Трамп Аш-Шаръа билан учрашди, Сурияга қарши санкцияларни олиб ташлади, Қатар билан $243 миллиардлик битимлар имзоланди

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Трамп АҚШ президенти самолётида

Сурат манбаси, Reuters

Ўзининг иккинчи АҚШ президентлиги хорижий сафарини Яқин Шарқдан бошлаган Доналд Трамп Саудия Арабистони ва Қатардаги мулоқотларидан жуда мамнун бўлди.

13 май куни Саудия Арабистони билан АҚШ 142 миллиард долларлик битимлар имзоладилар.

Томонлар ушбу келишувни "тарихдаги мудофаа маҳсулотлари бўйича энг йирик битим" деб таърифладилар.

Бу қатор Америка компанияларидан Саудия Арабистони ҳарбий жиҳозлар ва хизматлар олишини англатади.

Ар-Риёдда Президент Трамп Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон даврасида Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа билан учрашди.

Мулоқотда видео конференция орқали Туркия Президенти Эрдўған ҳам қатнашди.

АҚШ Сурияга нисбатан ҳали 1970 йилларда киритган жазо чораларини олиб ташлагани бекор қилинди.

Президент Трамп Сурияни Абраҳам Келишувига чақирган.

Бу келишув Исроил билан Араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қаратилган.

Ушбу келишув доирасида Бирлашган Араб амирликлари, Баҳрайн ва Марокаш Исроил билан 2020-2021 йиллари шартномалар имзолашган.

Трамп Суриянинг Исроил билан алоқаларини яхшилашини хоҳлашини айтди.

Трампда Аш-Шаръа яхши таассурот қолдирди.

Муваққат президент Аҳмад аш-Шаръа АҚШ нефт компанияларини Сурия нефт ва газ соҳасига инвестиция киритишга чақирди.

Саудиядан сўнг Президент Трамп Қатар пойтахти Доҳага йўл олди.

У ерда ҳам Америка президенти дабдабалар билан кутиб олинди.

Оқ Уйга кўра, АҚШ билан Қатар ўртасида 1,2 триллион долларлик манфаат келтирадиган битимлар имзоланган.

Жами битимлар 243 ярим миллиард доллардан зиёдга баҳоланиши айтилди.

Улар орасида энг йириги Американинг "Боинг" компанияси билан келишув бўлиб, Қатар 96 миллиард долларга 210 та самолёт сотиб олишга қарор қилган.

Шунингдек, АҚШнинг Parsons ширкати билан 97 миллиард долларлик, McDermott энергетика инжиниринг компанияси билан 8,5 миллиардлик, қатор ҳарбий аслаҳалар, хусусан, турли хил дронлар харид қилишга келишилган.

Бундан олдин Трамп Қатардан қиймати 400 миллион долларга баҳоланадиган ҳашаматли самолётни ҳадя сифатида олиши, президентлиги даврида ундан фойдаланиб туриши, сўнг бу самолёт АҚШ президенти кутубхонасига топширилиши хабари мухолифлар танқидига сабаб бўлди.

13 май. Трамп Яқин Шарқда, аммо у Исроилга бормаслиги мумкин, АҚШ президенти Ғазодаги урушни тўхтатишга қодирми?

Трамп ва шаҳзода

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Яқин Шарқ бўйлаб расмий сафари бошланди. Президент ташриф давомида Исроилни четлаб ўтиши мумкин. БМТ Исроилнинг Ғазога егулик ўтказмаслигини "уруш қуроли" деб таърифлади.

АҚШ президенти Доналд Трамп иккинчи марта президент этиб сайлангач, Америка президентларининг одатига зид равишда ўзининг илк расмий сафарини Саудия Арабистонидан бошлади.

Пойтахт Ар-Риёд аэропортида уни қиролликнинг амалдаги раҳбари, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон шахсан кутиб олди.

Яқин кунларда у Яқин Шарқдаги яна икки мамлакат — Қатар ва БААга ташриф буюришни режалаштирмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Трамп ва бин Салмоннинг дастлабки учрашуви суратларида улар Ар-Риёддаги қирол Холид номидаги аэропортда Саудия қироллик оиласи аъзолари портретлари ёнида бирга ўтиришгани акс этган. Учрашувда АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам қатнашди.

Учрашувлар давомида давлат раҳбарлари бир неча келишувларни имзоалаган. Оқ уйнинг хабар беришича, учрашувлар натижаси ўлароқ АҚШ мудофаа тизими тарихида мисли кўрилмаган – 142 миллиард долларлик шартнома имзоланган.

Доналд Трамп бугун ва эртанинг бир қисмини Ар-Риёдда ўтказишни режалаштирган.

Чоршанба куни АҚШ президенти Қатарга йўл олади. У ўзининг Яқин Шарқ бўйлаб сафарини жума куни БААга ташриф билан якунлайди.

Исроил четда қолган сафар

байроқ

Сурат манбаси, Reuters

BBC мухбири Энтони Зуркер Трампнинг Яқин Шарқ маршрутида Исроил йўқлигига эътибор қаратади ва бу ҳолатни аҳамиятли деб баҳолайди.

