Гетеросексуал деган нарсани одамлар нега ва қандай ўйлаб топдилар?

Аёл ва эркак

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Брэндон Амбросино
    • Role, BBC Future
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

BBC Future таҳлилчиси ёзишича, "гомосексуал" ва "гетеросексуал" деган тушунчалар ижтимоий тушунчалардир ва келажакда бу каби атамаларга эҳтиёж бўлмаслиги мумкин.

Юз йил аввалги гетеросексуаллик тушунчаси бугунги талқиндан анча фарқ қилган.

Бу атама борасида тасаввурларимиздаги ўзгаришлар гендер мойилликларини аниқлашга оид замонавий изланишлар ҳақида ҳам кўп нарсаларни айтиб беради.

Алоқадор мавзулар

1901-йилги Дорланд тиббиёт луғатида гетеросексуаллик "қарама-қарши жинсга нисбатан ғайритабиий ёки бузуқ интилиш" деб таърифланган. Орадан йигирма йил ўтиб, 1923 йилда Merriam-Webster луғати бу маънони бироз торайтиради: "қарама-қарши жинсдаги шахсга нисбатан касаллик даражасидаги жинсий эҳтирос."

Фақат 1934 йилгача гетеросексуаллик биз бугун тушунадиган шаклда – "қарама-қарши жинсдаги шахсга жинсий истакнинг намоён бўлиши; нормал жинсий йўналиш" сифатида таърифлана бошлаган.

"Ҳар сафар бу ҳақда гапирсам, одамлар менга ишонмайди. «Бундай бўлиши мумкин эмас!» дейишади", дейди муаллиф. Чунки гетеросексуаллик маданиятимизда ҳар доим бўлган, деган тасаввур чуқур ўрнашган.

Бир неча йил олдин интернетда ижтимоий сўров акс этган видео тарқалди, унда йўловчилардан "Гомосексуаллик туғма хусусиятми?" деб сўралади. Жавоблар турлича бўлди, лекин кўпчилик бу ҳолат туғма ва тарбия аралашмаси, деб ҳисоблашини билдирди. Сўнг эса ҳал қилувчи савол берилди: "Қачон гетеросексуал бўлишга қарор қилдингиз?"

Одамлар ушбу савол билан ўзларининг нохолис ёндашувларини пайқашди ва мухбирнинг нуқтаи назарига қўшилишди: демак, гомосексуал йўналиш ҳам гетеросексуаллик каби туғма бўлиши мумкин.

Тажрибадан кўриниб турибдики, иштирокчилар ҳам, муаллифлар ҳам исталган жинсий йўналишни оддий, изоҳ талаб қилмайдиган ҳолат деб қабул қилдилар.

Кекса эр ва хотин

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Гетеросексуал муносабатлар дунёнинг ўзидек қадимий, аммо "гетеросексуаллик" деган тушунчани яқинда ўйлаб топганлар

Гомосексуал ўзликнинг ижтимоий конструкт сифатидаги табиати ҳақида кўплаб илмий ва оммавий асарлар ёзилган. Гомосексуализм тушунчаси инсоният тарихининг маълум босқичида маданиятга кириб келганини кўпчилик тан олади.

Аммо гетеросексуаллик тушунчаси ҳам худди шундай сунъий пайдо бўлганини кўпчилик билмайди ёки тан олмайди. Бунга кўплаб омиллар, жумладан, диний стереотиплар ва гомофобик қарашлар сабаб бўлган.

Аслида, "гетеросексуаллик" тушунчасининг келиб чиқиши ҳақида нега ҳеч ўйлаб кўрмаганмиз? Чунки бу ҳодиса биз учун "табиий" саналади. У ҳар доим мавжуд бўлган, "ўз-ўзидан" бор нарсадек туюлади. Одамлар табиий деб ҳисоблаган нарсани камдан-кам шубҳа остига олишади.

