Ниқобли яҳудий келгинди калтаклаган фаластинлик аёл шифохонага ётқизилди

Калтаклаш онлари

Сурат манбаси, Jasper Nathaniel

Ўқилиш вақти: 15 дақ

Ниқобли яҳудий келгинди бошига таёқ билан урган 55 ёшли фаластинлик аёл шифохонага ётқизилди. Ҳужум фаластинлик аёл зайтун тераётган пайтда содир бўлган.

Якшанба куни эрталаб босиб олинган Ғарбий соҳилдаги Турмус Айя қишлоғида юз берган бу асоссиз ҳужумни АҚШлик журналист Жаспер Натаниэл видеога олган.

Натаниэлнинг айтишича, келгинди аёлни ҳушидан кетгунича таёқ билан урган. Аёл ерда ётган пайтда у яна уришда давом этган. Жабрланувчи Афоф Абу Алия, маҳаллий аҳоли орасида Умм Солиҳ номи билан танилган.

Исроил мудофаа кучлари BBCга қарама-қаршилик уларнинг бўлинмаси етиб келгач тарқатилганини ва армия "келгиндиларнинг ҳар қандай зўравонлигини қаттиқ қоралайди", деди.

Бироқ журналист Натаниэл бу гапни рад этди ва "Исроил кучлари ҳужум жойига умуман келмаганини" айтди.

У исроиллик аскарлар ҳодиса жойида ҳужумдан олдин бўлганини ва уни ҳамда бошқаларни бир "пистирма"га "алдаб тортгани" таъкидлади. Аскарлар айнан келгиндилар ҳужумни бошлашидан олдин "тезлаш"ганини айтди. BBC бу даъволарни Исроил мудофаа кучларига йўллади.

Исроил матбуотининг маълум қилишича, Турмус Айя аҳолисининг камида 80 фоизи АҚШ фуқаролиги ёки резидентлигига эга. Журналист Натаниэл ҳам АҚШ фуқароси.

У ижтимоий тармоқларда АҚШ элчихонаси ходими билан бўлган ёзишмасини бўлишди. Унда айни дамда Натаниэлни ва ҳудуддаги бошқа АҚШ фуқароларини ҳимоя қила олмаслигини айтилган.

BBC юборган саволларга АҚШ Давлат департаменти жавоб беришдан бош тортди ва буни "махфийлик ва бошқа сабаблар" билан изоҳлади. Шунга қарамай, департамент "АҚШ фуқароларининг хавфсизлиги ва муҳофазасидан устувор нарса йўқ"лиги ва уларга халқаро миқёсда ёрдам бериш мажбуриятига жиддий муносабатда бўлишини билдирди.

Видеода ҳужумчи ёш эркак учи тўқмоқли катта ёғоч калтакни ушлаб тургани ва уни Абу Алия хонимнинг боши узра силтаб, ургани кўринади.

"Бу манзара менинг хотирамда абадий муҳрланиб қолди", деди НатаниэлBBC билан суҳбатда.

"У таёқни бир силтади ва мен унинг танаси шалвираб қолганини кўрдим. Кейин у унинг устида туриб, яна икки марта урди."

Тасвирларда беш фарзанднинг онаси қонга беланган Абу Алияни шифохонага етказиш учун машинага кўтариб кетишаётганини кўриш мумкин. Ўша вақти уни жонлантириш бўлимига ётқизишган, аммо шифокорлар ҳозирда унинг аҳволи барқарор экани айтишмоқда.

Абу Алиянинг жияни Ҳамдий Абу Алия BBCга шифокорлар аёлнинг бошига икки марта зарба берилганини аниқлаганини айтди. Қўшни Ал-Муғаййир қишлоғининг мэри Амин Абу Алия ҳам ҳужум тафсилотларини тасдиқлади.

Ҳужум камида 15 нафар ниқобли яҳудий келгинди иштирок этган кенгроқ зўравонлик ҳодисасининг бир қисми бўлган. Улар зайтун териб юрган фаластинликлар ва уларни қўллаб-қувватлаш учун келган фаоллар, жумладан, Натаниэлнинг ўзига ҳам ҳужум қилишган.

Камида бир автомобил ёқиб юборилган, бошқаларининг ойналари синдирилган.

Ҳодиса 9 октябрда бошланган зайтун йиғим-терими мавсуми давомида рўй берган кўплаб яҳудий келгинди ҳужумларидан бири бўлди.

Зайтун терими фаластинлик маданиятнинг қадимий ва муқаддас қисми бўлиб, кўпчилик учун иқтисодий эҳтиёж ҳам ҳисобланади. Бироқ бу фаолият йил сайин тобора хавфли тус олмоқда.

Ғарбий соҳилдаги — халқаро миқёсда Исроил босиб олган Фаластин ерлари сифатида тан олинган ҳудудда — деҳқонлар ҳар йили ҳосил мавсумида яҳудий келгиндиларнинг ҳужумлари ва Исроил хавфсизлик кучлари томонидан йўллар ёпилиши ёки фаластинликларнинг ўз ерларига кириши тўсилиши каби хавф-хатарларга дуч келадилар.

