Иноятов Президент маслаҳатчиси этиб тайинланди

Сурат манбаси, kun.uz
МХХнинг эндиликда собиқ раиси Рустам Иноятов Президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 январдаги ПФ-5317-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 24 бандига мувофиқ Рустам Расулевич Иноятов Ўзбекистон Республикаси Президентининг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланди, шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Раиси лавозимидан озод этилди", дейилади расмий хабарда.
73 ёшли Иноятов 31 январь куни МХХ раиси лавозимидан бўшатилгани хабар қилинган.
Собиқ совет КГБсидан чиққан Иноятов МХХга 22 йил раҳбарлик қилган.
У Ўзбекистондаги энг қудратли шахслардан бири ва ўз вақтида президентликка даъвогар сифатида кўрилган.
Каримов вафотидан кейинги сиёсий ҳокимият ўтиш жараёнида Иноятов энг муҳим шахс бўлгани айтилади.
Президент Мирзиёев билан МХХ раҳбари ўртасида қудрат учун зимдан кураш кетгани ҳақида фаразлар кенг тарқаганди.
Ғарб нашрлари Иноятовнинг Eвропадаги бизнес манфаатлари ҳақида ёзган.
Ўтган йил декабрида Шавкат Мирзиёев МХХни тубдан ислоҳ қилишга ваъда берган.
Тошкентдаги манбаларнинг айтишича, 31 январь куни куч тизимлари раҳбарлари иштирокида ўтган видеоселекторда Президент Мирзиёев МХХ фаолиятини кескин танқид қилган.
51 ёшли собиқ бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев МХХ раиси лавозимига тайинланган.
Унинг ўтмишда махсус хизматларга алоқаси бўлмагани айтилади.
Ихтиёр Абдуллаев ўрнига президентнинг давлат маслаҳатчиси Отабек Муродов республиканинг янги Бош прокурори этиб тайинланган.
Рустам Иноятов эндиликда Муродовнинг ўрнини эгаллайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












