Бир асрлик сир: Нега бу қишлоқ аёллари ўз эрларини ўлдирган?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, BBC Mundo хизмати
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
1929 йил декабрида Венгриянинг кичик Солнок шаҳрида ғалати суд жараёни бўлиб ўтди: қўшни Надрев қишлоғида ўнлаб аёл эрларини қасддан заҳарлашда айбланди.
Ўша пайтда "New York Times" газетаси элликка яқин аёлга эркакларни заҳарлаш айби қўйилгани ҳақида хабар берди. Газета таъкидлашича, 1911–1929 йиллар оралиғида Будапештдан тахминан 130 километр жанубдаги Надрев қишлоғида 50 дан ортиқ эркак мишяк билан ўлдирилган.
Айбланувчи аёллар "фаришта яратувчилар" номини олишди.
Суд жараёнида бир исм тез-тез такрорланарди: Жужанна Фазекаш, қишлоқ дояси.
Надревдаги ҳаёт
Fazekash uylarda sodir bo‘layotgan voqealarni ko‘p eshitardi: erkaklar ayollarni kaltaklar, zo‘rlar, xiyonat qilardi. Ko‘p zo‘ravonlik bo‘lardi...
Надрев – Венгриянинг энг йирик виночилик минтақаси Куншагдаги Тиса дарёси бўйида жойлашган кичик деҳқонлар қишлоғи.
Бу ҳудудда никоҳлар кўпинча келишув асосида тузилган, жуда ёш қизлар анча кекса эркакларга эрга берилган. Бундай никоҳларда одатда ер, мерос ва ҳуқуқий мажбуриятлар тўғрисидаги шартномалар ҳам бўлган. Ажрашиш имконсиз эди.
Ўша пайтда қишлоқ ҳали Австрия-Венгрия империяси таркибида эди.
Надревда шифокор ва руҳонийлар бўлмагани учун, Фазекаш дори-дармонлар ва кимёвий моддалар ҳақида бирмунча билгани боис, нафақат доя, балки амалда шифокор вазифасини ҳам бажарган.
"Одамлар унга мурожаат қилар, ишонарди," дейди Мария Гуня 2004 йилда BBC билан суҳбатда. Полиция унинг маҳаллий амалдор отасидан қишлоқдаги бир қатор тушунарсиз ўлим ҳолатларини текширишда ёрдам сўраганида, у кичкина қизалоқ эди.
Доя кўчага қараган оддий бир қаватли уйда яшар эди.
Гуня қишлоқдаги аёллар ўз муаммолари билан кўпинча Фазекашга мурожаат қилганини айтди.
"У уйларда содир бўлаётган воқеаларни кўп эшитарди: эркаклар аёлларни калтаклар, зўрлар, хиёнат қиларди. Кўп зўравонлик бўларди," деб эслайди Гуня.
Унинг айтишича, аёллар маст ёки шафқатсиз эрларидан шикоят қилганида, Фазекаш уларга: "Агар у билан муаммо бўлса, менинг оддий ечимим бор," дерди.
Бу ечим доя пашша тутадиган ёпишқоқ қоғозни сувга ботириб тайёрлайдиган мишяк эди.
"Times" газетаси хабарига кўра, кейинчалик унинг боғида заҳар солиб кўмилган шишачалар топилган.
Ҳибс

Сурат манбаси, Getty Images
Йиллар ўтиб, қишлоқ қабристони тўлиб борди.
1911–1929 йиллар оралиғида Надрев қабристонига 50 га яқин эркак дафн этилди. Уларнинг кўпчилиги эр ва ота эди.
Охир-оқибат, ҳокимият вакиллари шубҳаланиб, жасадларни қазиб ола бошладилар.
Текширилган 50 та мурданинг 46 тасида мишяк борлиги аниқланди, бу заҳарланиш гумонини тасдиқлади.
Барча далиллар Фазекашга ишора қиларди.
1929 йил 19 июлда полиция уни ҳибсга олиш учун унинг уйига келди.
"У яқинлашиб келаётган жандармларни кўриб, ўзи учун ҳаммаси тугаганини тушунди. Улар уйга етиб келганларида, у аллақачон жон берган эди – ўз заҳарининг бир қисмини ичган экан," деб эслайди Гуня.
Дастлабки ўлимлар

Сурат манбаси, Getty Images
Полиция ҳисоботларига кўра, биринчи қотилликлар 1911 йилда, Фазекаш қишлоққа кўчиб келганда содир бўлган. Ўша йил қарийб йигирма йил давом этган заҳарланишлар сериясининг бошланиши бўлди.
Бироқ бунга фақат доя айбдордек кўринмасди. Қўшни Солнок шаҳрида 1929 йилдан буён 26 нафар аёл суд олдида жавоб берди. Улардан саккиз нафари ўлим жазосига, қолганлари қамоқ жазосига, етти нафари умрбод қамоққа ҳукм қилинди. Фақат баъзилари ўз айбига иқрор бўлди ва уларнинг сабабларини тўлиқ аниқлаш иложи бўлмади.
Сабабларга келсак, турли хил тахминлар мавжуд. Камбағаллик, очкўзлик ва зерикиш шулар жумласидан.
Баъзи маълумотларга кўра, аёллар Биринчи жаҳон уруши пайтида фронтга кетган эрлар ўрнига фермер хўжаликларида ишлаган рус ҳарбий асирлари орасидан ўйнашлар орттиргани айтилади.
Эрлар қайтиб келгач, аёллар тўсатдан озодликни йўқотишдан ғазабланиб, бирин-кетин ҳаракат қилишга қарор қилишган.
Надревдан ташқарида

Сурат манбаси, Getty Images
Эҳтимол, заҳарланишлар кўлами анча кенгроқ бўлгандир. Қўшни Тисакурт шаҳрида бошқа қазиб олинган жасадларда ҳам мишяк топилган, аммо бунинг учун ҳеч ким жазога тортилмаган.
Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, бу ҳудудда ўлганларнинг умумий сони 300 кишигача етган бўлиши мумкин.












