Яҳудий келгиндилар Ғарбий соҳилда Фаластин омбори ва зайтун боғини ёқиб юборишди - ҳужумлар сони ортмоқда

Сурат манбаси, EPA
- Author, Йоланда Нелл
- Role, BBC News, Қуддус
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Сешанба куни ўнлаб исроиллик яҳудий келгиндилар босиб олинган Ғарбий соҳилнинг шимолидаги фаластинликларга тегишли омбор, бадавийлар қишлоғи ва фермаларга ўт қўйишди.
Бир неча фаластинлик жароҳат олди.
Ҳодисалар Фаластинда зайтун ҳосили йиғим-терими мавсумига тўғри келган яҳудий келгиндиларнинг зўравонлиги авж олган бир пайтда рўй берди.
БМТнинг гуманитар ишлар бўйича идораси маълум қилишича, ўтган ой келгиндилар ҳужумлари сони сўнгги 20 йил ичида энг юқори даражага етган.
Исроил 1967 йилги Араб-Исроил уруши даврида Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусни босиб олганидан бери бу ерда 700 мингга яқин яҳудий яшайдиган тахминан 160 та аҳоли манзили қурган. Бу ерлар — Ғазо билан бирга — фаластинликлар келгусидаги мустақил давлат бўлади, деб умид қиладиган ҳудуддир. Ҳозир бу ерларда тахминан 3,3 миллион фаластинлик яшайди.
Халқаро ҳуқуққа кўра, бу келгиндилар манзиллари ноқонуний ҳисобланади.
Сешанба куни олинган видеолавҳаларда Тулкармнинг шарқидаги тепаликда ўнлаб ниқобли шахслар кўринган. Бейт Лиддаги Фаластин омборига ҳужум қилинган ва юк машиналари ёқиб юборилган.
Дайр Шараф бадавий қишлоғидаги ёнаётган чодирлар кўринган, орқада аёллар бақираётгани эшитиш мумкин.
Фаластин маъмуриятининг Девор ва келгинди манзилларга қарши курашиш комиссияси раҳбари Муайяд Шаабон бу ҳужумларни "қўрқитиш ва террор орқали душманона муҳит яратиш кампанияси" деди.
Исроил Мудофаа кучлари (IDF) баёнотида айтилишича, аскарлар ҳодиса жойига "тартибсизликларни бостириш воситалари билан тўқнашувни тарқатиш учун" етиб борган ва "бир неча исроиллик фуқароларни ушлаган". Бироқ, кейин яқин атрофда йиғилган келгиндилар аскарларга ҳужум қилган ва уларнинг автомобилини шикастлагани қўшимча қилинган.
Исроил полицияси тўрт нафар гумонланувчи қўлга олинганини билдирди.

Сурат манбаси, EPA
Исроил президенти Исаак Ҳерзог X ижтимоий тармоғидаги баёнотида бу ҳодисаларни "ташвишли ва жиддий" деб атади ва "зўравон ва хавфли шахслар"ни айблади.
"Тинч аҳоли ва Исроил армияси аскарларига нисбатан бу каби зўравонлик ҳаддидан ошишдир, буни кескин қоралайман", — деди Ҳерзог.
Исроил Мудофаа кучлари марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Ави Блут ҳам ҳужумларни қоралаб, бу каби ҳаракатлар "хавфсизлик барқарорлигини издан чиқар"ишини таъкидлади.
"Айрим анархист ёшларнинг бегуноҳ фуқаролар ва хавфсизлик кучларига қарши зўравонлиги мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ва ўта жиддий ҳолат. Бунга қатъий чора кўрилиши керак", - деди у ҳарбийларга йўллаган баёнотида.
"Аскарлар учун кўрсатма аниқ: томошабин бўлиб турманг, миллатчиларнинг ҳар қандай жиноятларининг олдини олиш учун қўлингиздан келганини қилинг".
Сешанба кунги йирик ҳужум — Исроил ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг яҳудий келгиндилар зўравонлигига қарши жуда камдан-кам жавоб қайтарган ҳолатларидан бири бўлди. Бу турдаги ҳужумлар 2023 йил 7 октябрдаги Ҳамас ҳужумидан ва Ғазо уруши бошланишидан кейин кескин кўпайган.
