Суриядан ким нима истайди? Туркия, АҚШ, Россия, Эрон, Исроил ва араблар манфаатлари тўқнашуви

Суриянинг муваққат Президенти Аҳмад ал-Шараа Туркия Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Анқарадаги матбуот анжуманида.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Суриянинг муваққат Президенти Аҳмад ал-Шараа Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Анқарадаги матбуот анжуманида.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Суриянинг муваққат президенти Аҳмад ал-Шараа ҳукумати 13 йиллик фуқаролар урушидан кейин мамлакатни бирлаштириш учун назоратни қўлга олишга уриняпти.

Айни дамда у Туркия ва АҚШ каби Сурияда ўз манфаатларини сақлаб қолишга интилаётган давлатларнинг сиёсий босими билан ҳам ҳисоблашиши керак.

Алоқадор мавзулар

Сурия ҳозир қандай бўлинган?

Сурия харитаси
Сурат тагсўзи, Сурия харитаси

2023 йил декабрида Ҳайят Таҳрир ал Шамс (HTS) Исломий қуролли гуруҳи ва унинг иттифоқчилари Сурия пойтахти Дамашқни эгаллашди ва собиқ Президент Башар ал-Ассаднинг Россияга қочишга мажбурлашди. HTS нинг раҳбари Аҳмад ал-Шараа муваққат президент бўлди.

Аммо, HTS ҳали бутун мамлакат бўйлаб ўз назоратини ўрната олмаган.

Вашингтонда жойлашган Яқин Шарқ институти тадқиқот марказидан Доктор Пол Салем: "HTS Сурия ғарбида, Идлибдан Дамашққача бўлган бир йўлаксимон ҳудудни назорат қилади. Мамлакатнинг катта қисмларида у тўла назорат қилмайдиган ҳудудлар бор".

Туркия Суриянинг ичида, асосан ўзаро чегара ҳудудида 10 минг аскарига эга экани тахмин қилинади. Туркия, шунингдек, Сурия шимолидаги, асосан Сурия Миллий армияси (SNA) номи остида амал қилувчи жангари гуруҳларга ҳарбий дастак беради. Бу кучлар Ассад ҳукумат тепасида бўлганида унга қарши курашишган.

Баъзи чамаларга кўра, SNA сафида 70 000 – 90 000 жангчилар бор.

АҚШ Сурияга 900 атрофида аскар олиб кирган ва курдлар бошчилик қилувчи Сурия Демократик кучлари (SDF)ни қўллаб-қувватлаган. SDF Суриянинг шимоли-шарқи ва шарқини назорат қилади. Бу гуруҳга курдлар бошқарувчи Халқ ҳимояси бўлинмалари (YPG) ҳам киради.

SDF сафида, баъзи ҳисоб-китобларга кўра, 40 000 – 60 000 жангчи бор. Улардан 20 000 – 30 000 нафари YPG аскарларидир.

Сурия жанубидаги кўп сонли друз аҳолиси яшайдиган ҳудудларни "Жанубий фронт" ва "Жанубий фаолиятлар хонаси" каби жангари гуруҳлар назорат қилади.

Аммо, Доктор Салемга кўра, друз қишлоқлари ҳукуматдаги HTS назоратига деярли рози бўлишди.

Сурияда Туркияга нима керак?

Туркия дастакловчи SNA Сурия шимолида курд кучларига қарши жанг қилиб келади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркия дастакловчи SNA Сурия шимолида курд кучларига қарши жанг қилиб келади.

HTS Идлиб вилоятини бошқараётганида Туркия у ерни электр қуввати ва телекоммуникация хизматлари билан таъминлаб HTS га ёрдам берди.

HTS Дамашқда ўз назоратини ўрнатганида у ерга ўз вакиллик гуруҳини юборган илк давлат Туркия бўлди. Бу гуруҳда Туркия хавфсизлик хизматлари раҳбари Иброҳим Қалин ҳам бор эди.

Брюсселда жойлашган Халқаро инқироз гуруҳи тадқиқот марказидан Доктор Нанар Ҳавачга кўра, Туркия Сурияда иккита нарсани мақсад қилади.

