Ғазо: Вайрон бўлган масжид ва бошқа обидаларни тиклаш бошланди. Ҳозирги ҳолат қандай?

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Ёланд Кнелл
- Role, Қуддус
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Kаскалар ва ёрқин нимчалар кийган ўнлаб фаластинлик ишчилар чўкич ва аравалар ёрдамида Ғазо секторидаги энг қадимий ва энг катта масжид вайроналарини тозаламоқда.
Ўрта асрлардаги Буюк Умарий масжидидан ярми қулаган саккиз бурчакли минора ва бир нечта ташқи девор қолган. Ҳамасга қарши икки йиллик урушда Исроил ҳужуми оқибати бу.
Деярли саккиз ҳафта олдин АҚШ воситачилигидаги оташкесин бошланганидан бери энди тошларни тозалаш ва саралашга киришилди, аммо ҳақиқий тиклаш ишлари ҳали бошланмаган. Исроил оташкесин шартномасига мувофиқ, Ғазога қурилиш материаллари олиб киришга рухсат бермаяпти.
"Биз дуч келаётган асосий муаммо – ресурслар, яъни темир ва қурилиш материаллари етишмаслиги," дейди "Ривақ" фаластин маданий мероси ташкилоти муҳандиси Ҳусни ал-Мазлум. "Бундан ташқари, биз содда асбоблардан фойдаланяпмиз ва жуда эҳтиёткор бўлишимиз керак, чунки бу ердаги тошлар 1200 ёки 1300 йиллик."

Ғазо шаҳридаги идорасида Ҳанин ал-Амси 13-асрга оид Буюк Умарий масжиди кутубхонасининг сақлаш хоналаридан топган ноёб қадимий ислом қўлёзмалари парчаларини синчиклаб ўрганмоқда.
"Худди одамларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатганимиздек, қўлёзмалар учун ҳам шундай қилмоқдамиз," дея тушунтиради халқаро даражада ўқитилган консервация мутахассиси видео алоқа орқали.
Амси хонимнинг айтишича, уруш бошида Эски шаҳар Исроилнинг кучли ҳужуми остида қолган, унинг бўлимидаги ёш ходим баъзи қўлёзмаларни сақлаб қолиш учун ўз ҳаётини хавфга қўйган. Бироқ илк исломий асарларнинг катта қисми вайрон бўлган бино остида қолиб кетган.
Январдаги икки ойлик ўт очишни тўхтатишдан сўнг, Амси хоним Британия Кенгаши молиялаштирган жамоага раҳбарлик қилиб, ушбу қўлёзмаларни сақлаб қолиш ишларишга киришди. Улар харсангтошларни қўлда олиб ташлай бошладилар.

Амси хонимнинг таъкидлашича, "даҳшатли йўқотишлар" бўлган бўлса-да, 228 та қўлёзманинг 148 таси сақланиб қолган. Бу асосан унинг урушдан олдинги саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ бўлиб, у Британия кутубхонаси билан ҳамкорликда асарларни сақлаш, архивлаш ва рақамлаштириш устида ишлаган. Қўлёзмалар махсус қутиларда сақланган ва темир сейфларга жойланган.
"Биз топган баъзи парчалар 700 кун давомида вайроналар остида қолмагандек кўринарди, – дейди Амси хоним. – Бошқалари эса гўё ёш бола майдалаб йиртиб ташлагандек эди." Мисол тариқасида у арабча ёзувли куйган қоғоз бўлаклари солинган қутини кўрсатади.
Сўнгги кунларда Амси хоним жамоаси жиддий шикастланган қўлёзмаларни топиш учун оғир ускуналардан фойдалана бошлади. Унинг айтишича, Фаластин тарихининг бебаҳо ёдгорлиги ҳисобланган кутубхона архиви, жумладан, Усмонлилар даври ҳужжатлари, бутунлай ёниб кетган.

Фаластинликлар Исроилни маданий мерос объектларини атай нишонга олишда айблашмоқда, бу ҳарбий жиноят саналади. Исроил буни рад этиб, халқаро ҳуқуққа мувофиқ иш кўраётганини таъкидламоқда.
Исроил мудофаа кучлари (ИМК) Ҳамасни муҳим тарихий ёдгорликлар ва тўпламларни йўқ қилишда айблаб, қуролли гуруҳ "маданий мерос объектлари яқинида ёки остида" ҳаракат қилганини айтмоқда. ИМК маълум қилишича, Буюк Умарий масжидида "туннель шахтаси ва террор туннели" бомбаланган.
ЮНЕСКО 2023 йил 7 октябрда Ҳамас бошчилигида Исроилга ҳужумлар урушни келтириб чиқарганидан бери Ғазодаги 145 та диний, тарихий ва маданий объектга етказилган зарарни тасдиқлаган. Бу баҳолов асосан сунъий йўлдош тасвирларига асосланган. Жойида текширув ўтказган маҳаллий гуруҳлар зарар даражасини анча юқори баҳоламоқда.
Ғазо тарихи 5000 йилдан ортиқ даврни қамраб олади. Турли тамаддунлар ўз изларини қолдирган: канъонийлар, қадимги мисрликлар, филистимликлар, оссурияликлар, форслар, юнонлар, яҳудий ҳасмонийлар, римликлар, насроний византияликлар, мусулмон мамлуклар ва усмонлилар.

