Бу қизиқ: Толибон камералар орқали миллионлаб одамни қандай кузатмоқда?

Ўнлаб телеэкранлар билан ўралган гавжум бошқарув марказида Толибон полицияси миллионлаб одамнинг кундалик ҳаётини кузатадиган 90 000 та CCTV камерадан иборат янги тармоғини фахр билан намойиш этмоқда.
"Биз бу ердан бутун Кобул шаҳрини кузатиб турамиз," дейди Толибон полицияси бошлиғи сўзчиси Холид Задран экранлардан бирини кўрсатиб.
Расмийлар таъкидлашича, бундай кузатув жиноятчиликка қарши курашга ёрдам беради, аммо танқидчилар унинг норозиликни бостириш ва Толибон ҳукумати жорий этган қатъий ахлоқ кодексини назорат қилиш учун ишлатилишидан хавотирда.
Би-би-си ушбу тизимни кўришга рухсат берилган биринчи халқаро оммавий ахборот воситасидир.
Кузатув хонасида полициячилар қатор ўтириб, минглаб камералардан узатиладиган жонли тасвирларни кузатади ва Кобулда яшовчи олти миллион киши ҳаётини назорат қилади.
Автомобил давлат рақамидан тортиб, юз ифодасигача – ҳамма нарса назорат остида.
"Баъзи маҳаллаларда одамлар тўпланганини кўриб, улар гиёҳванд моддалар истеъмол қилаётган, жиноий фаолият билан шуғулланаётган ёки шубҳали ҳаракатлар қилаётган бўлиши мумкин деб ўйласак, дарҳол маҳаллий полицияга хабар берамиз," дейди Задран.
"Улар тезда етиб бориб, тўпланиш сабабини текширишади."
Аввалги ҳукумат даврида Кобул ҳар куни Толибон ва "Ислом давлати" жангариларининг ҳужумлари, шунингдек, юқори даражадаги одам ўғирлаш ва автомобиль ўғирлаш хавфи остида эди. 2021 йилда Толибон ҳокимиятни қайтариб олганида, улар жиноятчиликка қарши қаттиқ чоралар кўришга ваъда беришди.
Пойтахтда кузатув камералари сони кескин кўпайиши Толибоннинг қонун ва тартибни таъминлаш усули тобора такомиллашиб бораётгани белгисидир. Уларнинг қайтишидан олдин пойтахтда атиги 850 та камера бор эди, деб маълум қилди ҳокимиятдан четлатилган хавфсизлик кучлари вакили.
Бироқ, сўнгги уч йил ичида Толибон ҳукумати одамларнинг, айниқса, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи бир қатор қаттиқ чораларни ҳам жорий этди. Толибон ҳукуматини ҳозирга қадар бошқа бирор давлат расман тан олмаган.

