"Ўзбекистон президенти оиласидаги нифоқ унинг тизими мўрт эканини кўрсатди" - Carnegie Endowment

Сурат манбаси, Reuters
"Ўзбекистон раҳбари ҳеч кимга таяна олмайди: у Каримов давридан қолган амалдорларга ишонмайди, ўзининг жамоаси ҳали етарлича кучли эмас, қариндошлари эса ўзаро нифоқ билан овора", деб ёзади қароргоҳи Вашингтонда жойлашган нуфузли Carnegie Endowment тадқиқот маркази.
Мақолага кўра, Президент Шавкат Мирзиёев атиги 9 йил давлат тепасида бўлганига қарамай, қудрат алмашинуви ҳақида гап-сўзлар бошланган. Унда ёзилишича, президентнинг куёви Отабек Умаров ўз қайнотасининг ўрнига кўз тиккан.
"Гап-сўзлар президентнинг собиқ маслаҳатчиси Комил Алламжонов Мирзиёевга элита орасида ўсиб бораётган қудрат талашиш ҳақида ҳисобот берганидан бир кун ўтиб ўз жонига суиқасд ҳаракати қилинишидан кейин бошланди. Бармоқлар Мирзиёевнинг шахсий хавфсизлик хизмати раҳбари муовини бўлиб ишлаган куёви Отабек Умаровга ўқталди", - дейилади мақолада.
Таҳлилий мақола бу можаро ҳақида ҳануз кўп нарса ноаниқ қолаётганини тан олади, аммо президентнинг энг яқин қариндошлари орасида қақшатқич жанг кетаётгани аниқ, дейди.

Сурат манбаси, EPA
Муаллиф Алламжоновга ўтган йил октябрда ўқ отилиши, бу воқеадан бир неча ой олдин у кутилмаганда президент администрациясидаги лавозимидан истеъфога чиқиши, ҳамда унинг президент қизига яқинлиги ҳақида ҳам ёзади.
"Алламжонов президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёевага сиёсий устоз ҳисобланади. Мирзиёеванинг расмий мақоми – президент ёрдамчиси, лекин аслида, у президент администрациясини бошқаради", дейилади Carnegie Endowment мақоласида.
Унга кўра, Мирзиёев собиқ Президент Ислом Каримов сиёсатидан ўзини йироқлаштиришга уринган бўлса-да, унинг ўз қариндошларини ҳукуматга аралаштиришдаги хатоларидан сабоқ чиқармаган. Ахир у Каримовнинг бутун бошли коррупцион империя қурган қизи Гулноранинг қулаши ва қамалишига гувоҳ бўлган эди-ку, дейди муаллиф.
Мақолада ёзилишича, президент оиласига бу қадар яқин бўлган шахснинг ҳаётига суиқасд уюштирилганидан икки ой ўтиб, можарога Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг аралашиши президент оиласи ичида йирик бўлинишни келтириб чиқарди.
"Қодиров Телеграм каналида суиқасд амалидаги чеченлар иштирокини рад этди, ва агар масъул бўлса, охиригача олиб борган бўлишини айтди. Қодиров, шунингдек, Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳнозанинг эри Отабек Умаровнинг гўёки суиқасд ишига алоқаси борлигидан шубҳаланишини изҳор қилди. У ўз Телеграм постини Алламжоновга нисбатан таҳдид билан якунлади", дейилади мақолада.
Мирзиёев ўзининг асосий рақиби, Каримов қўли остида узоқ йиллар хавфсизликни бошқарган Рустам Иноятовни қулатиш учун имконқадар кўп яқин одамларга муҳтож эди.
Таҳлилчи Қодировнинг Умаровни шахсан танишини айтганига, ҳамда Қодиров икки марта - 2017 ва 2024 йилларда – Ўзбекистонга ташриф буюрганида Умаров томонидан кутиб олингани ва Умаров унга ҳамроҳлик қилганига эътиборни қаратади.
Қодировнинг постидан сал аввал Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳужумга алоқадорликда икки чечен Россия фуқароси: Бислан Расаев ва Шамил Темирхановлар қидирилаётганини эълон қилди. Терговчиларга кўра, икковлонга ҳужум учун 1,5 миллион доллар ваъда қилинган. "Ҳужум амалга ошмагач, уларнинг автомобили Фарғонада эгалари Умаровга алоқадор тунги клубга яқин жойда топилган. Шу сабабдан, президент куёвининг номи бу суиқасд ҳаракатига боғлиқликда янграй бошлади", дейилади мақолада.
Carnegie Endowment суиқасд ҳаракатидан бир ой ўтиб Умаров президент хавфсизлик хизматидаги лавозимидан бўшатилгани, унга боғлиқ қатор юқори даражали куч-ишлатар расмийлар ҳам ишдан олинганига эътиборни қаратган.

