсга олинди. Бундай қамоққа олишлар кам учрайди, судланганлар эса ундан ҳам камроқ.
Исроилнинг "Yesh Din" инсон ҳуқуқлари ташкилоти сўнгги йигирма йилда Ғарбий Соҳилдаги исроилликларнинг фаластинликларга қарши жиноятлари бўйича полиция терговларининг 93 фоиздан ортиғи айблов қўйилмасдан ёпилганини аниқлади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари узоқ вақтдан бери Исроил кучларини келгиндиларнинг ҳужумларига чора кўрмагани ёки ҳатто ўша ҳужумларда иштирок этгани учун танқид қилиб келадилар.
Яқинда Исроил штаби бошлиғи исроиллик келгиндиларнинг сўнгги зўравонлигини кескин қоралашини айтиб, буни "қизил чизиқ" деб атади ва "қатъий чоралар кўришга" ваъда берди.
Армия марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал-майор Ави Блут – Ҳамида масжидида номи деворга ёзиб кетилган шахс – ўз таъбирича "анархист ёшлар"нинг зўравонлик ҳаракатлари "мутлақо номақбул ва жиддий" эканлигини ва уларга қарши қатъий чоралар кўриш кераклигини айтди.
Баъзи муросасиз келгиндилар бу баёнотларни хоинлик деб ҳисоблайдилар.
Маъале Левонада узоқ вақтдан бери яшаётган ва яқин атрофдаги Шило қишлоғидаги шароб заводи бошқарувчиси Амичай Лурия менга ҳозирги пайтда келгиндилар зўравонлигига эътибор ҳаддан ташқари кучайди, деб айтди.
"Одамларнинг бу каби жуда оз учрайдиган ҳолатлар ҳақида гапираётганидан ҳайратдаман, – дейди у. – Э, биров зайтун териб юрган экан, яҳудийлар келиб, халақит берибди. Қўйинг энди. Лондон марказий кўчасида бу ердагидан кўра кўпроқ босқинчилик бўлади."
Мен ундан аёлларнинг қаттиқ калтаклангани ва атрофдаги ҳудудларда деярли ҳар куни содир бўлаётган воқеалар ҳақида сўрадим. У буларни "яҳудийларни ёмон кўрсатишга уриниш", деб рад этди.
"Арабларнинг кўпчилиги, имкон бўлса, Ҳамас ёки "Ҳизбуллоҳ"га эргашарди. Жуда кам одам бирга яшашни ёки тинч-тотув ҳаёт кечиришни истайди, биринчи имконият туғилиши биланоқ бизни йўқ қилишади," дейди у.
"Келажак жуда оддий. Умид қиламанки, армия уйғонади, одамлар тайёргарлик кўришимиз кераклигини, улар бизга қарши келаётганини тушунишади."
БМТнинг Инсонпарварлик масалалари бўйича бошқармаси маълумотига кўра, Ғазо уруши бошланганидан буён Ғарбий Соҳилда ҳалок бўлган 1000 нафар фаластинликдан 20 дан 32 нафаригачаси исроиллик келгиндилар томонидан ўлдирилган. Худди шу даврда фаластинликлар 19 нафар исроиллик тинч аҳолини ўлдирган.