"У Туркиядаги уч миллион суриялик қочқинлар ватанларига қайтиши учун Сурия етарлича барқарор бўлишини истайди. Шунингдек, у курд қуролли кучларини ўз чегарасидан узоқлаштиришни истайди, чунки унинг ишонишича, бу кучлар унинг душмани ҳисобланмиш PKK (Курд ишчилар партияси) билан ҳамкорлик қилади", - дейди Доктор Ҳавач.

"Туркиянинг хоҳиши шуки, Сурия барча SDF жангчиларини давлат армиясига бирлаштириши керак ва курдларга автоном ҳудудни бермаслиги керак. Шараанинг мақсади ҳам шу", - дейди Доктор Салем.

Туркия YPG ва бошқа курд кучлари Сурия армиясига қўшиб юборилишини истайди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркия YPG ва бошқа курд кучлари Сурия армиясига қўшиб юборилишини истайди.

АҚШга Сурияда нима керак?

АҚШнинг Суриядаги асосий мақсади Исломий давлат (IS) (ИШИД) жиҳодчи қуролли гуруҳини бостириш бўлган. Америкаликлар 2014 йилда Сурияда ИШИДга қарши жанг қилишган ва бунда курд қуролли гуруҳларига ҳам ёрдам беришган.

АҚШ курдларга ёрдам беришига сабаблардан бири шуки, курдлар Сурия шимоли-шарқида ИШИДга аъзоликда айбланган минглаб жангчилар сақланувчи турмаларни қўриқлайдилар.

"Бу ўта тажрибали ва мафкурали жангчилар озод бўлишса, Сурияни беқарорлаштириши мумкин", - дейди Доктор Ҳавач.

Al-Sharaa and Mohammad bin Salman
EPA
Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари каби Кўрфаз давлатлари HTS га шубҳа билан қарашади, чунки у жиҳодчи ўтмишга эга.
Доктор Ҳа Ҳеллйер
Қироллик бирлашган хизматлари институти тадқиқот маркази (bbc.com/uzbek)

Ассад Сурия тепасида бўлганида, АҚШ унинг режимини инсон ҳуқуқларини топташда айблаб унга қарши кучли санкцияларни киритганди. Бу жазо чоралари ҳануз кучда.

"Сурия халқаро ҳамжамият у ерга яна сармоя кирита бошлаши учун АҚШ бу санкцияларни бекор қилишини истайди", - дейди Доктор Ҳавач.

Араб давлатларига Сурияда нима керак?

Суриянинг муваққат президенти қилган илк хорижий сафар Саудия Арабистонига бўлди.

Лондонда жойлашган Қироллик бирлашган хизматлари институти тадқиқот марказидан Доктор Ҳа Ҳеллйер: "Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари каби Кўрфаз давлатлари HTS га шубҳа билан қарашади, чунки у жиҳодчи ўтмишга эга. Лекин, улар ҳам Суриянинг қайта қурилишига тилакдошлар. Улар Сурия араб давлатлари билан бирлашиши ва Эронга энди бўйсунмаслигини истайдилар".

Курдлар назоратидаги турмаларда минглаб Исломий Давлат жангчилари сақланяпти. Улар озод қилинса, Сурия ҳукуматига катта хавф бўла олади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Курдлар назоратидаги турмаларда минглаб Исломий Давлат жангчилари сақланяпти. Улар озод қилинса, Сурия ҳукуматига катта хавф бўла олади.

"Фуқаролар урушидан чиққан Сурияни қайта қуришга Туркия ўз ёрдамини таклиф қилди, лекин Кўрфаз давлатларида пул кўпроқ", - дея қўшимча қилади Доктор Салем.

Россияга Сурияда нима керак?

Россия 2015 йилда Ассад режимини қўллаб-қувватлагани учун Сурияда ўз ҳарбий базаларини жойлаштиришга муваффақ бўлди. Тартусдаги денгиз базаси билан Россия Ўрта Ер денгизига жойлашди, ҳамда Ҳмеймимдаги ҳаво базаси билан Африкага яқинлашди. Россия қатор Африка давлатларига хавфсизлик кучларини юборган.