Аммо гетеросексуаллик ҳар доим мавжуд бўлмаган. У маданиятда доимий сақланиб қолади, деб ҳисоблаш учун ҳеч қандай асос йўқ.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Гетеросексуаллик норма бўлмаган даврлар

Гетеросексуаллик тушунчасининг ижтимоий конструкт сифатидаги сунъийлигига қарши кўп ҳолларда авлод қолдириш ҳақидаги далил келтирилади. Ахир, қарама-қарши жинслар ўртасидаги жинсий алоқа азалдан мавжуд-ку? Акс ҳолда, бугунги авлод қандай дунёга келган бўларди?

Аммо бу далил гетеросексуалликни репродуктив жинсий алоқа билан айнанлаштиради. Бу эса нотўғри.

"Жинсий алоқа тарихга эга эмас, – деб ёзади Мичиган штати университети олими, ноанъанавий жинсий майллар бўйича тадқиқотчи Девид Ҳалперин. – Чунки у организмнинг биологик функциясидир."

Сексуаллик эса маданият маҳсули бўлиб, тарихга эга. Бошқача айтганда, секс барча ҳайвон турларига хос биологик ҳолат. Аммо қандай жинсий актлар номланади, қандай майллар ажратилади – бу маданий ва тарихий ҳодисадир ва албатта, у ўрганилиши мумкин ва керак.

Жинсий инстинктлар ҳайвонот дунёсининг кўп турларида мавжуд (ва бу сексдир). Аммо бир пайтда одамлар бу инстинктларни англай бошладилар, уларни тушунтиришга ва номлашга уриндилар (бу эса сексуалликдир). Биз "гетеросексуал" деганда, айнан шуни – маданий ёндашувни назарда тутамиз.

Оскар Уайлд

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Машҳур шоир ва драматург Оскар Уайлд ахлоқсиз муносабатларда айбдор деб топилган суд иши гомосексуаллик тушунчаси кенг ёйилишига туртки бўлган

"1868 йилга келиб, на гетеросексуаллар, на гомосексуаллар бор эди, – дейди Гетеросексуалликнинг қисқа тарихи номли тадқиқот муаллифи Ҳанна Бланк. – Ўша давр одамларига бир-бирини жинсий муносабатлар тури ёки хоҳишларига қараб тавсифлаш хаёлга ҳам келмасди."

Албатта, айрим жинсий хатти-ҳаракатлар тақиқланган, номақбул деб топилган. Аммо диққат асосан инсоннинг ўзига эмас, балки ҳаракатнинг ўзига қаратилган эди.

Хўш, нима ўзгарди? Тил.

1868 йилда венгер журналисти Карл Мария Кертбени жинсий тажрибаларни тавсифлаш учун тўртта янги атама таклиф қилади: гетеросексуал, гомосексуал, ва ҳозир унутилган яна иккитаси – "моносексуал" (мастурбация) ва "гетерогенитал" (ҳайвонлар билан алоқани билдирувчи).

Шунга қарамай, "гетеросексуал" сўзи матбуотда илк бор фақат 1880 йилда учрайди. 1889 йилда эса бу сўз Psychopathia Sexualis номли жинсий бузилишлар каталогига киритилади.

Ушбу каталогнинг инглиз тилидаги таржимаси АҚШда 1993 йилгача нашр этилмаган. Деярли 500 саҳифалик бу асарда "гетеросексуал" сўзи атиги 24 марта тилга олинган – ва ҳатто индексда ҳам қайд этилмаган.

Эҳтимол, бу психиатр Ричард фон Крафт-Эбинг ўз рисоласида "нормал" жинсий мойилликдан кўра жинсий оғишларга кўпроқ эътибор қаратгани билан боғлиқдир.

Шуни таъкидлаш керакки, "нормал" деган атама тарих давомида кўп ҳолларда нотўғри қўлланган. Масалан, бир пайтлар қулдорлик ёки Коинотнинг геоцентрик модели ҳам бутунлай "нормал" деб ҳисобланган.