Сурат манбаси, Reuters
"Ишонилишича, Умаров, аввалига Мирзиёевнинг оқ фотиҳаси билан, мамлакатнинг хавфсизлик блокига норасмий куратор бўлишни истаган. Чунки ҳукмронлигининг бошида президент ўзининг асосий рақиби, Каримов қўли остида узоқ йиллар хавфсизликни бошқарган Рустам Иноятовни қулатиш учун имконқадар кўп яқин одамларга муҳтож эди. Аммо, кўп ўтмай, Умаров ўз қайнотасининг манфаатлари учун ишлашни тўхтатди, ҳамда ўз сиёсий ва бизнес манфаатларини илгари суриб ўзининг вертикал қудратини қура бошлади. У банк, кўчмас мулк, нефть ва газ, фармацевтика ва шакар ишлаб чиқаришда йирик акцияларга эга бўлди", дейилади мақолада.
Унга кўра, Умаров президентликка кўз тиккани ва қайнотасининг жойини эгаллашни режалаштиргани ишонилади.
"Кейин нима бўлди: президентнинг кенжа қизи қўлида қудрат ошиб кетмаслиги учун унинг тўнғич қизи Саида ишга аралашди. Алламжонов билан биргаликда у Умаров ва унинг "офис"и ҳаддан ташқари кўп таъсир йиғаётгани ҳақида отасига ҳисобот тайёрлаб берди. Бу ҳисоботдан кейиноқ Умаров бўшатилди ва Алламжонов ҳаётига суиқасд уюштирилди", дейди Carnegie Endowment таҳлилчиси.
Мақола Мирзиёвнинг оиласида деярли барча яқинлари, шу жумладан қудалари сиёсатга аралашганларини ёзади.
"Мирзиёевнинг рафиқаси Зироат Ҳошимова, расман хайрия билан шуғулланса-да, биронта муҳим сиёсий тайинлов унинг розилигисиз амалга оширилмайди. Куёви Умаровни ҳам Ҳошимова кўтарган. Умаровнинг аёли Шаҳноза Мирзиёева Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига раҳбарлик қилади. Мирзиёевнинг кўплаб бошқа қариндошлари сиёсатга тўғридан-тўғри аралашган бўлишмаса-да, йирик бизнес мулклар ва саноат компанияларига эгалик қилишади", дейилади мақолада.
Муаллифнинг ёзишича, Мирзиёев иқтисод, молия ва IT соҳаларига ёш мутахассисларни ишга олиб ўз раҳбарлар жамоасини тузишга ҳаракат қилди, аммо Алламжонов ҳаётига уюштирилган суиқасд ҳаракати президентнинг қариндошлари ўз жойларини қўлдан бой беришга тайёр эмасликларини намойиш қилди.
"Натижа шуки, Мирзиёев салкам 10 йиллик президентлиги даврида қурган тизим кўзга кўринганидан анча мўрт бўлиб чиқди. Ўзбек лидери ҳеч кимга таяна олмайди: у Каримов давридан қолган амалдорларга ишонмайди; ўзининг жамоаси ҳали етарлича кучли эмас; қариндошлари эса ўзаро урушлар билан оворалар", дея хулоса қилади Carnegie Endowment таҳлилчиси.