Унинг ёзишича, Исроил расмийлари Трамп маъмуриятини мамлакатни сафар доирасига қўшишга кўндиришга уринган, аммо бундан натижа чиқмаган.

Ҳолбуки, шанба куни АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби америкаликлар ва исроилликлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамлигича қолаётганини таъкидлаганди. Аммо Вашингтоннинг узоқ йиллик иттифоқдошини бундай очиқча четлаб ўтиши АҚШнинг минтақа бўйича устувор мақсадлари бошқа йўналишга ўзгараётганини кўрсатиши мумкин.

Душанба куни АҚШ ва фаластинлик ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар натижасида Америка фуқаролигига эга гаровга олинган исроиллик Эдан Александр озод этилди — бу жараёнда Исроил иштирок этмади.

Яна бошқа қадамлар ҳам Исроил раҳбариятида ҳайрат ва хавотир уйғотмоқда — жумладан, Яманда ҳусий исёнчилари билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ва Эрон билан ядровий дастур масаласидаги бевосита мулоқотларда Исроил манфаатлари муҳокама қилинмаяпти.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Трамп Оқ уйга иккинчи бор қайтганидан кейин у билан Вашингтонда учрашган илк хорижий етакчи бўлган эди.

Аммо Трамп ўзининг биринчи йирик хорижий сафари доирасида, рамзий маънода айтганда, Исроилдан "бир кўча" нарига келиб, Нетаняҳуникига "кириб ўтмаслиги" кутилмоқда, дея ёзади BBC таҳлилчиси.

Араб раҳбарлари Трампдан Ғазо борасида кўпроқ ҳаракат талаб қилиши мумкин

BBCнинг халқаро бош мухбири Лайс Дусет Ар-Риёддан Президент Доналд Трампнинг ташрифи минтақа учун жуда ҳассос бир вақтда амалга ошмоқда, хабар беради.

Араб давлатлари етакчилари ундан Ғазодаги азоб-уқубатларни енгиллаштириш, қолган гаровдаги инсонларни қайтариш ва Исроилга ўт очишни тўхтатиш бўйича босим ўтказишни талаб қилиши тайин, дейди у.

Трамп бу урушни тугатишни исташини очиқ айтган, бироқ тўрт кунлик сафари давомида у нима қила олиши ва нима қилишга тайёр экани ҳали ҳам аниқ эмас.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу эса бир кун олдин ўзини Трампга яқин иттифоқчи сифатида кўрсатиш мақсадида улар Исроилнинг уруш мақсадлари — жумладан, Ҳамасни тор-мор этиш — юзасидан келишиб олганини таъкидлади.

Трамп ўзини "дунёнинг энг яхши тинчликпарвари" деб атайди, аммо у минтақа давлатларини ўз муаммоларини ҳал этишда фаолроқ бўлишга ундайди.

"АҚШнинг бу қадар кўп инқирозларни бошқаришга қуввати ҳам, имконияти ҳам қолмаяпти", – дейди Chatham House таҳлил маркази вакили Санам Вакил.

Шунга қарамай, президент Трампнинг сўзлари ва огоҳлантиришлари бу минтақа учун катта аҳамиятга эга.

Айниқса, Ғазода кўпчилик унинг сўзлари ва амалда қиладиган ишларини диққат билан кузатишади.

Исроил очликдан уруш қуроли сифатида фойдаланяптими?

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам берувчи агентлиги (UNRWA) бош комиссари Филипп Лазарини
Сурат тагсўзи, БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам берувчи агентлиги (UNRWA) бош комиссари Филипп Лазарини

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Президент Доналд Трампнинг Яқин Шарқдаги бой араб монархияларига сафари тугагач, Ғазога янги "интенсив" ҳужумлар бошланишини ваъда қилмоқда.

Бу ҳужумлар фақат ҳаво ва артиллерия зарбаларини эмас, балки минглаб фаластинлик фуқароларни кўчириш режаларини ҳам ўз ичига олади.

Урушдан аввал Ғазо дунёдаги энг гавжум ҳудудлардан бири эди. Исроилнинг режаси эса имкон қадар кўпроқ фаластинликни жанубдаги жуда кичик ҳудудга — деярли бутунлай вайрон қилинган Рафа шаҳри атрофига жамлашдан иборат.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

БМТнинг инсонпарварлик идораси маълум қилишича, Ғазо ҳудудининг 70 фоизи фаластинликлар учун амалан ёпиқ ҳисобланади. Исроил эса уларни янада торроқ ҳудудга кўчирмоқчи.

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам берувчи агентлиги (UNRWA) бош комиссари Филипп Лазарини:

"Ғазодаги одамлар бошига тушган фожеа ва азобни ифода этиш учун сўзларим тугаяпти. Улар икки ойдан бери ёрдамсиз қолган", дейди.

"Очлик кенгаймоқда, одамлар заифлашган, оч. Агар яқин ҳафталарда ёрдам киритилмаса, одамлар бомбардимондан эмас, балки овқат йўқлиги сабабли ҳалок бўлади. Бу — инсонпарварлик ёрдамини уруш қуролига айлантириш демакдир."