венгр журналисти ва жамоат арбоби Карл Мария Кертбени

Сурат манбаси, Wikimedia Commons

Сурат тагсўзи, "Гетеросексуал" терминини венгр журналисти ва жамоат арбоби Карл Мария Кертбени ўйлаб топган

Жинсий алоқанинг гетеро ва гомосексуал шаклларга ажратилишидан анча олдин Ғарб дунёсида бундай муносабатларга бошқа мезон асосида ёндашилган: улар фарзанд кўриш билан боғлиқми ёки йўқ – мана шу савол асос бўлган.

Масалан, Библияда мастурбация қораланади, худди шундай бир жинс вакиллари ўртасидаги муносабатлар ҳам танқид қилинади – бу уруғ (яъни ҳаётбахш куч)ни беҳуда сарфлаш деб қаралган.

Гарчи бу ғоя католик черкови ва бошқа христиан йўналишлари томонидан фаол илгари сурилган бўлса-да, у аслида яҳудий ёки христиан матнларидан эмас, балки стоиклар фалсафасидан олинган.

Стоиклар фикрича, инсон ички осойишталикка эришиш учун ўз ҳис-туйғулари ва истакларини, шу жумладан жинсий майлларини жиловлаши лозим. Улар жинсий алоқани фақат насл қолдириш воситаси сифатида қабул қилишган.

Афтидан, илк насроний илоҳиётчилар айнан мана шу никоҳ-репродуктив муносабатлар ғоясини ўзлаштирган ва Авлиё Августин давридан бошлаб насл қолдириш мақсадида қилинадиган жинсий алоқа ягона "нормал" ҳаракат сифатида қарала бошлаган.

Ричард фон Крафт-Эбинг ҳам сексуалликка шу каби ёндашган, аммо у насл қолдириш инстинкти англанмаган шаклда бўлади, деб ҳисоблаган.

Бу орқали у янги меъёр – жинсий қониқиш тушунчаси шаклланиши мумкин бўлган майдонни очади.

Репродуктив инстинктдан эротик хоҳишга ўтиш – замонавий Ғарб тафаккурида сексуаллик ва жинсий майл ҳақидаги қарашларни тубдан ўзгартирган инқилобий бурилишдир.

Роденнинг "Бўса" ҳайкали томошаси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Жинсий майл тушунчасини бола туғдириш функциясидан ажратиб қарашни фақат XX аср бошларидан бошладилар(расмда ҳайкалтарош Роденнинг "Бўса" ҳайкали)

Бугунги кунда гетеросексуаллик тушунчаси ҳақида ўйлаганимизда, кўпчиликда қуйидагича сценарий кўз олдига келади:

Билли қизларга нисбатан қизиқишини болалигиданоқ сезади. Бир куни у эротик истагини Сюзига қаратади, улар учраша бошлашади, бир-бирини севиб қолишади ва жинсий муносабат орқали ўз истакларини рўёбга чиқаришади. Улар узоқ ва бахтли умр кечирадилар.

Аммо Крафт-Эбингнинг тадқиқотлари бўлмаганида, бу сценарий ҳеч қачон "нормал" деб ҳисобланмаслиги мумкин эди.

Жинсий инстинктни эротик истак бошқаришини англаш – сексуаллик ҳақидаги тасаввурларда инқилоб ясади ва айнан шу жараён гетеросексуалликнинг 1923 йилдаги "патология" мақомидан 1934 йилдаги "меъёр" мақомига ўтишига замин яратди.

Катта шаҳарда секс

Ғоялар ва сўзлар кўпинча ўз замонасининг маҳсулидир. Ҳанна Бланк таъкидлаганидек, гетеросексуаллик тушунчаси ўрта синфнинг шаклланиши билан бирга ривожланди.

