Англия фермаларига келаётган мигрантларни қандай қийин аҳволга солишмоқда?

Хулия Кекано Касимиро қўлида "Биз адолат истаймиз" ёзувини ушлаб турипти

Сурат манбаси, United Voices of the World

Сурат тагсўзи, Хулия Кекано Касимиро Англия фермаларида мигрант ишчилар учун ҳимояни кучайтириш мақсадидаги кампания бошлаган
    • Author, Малколм Приор
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Би-би-си маълумотларига кўра, ўтган йили Буюк Британия фермер хўжаликларида эксплуатация, безорилик, кам ҳақ тўлаш ва ёмон турмуш шароитларидан шикоят қилган хорижлик ишчилар сони сезиларли ошган.

2024 йили 700 га яқин чет эллик мавсумий қишлоқ хўжалиги ишчиси Ишчиларни қўллаб-қувватлаш марказига (WSC) мурожаат қилганлар, ўзларини ишга олиб келган фермерлар адолатсиз муносабатда бўлганидан шикоят қилишган.

2023 йили бу кўрсаткич 400 дан сал ошган эди.

Собиқ мева терувчилардан бири Би-би-сига муҳожирларни қулдек муомалададан ҳимоя қилиш учун кўпроқ иш қилиш кераклигини айтди.

Алоқадор мавзулар

Буюк Британия ҳукумати фермер хўжаликларида зўравонлик ҳолатлари аниқланса, "қатъий чоралар" кўришини таъкидлайди.

Боливиялик Хулия Кекано Касимиро Буюк Британияга мавсумий ишчи визаси билан Херефордширдаги Хейгроув(Haygrove) фермер хўжалигида гилос териш учун келган.

Касимиро компанияни адолатсиз ишдан бўшатиш, камситиш ва иш ҳақини кам тўлаш бўйича судга бермоқда ва энди мавсумий фермер хўжалиги ишчиларини яхшироқ ҳимоя қилиш учун кампания бошлаган.

Қулупнай тераётган инсон қўли

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Бу йил Британия ҳукумати мавсумий ишчилар учун 45 000 виза беришга қарор қилган

Дастлабки қарорда Ички ишлар вазирлиги Касимиро хоним замонавий қуллик қурбони бўлиши мумкинлигига ишониш учун етарли асос борлигини аниқлади.

У Би-би-си билан суҳбатда ишчиларни эксплуатация қилишнинг ҳақиқий кўлами "яширин муаммо" эканлигидан хавотирда эканини айтди: "Кўплаб мавсумий ишчилар ҳуқуқлари бузилаяпти.

Аҳвол жуда жиддий, чунки бизда ҳеч қандай ёрдам ёки қўллаб-қувватлов имконияти йўқ.

Агар Буюк Британия ҳукумати бу ерда содир бўлаётган воқеаларни тўхтатиш учун чора кўрмаса, замонавий қуллик қурбонлари кўпаяверади."

Хейгроув вакили Касимиро хонимнинг норозилигига парвоз чипталарининг номинал қиймати ва ишчиларга чипталар учун берилган сумма ўртасидаги тафовут ҳамда фавқулодда об-ҳаво шароити натижасида ўтган йил июл ойида одатдагидан кам ишлангани сабаб бўлганини айтди.

Намойишчилар Лондонда Ички ишлар вазирлиги қаршисида норозилик намойиши ташкил қилдилар

Сурат манбаси, United Voices of the World

Сурат тагсўзи, Кампаниячилар мавсумий ишчилар тартибини кўриб чиқишни талаб қилдилар

Компания қўшимча қилишича, унинг даъволари " нотўғри ва чалғитувчи" бўлиб, "бизнесимиз тарихида илгари ҳеч қачон бундай айбловлар бўлмаган."

Улар Би-би-сига айтишича, уларнинг фаолияти "бир қатор учинчи томон органлар, жумладан, Гангмастерлар ва меҳнат ҳуқуқлари бузилиши бўйича бошқарма, Ички ишлар вазирлиги, Британия чакана савдо консорциуми, Red Tractor/Assured Produce, LEAF, Тупроқ ассоциацияси ва SEDEX томонидан мунтазам текширилади."