Ҳарбий раҳбарларнинг келгиндилар зўравонлигига қарши чора кўриш тўғрисидаги қарори аскарлар орасида келгиндилар улуши тобора ортиб бораётган бир шароитда армиядаги интизомни синовдан ўтказади.
Шунингдек, бу қарор Исроилнинг ҳарбий ва сиёсий раҳбарлари ўртасидаги хавфли бўлинишларни очиб қўйиши мумкин.
Экстремист келгиндилар ўзларининг ерга бўлган даъволари Тавротдан келиб чиққанини айтишади. Аммо уларнинг бу қадар ўзига ишона бошлагани ҳукумат қўлловидан келиб чиқаяпти.
2023 йил 7 октябрдаги Ҳамас ҳужумлари ва ундан кейинги Ғазо урушидан бери Исроилнинг ўта ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир фуқаро хавфсизлик гуруҳларига, жумладан, Ғарбий Соҳилдаги аҳоли манзилларида, 100 мингдан ортиқ қурол тарқатди ва Исроилни Ғарбий Соҳилни расман ўзига қўшиб олишга чақирди.
Ҳукумат аҳоли манзилларини кескин кенгайтиришга рухсат берди ва баъзи рухсатсиз қурилган аҳоли пунктларини қонунийлаштирди. Халқаро ҳуқуққа кўра, Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги аҳоли манзиллари ноқонуний ҳисобланади, аммо Исроил бунга эътироз билдиради.
Мудофаа вазири Исроил Катц ўтган йили Ғарбий Соҳилдаги яҳудий келгиндиларни маъмурий қамоққа олишни тақиқлаган. Хабарларга кўра, бу Исроил миллий хавфсизлик агентлигининг маслаҳатига зид.
Исроил армияси энди Катцдан келгиндилар зўравонлигини тўхтатишга ёрдам бериш учун бу ваколатни тиклашни сўрамоқда. Маъмурий қамоқ усули фаластинликлар учун ҳали ҳам кенг қўлланади, бу эса гумонланувчиларни олти ойлик муддатга ҳеч қандай айбловсиз ушлаб туриш имконини беради.
"Мен армияга аввалгидек ишонмайман, – деди менга Амичай Лурия. – Армиядаги кўплаб одамлар юқоридан пастгача Исроилга қарши. Менга ишонаверинг, армияда бирлик йўқ."
Исроил армияси ҳозир фаластинлик маҳбусларга нисбатан зўравонлик акс этган видеотасвирлар сизиб чиқиши билан боғлиқ ҳуқуқий ва сиёсий можарога аралашиб қолган – бу ҳолат ўта миллатчи сиёсатчиларни мамлакат хавфсизлик кучларига қарши қилиб қўйган.

Жума намозидан кейин намозхонлар Ҳамида масжидини тарк этар эканлар, исроиллик фаоллар бирдамлик кўрсатиш учун келишди. Асли лондонлик Мартин Голдберг улардан бири эди.
Мен ундан келгиндилар ҳужумлари бўрттирилмоқдами, деб сўрадим.
"Агар ҳужум ўзингизга қарши бўлмаса, бу жуда арзимас ҳужум, – деди у. – Бу ҳужумлар арзимас эмас, улар жуда жиддий. Ҳамма буни камайтириб кўрсатишга уринишмоқда, гўё бу шунчаки "даладаги бегона ўтлар", лекин ундай эмас. Уларни ҳукумат қўллаб-қувватлаяпти. Маҳаллий кенгашлар уларни тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти, молиялаштиряпти."

Кўплаб маҳаллий кенгашлар ноқонуний аҳоли пунктларини қўллаб-қувватлайди, аммо у ердаги баъзи келгиндиларнинг зўравонлигини очиқ қоралайдилар.
Ғарбий Соҳилдаги келгиндилар кенгаши раиси яқинда ҳарбийлар ва тинч аҳолига зарар етказган "анархистлар"ни ҳибсга олган Исроил армиясини қўллаб-қувватлаб, баёнот берди.
"Европа, Қўшма Штатлар, бутун дунёдаги ҳамма Ғарбий Соҳилга эътибор қаратмоқда," деди бир неча бор ҳужумларга учраган яқин атрофдаги Турмус Ая қишлоғида яшовчи қурилиш муҳандиси Вади абу Авад.
"Биз исроилликлар билан жанг қилмаяпмиз. Биз исроиллик аскарларни ўлдирмаймиз, бизда гаровга олинганлар йўқ. Улар [келгиндилар] бизни бурчакка тиқаяптилар. Мушукни бурчакка тиқиб қўйсангиз, у йўлбарсга айланиши мумкин."