XIX аср охирида Европа ва Шимолий Америкадаги шаҳарларда аҳолининг кескин ўсиши кузатилди. Мегаполисларга кўчиб келган одамлар билан бирга "жинсий бузуқликлар" ҳам кенгая бошлади, деб ҳисобланган – масалан, фоҳишабозлик, бир жинслилар орасидаги муносабатлар ва ҳоказо.

Ҳамма бир-бирини танийдиган қишлоқ ва кичик жамоаларда бундай ҳатти-ҳаракатларни кузатиб бориш осонроқ эди. Миш-мишлар кучли назорат воситаси бўлиб хизмат қиларди.

Аммо шаҳарлардаги номаълумлик муҳитида "ахлоқсиз" жинсий ҳатти-ҳаракатлар кўпайгани ҳақида хавотирлар ортди.

Диннинг жамият ҳаётидаги аввалги кучи заифлашгани сабаб, янги назорат воситаси зарур бўлди.

Тез ўсиб бораётган ўрта синф энди нормал жинсийликдан (яъни гетеросексуалликдан) оғишларни диний маънода "гуноҳ" деб қарамай қўйди.

Шундай қилиб, "ахлоқий таназзул" деган тушунча пайдо бўлди.

19 асрдаги Лондон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Катта шаҳарлардаги анонимлик "ахлоқсиз" жинсий хулқ-атвор урчишига олиб келди

Ўша пайтда бу – инсон шаънига бериладиган энг салбий баҳолардан бири эди. "Таназзул" – ижтимоий дарвинизм ғоясининг акси сифатида талқин қилина бошлади.

Агар насл қолдиришга йўналтирилган жинсий алоқа турлар эволюцияси ва яшаб қолишининг асоси бўлса, ундан оғиш жамиятга хавф туғдирувчи омилга айлантирилди.

Яхшиямки, ўша давр олимлари фикрича, бундай оғишлар эрта аниқланса, тузатиш мумкин эди.

Крафт-Эбинг назарида "жинсий оғиш" бир неча босқичда шаклланар, биринчи босқичда эса у даволаниши мумкин бўларди.

Крафт-Эбинг асарлари билан асосан мутахассислар таниш эди, аммо сексуаллик ҳақида кенг жамоатчиликка биринчи бўлиб маълумот берган шахс – Зигмунд Фрейд бўлди.

Австриялик психоаналитикнинг қатъий ишонишича, гетеросексуаллар туғилмайди – улар шаклланади.

Фрейд учун гетеросексуаллик – болаликда босиб ўтилган барча ривожланиш босқичларининг натижаси эди.

Унинг фикрича, гетеросексуал "нормаллик"га йўл инцест истагидир (яъни боланинг қарама-қарши жинсдаги ота-онасига мойиллиги) ва бу рақибни (яъни ўз отаси ёки онасини) "йўқ қилиш" истаги орқали кечади.

Фрейднинг тасаввурида гетеросексуаллик шаклланиши оғриқли ва ташвишли жараён эди.

Исследования Альфреда Кинси (в центре) подтвердили существование категорий гомосексуального и гетеросексуального поведения

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Алфред Кинси(марказда) ўтказган тадқиқотлар гомосексуал ва гетеросексуал хулқ-атвор категориялари мавжудлигини исботлади

Бироқ Эдип комплекси назарияси жамиятга маъқул келди. Жамият унга ўзига мос, илмий асосли "норма" тушунчасини тақдим этди ва бу ғояни мамнуният билан қабул қилди.

1948 йилда америкалик сексолог Алфред Кинси ўзининг "Эркакнинг жинсий хулқ-атвори" номли тадқиқотида эркак сексуаллигини нолдан (фақат гетеросексуал) олтигача (фақат гомосексуал) бўлган шкала асосида таснифлаб берди.

Кўп йиллик кузатувлар ва сўровлар асосида у "эркакларнинг аксарияти ҳаётида камида бир марта гомосексуал тажрибага эга бўлган", деган хулосага келди.