БМТнинг инсонпарварлик ишлари бўйича идораси маълумотларига кўра, 7–13 октябрь кунлари Ғарбий соҳилда қайд этилган 71 та яҳудий келгинди ҳужумларининг ярми айнан зайтун йиғим-терими мавсуми билан боғлиқ бўлган.

Бу ҳужумлар 27 та Фаластин қишлоғи аҳолисига таъсир қилган.

Ташкилот маълумотларига кўра, 2025 йил давомида Ғарбий соҳил бўйлаб 3 200 дан ортиқ фаластинлик яҳудий келгиндилар ҳужумларидан жароҳат олган.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, бу ҳужумлар фаластинликларни қўрқитиш ва уларни ўз ерларидан сиқиб чиқариш орқали яҳудий келгиндиларнинг ҳудудни босиб олишини таъминлашга қаратилган.

2005 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда келгиндилар зўравонлиги бўйича очилган расмий терговлардан атиги 3 фоизи жазо билан якунланган, дейди исроиллик инсон ҳуқуқлари ташкилоти "Йеш Дин". Кўплаб ҳодисалар умуман текширилмаган.

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳокимиятга келгач, ўзидан олдинги президент Жо Байден жорий этган яҳудий келгиндиларга қарши бир қатор санкцияларни бекор қилди.

20 октябр: Ғазо: Исроил ва Ҳамас сулҳни бузишда бир-бирини айблаяпти

Якшанба куни Хон Юнусдан қора тутун бурқсиб чиқаётганди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Якшанба куни Хон Юнусдан қора тутун бурқсиб чиқаётганди.

Исроил армияси Ҳамасга қарши қатор ҳужумларни амалга оширганидан бир неча соат ўтиб, АҚШ Президенти Доналд Трампнинг айтишича, оташкесим ҳануз амалда қоляпти.

Ҳам Исроил, ҳам Ҳамас сулҳнинг бузишда бир-бирини айблашди. Исроил эндиликда оташкесимга қайтганини айтмоқда.

Якшанба куни Ғазо жанубида Исроил армияси ўзининг Рафаҳдаги қўшинларига "террорчилар аксил-танк замбараклари билан ҳужум қилди", дея Ғазога зарбалар берганди. Исроил ўзининг икки аскари ўлганини айтган.

Ҳамас Исроил назорати остида бўлган бу ерларда бирон тўқнашув бўлганидан бехабар эканини билдирган.

Кечга бориб, Исроил Ғазо бўйлаб бир нечта Ҳамас нуқталарига зарба берганини айтди. Касалхонадаги манбалар 44 киши ўлганини хабар қилмоқда.

Ҳамас оташкесимга содиқ қолаётганини айтар экан, Исроилни сулҳни бузишда айблади. Унга кўра, Исроил амаллари ўзаро келишувни жар ёқасига келтириб қўйган.

Исроил халқаро матбуот воситалари, хусусан Би-би-сини, мустақил ахборот узатиш учун Ғазога киритмаяпти.

Hala Obaid
Reuters
Har lahzada o‘limga yuz tutamiz, chunki o‘zim yo bolalarim tashqariga chiqsak, o‘qlar keladi, oyoqlarimiz ostidan, yo chodir ustidan. Sulh desalar-da, qo‘rquv ichra uxlayapmiz.
Hala Obaid
G'azo shahri yashovchisi (bbc.com/uzbek)

Якшанба кунги ҳарбий тўқнашувлар ортидан Исроил инсонпарварлик ёрдамлари ортилган юк машиналарнинг Ғазога киришини тўхтатиб қўйганди.

Душанбада эса у Ғазо бўлгасининг жануби-шарқидаги Керем Шалом ва Ғазо марказидаги Киссуфим чегара постларини қайта очишини айтди.

Айни дамда, Трампнинг куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер президентнинг Яқин Шарқ элчиси Стив Уиткофф билан Қуддусга етиб келди. Улар Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашишлари кутилади.

Улар Нетаняҳудан Трампнинг "20 нуқтали тинчлик битими"ни бузмасликни сўрашлари айтилмоқда.

Битимнинг шартларидан бири шуки, Ҳамас барча исроиллик асирлар ва асир жасадларини Исроилга қайтариши керак.

Ҳамас ҳозирда яна бир асирнинг жасадини топганини айтмоқда.

Ғазода ўлгани ишонилган 28 исроилликдан ҳозирча 16 нафари қайтарилмаган. Исроилнинг босими ортар экан, Ҳамас уларни топишга қийналаётганини айтади.

Ҳамас Исроилни Ғазодаги "жиноий гуруҳлар"ни қуроллаш ва молиялашда айблади.

14 октябрь, 2025 йил - Тинчлик сулҳи имзоланди, энди нима бўлади? Видео

Ғазода байрам

Сурат манбаси, Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Миср, Қатар ҳамда Туркия раҳбарлари Мисрнинг курорт шаҳри Шарм-аш-Шайхда бўлиб ўтган саммитда Ғазода тинчлик ўрнатиш бўйича декларацияни имзоладилар.