Кремль ҳозирда Суриядан ҳарбий кемалар ва учоқлар каби техникасини олиб чиққан. У ҳозирда бу базалардан келажакда қандай фойдаланиши мумкинлигини HTS билан муҳокама қиляпти.

Суриядаги Тартус денгиз базаси Россия армияси учун Ўрта Ер денгизига йўлни очган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Суриядаги Тартус денгиз базаси Россия армияси учун Ўрта Ер денгизига йўлни очган.

"Сурия учун Россияни ҳафа қилиш қимматга тушиши мумкин, чунки Россия у ердаги турли этник гуруҳлар орасида тангликни келтириб чиқариб муаммолар ярата олади", - дейди Доктор Ҳавач.

Бошқа давлатлар Сурияда муаммоларни келтириб чиқаришлари мумкинми?

Доктор Салем: "Шараа учун манфаатли томони шуки, кўп давлатлар Сурия барқарор бўлишини исташади ва давлат ичидаги кўп тарафлар муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлаяпти."

Аммо, Туркия дастакловчи Сурия Миллий армияси (SNA) курдлар бошқарувчи SDF билан Ҳалаб вилоятининг шарқида тўқнашиб келяпти, дейди АҚШдаги Уруш тадқиқотлари институти.

Доктор Салемга кўра, хавф шуки, агар SDF қуролсизланишдан бош тортса, Туркия SNA ни унга қарши жангларни кучайтиришга чақириши мумкин.

Исроил ўз қўшинларини Сурияга янада чуқурроқ олиб кирди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил ўз қўшинларини Сурияга янада чуқурроқ олиб кирди.

"Бу Туркия учун энг биринчи танлов эмас, лекин танловлардан бири", - дейди Доктор Салем.

"Ҳозиргача АҚШ Туркиянинг курдлар билан йирик тўқнашувини бартараф қилиб келаётганди. Лекин, Президент Доналд Трамп Сурияда америкалик аскарларни қолдирадими-йўқми, ҳеч ким билмайди. Декабрда у Суриядаги вазият "бизнинг жангимиз эмас", деганди", - дейди Доктор Ҳавач.

Сурияда Исроилнинг ҳарбий кучлари ҳам бор.

Ассад режими қулашидан кўп ўтмай, Исроил ўз қўшинлари билан Ғўлон тепаликларига янада чуқурроқ кириб борди ва у ерда сурияликларни Исроил кучларидан ажратиб бурган буфер ҳудудини эгаллади.

Трамп Суриядан АҚШ қўшинларини олиб чиқса, курдларнинг вазияти ёмонлашиши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Трамп Суриядан АҚШ қўшинларини олиб чиқса, курдларнинг вазияти ёмонлашиши мумкин.

У, шунингдек, ўз қўшинларини буфер ҳудуддан ҳам ичкарироққа киритиб, Сурия қуролли кучларининг базаларига 500 дан ортиқ ҳаво зарбаларини берди ва кўплаб техникани йўқ қилди.

Эрон ҳам Сурияга аралашишидан хавотирлар бор.

Эрондаги 1979 йилги Исломий инқилобдан бери Сурия унинг иттифоқчиси бўлиб келган ва фуқаролар урушида Ассаднинг мавқеини кучайтириш учун кўп ишлар қилгани ишонилади.

"Ассаднинг қулаши Эрон учун катта зарба бўлди, чунки Эрон Сурия орқали ўз иттифоқчиси Ҳизбуллоҳга қурол етказиб бераётганди", - дейди Доктор Салем.

"Ҳозирда Эрон Суриядаги ўз таъсирини қайта тиклаш учун йўл тополмаяпти, лекин агар муваққат ҳукумат қуласа ва Суриядаги тарафлар ўзаро уруша бошласа, Эрон баъзи қуролли гуруҳларга ёрдам бериб у ерга қайта кириб олиши мумкин. Эрон қулаган давлатларни жуда севади", - дея қўшимча қилади у.