Исроил ҳуқуқ ташкилоти Yesh Din маълумоти кўра, 2005–2024 йиллар оралиғида Ғарбий соҳилда (Шарқий Қуддусдан ташқари) исроилликлар томонидан фаластинликларга нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича олиб борилган 1701 та тергов ишининг 93,8 фоизи айблов хулосасисиз ёпилган.
БМТнинг Гуманитар ишларни мувофиқлаштириш бошқармаси хабар беришича, октябр ойида келгиндилар томонидан 260 дан зиёд ҳужум уюштирилган — яъни кунлик ўртача саккизта ҳодиса. Натижада талофатлар бўлган ёки мулкка зарар етказилган.
Ҳисоботда айтилишича, зайтун йиғим-терими пайтидаги зўравонлик сўнгги йиллардаги энг юқори даражага етган: ҳозиргача тахминан 150 ҳужум қайд этилган, натижада 140 дан зиёд фаластинлик яраланган, 77 қишлоқда 4200 дан ортиқ дарахт ва ниҳол шикастланган.
Йил бошидан бери тахминан 1500 келгинди ҳужуми қайд этилган.

Сурат манбаси, Reuters
БМТнинг фавқулодда ёрдам координатори Том Флетчер X тармоғида шундай ёзди:
"Бу каби ҳужумларни олдини олмаслик ёки жазоламаслик халқаро ҳуқуққа зид. Фаластинликлар ҳимоя қилиниши керак. Жазосизлик давом этмаслиги лозим. Жиноятчилар жавобгаргарликка тортилиши шарт".
Фаластинликлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кўп ҳолларда Исроил армиясини экстремист келгиндиларни ҳимоя қилиш ёки уларга ёрдам беришда айблайди.
Сешанба куни Наблус яқинидаги Бейта қишлоғида юзлаб одамлар 13 ёшли Айсам Муалланинг дафн маросимида қатнашди. У ўтган ой зайтун йиғими вақтида келгиндиларнинг Эвятар манзили яқинида Исроил армияси отган кўздан ёш оқизувчи газни ҳидлаб, комага тушгани хабар қилинган эди.
Баъзи ҳолларда исроиллик фаоллар ва хорижлик кўнгиллилар фаластинлик деҳқонларга ёрдам бериш учун зайтун йиғимида қатнашишади, лекин улар ҳам ҳужумга учрайди.
Шанба куни ижтимоий тармоқларда чоп қилинган Бейтада олинган видеоларда ниқобли шахслар маҳаллий фаластинликлар ва кўнгилли тиббиёт ходимларини, шунингдек Reuters агентлиги фотомухбири ва хавфсизлик маслаҳатчисини калтаклаётгани акс этган.
Ҳосилга ёрдам бериш учун келган 77 ёшли исроиллик фуқаро — Тел-Авивдаги санъат коллежи раҳбари — юзида қон оқиб турган ҳолда расмга олинган.
BBC ушбу ҳодиса юзасидан изоҳ сўраб Исроил армиясига мурожаат қилди.
Яқиндаги Бурин қишлоғида ҳам келгиндилар фаластинлик зайтун терувчилар ва уларга ёрдам бераётган таътилдаги Исроил аскарига ҳужум қилган. Келгиндилар бир неча қоп зайтунни ҳам ўғирлаган.
Исроил армияси баёнотида айтилишича, "Бир нечта исроиллик фуқаролар терувчиларга тош отган. Бир неча исроиллик ва фаластинлик яраланган ва тиббий ёрдамга юборилган".
Армия "тўқнашувни тарқатиш учун ҳаракат қилганини" қўшимча қилган.
Зайтун йиғим-терими фаластинликлар учун йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлиб, кўпчилик учун асосий даромад манбаидир.
Исроил келгинди манзилларини кузатувчи Peace Now ташкилоти маълумотига кўра, 2025 йилда Ғарбий соҳилда қурилиши режалаштирилган янги уйлар сони рекорд даражага — 5667 тага етган. Бу уйлар тахминан 25 минг киши учун мўлжалланган.
Келгиндилар манфаатини ҳимоя қилувчи Исроил молия вазири Бецалел Смотрич янги келгинди манзиллар қурилиши ва ер ажратиш жараёнини тезлаштиришни, шунингдек ҳукумат рухсатисиз қурилган келгинди аҳоли манзилларини расмийлаштиришни ўзининг устувор вазифаси қилиб белгилаган.