"Янги ва ажойиб кун бошланмоқда, энди тикланиш бошланади", деди Трамп Исроил ва Ҳамас ўртасидаги оташкесимни мустаҳкамлашда ёрдам берган минтақавий раҳбарларни мақтар экан.

Мисрда Трамп президент Абдул Фаттоҳ ас-Сисий ҳамда дунёнинг турли бурчакларидан келган 20 дан ортиқ раҳбарлар билан бирга қувноқ ҳолда кўринди.

"Ҳамманинг кайфияти яхши. Мен илгари ҳам катта битимлар қилганман, лекин буниси ракета каби тез учди", деди Трамп.

"Бу нуқтага келиш учун 3 минг йил керак бўлди, ишонасизми? Ва бу энди давомий бўлади", деди у.

Маросимдан сўнг президент Сисий Трампни Мисрнинг энг олий мукофоти, тоза олтиндан ясалган "Нил ордени" билан тақдирлади.

Миср президенти бу кунни "аламли бобни ёпувчи тарихий босқич" деб атади.

Саммитда Трамп билан биргаликда расмга тушган кўплаб дунё раҳбарлари орасида Фаластин маъмурияти президенти Маҳмуд Аббос ҳам бор эди. Бир ҳафта аввал АҚШ уни Ню-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясига киришдан тўсган эди.

Оташкесим келишувининг дастлабки босқичи амалга оширилган бўлса-да, Фаластин маъмурияти келгусида Ғазода қай даражада рол ўйнаши мумкинлиги ҳали ҳам ноаниқ.

Трамп тинчлик битимининг иккинчи босқич музокаралари бошланганини маълум қилди.

"Ғазо уруши тугади": Дунё раҳбарлари Ғазо оташкесим битимини имзоладилар - қуйидаги линкни босиб, видеосини ҳам томоша қилинг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Фаластинлик тутқунлар озод - томоша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Исроиллик гаровдагилар оиласи бағрига тирик қайтди - томоша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 3
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 3

Энди нима бўлади?

Путин умидбахш, Озарбайжон, Қозоғистон қўллади, Тошкент олқишлади - Ғазо энди тинчийдими - видеомиз линки қуйида илова қилинган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 4
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 4

Қамоқдан озод қилинган фаластинликлар Хон Юнусга келди

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Қамоқдан озод қилинган фаластинликлар Хон Юнусга келди

Гаровдаги шахслар озод қилинишидан олдин Исроил қўшинлари Ғазонинг 53 фоизини назорат остига олган чизиққа чекинди — бу Трамп режасига кўра Исроил армиясининг уч босқичли чиқиб кетиш жараёнининг илк босқичидир.

АҚШнинг юқори мартабали мулозимига кўра, АҚШ ҳарбийлари назоратидаги тахминан 200 нафар аскардан иборат кўп миллатли куч оташкесимни кузатиб боради. Бу куч таркибига Миср, Қатар, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари аскарлари ҳам кириши айтилмоқда.

АҚШ расмийлари Ғазода америкалик ҳарбийлар бўлмаслигини айтди.

20 банддан иборат режага кўра, агар икки томон келишса, уруш "дарҳол тугайди".

Ҳужжатда айтилишича, Ғазо қуролсизлантирилади ва барча "ҳарбий, террор ва ҳужум инфратузилмалари" йўқ қилинади.

Шунингдек, дастлаб Ғазо ҳудудини фаластинлик мутахассислардан иборат вақтинчалик ўтиш қўмитаси бошқаради — бу қўмита "Тинчлик кенгаши" томонидан назорат қилинади ва унинг раиси Доналд Трамп бўлади; Британия собиқ Бош вазири Тони Блэр ҳам унинг таркибига киради.

Кейинчалик бошқарув Ғарбий соҳилни бошқараётган Фаластин маъмуриятига топширилади — лекин аввал ислоҳотлар ўтказилиши керак бўлади.

Режага кўра, 2007 йилдан буён ҳудудни бошқариб келаётган Ҳамаснинг келгусида бевосита ёки билвосита сиёсий роли бўлмайди.

Ҳамас аъзолари тинч-тотув яшашга рози бўлса, уларга амнистия берилади ёки бошқа давлатга хавфсиз чиқиб кетиш имкони яратилади.

Ҳеч бир фаластинлик Ғазодан чиқиб кетишга мажбурланмайди; кетишни хоҳлаганлар эса кейин яна қайтиб келиш ҳуқуқига эга бўлади.

"Ғазони қайта қуриш ва ривожлантириш бўйича Трампнинг иқтисодий ривожланиш режаси" мутахассислар ҳайъати томонидан ишлаб чиқилади.