Кинси илк бор гомо- ва гетеросексуаллик тоифалари ўртасидаги чегаралар ноаниқ бўлиши мумкинлигини кўрсатган бўлса-да, барибир бу икки қутбли тузилмани – инсон сексуаллигининг икки йўналишга бўлинишини қатъий тасдиқлаган эди.

Гетеросексуаллик келажаги

Бу икки қутбли ёндашув бугунги кунгача сақланиб қолган. 1984 йилда нашр этилган "Гомосексуалликни биологик ўрганиш" китоби муаллифи Уэнделл Риккетс шундай ёзган эди:

"Нима учун биз гетеросексуаллар ва гомосексуалларни фарқлашимиз кераклигини ҳеч ким аниқ билмайди. Афтидан, бундай фарқ борлигига ишончимиз комил бўлгани учун у мавжуд деб ҳисоблаймиз."

Бу бўлиниш табиатнинг абадий, ўзгармас ҳақиқатидек туюлиши мумкин. Аммо аслида бу – инсоният секс биз учун нимани англатишини англай бошлаганидан кейин вужудга келган тушунчалардир. Бу – ижтимоий конструкт.

Ҳар қандай француз файласуфи ёки Лего тўпламига эга бола айтиб бериши мумкин: бирор нарса қурилган бўлса, уни қайта қуриш ҳам мумкин.

Агар ўтмишда гетеросексуаллик тушунчаси бўлмаган бўлса, демак, келажакда ҳам унинг мавжудлиги шарт эмас.

Писатель Джеймс Болдуин

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ёзувчи Жеймс Болдуин одамларни "гейлар" ва "гетеросексуаллар"га ажратишдан воз кечган. Бундай "ажратиш асоссиз" деган.

Яқинда "Гей бўлмаганлар" тадқиқоти муаллифи Жейн Уорддан олинган бир иқтибос мени чуқур ўйлантирди. Сексуаллик ва жинсий мойилликнинг келажагига бағишланган мақолам учун интервю берган пайтда у мендан шундай деб сўради:

"Нега одамлар овқат таъмини ҳис этиш қобилиятини ўстиргани каби, ўзларининг жинсий истакларини ҳам ўстира олиши мумкинлиги ҳақида ўйламайдилар?"

Жинсий майлларнинг мослашувчан ва ўзгарувчан бўлиши ғояси баъзилар учун хавотирли туюлиши мумкин, аммо замонавий илмий тадқиқотлар жинсий мойиллик туғма деган назарияни тобора рад этмоқда.

Илм-фан ҳали гомосексуал хулқ-атвор сабабларини тўлиқ аниқлай олгани йўқ, бироқ бир нарса аниқ: ҳеч қандай "гомосексуал ген" мавжуд эмас.

Шахсан мен жинсий истаклар бошқа барча истакларимиз каби – бутун ҳаёт давомида шаклланиб, ўзгариб боради, деб ҳисоблайман. Бу ўзгаришлар янги шахсиятларнинг пайдо бўлишига ҳам олиб келиши мумкин.

Агар шундай бўлса, Жейн Уорднинг жинсий истакларни ривожлантириш мумкинлиги ҳақидаги ғояси жуда мантиқли кўринади. Аммо у саволни очиқ қолдиради:

Нега биз ўз сексуаллигимиз устидан назорат ўрнатиш ғоясидан бунчалик ноқулайлик ҳис қиламиз? Нега гомосексуаллик ва гетеросексуалликни табиатнинг абадий, ўзгармас ҳақиқатлари деб қабул қилишга интиламиз?

Бир пайтлар гетеросексуаллик ғояси зарур эди – одамлар ким эканликларини, нима учун шундай эканликларини англашлари ва ўз шахсиятларини ҳимоя қилишлари учун.

Аммо вақт ўтиши билан бу тушунча секин-аста бизнинг истакларимиз, севгимиз ва ташвишларимизни ифодалаш имкониятларимизни чекловчи ёрлиққа айланди.