Смотрич, шунингдек, Ғарбий соҳилда фуқаролик ишларига жавобгар вазир сифатида ҳам ишлайди. Унинг айтишича, бу ҳаракатлар Ғарбий соҳилни амалда аннексия қилиш ва Фаластин давлатининг ташкил топишини олдини олишга қаратилган.
8 ноябр: Туркия Нетаняҳуга "геноцид" айблови билан ҳибсга олиш ордери чиқарди

Сурат манбаси, EPA
Истанбул Бош прокуратураси Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва икки исроиллик вазирни ўз ичига олган 37 нафар шахсга нисбатан ҳибсга олиш ордери чиқарди. Исроил бу қарорни "пиар намойиш" деб атади.
Уларнинг орасида Исроил Мудофаа вазири Исраел Кац, Чегара хавфсизлиги вазири Тамар Бен Гвир, Бош штаб бошлиғи Эял Замир, Денгиз кучлари қўмондони Давид Саар Салама ҳам бор.
Бу 37 киши Туркия Жиноят кодексининг 77-моддасида белгиланган инсониятга қарши жиноятлар, ҳамда 76-моддада белгиланган геноцид жинояти бўйича айбланмоқда.
Исроил бу қарорни рад этди ва уни "пиар намойиши" деб атади.
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар "Х" ижтимоий тармоғидаги баёнотида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва мамлакат суд тизимини танқид қилди:
Isroil zolim Erdo‘g‘onning navbatdagi piar namoyishini qat’iy va nafrat bilan rad etadi.
"Яқинда Истанбул Бош прокуратураси Эрдўғонга қарши номзод бўлишга журъат этган шаҳар ҳокимини қаматганди. Энди эса исроиллик етакчилар ва юқори лавозимдаги амалдорларга қарши 'ҳибсга олиш ордери' чиқарди," — деди Саар.
Унинг қўшимча қилишича, "Эрдўғоннинг Туркиясида суд тизими анчадан бери сиёсий рақибларнинг овозини ўчириш, журналистлар, судялар ва шаҳар ҳокимларини қамаш воситасига айланиб қолган. Исроил золим Эрдўғоннинг навбатдаги пиар намойишини қатъий ва нафрат билан рад этади".
Туркия Жиноят кодексига кўра, бу жиноятлар учун умрбод қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Жанубий Африка Халқаро судга мурожаат қилганди
Истанбул Бош прокуратурасининг маълум қилишича, тергов "Global Sumud Flotillasi" фаолларининг Исроил томонидан ҳибсга олиниши ортидан бошланган.
Фаоллар озод қилингач, Туркияга қайтарилган ва суд-тиббий экспертизадан ўтказилган. Прокуратура улардан олинган гувоҳликлар ва тўпланган далиллар асосида 37 шахснинг "инсониятга қарши жиноятлар" ва "геноцид"да жавобгар эканлигини даъво қилди.
Нетаняҳу ва унинг ҳукумат аъзоларига олдинроқ Жанубий Африка томонидан Халқаро Жиноят судига (ICJ) берилган шикоят асосида геноцид айблови бўйича иш очилган.
Исроил эса Ғазодаги ҳарбий амалиётларини "2023 йил 7 октябрда Ҳамас томонидан 1 200 киши ҳалок бўлган ва 250 нафар одам асирга олинган ҳужумларни такрорланишининг олдини олиш учун амалга оширилган қонуний ўзини ҳимоя қилиш чораси" деб таърифлайди.
Аввалроқ Халқаро жиноят суди Бош вазир Нетаняҳу ва Исроилнинг собиқ Мудофаа вазири Йоав Галлантларни ҳибсга олиш бўйича ордер чиқарганди.
2024 йил ноябрида Халқаро жиноят суди (ICC) ҳам Бенямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Ёав Галлант ҳақида қўлга олиш ордери чиқарган эди.
Халқаро суднинг 2024 йил, ноябр ойида тарқатган баёнотида, бу шахсларнинг уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун "жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли асослар борлиги" таъкидланганди.