Нозик нуқталар

Трамп келишувни 3 минг йил кутилганини айтган бўлса-да, унинг нозик томонлари бор

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Трамп келишувни 3 минг йил кутилганини айтган бўлса-да, унинг нозик томонлари бор

Битимнинг кейинги босқичлари бўйича музокаралар вақтида бир неча тортишувли масалалар юзага чиқиши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳамас шу пайтгача қуролларини топширишдан бош тортиб келган ва фақат Фаластин давлати тузилгандан кейингина бу амалга ошиши мумкинлигини айтган.

Гуруҳ ўтган ҳафтада режага билдирган дастлабки муносабатида ҳам қуролсизланиш ҳақида ҳеч қандай сўз айтмаган — бу эса унинг позицияси ўзгармагани ҳақидаги тахминларни кучайтиради.

Исроил Трамп режасини тўлиқ қўллаб-қувватлаган бўлса-да, Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ўтган ҳафта Фаластин маъмурияти президенти билан минбарда ёнма-ён турган ҳолда, урушдан кейинги Ғазо бошқарувига Фаластин маъмуриятини қўшиш ғоясига қарши фикр билдирди.

Ҳамас эса "ягона Фаластин ҳаракати" доирасида Ғазо келажагида муайян ролга эга бўлишини кутмоқда.

Яна бир нозик нуқта — Исроил қўшинларининг қай даражада чиқиб кетишидир. Исроилга кўра, илк босқичда у Ғазонинг тахминан 53 фоизи устидан назоратни сақлаб қолади. Оқ уй режасига кўра, кейинги босқичларда бу улуш 40 фоизга, сўнгра 15 фоизгача қисқариши керак.

Охирги босқичда "хавфсизлик периметри" қолади ва у "Ғазо террористик таҳдиддан тўлиқ хавфсиз бўлмагунча" сақланади.

Бу жойдаги ифода анча ноаниқ бўлиб, Исроилнинг тўлиқ чиқиб кетиш вақтига оид аниқ муддат кўрсатилмаган. Ҳамас бу масалага аниқлик киритишни талаб қилиши мумкин.

13 октябр: Ҳамас гаровга олинган 20 исроилликни озод қилди, Трамп Қуддусга борди

2023 йил 7 октябрида гаровга олинган 48 ёшли Омри Миран рафиқаси билан кўришди

Сурат манбаси, Israel Defense Forces

Сурат тагсўзи, 2023 йил 7 октябрида гаровга олинган 48 ёшли Омри Миран рафиқаси билан кўришди

Ғазо бўлгасида Ҳамас ҳаракати гаровда тутиб турган барча тирик исроилликлар озод қилиндилар.

20 исроиллик Фаластин ҳудудида Ҳамас томонидан Қизил Хоч халқаро қўмитасига топширилди.

Қизил Хоч уларни Исроил Мудофаа кучларига топширди.

Ҳарбий базада саломатликлари текширилганидан кейин исроилликлар ўзларининг қариндошлари билан учрашганлар.

Тел-Авив шаҳридаги гаровга олинганлар хиёбонида кўп сонли одамлар тўпландилар, улар озод исроилликларни олқишлар билан кутиб олдилар.

Ғазода оламдан ўтган 28 исроилликнинг жасади келаётган кунлари Исроилга топширилиши хабар қилинди.

Исроил қамоқхоналарида сақланган фаластинликлар ўтирган автобуслар Рамаллоҳга етиб борди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил қамоқхоналарида сақланган фаластинликлар ўтирган автобуслар Рамаллоҳга етиб борди

Ғазо тинчлик келишувига кўра, Исроил қамоқхоналарида ушлаб турилган 1700 ғазолик, 250 фаластинлик ҳам шу куни озод этилди.

Фаластинликлар ўтирган автобуслар Рамаллоҳ шаҳрига етиб борди.

Қариндошлари ва дўстлари уларни хурсандчилик билан кутиб олдилар.

Тутқунларнинг айримлари умрбод қамоқ жазосини ўтаётган фаластинликлар.

Шифокорлар бундан олдин Исроил қамоқхонасида чиқиб келган маҳкумларнинг саломатлиги жуда абгор аҳволда бўлганини айтадилар.

Автобусдан тушиб келаётган айримларнинг юзида жароҳат изларини кўриш мумкин эди, айримлари юришга қийналарди.

АҚШ Президенти Доналд Трамп Қуддусга етиб борди.

Исроил парламенти Кнессет биносига кириб келган Президент Трамп, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, Мудофаа вазири Пит Ҳегсет, АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳакабини парламент депутатлари олқишлари билан кутиб олдилар.

Залда тўпланганлар Президент Трамп шарафига узоқ қарсак чалиб турдилар.

"Биз бу лаҳзаларни қанчалар узоқ кутдик? Ва мен сизга бутун халқ номидан миннатдорлик билдирмоқчиман", деди Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу.

Мен ишонаманки, Трамп раҳбарлиги Исроилнинг Араб мамлакатлари билан муносабатлари нормаллашишига ёрдам беради, деди Нетаняҳу.

Исроил парламент аъзолари Президент Трамп шарафига узоқ қарсак чалдилар.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил парламент аъзолари Президент Трамп шарафига узоқ қарсак чалдилар.

