'Танкʼ, 'поездʼ ва 'маҳлуқʼ – Ватанида рад этилган Ҳусановнинг 'Ман Cитиʼ томон юксалиши

husanov

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 18 ой муқаддам Ҳусанов Европада энг сўнгги ўринлардан бирида бўлган Беларусь клубида тўп сураётган эди.
    • Author, Алекс Бротертон
    • Role, BBC Sports
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

(Ушбу оригинал мақола 20 январь куни BBC Sports'да эълон этилган)

Ижтимоий тармоқлар ривожланган ва футболни ёритиш ўзининг юқори чўққисига чиққан бир даврда, клубга оммага деярли номаълум ўйинчининг келиши кам учрайди. Шу маънода, 'Манчестер Cитиʼ томонидан ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов билан шартнома имзоланиши ўтмишда қолган одатларни эслатади.

20 ёшли Ҳусанов душанба куни Франциянинг 'Лансʼ клубидан 33,6 миллион фунт стерлинг (€40 миллион)га трансфер қилинди ва Премьер Лигада ўйнайдиган ўзбекистонлик илк футболчига айланди.

Марказий ҳимоячи сифатида ҳали кўп ишлари олдинда турган бўлсада, бу трансфер Абдуқодирнинг ҳайратланарли юксалиш йўлини ўзида акс эттиради.

Ёш ҳимоячи ўз ватанида рад этилгандан сўнг тўрт йил ичида футбол оламининг энг истиқболли ўйинчиларидан бирига айлана олди.

Алоқадор мавзулар:

"Ҳеч ким уни билмас эди"

Ҳусанов ўз футбол сафарини 7 ёшида Тошкентнинг 'Бунёдкорʼ клуби академиясига қўшилганида бошлаган.

У шу заҳоти ўзидан икки ёш катта болалар билан ўйнашга киришган, чунки унинг истеъдоди ва майдонда ҳаракатланиш қобилияти шунга яраша эди.

Аммо 17 ёшида клуб уни етарлича кучли эмас, деб ҳисоблаб, ёш истеъдодни учинчи даражали захира жамоасига жойлаштирган.

Шундан сўнг Ҳусановнинг отаси, собиқ Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Ҳикмат Ҳошимов, бошқа имкониятларни излашга қарор қилган.

Бу имконият Беларусь пойтахти Минскдаги кичик клуб – 'Энергетик-БГУʼ кўринишида ўртага чиққан.

Клуб, гарчи ҳали балоғат ёшига етмаган бўлсада, Ҳусановни қўшилишга кўндирган – Беларусьда футболчилар фақат 18 ёшга тўлгандан сўнг профессионал шартнома имзолашлари мумкин.

Майдонга тушишга рухсат бўлгач, Ҳусанов дарҳол ўзини намоён этган. Марказий ҳимоячи сифатида ўйнаганига қарамай, Ҳусанов 2022 йилда 'Энергетик-БГУ'нинг Беларусь олий лигасида кутилмаган тарзда иккинчи ўринга чиқиб олишига ҳисса қўшган.

Ҳусановнинг бу ютуқлари ўз ватанидаги футбол мухлислари томонидан деярли пайқалмаган эсада, унинг кейинги олға қадамига Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидаги фаолияти сабаб бўлди.

2023 йилда ўтказилган U-20 Осиё кубогида терма жамоага кеч чақирилган Ҳусановнинг жамоаси тарихий ғалабага эришган эди.

Абдуқодирнинг айнан ушбу турнирдаги ўйинини 'Лансʼ клуби скаутинг менежери Батист Фавиэр кузатаётган эди.

Ўша йил июль ойида 'Лансʼ Ҳусановни атиги 84 минг фунт стерлинг (€100 минг) эвазига ўз сафига қўшиб олди.

"Ҳусанов 'Ланс'га келганида ҳеч ким уни танимас эди," дейди Get French Football News бош муҳаррири Люк Энтвистл.

"У мутлақо номаълум футболчи эди. У биринчи мавсумда кўп ўйнамади, лекин учлик ҳимояда имкониятга эга бўлганидан сўнг, унда ўзгача бир нарса борлигини дарҳол сезиш мумкин эди."

Ҳусанов Жонатан Градит, Кевин Дансо ва Факундо Медина каби ўрнашиб қолган ҳимоя чизиғини бузиб, 13 марта Лига 1'да майдонга тушди – улардан 11 таси асосий таркибда.

"Агар Ҳусанов бирор юқори лигадан келганида, унинг нархи 100 миллион евро бўларди," дейди Дансо.

Собиқ 'Лансʼ дарвозабони Брис Самба эса Ҳусановни шундай таърифлайди: "У бизнинг ҳимоямиз иерархиясини ларзага келтирди. Унинг келажаги буюк".

Ҳусанов дунёнинг энг яхши футболчиларидан бирига айланишига бўлган ишонч шу даражада юқорики, 'Лансʼ у кийган ва имзо чеккан формани клуб коллекцияси учун сақлаб қўйган.

