Ғазолик йўловчилар ҳеч рухсатсиз Жанубий Африкага қандай келиб қолишди?

Рамафосанинг сўзларига кўра, 153 кишидан иборат гуруҳ "сирли равишда Найробида тўхтаб, Жанубий Африкага келган самолётда пайдо бўлган", деб хабар беради News24.

Сурат манбаси, GIFT OF THE GIVERS

Сурат тагсўзи, Рамафосанинг сўзларига кўра, 153 кишидан иборат гуруҳ "сирли равишда Найробида тўхтаб, Жанубий Африкага келган самолётда пайдо бўлган", деб хабар беради News24.
    • Author, BBC Янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) Президенти Сирил Рамафоса Ғазо бўлгасидан 153 нафар фаластинликни олиб келган чартер рейси билан боғлиқ вазиятни текширишни буюрганини эълон қилди.

Самолёт Йоханнесбургдаги ОР Тамбо аэропортига қўнди, аммо йўловчиларга дастлаб ўз мамлакатларидан чиқиш муҳрлари йўқлиги сабабли кириш тақиқланди. Кейин улар учоқда 10 соатдан кўпроқ вақт қолиб кетишди.

Рамафосага кўра, уларнинг аксариятига маҳаллий хайрия ташкилотининг аралашуви ва "раҳм-шафқат ва инсонийлик" туфайли Жанубий Африкага киришга рухсат берилди.

Уларнинг Ғазодан жўнаб кетишлари ва Жанубий Африкага парвоз қилишларига боғлиқ ҳолат номаълумлигича қолмоқда ва расмий тергов очилган.

Кутилмаган меҳмонлар

Жанубий Африка Ҳамас ва Исроил ўртасидаги уруш пайтида фаластинликларни қатъий қўллаб-қувватлади.

Рамафосанинг сўзларига кўра, 153 кишидан иборат гуруҳ "сирли равишда Найробида тўхтаб, Жанубий Африкага келган самолётда пайдо бўлган", деб хабар беради News24.

Ғазо чегараларини назорат қилувчи Исроил ҳарбий агентлиги COGATнинг маълум қилишича, у йўловчиларга "учинчи мамлакат уларни қабул қилишга рози бўлганидан" кейин Исроилни тарк этишга рухсат берган, аммо у қайси давлатлигини аниқ айтмади.

Ciril Ramafosa
Reuters
Ularda zarur hujjatlar bo‘lmasa ham, ular urushdan, vayron bo‘lgan mamlakatdan kelgan odamlar.
Ciril Ramafosa
Janibuy Afrika Respublikasi prezidenti (bbc.com/uzbek)

Преториядаги Фаластин элчихонасининг маълумотларига кўра, йўловчилар "олдиндан огоҳлантиришсиз ёки мувофиқлаштирмасдан" Исроилдаги Рамон аеропортидан жўнаб кетишган ва Найробидан ўтиб Жанубий Африкага йўл олишган.

Элчихона баёнотида "рўйхатдан ўтмаган ва жуда шубҳали ташкилот" фожиали гуманитар вазиятдан фойдаланиб, оилаларни алдаб, улардан пул йиғиб, саёҳатни ноқонуний ва масъулиятсиз тарзда ташкил қилгани айтилади.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 153 йўловчидан 23 нафари сўнг бошқа мамлакатларга олиб кетилган ва 130 нафарига Жанубий Африкага киришга рухсат берилган.

Рамафоса Ички ишлар вазири томонидан вазият ҳақида маълумот берилганини ва уларни қайтармасликка қарор қилганини таъкидлади.

"Агар уларда зарур ҳужжатлар бўлмаса ҳам, улар урушдан вайрон бўлган мамлакатдан келган одамлар", дея президентнинг сўзларидан иқтибос келтиради News24.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Ғазоликларнинг Исроилдан қандай чиққани текширилмоқда

Сурат манбаси, GIFT OF THE GIVERS

Сурат тагсўзи, Ғазоликларнинг Исроилдан қандай чиққани текширилмоқда

Сирил Рамафоса шунингдек, журналистларга ҳукумат "вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқишини" ва кейинчалик жамоатчиликка "бу вазият қандай пайдо бўлганлиги" ҳақида тушунтириш беришини айтди, дея хабар беради SABC телеканали.