Исроил Кнессети қаршисида маъруза қилган Президент Трамп, 2023 йил 7 октябр ҳужумларини "яҳудийларни Ҳолокостдан кейинги энг даҳшатли таҳқирланиши" деб атади.

АҚШнинг Исроилга қўллаб-қувватловини мен янгилайман, деди у.

"Ҳам Исроил, ҳам фаластинликлар учун "узоқ ва оғриқли даҳшатли туш" энди охирига етди. Мана энди Исроил ва бутун Яқин Шарқ учун жуда ҳаяжонли вақт. Бутун Яқин Шарқ бўйлаб минтақани ўнлаб йиллар давомида бошбошдоқлик, террор ва вайронагарчиликка солиб келган кучлар бугунга келиб кучсизланди, яккаланди ва буткул мағлуб этилди. Биз туфайли цивилизациянинг барча душманлари чекинаяптилар", деди Президент Трамп.

Ғазо шаҳрида Ҳамас қуроллилари ва Ҳамасга душман бўлган Дуғмаш оиласи қуроллилари ўртасида қуролли тўқнашув рўй берган.

Отишма Иордан шифохонасида рўй берган.

Ғазо тиббиёт расмийларига кўра, Дуғмаш оиласининг 19 аъзоси ва саккиз Ҳамас жангчиси ҳалок бўлган.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

13 октябр куни АҚШ Президенти Доналд Трамп Мисрнинг Шарм аш-Шайх курорт шаҳрига бориши режаланган.

Шарм аш-Шайхда Араб саммити мўлжалланган.

Бу саммитга Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос, Британия Бош вазири Кир Стармер, яна 20 давлат раҳбарлари иштироки кутилаяпти.

Бу саммит Исроил билан Ҳамас ўртасида узоқ муддатли тинчликка эришиш масаласини муҳокама этиш мақсадини кўзлаган.

Ҳозирча Ҳамас билан ўт очишни тўхтатишга келишилган, сулҳга эмас.

10 октябр. Ҳамас билан тузилган оташкесим кучга кирди - Исроил қўшинларини Ғазо буфер ҳудудига олиб чиқмоқда

Ғазоликлар

Сурат манбаси, Getty Images

Исроил мудофаа кучлари жума куни тушдан сўнг маҳаллий вақт билан "қўшинлар янгиланган жойлашув чизиқлари бўйлаб позицияларни эгаллай бошлаганини" маълум қилди. Бу эса Ҳамас ва Исроил ўртасида тузилган келишувга мувофиқ оташкесим режими кучга кирганини англатади.

Пайшанба куни Исроил ҳукумати АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилигида қабул қилинган тинчлик режасини маъқуллади. Ҳужжатга кўра, Исроил армияси белгиланган позицияларни эгаллаган пайтдан бошлаб, Ҳамасга гаровдаги Исроил фуқароларни озод этиш учун 72 соат муҳлат берилади.

Исроил армияси Ғазо аҳолисини фақат рухсат этилган йўналишлар бўйлаб ҳаракатланишга чақирди ва исроиллик ҳарбийлар жойлашган ҳудудларга яқинлашмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Айни пайтда Исроил Мудофаа кучлари Ғазо бўлгасининг тахминан 53 фоизини назорат қилмоқда, назоратнинг катта қисми шаҳар марказларидан ташқарида жойлашган.

Исроил қўшинлари чекинаркан Ғазода Хамаснинг қуролли аъзолари кўриниш берган
Сурат тагсўзи, Исроил қўшинлари чекинаркан Ғазода Хамаснинг қуролли аъзолари кўриниш берган

Бу ҳудудга Ғазо сектори чегараси бўйлаб тўлиқ буфер ҳудуд, шу жумладан Филаделфия йўлаги (Миср ва Ғазо чегараси), Бейт-Ҳанун ва Бейт-Лаҳия (секторнинг шимолида), Ғазо шаҳрининг шарқий тоғли қисми, шунингдек Рафаҳ ва Хан-Юнуснинг катта қисми киради.

Исроил армиясининг араб тилидаги огоҳлантиришида шундай дейилади:

"Келишувга кўра, Исроил қўшинлари Ғазо секторининг маълум ҳудудларида жойлашган ҳолда қолади. Бу ердаги ҳарбийларга яқинлашманг. Бу сизни хавф остига қўяди".

Исроил Мудофаа кучлари Жанубий қўмондонликнинг ҳарбийлари белгиланган позицияларда эканини ва "ҳар қандай бевосита таҳдидни бартараф этишни давом эттираётганини" маълум қилди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги Исроил қўшинларининг янги келишилган чизиқлар бўйлаб жойлаштирилганини тасдиқлади.

"Гаровдагиларни озод қилиш учун белгиланган 72 соатлик муддат бошланди," — деб ёзди АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф "Х" платформасида.

Ҳозирча Исроил қўшинлари айнан қайси ҳудудлардан чиқарилаётгани ҳақида тўлиқ маълумот йўқ.