Би-би-сига Кобулда кўрсатилган кузатув тизими одамларни юзидан таниб олиш орқали кузатиш имкониятига эга. Битта экран бурчагида ҳар бир юзнинг ёши, жинси ва соқол ёки юз ниқоби бор-йўқлиги бўйича таснифланган тасвирлар пайдо бўлади.
"Ҳаво очиқ кунларда биз [километрлар наридаги] одамларни яқинлаштириб кўришимиз мумкин," дейди Задран гавжум транспорт чорраҳасига қаратилган баланд жойга ўрнатилган камерани кўрсатиб.
Толибон ҳатто ўз ходимларини ҳам кузатади. Назорат-ўтказиш пунктида аскарлар машинанинг юкхонасини текшириш учун очганларида, операторлар линзаларини созлаб, ичидаги нарсаларни синчиклаб текшириш учун яқинлаштиради.
Ички ишлар вазирлиги таъкидлашича, камералар "хавфсизликни яхшилаш, жиноятчиликни камайтириш ва ҳуқуқбузарларни тезда қўлга олишга сезиларли ҳисса қўшган." Қўшимча қилинишича, видеокузатув ва мотоцикл назорати жорий этилиши 2023-2024 йилларда жиноятчилик даражасининг 30 фоизга пасайишига олиб келган, бироқ бу рақамларни мустақил равишда текшириш имкони йўқ.
Бироқ, ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ким ва қанча вақт давомида назорат қилинишидан хавотирда.
Халқаро Амнистия ташкилоти таъкидлашича, "миллий хавфсизлик" ниқоби остида камералар ўрнатиш "Толибонга Афғонистондаги одамларнинг, айниқса, жамоат жойларидаги аёлларнинг асосий ҳуқуқларини поймол қилувчи шафқатсиз сиёсатини давом эттириш учун имконият яратади."
Қонунга кўра, гарчи амалда қатъий назорат қилинмаётган бўлса-да, аёлларнинг уйдан ташқарида овози эшитилмаслиги керак. Ўсмир қизларнинг ўрта ва олий таълим олишига йўл қўйилмайди. Аёллар кўплаб иш турларидан четлатилган. Декабрь ойида доя ва ҳамшира бўлиб ўқиётган аёллар Би-би-сига дарсларга қайтмаслик буюрилганини айтишди.
Кобул каби шаҳарларда аёллар кўчада юрган бўлса-да, юзларини ёпиб юришлари шарт.
Kuzatuv kameralaridan ayollarning hijobini nazorat qilish uchun ham foydalanilishi mumkinligi haqida katta xavotir mavjud.
Кобулда ота-онаси билан яшайдиган ёш битирувчи Фариба* Толибон ҳокимиятга келганидан бери иш топа олмаяпти. У Би-би-сига айтишича, "кузатув камералари аёлларнинг ҳижобларини [пардаларини] назорат қилиш учун ишлатилиши мумкинлигидан жиддий хавотир мавжуд."
Толибоннинг айтишича, кузатув камералари тизимига фақат шаҳар полицияси кириши мумкин ва Толибоннинг ахлоқ полицияси – Эзгуликни тарғиб қилиш ва ёмонликнинг олдини олиш вазирлиги ундан фойдаланмайди.
Аммо Фариба камералар Толибон ҳукмронлигига қарши бўлганларни янада хавф остига қўйишидан хавотирда.
"Кўплаб шахслар, айниқса, собиқ ҳарбийлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва норозилик билдираётган аёллар эркин ҳаракатланишга қийналади ва кўпинча яширин яшашга мажбур бўлишади," дейди у.
"Кузатув камераларидан аёлларнинг ҳижобини назорат қилиш учун ҳам фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида катта хавотир мавжуд," дейди у.
Human Rights Watch эса, Афғонистонда тўпланган видеокузатув ёзувларини сақлаш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи маълумотларни ҳимоя қилиш қонунлари йўқлигини таъкидлайди.
Полиция маълумотлар фақат уч ой давомида сақланишини айтса, ички ишлар вазирлиги камералар махфийликка таҳдид солмаслигини, чунки улар "махсус ва мутлақо махфий хонада махсус тайёргарликдан ўтган масъул шахс томонидан бошқарилиши"ни таъкидлайди.
Камералар Хитойда ишлаб чиқарилганга ўхшайди. Би-би-си кўрган назорат хонаси мониторлари ва видео тасмалардаги белгилар Хитой ҳукуматига алоқадор Dahua компанияси номини акс эттирган. Илгари Толибон Хитойнинг Huawei Technologies компанияси билан камералар сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги хабарларни компания рад этган эди. Толибон вакиллари Би-би-сининг жиҳозларни қаердан олганликлар ҳақидаги саволларига жавоб беришдан бош тортди.
Янги тармоқни ўрнатиш харажатларининг бир қисми кузатилаётган оддий афғонлар зиммасига тушмоқда.
Кобул марказидаги бир уйда Би-би-си Шелла* билан суҳбатлашди. Ундан уйи яқинидаги кўчаларга ўрнатилган баъзи камералар учун пул тўлашни сўрашган.
"Улар ҳар бир хонадондан минглаб афғоний талаб қилишди," дейди у. Бу ишлайдиган аёллар ойига атиги 5000 афғоний (68 доллар) топаётган мамлакатда катта пул ҳисобланади.

Кўп йиллик урушдан сўнг Кобул ва умуман Афғонистондаги гуманитар вазият ҳамон оғирлигича қолмоқда. Мамлакат иқтисодиёти инқирозда, Толибон ҳокимиятга қайтганидан бери халқаро ёрдамни молиялаштириш асосан тўхтатилган.
БМТ маълумотларига кўра, 30 миллион киши ёрдамга муҳтож.
"Агар оилалар [камералар учун] пул тўлашдан бош тортса, уларга уч кун ичида сув ва электр таъминоти узилиши билан таҳдид қилишади, – дея қўшимча қилади Шелла. – Харажатларни қоплаш учун қарз олишга мажбур бўлдик.
Одамлар оч қолмоқда – бу камералардан уларга нима фойда?"
Толибон вакиллари айтишича, агар одамлар ҳисса қўшишни истамаса, расман шикоят қилишлари мумкин.
"Иштирок ихтиёрий эди ва хайриялар минглаб эмас, юзлаб афғоний миқдорида эди," дея таъкидлайди Толибон полицияси вакили Холид Задран.
Бу ишонтиришларга қарамай, Афғонистон ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам ҳуқуқ ҳимоячилари бундай кучли кузатув тизимидан қандай фойдаланилиши борасида хавотирда қолмоқда.
Кобулдаги сабзавот сотувчиси Жобир айтишича, камералар афғонларни яна бир бор ожиз эканликларини ҳис қилдириш усули ҳисобланади.
"Бизга ахлатдек муносабатда бўлишади, тирикчилик қилиш имкониятидан маҳрум қилишади, ҳокимият бизга ҳеч нарсага арзимайдигандек қарайди," деди у Би-би-си билан суҳбатда.
"Биз ҳеч нарса қилолмаймиз."
*Ушбу мақола учун суҳбатлашилган аёлларнинг исмлари уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўзгартирилган.