Сурат манбаси, AFP

Эски шаҳар қисмининг бошқа бир жойида ёш йигитлар 800 йиллик Пошо саройи қолдиқларидан қум ва майдаланган қоришмани олиб ташламоқда, остидан мозаика полнинг геометрик нақшлари кўринмоқда.
"Бажарилаётган ишлар жуда оз," дейди Ғарбий Соҳилда жойлашган ва масофадан туриб ишларни мувофиқлаштирувчи Маданий меросни сақлаш маркази директори Иссам Жуҳа. "Ҳатто оддий таъмирлаш учун ҳам бизга цемент ёки оҳак қоришмаси керак, аммо булар йўқ."
Бу тарихий қалъада 1799 йилда Наполеон Бонапарт тўхтаб ўтган. Сўнгги пайтларда у таъмирланиб, Франция бошчилигидаги археологик қазишмаларда топилган қимматбаҳо ашёлар намойиш этилган ажойиб музейга айлантирилган эди.

"Биз Фаластин халқининг ўзига хослиги ва хотирасини акс эттирувчи бино билан шуғулланяпмиз," дейди тиклаш ишларига раҳбарлик қилаётган маданий мерос бўйича мутахассис доктор Ҳамуда ал-Даҳдар. "Биз бу муҳим тарихий обиданинг қолган қисмини сақлаб қолмоқчимиз."
ИМК менга урушда нима учун Пошо саройи нишонга олингани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди. Маҳаллий аҳоли айтишича, у Исроил ҳаво ҳужумига учраган ва кейинчалик булдозер билан бузиб ташланган.
Ўқитилган ишчилар ҳозирда объектда сақланган 17 000 га яқин артефактларни изламоқда. Кўпчилиги зарарланган ёки ўғирланган. Ҳозиргача вайроналар остидан атиги 30 га яқин буюм, жумладан, Византия саркофаги қопқоғи бўлаги ва сопол идишлар топилган.

Сурат манбаси, Reuters
Амалга оширилаётган ишлар Ғазода жуда танқис бўлган иш ўринларини яратмоқда, маҳаллий маданий гуруҳларни халқаро ноҳукумат ташкилотлар қўллаб-қувватламоқда.
Женевада жойлашган «Алиф» жамғармаси 2024 йилдан бери Ғазодаги фавқулодда ишлар учун 700 000 доллар ажратган ва унинг мутахассислари деярли ҳар куни жойлардаги гуруҳлар билан алоқада эканлигини таъкидламоқда.
Британия кенгаши билдиришича, яқиндаги ўт очишни тўхтатишдан сўнг, унинг ҳамкорлари "келажакда маданий мерос бўйича қандай ишларни амалга ошириш мумкинлигини тушуниш учун" янги зарарни баҳолаш ва хавфсизлик текширувларини ўтказмоқда.
"Исроил армиясининг ҳозирлиги сабабли биз етиб бора олмайдиган кўплаб археологик жойлар бор," дейди Ғазоннинг етакчи археологи Фозил ал-Отол. У ҳозирда Швейцарияда воқеаларни кузатмоқда.
У шимолда, Жабалия лагеридан шарқда жойлашган Рим қабристонлари ва Византия черковини тилга олди. Булар у қазишмаларни бошқарган ҳудудлар бўлиб, ҳудуднинг тўлиқ Исроил назорати остида бўлган 53 фоизида жойлашган.

Ғазо шаҳрида қадимги юнон порти бўлган Анфедонга бориладиган йўлни у ерда лагер қурган минглаб кўчирилган одамлар тўсиб қўйган.
"Ички зарарнинг тўлиқ ҳажмини баҳолай олмаймиз, – дея давом этади жаноб Отол. – Ҳозирча у ерда ҳеч қандай иш қилиб бўлмайди."
Вашингтон яқин келажакда Ғазода оташкесиннинг кейинги босқичларида Ҳамасдан кейинги бошқарув, хавфсизлик ва қайта қуриш каби мураккаб масалалар бўйича ривожланиш кутилаётганини маълум қилди.
Ғазо аҳолиси келажаклари ноаниқлигини ҳис қилаётган бўлса-да, кўпчилик мерос объектларида ишлар бошланганини кичик умид белгиси сифатида қабул қилмоқда.












