"Эрни ўлдириш бўйича қўлланма" асари муаллифи эрини ўлдиргани учун қамалди - Дунё, Ҳаёт, Янгиликлар

Нэнси Крэмптон Брофи

Сурат манбаси, Multnomah County Sheriff's Office

Сурат тагсўзи, Ёзувчи Нэнси Крэмптон Брофи

Орегон штати маҳкамаси ёзувчи Нэнси Крэмптон Брофини турмуш ўртоғини ўлдирганликда айбдор, деб топиб бир умр қамоқ жазоси берди. У гўёки ўз келажагини тахмин қилгандек, "Эрни ўлдириш бўйича қўлланма" асарини ёзганди.

Май ойида суд маслаҳатчилари 71 ёшли Крэмптон Брофини қотилликда айбдор, деб топганди.

Суд маслаҳатчилари аёл 2018 йили 1,5 милион долларлик суғурта пулини олиш учун эрини отиб ўлдиргани ўз исботини топди, деб ҳисоблашган. Эр-хотин 26 йилдан бери бирга яшаб келаётган бўлган.

Крэмптон Брофи ишқий асарлар ёзиб, мустақил равишда чоп этиш билан шуғулланган.

Унинг қаламига "Номуносиб эр", "Номуносиб ошиқ" каби асарлар мансуб.

Аёлнинг эри, қурбон Даниэл Брофи бош ошпаз бўлган ва Орегон Пазандачилик институтида дарс берган.

Унинг икки ўқ узилган танасини 2018 йил июн ойида институт ошхонасида топишган.

Ушбу иш Крэмптон Брофининг қотилликдан бир неча йил олдин ёзган "Эрни ўлдириш бўйича қўлланма" асари туфайли диққат марказига тушди.

"Биламан, агар мажбур бўлсак, қотиллик ҳар биримизда бор", деб ёзганди у кейинчалик ўчириб ташлаган постида.

Эсседа тўппонча билан отиш, пичоқ, заҳарлаш ва қотил ёллашгача қотилликнинг бир неча турлари санаб ўтилганди.

"Одамларни ўлдиришдан кўра, уларга ўлим тилаш осонроқ. Агар қотиллик мени озод қилса, мен қамоқда ўтиришни аниқ истамайман", деб ёзган Крэмптон Брофи.

Ҳакам асарни судда далил сифатида олмасликка қарор қилган, чунки у кўп йиллар олдин ҳаваскор ёзувчилар учун ўтказилган семинар доирасида ёзилган бўлган.

Бироқ прокурорлар матнга эҳтиёж сезишмаган.

Улар Крэмптон Брофида эрини ўлдириш учун сабаб ҳам, восита ҳам бўлганини осонгига исботлашди. Эр-хотин молиявий жиҳатдан оғир дамларни бошидан кечирган, унинг ўлимидан сўнг аёл катта миқдорда суғурта пули олиши керак бўлган.

Дэниэл Брофи

Сурат манбаси, Daniel Brophy/LinkedIn

Сурат тагсўзи, Даниэл Брофи

Судда кўрсатилган ташқи кузатиш камераларида Крэмптон Брофи Пазандачилик институтига кириб, чиққани акс этган. Унинг келиш вақти қотиллик содир этилган вақтга тўғри келади.

Полиция қотиллик қуролини тополмаган бўлса-да, қораловчилар у олдинроқ айнан шу марка ва моделда тўппонча сотиб олганини исботлашди.

Крэмптон Брофи ўз ҳимояси учун эри ўлган кун тонгини умуман эслолмаслигини айтган. Бироқ институтга борганини рад қилолмаган.

12 нафар суд маслаҳатчилари икки кун маслаҳатлашиб, уни қотилликда айбдор, деб топди.

Ҳакам Крэмптон Брофига бир умрлик қамоқ жазоси ва 25 йилдан сўнг шартли озодликка чиқиш имконини берди.

Унинг адвокатлари ҳукм устидан шикоят қилишини билдирди.

Ҳукм ўқилишидан олдин марҳумнинг оила аъзолари ва дўстлари сўз олди.

"Сизнинг энг катта мухлисингиз бўлгани одамни алдаш, фирибгарлик қилиш, ўғирлаш ва алал оқибат ўлдиришга қарор қилдингиз. Агар ёзган асарларингиздан келиб чиқсак, сиз номуносиб хотинсиз", деган Даниэл Брофининг олдинги никоҳидан бўлган ўғли Натаниэль Стиллуотер.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek