Қотил китлар бир-бирларини "массаж" қилиш учун денгиз ўтларидан фойдаланишмоқда

Видео тагсўзи, Қотил китлар массаж учун денгиз ўтларини ишлатаётган видео
    • Author, Виктория Гил
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Шимолий Тинч океанида қотил китлар бир-бирларини "массаж" қилаётгани кузатилди. Улар шерикларини танасини денгиз ўтлари билан ишқалаган.

Олимлар дронлар ёрдамида қотил китлар денгиз ўтларини танлаб, тиши билан узиб олишини ва уни бошқа китнинг орқасига найча шаклидаги қўяётганини видеога олди.

Мутахассислар бу массажлар соғлиқ ёки гигиена учун фойда бериши мумкин, деб ҳисоблашмоқда. Аммо улар бундай хулқ-атвор ижтимоий боғлиқликни кучайтириш усули бўлиши мумкинлигига ҳам ишонишади.

Тадқиқот натижалари Current Biology журналида чоп этилди. Олимлар бу ҳолатни қотил китлар томонидан асбобдан фойдаланишнинг намунаси сифатида баҳоламоқда — яъни қотил китлар денгиз ўтларини найсимон муайян шаклга келтириб, маълум мақсадда режали равишда ишлатмоқда.

жараён

Сурат манбаси, Victoria Gill

"Буни "денгиз ўти массажи" деб атайлик", — дейди Экстер университети ва Вашингтон штатидаги Китлар тадқиқоти марказидан профессор Даррен Крофт.

"Улар денгиз ўтлари билан таналарини ишқалаётганини кўрдик".

2024 йил апрелдан июлгача Вашингтон штати қирғоқ сувлари резидентлари деб номланувчи қотил китларнинг популяцияси 12 кун давомида ўрганилди. Шу вақт ичида 30 марта денгиз ўти билан массаж қилиш ҳолати қайд этилган.

"Биз бунга кунига бир неча марта гувоҳ бўлдик", — дейди тадқиқот раҳбари доктор Майкл Вайс BBC News'га.

Алоқадор мавзулар:

"Агар дронни улар устидан учирсак, камида бир жуфт қотил кит шу ҳаракатни бажараётганини кўрамиз".

Мутахассислар бу хулқни маймунлар оламида кузатиладиган "аллогруминг" — яъни бошқасининг танасини тозалашга ўхшатмоқда. Кўплаб маймунлар бир-бирини соатлаб парваришлаб, юзаларини тозалайди ва паразитлардан халос қилади.

дронлар

Сурат манбаси, Center for Whale Research, NMFS Permit 27038

Тадқиқотчилар қотил китларнинг ушбу хулқини "аллокелпинг" деб аташди.

Профессор Крофтнинг таъкидлашича, ҳайвонлардаги жисмоний алоқа ижтимоий муносабатларни қуриш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

"Бу қотил китлар ажойиб даражада ижтимоий жонзотлар", — дейди у.

Олимлар сўнгги ўн йил давомида дронлардан фойдаланиб қотил китларнинг хулқ-атворини ўрганмоқда.

Бу ҳаводан олинган кузатувлар денгиздаги хулқ-атвор, жумладан оркалар кимлар билан ва қандай тарзда алоқада бўлишини яхшироқ англаш имконини берди.

"Бу кашфиётнинг ажойиб жиҳати шундаки, юқори сифатли видеоларда бу каби йирик китлар ўртасидаги жисмоний алоқа, айнан шундай кичик денгиз ўтлари бўлаги ёрдамида амалга оширилаётганини кўрдик", — дейди профессор Крофт.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Баъзи тахминларга кўра, "тўкилувчи тери"си бор қотил китларнинг айнан шу денгиз ўтлари массажига кўпроқ мойиллиги бор.

"Бу уларнинг териси қичимоқда деган фикрни уйғотади. Демак, бу тери соғлиғи учун фойдалидир", — дея изоҳ берди олим.

Бу турдаги хулқ-атвор фақат "Жанубий резидентлар"га хосми ёки бошқа кит популяцияларида ҳам учрайдими — ҳозирча аниқ эмас.

Аммо доктор Вайснинг айтишича, қотил китларнинг шундай асбоб яратиб, уни режали ва мақсадли тарзда ишлатиши — бу денгиз сутэмизувчилари орасида илгари ҳеч қайд этилмаган ҳолат бўлиб, жуда ҳайратланарли ва ҳаяжонли кашфиётдир.

Вашингтон ва Ванкувер соҳиллари яқинида яшовчи, хавф остидаги ушбу қотил китлар популяциясини ўрганиш 50 йилдан ортиқ вақт олдин доктор Кен Балкомб томонидан бошланган эди.

Аввалига у китлар омон қолиши учун таҳдидларни ўрганмоқчи эди, айниқса улар овлаш ва ва сотиш учун мўлжалланганди.