AFP агентлиги Ғазо фуқаролик мудофаа хизматидаги манбасига таяниб хабар беришича, ҳарбий техника Хан-Юнуснинг айрим қисмларидан ва Ғазонинг шимолий-шарқий чеккаларидан чиқарилган.

Сектор бўйлаб аҳоли ўз ҳудудларига қайтишга рухсат берилишини кутиб турибди.

Исроил матбуотининг ёзишича, кечадан бери Ғазо соҳили бўйлаб ал-Рашид йўлида тўпланиб турган юзлаб фаластинликлар сўнгги дақиқаларда шимол томон ҳаракатлана бошлаган.

Айни вақтда жума куни саҳардан Исроил ва Ғазо чегарасида тутун ўрлаётгани кузатилган.

Хабарларга кўра, жума куни Хан-Юнус артиллерия ўқига тутилган, шунингдек, Ғазонинг шимолида жойлашган Нецарим коридори атрофида отишма товушлари эшитилган.

9 октябр: Ҳамас ва Исроил келишдими – Трамп хурсанд

Фаластинликлар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Узоқ кутилган ютуқ икки йилу икки кун давом этган ва ўн минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган можарода мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига умид уйғотмай қолмаган.

АҚШ президенти "бу араб ва мусулмон олами учун ҳам БУЮК кун" эканини айтмоқда.

Ғазоликлар байрам қилишмоқда, уруш тугадими - видеоси қуйида илова қилинган, кўриш учун линкни босинг:

Трамп ва АҚШ Давлат котиби

Сурат манбаси, EPA/SHUTTERSTOCK

Сурат тагсўзи, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Оқ уйда бўлиб ўтган тадбирда Трампга келишув ҳақида маълум қилди.
Ўтказиб юборинг YouTube пост , 5
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 5

Дастлабки келишув

Дональд Трамп

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Доналд Трампнинг маълум қилишича, Исроил ва Ҳамас ўзининг Ғазо бўлгаси бўйича тинчлик режасининг биринчи қисмини амалга оширишга келишиб олишган.

АҚШ президентига кўра, бунга Мисрда кечган билвосита музокаралар натижасида эришилган.

"Мен Исроил ва Ҳамас тинчлик режамизнинг биринчи босқичини имзолашганини ғурур билан эълон қиламан. Бу – БАРЧА гаровга олинганлар тез орада озод қилиниши, узоқ муддатли, мустаҳкам ва доимий тинчлик сари илк қадамлар сифатида Исроил ўзининг кучларини келишилган чизиққача олиб чиқиши деганидир", - деб ёзди у Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Доналд Трампнинг баён қилишича, "бу араб ва мусулмон олами, Исроил, барча қўшни давлатлар ва АҚШ учун БУЮК кун".

АҚШ президенти шундай деркан, "ушбу тарихий ва мисли кўрилмаган воқеани амалга оширишда ўзлари билан бирга ишлаган Қатар, Миср ва туркиялик воситачиларга ҳам миннатдорлик билдирган".

Кеча, чоршанба куни Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнер ҳам Ғазо бўлгаси бўйича Мисрдаги тинчлик музокараларига қўшилган.

Маслаҳатлашувларда Қатар Бош вазири ва Туркия разведка бошқармаси раҳбари ҳам иштирок этганди.

Трампнинг тинчлик режасига Россия Президенти Владимир Путин умид билдирган, Озарбайжон ва Қозоғистон ҳам уни қўллаб-қувватлаган.

Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатлари Исроил-Фаластин можароси, Ғазо бўлгасидаги сўнгги вазиятга бефарқ эмас.

Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам, йилларки, ўзининг халқаро минбарлардаги чиқишларида минтақадаги ҳолатга эътибор тортиб келади.

Ўзбекистон раҳбари 7 октябр куни Туркий давлатлар ташкилотининг Габаладаги саммитида қилган чиқишида ҳам "Ғазо фожиаси"ни алоҳида тилга олиб ўтган.

Шавкат Мирзиёев, "дунёдаги энг оғриқли муаммолар, Евроосиё минтақасида авж олаётган ва охири кўринмаётган низо ва урушлар, албатта, ўзларига ҳам салбий таъсирини кўрсатаётганлиги"ни айтган.

Ўзбекистон президенти, "Ғазо секторидаги фожиа, Украина атрофидаги вазият, Эроннинг ядро дастури муаммоси, Афғонистоннинг барқарорлиги масалалари барчаларини жиддий ташвишга солаётганлиги"ни билдирган.

Олинаётган хабарларга кўра, Қозоғистон президенти Мисрдаги келишувни ҳам минтақадан биринчилардан бўлиб дастаклаб чиққан.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Мисрдаги билвосита музокаралар чоғида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича эришилган келишувни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Бу ҳақда Қозоғистон президентининг матбуот котиби ўзининг Телеграмдаги каналида маълум қилган.