Эҳтимол, шунинг учун ҳам яқинда ўтказилган бир сўровда 18–24 ёш оралиғидаги британияликларнинг ярмидан кўпи ўзларини 100 фоиз гетеросексуал деб ҳисобламасликларини билдирган.

Бу уларнинг доимий равишда бисексуал ёки гомосексуал алоқаларда бўлишларини англатмайди. Аксинча, улар шунчаки XX аср одамлари каби "гетеросексуаллик" деган тушунчага эҳтиёж сеза олмаяпти.

Одамнинг биологик табиатида нима "туғма" ва нима "тарбия" эканлигини муҳокама қилишдан нима наф? Ахир биз инсоният сифатида қадрлайдиган кўп нарса – тиббиёт, санъат – бутунлай "нотабиий".

Айни пайтда биз касаллик, ўлим каби жуда табиий ҳодисаларни ёмон кўрамиз. Демак, биз "табиийлик"ни қандай тушуниш ҳақида ўзимиз қарор қиламиз. Яъни, табиат мезони – инсон онгидир.

Аслида табиат биздан мустақил равишда "қаердадир" мавжуд эмас. Биз уни ҳар доим ички позициядан, яъни субъектив тарзда англаймиз.

Ер тарихининг ҳозирги босқичигача инсон зоти фақат қарама-қарши жинс вакиллари ўртасидаги кўпайиш орқали яшаб келган. 100 йил аввал бу ҳақиқат жамиятда алоҳида қадрланган: одамлар ўз турини сақлаб қолиш ҳақида қайғурган, шунинг учун ана шундай муносабатларни рағбатлантирган.

Аммо дунё кескин ўзгараяпти. Имплантациядан олдинги генетик ташхис ва сунъий уруғлантириш (ЭКУ) каби ёрдамчи репродуктив технологиялар тобора ривожланиб, такомиллашмоқда.

ЭКУ ёрдамида туғилган илк инсон ўтган йили 34 ёшга тўлди. 2013 йилда 63 мингдан ортиқ бола айнан ЭКУ орқали ҳомиладорлик йўли билан дунёга келган.

Бугунга келиб, ушбу технологиялар ёрдамида дунёда 5 миллиондан ортиқ бола туғилган. Тўғри, бу глобал миқёсда ҳали кичик рақам, аммо ҳар қандай технологик ютуқнинг бошланғич босқичида статистик кўрсаткичлар унинг асл аҳамиятини тўлиқ ифодалай олмайди.

Ижтимоий жиҳатдан ҳам гетеросексуаллик илгариги марказий мавқеини йўқотмоқда. Агар илгари гомосексуал муносабатлар жанжал ва шов-шувларга сабаб бўлиб келган бўлса, бугун эътибор кўпроқ анъанавий йўналишдаги сиёсатчилар ёки машҳурлар иштирокидаги романтик можароларга қаратилмоқда.

Оммавий маданият муваффақиятсиз севги ҳикоялари ва никоҳлар ҳақидаги воқеаларга тўла. Ажрим даражасининг юқорилиги ва муносабатлардаги беқарорлик эса шуни кўрсатадики, гетеросексуал жуфтликлар ҳам гомосексуал жуфтликлар каби (ҳатто эҳтимол, ундан ҳам кўпроқ) мураккабликларга дуч келмоқда.

Гетеросексуаллик ва гомосексуаллик ўртасидаги чегара тобора хиралашмоқда. Кинси бундан деярли бир аср олдин бу бўлиниш инсоният томонидан яратилган, яъни ижтимоий конструкт эканини айтган эди. Бугун бу тушунчанинг ўзи анча эскириб улгурган.

Албатта, инсоният йўқ бўлиб кетмагунча, эркак ва аёл ўртасидаги жинсий муносабатлар мавжуд бўлиб қолаверади. Бироқ гетеросексуаллик – ижтимоий ёрлиқ, ҳаёт тарзи ёки шахсий ўзлик сифатида ундан анча илгари тарих саҳнасидан тушиб кетиши мумкин.