Нега Саудия Арабистони футболга миллиардлаб доллар сарфлаяпти? Futbol Dunyo Yangiliklar

Неймарнинг "Ал Ҳилол" футбол клуби билан контракт имзолаши (15/08/23)

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Саудия Арабистони дунё бўйича футбол юлдузларини жалб этмоқда
    • Author, Самир Ҳошимий
    • Role, Би-би-сининг Яқин Шарқ мухбири, Ар-Риёд

Саудия Арабистонининг "Ал-Ҳилол" футбол клуби 66 та совринга эга серҳашам жамоа.

У Осиё Футбол Федерацияси Чемпионлар лигаси ғолиби ҳам бўлиб, Ар-Риёднинг ушбу жамоасини Осиёдаги энг муваффақиятли жамоа деб аташ мумкин.

"Ал-Ҳилол" анчагина ажойиб ютуқларга эришган бўлса ҳам, унинг аксар мухлислари учун 2023 йил 19 августи клуб учун янги даврни бошлаб берди. Ўша куни Неймар Жуниор ҳаяжонга тўла 65 минг мухлис олдида чиқиш қилди.

Алоқадор мавзулар:

Мушакбозликлар ва Неймарнинг юзини акс эттирган дронлар томошаси Риёд осмонини қоплагандан кейин бразилиялик футболчи клубнинг анъанавий тўқ мовий либосида майдонга тушиб келди.

"Бу биз учун ўзгача кун. Неймар мегаюлдуздир. У "Ал-Ҳилол"га кўплаб мухлисларни тўплади. Клуб ҳар ёқда машҳур бўлди", дейди "Ал-Ҳилол" мухлиси Абдуллоҳ Алмутава Би-би-сига.

Саудия Арабистонини халқаро футбол марказига айлантириш учун катта лойиҳа январь ойида икки ярим йиллик шартнома билан 400 миллион доллардан ортиққа Криштиану Роналдунинг "Ан-Наср" жамоасига олиб келиниши билан бошланди.

Бу оғизни очириб қўядиган ёзги трансферларни бошлаб берди. Футболнинг машҳур номлари Саудияга кела бошлади. Карим Бензема июнь ойида Реал Мадриддан Жидданинг "Ал-Иттиҳод"ига ўтиши иккинчи катта қадам бўлди.

Ўшандан бери Садио Мане, Риёд Маҳрез, Жордан Хендерсон, НГоло Канте каби кўплаб йирик номлар Европа клубларидан Саудия лигасига ўтишди.

Ёзда Саудия Арабистони Профессионал лигаси хорижлик футболчиларни сотиб олиш учун трансферга 900 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлади ва шу билан Англия Премер-лигасидан кейин иккинчи энг кўп маблағ сарфлаган лигага айланди. Бу кўрсаткичга асосан Европанинг топ-лигаларидаги ўйинчиларга таклиф қилинадиган ҳайратланарли маошлар кирмайди.

Лига бош директори Карло Норанинг айтишича, бу бир марталик ўсиш эмас. Саудия Арабистони ҳукумати лигани даромад ва сифат жиҳатидан дунёнинг энг яхши лигаларидан бирига айлантирмагунча уни молиявий қўллаб-қувватлашга қасд қилган.

Саудия Арабистони Профессионал лигаси Англия Премер-Лигаси ва Ла Лигалар билан рақобатлашмоқчи.

Жаноб Нора лига ўз мақсадига эришмагунча чет эллик ўйинчиларни олиб келиш учун катта маблағ сарфлаш давом этишини айтади, бироқ айни пайтда лига ўзининг эҳтимолий тижорий қийматини кўрсатиб қўйиш учун ҳам ҳаракат қилмоқда.

"Мақсадларимизга эришилгунча қўллаб-қувватлов олсак ҳам, биз ўз молиявий ўсишимиз ҳақида қайғуришимиз ва давлат капиталига тўлиқ боғлиқ бўлмаслик учун ўзимизни тижорий жиҳатдан мустаҳкамлашимиз муҳим", дейди жаноб Нора Би-би-сига.

Юмшоқ куч

Дунёнинг энг йирик нефть экспортчиси Саудия Арабистони Профессионал лигаси, Формула 1 ва даромадли ЛИВ гольфни янгилаш каби спорт турларига миллиардлаб доллар сарфламоқда. Баъзи танқидчилар буни инсон ҳуқуқларининг абгор аҳволидан эътиборни чалғитишга қаратилган "спорт орқали ювиш" деб ҳам таърифлайдилар.

Gamers8 in Riyadh (July 2023)

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Саудия Арабистони ўз иқтисодини турфахиллаштириш билан бирга илгари кузатилмаган кўнгилочар тадбирлар сонини ҳам кўпайтирмоқда

Аммо баъзи экспертлар Саудия Арабистони стратегиясининг ягона мақсади имиж ва обрў эмас, деб ҳисоблашади. Париждаги Skema бизнес мактабининг спорт ва геосиёсий иқтисод профессори Саймон Чедвикнинг айтишича, "дунё мамлакатлари спорт ва ўйин-кулгидан юмшоқ куч воситаси сифатида фойдаланади".

"Бу Саудия Арабистони ҳозирда қўллаётган сиёсий арсеналнинг бир элементидир. Гап бутун дунёдаги одамларнинг қалби ва онгини қозониш учун мамлакатлар ўртасидаги рақобат ҳақида бормоқда. Буюк Британия, АҚШ, Франция, Ҳиндистон ва бошқа кўплаб давлатлар шундай қилган. Ҳозир саудияликлар ҳам буни такрорлаяпти", дея қўшимча қилади профессор Чедвик.

Саудия Арабистони харажатлари ошиши ортидаги иккинчи асосий омил шундаки, у нефть даромади камая бошлагунга қадар ўз иқтисодини қайта тиклаш бўйича катта дастурнинг бир қисмидир. У ҳозирда Саудия Арабистони ялпи ички маҳсулоти ёки ЯИМнинг 40% дан ортиғини ташкил қилади.

Спорт подшоҳликнинг амалдаги ҳукмдори, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон томонидан амалга оширилаётган "2030 йил нигоҳи" лойиҳасининг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Иқтисодиётни диверсификация қилиш дастури янги ишлаб чиқариш соҳаларни барпо этиш ва иш ўринлари яратиш орқали мамлакатнинг қазиб олинадиган ёқилғи даромадларига қарамлигини камайтиришга қаратилган.

"Мақсадлардан бири Саудия Арабистони аҳолисини "2030 йил нигоҳи" доирасида кўнгилочар машғулот билан таъминлаш, шу билан бирга узоқ муддатда Саудия Профессионал лигаси даражасини кўтарадиган маҳаллий истеъдодларни етиштиришдир", дейди жаноб Нора.

Саудия Арабистони футболсевар мамлакат бўлиб, аҳолисининг 80 фоизи футбол ўйнайди, томоша қилади ёки кузатади. Бу катта сармоя ўз самарасини берадими ёки йўқлигини айтишга ҳали эрта, аммо стратегия Форс кўрфази давлатининг футбол қудрати бўлиш истагини яққол намойиш этади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002