Унинг постидан маълум бўлишича, Қозоғистон президенти, "Миср, Қатар ва Туркиянинг воситачилик саъй-ҳаракатлари самарали бўлгани, шунингдек, Президент Доналд Трамп бошчилигидаги АҚШнинг Яқин Шарқда мустаҳкам тинчликка эришиш бўйича музокаралар жараёнига қўшган алоҳида ҳиссасини ҳам қайд этган".

Бугун, 9 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу хусусда баёнот берган.

"Ўзбекистон Республикаси АҚШ Президенти Доналд Трампнинг бевосита кўмагида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод этиш бўйича эришилган келишувни олқишлаши"ни билдирган.

"Ўзбекистон Республикаси Яқин Шарқда тинчлик, барқарорлик ва гуманитар енгилликни таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларга конструктив ҳисса қўшишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлаши"ни баён қилган.

Бундан аввал Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов ҳам АҚШнинг Ғазодаги урушни тўхтатиш режасини қўллаб-қувватлашини айтганига оид хабарлар олинган.

Маълум бўлишича, Абдулазиз Комилов "Ўзбекистон 24" телеканалининг "Давра" подкастида, "Тошкент ва Вашингтоннинг қатор минтақавий ва глобал масалалар бўйича қарашлари тобора яқинлашиб бораётганлиги"ни таъкидлаган.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси президент Шавкат Мирзиёевнинг Ғазодаги вазият бўйича мавқеини мисол қилиб келтирган.

"Ҳурматли президент Ғазода содир бўлаётган воқеалар масаласини жуда кескин кўтарди. У муаммога ечим топиш, бу қарама-қаршилик ва зўравонликни тўхтатиш зарурлиги ҳақида таклифлар билан чиқди. Чиндан ҳам, бошқа давлатлар таъкидлаганидек, у ерда очиқдан-очиқ геноцид содир бўлмоқда," — деб айтган.

Ўзбекистон президенти
rasmiy
G‘azo sektoridagi fojia, Ukraina atrofidagi vaziyat, Eronning yadro dasturi muammosi, Afg‘onistonning barqarorligi masalalari barchamizni jiddiy tashvishga soladi...
Shavkat Mirziyoyev
O‘zbekiston Prezidenti (batafsil: bbc.com/uzbek da)

Акс-садолар

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ҳамас томонидан гаровга олинганларнинг тез орада уйларига қайтишларини айтган.

Унинг бу хусусдаги баёнотида, "Худонинг кўмаги билан биз улар барчасини уйларига қайтарамиз", дейилган.

Исроил Бош вазири кейинроқ яна бир баёнот билан чиққан.

Бинямин Нетаняҳу Ғазо бўйича келишувнинг биринчи босқичини маъқуллаш учун ҳукумат йиғинини чақиришга ҳам ваъда берган.

Исроил Вазирлар Маҳкамаси йиғинининг бугун, пайшанба куни бўлиб ўтиши кутилаётир.

Оқ уйда эса журналистларга гаровдагиларнинг келаётган душанба кунидан бошлаб қўйиб юборилишлари мумкинлиги айтилди.

Музокараларга воситачилик қилган томонларнинг айтишларича, Исроил ва Ҳамас Ғазога инсонпарварлик ёрдамини киритиш масаласида ҳам келишиб олишган.

Ҳамас вакиллари, ўз навбатида, "Ғазодаги урушни тугатиш бўйича келишув"га эришилганини эълон қилишган ва Трампни Исроилни унга тўлиқ риоя қилишга мажбурлашга чақирганлар.

Биринчи босқичда жангарилар гаровдаги қолган 20 кишини озод қилади, дея хабар бермоқда "Франс-Пресс" ахборот агентлиги музокараларга яқин бўлган фаластинлик манбага таяниб.

BBC нинг АҚШ Давлат департаменти қошидаги мухбири Том Бейтманнинг айтишича, Доналд Трамп кеча, чоршанба куни кечқурун шу дам олиш кунлари Мисрга учишни режалаштираётганини билдирган.

Кейинроқ унинг маъмурияти ходимлари бу ишнинг, ҳаттоки, эртага, жума куни амалга ошиши мумкинлигини ҳам айтишган.

Дунё етакчилари, фаластинликлар ва исроилликлар сўнгги янгиликни олқишлашган.

Аммо келишув тафсилотлари кам ва Ғазони ким бошқариши каби муҳим кейинги қадамлар ҳали муҳокама қилиниши керак.

Узоқ кутилган ютуқ икки йилу икки кун давом этган ва ўн минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган можарода мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига умид уйғотмай қолмаган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
8 октябр. Миср: Нега Исроил ва Ҳамас музокаралари натижа бермаяпти?
Жаред Кушнер ва Стив Виткофф музокараларга қўшилиши кутилади.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Жаред Кушнер ва Стив Виткофф музокараларга қўшилиши кутилади.

Мисрда Исроил ва Ҳамас ўртасида ўтаётган тинчлик музокараларига бугун АҚШнинг махсус вакили Стив Виткофф ва Президент Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер бориб қўшилади.

