"Рустам бобо фуқароликдан чиқдими?" – Ўзбекистонликлар собиқ МХХ раиси Рустам Иноятовнинг "Вануату паспорти" хабари ҳақида нима демоқда?

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Собиқ Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов ва унинг бир қанча оила аъзолари инвестиция киритиш эвазига Вануату паспортини олгани айтилган хабар чиқди. Бу хабар зумда ўзбекистонликлар эътиборига тушган, ҳафтанинг қизғин муҳокама мавзусига айланган.
Францияда асосланган Intelligence Online нашри сармоя киритиш эвазига Вануату давлати фуқаролигини олган шахслар бўйича суриштирув натижаларини эълон қилган.
Нашр журналистларининг қайд этишича, 2022-2023 йилларда олигархлар, бизнесменлар, миллиардерлардан иборат икки мингга яқин инсон Тинч океани жанубида жойлашган бу орол давлат фуқаролигини олган ва улар орасида Иноятов ҳам мавжуд.
Intelligence Online мазкур рўйхат расмий маълумотлар асосида шакллантирилганини таъкидлаган.
Вануату маълум миқдордаги инвестиция киритиш эвазига хорижликларга мамлакат фуқаролигини расман сотади.

Сурат манбаси, Screenshot/Intelligence Online
"Олтин паспорт" номи билан ҳам машҳур мазкур ҳужжатни қўлга киритган шахслар, турли давлатлар паспортлари кучини "ўлчаб борувчи" Passport Index маълумотларига кўра – 2025 йил февраль ойи ҳолатида – 47 мамлакатга визасиз бориш ва 46 давлатга чегарада виза олган ҳолда кириш ҳуқуқига эга.
"Бир нечта марказий осиёлик таниқли шахслар ҳам ушбу "олтин паспорт"ларга эга бўлиб, улар орасида 1995 йилдан 2018 йилгача Ўзбекистон СНБ (Миллий хавфсизлик хизмати)ни бошқарган Рустам Иноятов ҳам бор. Собиқ махфий хизмат раҳбари ва унинг бир неча оила аъзолари 2023 йилда Вануату паспортини олишган. Жумладан, Ўзбекистон ва Россияда қишлоқ хўжалиги ҳамда кўчмас мулк соҳаларига асосланган империяни бошқараётган унинг [Рустам Иноятовнинг – таҳр.] ўғли Шариф Иноятов ҳам", дейилади 25 февраль куни эълон қилинган Intelligence Online суриштирувида.
Эслатиб ўтамиз, BBC Рустам Иноятов ва унинг оила аъзоларига оид мазкур хабарни мустақил тасдиқлатиш ёки рад этиш имконига эга эмас.
Шу билан бирга BBC бу мавзуда барча томонлар муносабати учун очиқлигини яна бир бор эслатиб ўтади.
"Бир вақтлар бизга ОВИР бермаган эди"