Бу амалиёт фақат клубнинг энг буюк футболчиларига нисбатан қўлланилади.

husanov

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон терма жамоаси 2023 йилда Осиё кубогида ғолиб бўлган эди.

Танк, поезд ва махлуқ

Ҳусановни Самба "махлуқ", 'Лансʼ менежери Уилл Стилл "танк" деб таърифлаши ва ватанида унга "Поезд" лақаби берилгани сабаби бежиз эмас.

"У кучли ҳимоячи бўлиб, тўпни тортиб олиш қобилияти, ҳаводаги устунлиги ва тажовузкор услуби билан танилган," дейди журналист ва Football Manager'нинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Томас Буллок.

"Унинг тўп билан ҳаракати ишончли, лекин унинг тезлиги энг кўзга кўринган жиҳат бўлиб, у тезкор ҳужумчиларни қувиб ета олади ва тезда ўз ўрнига қайтолади".

Люк Энтвистл эса шундай қўшимча қилади: "У олдинга отилиб чиқиб, ярим ҳимояга босим ўтказишни яхши кўради. У рақиб билан юзма-юз дуэлларда кучли, ҳеч қачон ярим имконият билан ҳаракат қилмайди. У ниҳоятда атлетик ўйинчи".

Ўзбек тилида Абдуқодир "қудратли" деган маънони англатади. Балки ота-онаси келажакни олдиндан кўра билгандир ёки шунчаки тақдир, аммо бу исм унга жуда мос келади.

Айтиш лозимки, Ҳусанов муҳим паллаларда оқсаш одатини чиқарган 'Манчестер Cитиʼ ҳимояси учун тезкор ечим бўла олмайди.

20 ёшли футболчи ўзини ортиқча мажбурлаш орқали муаммога дуч келиши мумкин – 'Ланс'да тўпни олдинга сурувчи асосий ҳимоячи бўлиши шарт эмас эди.

"У ҳали пишмаган, такомилга эришиши лозим," дейди Энтвистл.

"У сайқалланмаган олмосга ўхшайди, аммо муваффақият қозониши учун таваккал қилса арзийди. Чунки Пеп Гвардиола қўли остида нозик деталлари ва тактик тушунчалари яхшиланиши мумкин. Ўн йилдан кейин қирқ миллион евро худди арзимаган сумма кўриниши мумкин".

BBC 5 Live Euro Leagues подкастида сўзлаган француз футболи журналисти Жулиэн Лоренс Ҳусанов трансфери ҳақида шундай фикр билдиради: "У жуда исте'додли, лекин 'Cитиʼ потенциални сотиб оляпти. У ҳар ҳафта ўйинга тайёр эмас. 'Cитиʼ келажакнинг марказий ҳимоячисини олганига умид қиляпти".

husanov

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳусанов ўзининг тажовузкор услуби билан танилган.

Ўзбек футболининг юксалиши

Ҳусанов Европанинг юқори лигаларида кўпроқ ўзбекистонликлар ўйнаши учун йўл очаётганини романтик тарзда айтиш мумкин бўлсада, бу жараён собиқ совет давлатида аллақачондан бери давом этмоқда.

Сўнгги ўн йилликда мамлакат футбол инфратузилмасига яхшироқ майдонлар ва жамоаларнинг ёшлар академияларига эга бўлиши талаби дохил соҳага "катта инвестициялар" киритилди, дейди ўзбек футболи эксперти Конор Бауэрс.

Ҳусановни тарбиялаган 'Бунёдкор' клуби Гулнора Каримова – Ўзбекистоннинг собиқ диктатори Ислом Каримовнинг қизи маблағлари ҳисобидан катта манфаат кўрган эди.

Ташкил этилганидан сўнг атиги уч йил ичида катта муваффақиятни қўлга киритган клуб мамлакатнинг энг зўр ёш истеъдодларини ўзига жалб қила бошлаган.

"Ҳусановнинг пайдо бўлиши фақат вақт масаласи эди," дейди Осиё футболи шарҳловчиси Дез Коркхилл.

"У энг яхшиси, аммо ортидан бошқа истеъдодлар ҳам келади".

Ҳусанов, шунингдек, 'ЦСКА Москва' сафидаги Аббос Файзуллаев, ўтган мавсумда 'Брентфорд'нинг ёшлар жамоасида ўйнаган Муҳаммадали Ўринбоев ва 'Леганесʼ ярим ҳимоячиси Лазизбек Мирзаев каби ёш истеъдодлар ўз жамоаларида ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш гуруҳида иккинчи ўринга чиқиб олди ва илк бор финал босқичида қатнашишга яқин турибди.

"Бир неча йил аввал ҳар бир ўзбекистонлик учун бу фақат орзу эди," дейди SPORTS.uz журналисти Суҳроб Холбеков ўзбекистонлик футболчининг Премьер Лигага келиши ҳақида.

"Ўзбек футболига кулиб қараш одатий ҳол эди, энди Ҳусанов бу одатни йўқ қилди".