Билвосита музокараларнинг иккинчи куни сешанба куни сезиларли натижаларсиз якун топди, деди жараёндан хабардор бўлган Фаластин расмийси Би-би-сига.

Исроилликлар 7 октябрь ҳужумларининг иккинчи йиллигини хотирлашар экан, Трамп кўтаринки кайфиятда кўринди ва «Яқин Шарқда тинчликка эришиш имкониятимиз бор», деди.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху музокаралар қандай кетаётгани бўйича фикр билдирмади, лекин бу кунлар исроилликлар учун ўта муҳимлигини айтди.

Х даги постида у исролликлар ўзларининг урушдаги мақсадлари ортидан ҳаракат қилишда давом этишларини билдирди: «Барча асирларни қайтариш, Ҳамас режимини йўқ қилиш ва Ғазо энди ҳеч қачон Исроилга ҳавф туғдирмаслиги ваъдасига эришиш».

Би-би-сига гапирган манбага кўра, Виткофф ва Кушнер сешанба куни АҚШдан учиб кетишган ва чоршанба Мисрга қўнишлари кутилади.

Музокараларнинг асосий воситачиси деб кўрилган Қатар Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдул Раҳмон Ал Тани ҳам музокараларга қўшилиши мўлжалланган.

Шунингдек, Туркия хавфсизлик хизмати раҳбари музокараларда иштирок этади.

Жараёндан хабардор бўлган юқори даражали Фаластин расмийсининг Би-би-сига айтишича, билвосита музокараларнинг кечки раунди сешанба куни маҳаллий вақт билан 19:00 да бошланган.

Музокараларда Ҳамас томонидан қатнашаётган Ҳалил ал-Ҳайяни ўтган ой Исроил Қатарда ўлдиришга уринганди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Музокараларда Ҳамас томонидан қатнашаётган Ҳалил ал-Ҳайяни ўтган ой Исроил Қатарда ўлдиришга уринганди.

Унга кўра, эрталабки раунд Исроилнинг Ғазодан чиқиб кетишига оид таклиф қилган хариталари ва келишувдан сўнг Исроил яна жангларни бошламаслиги бўйича Ҳамас истаётган кафолатлар борасидаги келишмовчиликлар сабаб сезиларли натижаларсиз тугади.

Унга кўра, музокаралар қийин кечяпти ва ҳали аниқ бурилиш ясамади, лекин воситачилар икки томон ўртасидаги тафовутларни қисқартириш йўлида қаттиқ ишлашяпти.

Аввалроқ, Фаластин расмийси музокаралар бешта муҳим нуқтага диққатни қаратаётганини билдирган: доимий оташкесим, Ҳамас қўлидаги асирларнинг фаластинлик маҳкумлар ва ғазолик маҳбусларга алмашиш, Исроил кучларининг Ғазодан чиқиб кетиши, инсонпарварлик ёрдамларининг киритилиши ва урушдан сўнгги Ғазо бошқаруви.

Алоқадор мавзулар:

Ўтган ой Қатар пойтахтида Исроил томонидан нишонга олинган Ҳамас бош музокарачиси Ҳалил ал-Ҳайя Мисрга боғлиқ Ал Қаҳера Нюс ТВ каналига айтишича, Ҳамас "жиддий ва масъулиятли музокаралар" ўтказиш учун келган.

Унинг айтишича, Ҳамас келишувга эришишга тайёр, лекин Трамп ва халқаро ҳамжамиятдан уруш тугаши ва яна қайта бошланмаслигига "аниқ кафолатлар"ни истайди.

Исроилда ўтказилган сўровларга кўра, 70 фоиз исроилликлар асирлар қайтарилиши эвазига уруш якун топишини исташади.

Исроил ҳарбийлари 2023 йил 7 октябрида Исроил жанубига Ҳамас бошчилигида қилинган ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирди. Ҳамас уюштирган ҳужумда 1200 га яқин одам ҳалок бўлган ва 251 киши гаровга олинганди.

Ҳудуднинг Ҳамас томонидан бошқариладиган соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўшандан бери Ғазода Исроил ҳарбий амалиётлари натижасида камида 67 173 киши ҳалок бўлган, улардан 20 179 нафари болалар.

Унинг рақамлари БМТ ва бошқа халқаро идоралар томонидан ишончли деб ҳисобланади.

Вазирликнинг билдиришича, уруш бошланганидан бери яна 460 киши тўйиб овқатланмаслик оқибатларидан ҳалок бўлган.

БМТ қўллаб-қувватловчи ташкилот Ғазо бўйлаб ярим миллиондан ортиқ одам "очлик, қашшоқлик ва ўлим" шаклидаги "ҳалокатли" шароитларга дуч келганини айтди.

Нетаняху бир неча бор Ғазода очарчилик рўй бераётганини рад этган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тергов комиссияси ўтган ой Исроилнинг Ғазода фаластинликларга қарши геноцид қилганини айтди, Исроил ташқи ишлар вазирлиги ўз ҳисоботида буни "ёлғон" дея қатъиян рад этди.