Компаниянинг таъкидлашича, Касимиро хоним уйга бепул авиачипта билан кетишдан олдин Хейфордда 11 кун ишлаган ва унинг даъволари "қисқа муддатли, тезкор, ноодатий" иш юзасидандир.

"Биз ишга қабул қилиш ва иш жараёнларида адолат ва тенгликни таъминлашга катта эътибор қаратамиз," дея қўшимча қилди матбуот котиби.

"Чуқур ташвишда"

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Компания, шунингдек, 20 нафар индонезиялик ишчи қандай ёллангани бўйича бутун мамлакат бўйлаб Гангмастерлар ва меҳнат ҳуқуқлари бузилиши бўйича бошқарма текшируви билан ҳамкорлик қилаётганини айтди.

Ўтган ёзда бу ишчилар хориждаги рекрутинг агентликлари ноқонуний тўловлар ундирганини даъво қилишган.

Хейгроув сўзчиси шундай деди: "Индонезияликлардан ишчи ёллаш агентлари ноқонуний тўлов ундиргани ҳақидаги даъволар бизни чуқур ташвишга солмоқда, бу бизнинг сиёсатимиз ва тамойилларимизга мутлақо зиддир."

Унинг қўшимча қилишича, компания нотўғри ҳатти-ҳаракатлар ҳақидаги ҳар қандай айбловларни "жуда жиддий" қабул қилади ва Гангмастерлар ва меҳнат ҳуқуқлари бузилиши бўйича бошқарма суриштирувларида тўлиқ ҳамкорлик қилади."

Хейгроув "адолатли иш амалиёти ва барча ишчиларимизнинг фаровонлиги ҳақида қайғуради," деди у.

"Бебаҳо" ишчилар

Ҳукуматнинг мавсумий қишлоқ хўжалиги ишчилари дастурида бу йил боғдорчилик саноати учун 43 минг, паррандачилик хўжаликлари учун 2 минг виза берилади.

Ўтган йил бошида Атроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги департаменти (Defra) томонидан ўтказилган сўровномада респондентларнинг 91 фоизи Буюк Британия фермер хўжаликларида ишлашдан мамнун эканликларини айтганлар.

Бироқ ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишлайдиган WСC 2024 йил давомида дастур бўйича шикоятлар кўпайганини айтди.

Қирғизистонлик бир киши Англия ва Шотландияда турли фермер хўжаликларида уч йил ишлаган ва WСCга ёмон шароитларда яшаганини, камситилганини ва адолатсиз равишда ишдан бўшатилганини айтди.

Келажакдаги иш имкониятини йўқотмаслик учун аноним қолишни истаган ишчи Би-би-сига таржимон орқали шароитлар ёмонлашганини ва фермер хўжаликлари ишчилар фаровонлиги ёки иш ҳақи ҳақида қайғурмаслигини айтди.

WSC маълумотларига кўра, ўтган ёзнинг бир ойида унинг ходимлари 158 нафар қишлоқ хўжалиги ишчиси ишини ўрганган, 101 кишини ўз ичига олган 19 та ҳолатни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига йўллаган. Ишчилар асосан қозоқ, қирғиз, тожик ва ўзбеклар бўлган.

Хайрия ташкилоти мавсумий қишлоқ хўжалиги ишчилари дастурини ва эксплуатация хавфларини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги вакили айтишича, вазирлик ходимлари 318 та фермага бориб, 2100 дан ортиқ ишчи билан суҳбатлашган. Эксплуатация ва ёмон меҳнат шароитларини бартараф этиш учун ҳар йили ўзгаришлар киритилади.

"Зўравонлик ҳолатлари содир бўлаётгани ёки дастур шартлари бажарилмаётгани аниқланган жойларда биз ҳар доим қатъий чоралар кўрамиз," дея қўшимча қилди у.

Миллий фермерлар уюшмаси таъкидлашича, чет эллик ишчилар Британия фермерлари учун "бебаҳо" ҳисобланади. Фермерлар "ишчиларнинг фаровонлигига жуда жиддий эътибор қаратади ва улар учун энг яхши шароитларни яратиш мақсадида ўз фаолиятларини доимий такомиллаштириб боради".

Вакил қўшимча қилишича, ишчиларнинг аксарияти "Буюк Британиядаги ишидан мамнун, шу боис кўпчилик мавсумдан-мавсумга айнан ўша фермер хўжаликларига қайтиб бораяпти".