Мавҳум келажак

Жанубий Африка Ички ишлар вазири Леон Шрайбернинг таъкидлашича, Фаластин паспорти эгалари одатда Жанубий Африкага 90 кунгача визасиз кириш ҳуқуқига эга, аммо уларнинг жўнаб кетган мамлакатида чиқиш муҳрлари, қайтиш чипталари ёки Жанубий Африкадаги яшаш манзилларининг йўқлиги киришнинг дастлабки босқичда рад этилишига сабаб бўлган.

Текширувдан сўнг, ушбу маълумотларнинг йўқлиги келганларнинг бошпана сўраш нияти билан боғлиқ эмаслиги аниқланди, шундан сўнг уларга учоқдан тушишга рухсат берилган.

"Барча саёҳатчиларнинг амалдаги паспортлари бор ва ҳозирча уларнинг ҳеч бири бошпана сўрамаган", деди Ички ишлар вазири.

"Gift of the Givers" хайрия ташкилоти фаластинликларни уй-жой билан таъминлашни ўз зиммасига олди.

Бироқ, келганларнинг ўзлари ва Жанубий Африка расмийларининг кейинги режалари номаълум.

Жанубий Африка фуқаролик жамияти ташкилотлари одамларнинг қочиб кетишига олиб келган шароитларни, шунингдек, аниқ парвоз йўналишини текширишни талаб қилишди. Келган фаластинликлардан бири eNCA телеканалига Жанубий Африкада, яъни "тинчлик, қонун ва адолат мамлакатида" бўлганидан хурсанд эканлигини айтган.

Фаластин мустақиллик ҳаракатига ҳамдардлик 1990-йилларда Нелсон Мандела фаластинликларни очиқчасига қўллаб-қувватлаган пайтларга бориб тақалади.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Фаластин мустақиллик ҳаракатига ҳамдардлик 1990-йилларда Нелсон Мандела фаластинликларни очиқчасига қўллаб-қувватлаган пайтларга бориб тақалади.

"Биз ҳар куни ўлим билан юзма-юз бўлган Ғазодан келдик. Икки йиллик урушдан омон қолдик ва бу ерда бўлганимиздан хурсандмиз", деди рафиқаси ва икки фарзанди билан келган эркак.

Шу билан бирга, " Gift of the Givers" ташкилоти президент Сирил Рамафосадан Ички ишлар вазирлиги ва Чегара хизматларини фаластинликлар бошдан кечирган "хўрлик" учун тергов қилишни сўради.

Ташкилот асосчиси доктор Имтиёз Сулаймоннинг сўзларига кўра, одамлар ўн соатдан ортиқ вақт давомида учоқда кутишга мажбур бўлишган, кўнгиллилар овқат етказиб беришга уринишганда уларга овқат берилмаган ва расмийлар "йўловчиларнинг учоқдан тушишига йўл қўймаслик учун барча мумкин бўлган баҳоналардан фойдаланишган".

Жанубий Африка узоқ вақтдан бери Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётига қарши қаттиқ мавқени эгаллаб келмоқда. Фаластин мустақиллик ҳаракатига ҳамдардлик 1990-йилларда Нелсон Мандела фаластинликларни очиқчасига қўллаб-қувватлаган пайтларга бориб тақалади.

Можаро бошланганидан бери бутун мамлакат бўйлаб Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун оммавий намойишлар бўлиб ўтди, гарчи Исроилни қўллаб-қувватлаш учун кичикроқ норозилик намойишлари ҳам бўлиб ўтган бўлса-да.

2023-йилда Жанубий Африка ҳукумати Халқаро Судда Исроилга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, уни Ғазодаги геноцидда айблади — Исроил бу айбловни қатъиян рад этди ва уни асоссиз деб атади.