Сурат манбаси, Screenshot/Google Trends
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти бу хабарга зудликда эътибор қаратган.
Ўзбекистонликлар 2018 йилга қадар мамлакатдаги энг қудратли сиёсий шахслардан бири ўлароқ кўрилган Иноятов борасидаги хабарни кескин танқид, киноя ҳам ҳазил-мутойиба ўлароқ қабул қилган.
Айрим маҳаллий нашрлар ҳам буни ёритган, аммо улар орасида энг номи чиққанларидан бири – Kun.uz кейинроқ ўз мақоласини ўчириб ташлаган.
Рустам Иноятов билан боғлиқ бу хабар ортидан "Вануату" 27-28 февраль кунларида Ўзбекистонда туриб интернетда энг кўп қидирилган калит сўзга айланган.
Google Trends маълумотларига таянилса, ўзбекистонликларнинг "Вануату" сўзига бўлган қизиқиши бир сутка ичида минг фоиздан зиёдга ўсган.
Кўплаб фойдаланувчилар бу давлат ҳақида биринчи бор эшитаётганини билдирган.
"Kun.uz'дан мақола ўчирилди, зато баҳонада Вануату деган давлат борлигини билиб олдик", ҳазил қилган Facebook фойдаланувчиси.
Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ушбу хабарни "Рустам бобо Ўзбекистон фуқаролигидан чиқдими?" дея савол билан қаршилаган.
"2007 йили СССР Олий советининг собиқ депутати, мухолифатчи Пўлат Охун Швеция фуқаролигига эга, деган важ билан Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилган эди. Ўшанда Пўлат аканинг манфаатларини судда ҳимоя қилганман".
"Билишимча, 2007 йилдан бери Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғриси" даги Қонуни ўзгаргани йўқ. Яъни, Ўзбекистон ўзга мамлакат ватандошлигини тан олмайди ёки ўзга мамлакатдан фуқаролик олган шахс ватанимиз фуқароси ҳисобланмайди. Шунда Рустам Расулович Ўзбекистон ватандошлигини йўқотган бўладими ёки Пўлат Охунга қонун бошқачароқ ишлаганмиди?", ўртага савол ташлаган Ташанов Facebookʼдаги ўз саҳифасида.
(Маълумот ўрнида: "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонуннинг 25-моддаси "Д" бандига кўра, "..агар шахс ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса", бу Ўзбекистон фуқаролигининг йўқотилишига асос бўлиши мумкин. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси вакили, консул Даврон Алиакбаровнинг Gashtak подкастида қилган чиқишида тушунтиришича, бундай ҳолатда фуқароликдан чиқиш шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш учун ўрнатилган тартибда қилган мурожаати асосида амалга оширилади.
Қонунчиликда бошқа давлат фуқаролигини олишга қаршилик мавжуд эмас, аммо Ўзбекистон ўз фуқаросининг иккинчи давлат томонидан берилган фуқаролигини тан олмайди ҳам.)
Vanuatulik akalarga xizmat qilayotganlar bilib olishi kerakki, siz Oʻzbekistonga xizmat qilmayapsiz. Siz oʻzbek xalqining manfaatlari uchun xizmat qilmayapsiz.
Турли гуруҳлардаги муҳокамалар остида қолдирилган изоҳларда фойдаланувчилар турли тахмин-фаразларни илгари сурган.
"Суришга тайёргарлик", дейилади маҳаллий нашрлардан бирининг пости остида қолдирилган изоҳда.
Шунингдек, "сиёсатчиларнинг қўшфуқаролиги ажабланарли эмас"лигини таъкидлаганлар ҳам кўп бўлган.
"Бу одам Ўзбекистондаги энг қудратли одам. Бу одамга президентни ҳам кучи етмайди деб бир бирини қулоғига пичирлаётганларни эшитганман. Манимча, Ўзбекистон ҳукуматидагиларни хар бирида ва уларнинг оила аъзоларида чет элдаги бирорта давлат фуқаролиги бор. Ҳеч бўлмаса Россия фуқаролиги бор", ўз фаразини ўртага ташлаган бошқа бир фойдаланувчи.
Бир вақтнинг ўзида, кескин танқидий қарашлар илгари сурилган фикр-изоҳлар ҳам кўп учраган.
"Вануатулик акаларга хизмат қилаётганлар билиб олиши керакки, сиз Ўзбекистонга хизмат қилмаяпсиз. Сиз ўзбек халқининг манфаатлари учун хизмат қилмаяпсиз. Сиз шу юрт, шу ватан учун хизмат қилмаяпсиз", ёзган таниқли тармоқ фаоли Обиджон Латипов.
Жасур Мавлянов исмли фойдаланувчи эса ушбу хабар манзарасида ўзбекистонликлар хорижга чиқиш учун олишга мажбур бўлган ва 2019 йил 1 январига қадар амалда бўлган махсус рухсатнома – ОВИРни ёдга олган.
"Биласизми нима алам қилади? Шу Вануатунинг паспортини олган одамлар бизга вақтида ОВИР беришни ҳам истамаган. Айнан шуларни деб биз тарқалиб кетдик. ******, *****ларни деб. ОВИР учун суҳбатга киргандим бир марта, кўз олдимда иккита ўқимаган погонлик, столида турган паспортларни келажагини шунчаки осмондан олиб "бунга берамиз, бунга бермаймиз" қилиб белгилаб турганди. Ҳеч эсимдан чиқмайди…", ёзган тармоқ фойдаланувчиси.
Таниқли иқтисодчи Отабек Бакиров эса Вануату паспорти билан дунё бўйлаб ҳаракатланиш нисбатан эркинроқ деган қарашга у қадар қўшилмаслигини билдирган.
"Вануату фуқароларига Европа иттифоқи визасиз режимни бекор қилган, қизиқиб, 130 мингга паспорт олиб юрманглар. Россия, Эрон ва Беларусга визасиз бориш учун Ўзбекистон паспортиям кифоя қилади :)", ёзган у Х'даги саҳифасида.
Вануату қандай давлат ўзи?
Австралиянинг шимолий-шарқида жойлашган ва 80 дан зиёд ороллар йиғиндисидан иборат Вануатунинг умумий майдони Тошкент вилояти ҳудудидан ҳам кичикроқ – 12,1 минг квадрат километр.
Мамлакат 1980 йилда Британия ва Франция мустамлакасидан озод бўлган.
300 мингдан кўпроқ аҳолининг катта қисми қишлоқ ҳудудларда яшайди ва қишлоқ хўжалиги билан банд.
Вануатуликлар турли сўровномаларда тез-тез "жаҳондаги энг бахтли аҳоли" экани қайд этиб турилади. Шунингдек, мамлакат экологик жиҳатдан яшаш учун энг қулай ҳудудлардан бири саналади.












