Украина урушидан қайтган рус аскарларини Россияда кимлар қандай таламоқда?

- Author, Cергей Горяшко ва суриштирув журналистикаси бўлими
- Role, Би-би-си Рус хизмати
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Россия Президенти Владимир Путин Украинадан қайтган ҳарбийлар "қаҳрамонлар"дек кутиб олинишига ваъда берган эди. Бироқ Би-би-си таҳлиллари кўрсатишича, айрим ҳолларда давлат расмийлари бу ҳарбийларни маошлари ва компенсацияларидан маҳрум қилиб чув туширмоқдалар.
2022 йил февралида уруш бошланганидан бери Путин армия сафларини уч баравар кенгайтирди. Бунинг учун асосий восита – пуллик рағбатлар бўлди.
Яшаш шароити оғир бўлган минтақалардан минглаб руслар катта пул ишлаш умидида фронтга йўл олди. Улардан бири – 39 ёшли Никита Хурса.
Россиядаги ўртача маошга нисбатан 600% кўпроқ ҳақ тўланадиган бу хизматда янги жангчилар биринчи йилда 5,2 миллион рублгача (£47 000) пул олиши мумкин. Жароҳат олган тақдирда эса 4 миллион рублгача компенсация ажратилади.
Хурса – Ростов вилоятидаги Украинага яқин шаҳарчадан чиққан оддий ҳунарманд. 2024 йил ёзида бир неча ой фронтда бўлиб, жароҳат олгач, уйига қайтган. У маошига оилавий орзуси – янги уй сотиб олиши керак эди.
Бироқ бир кеча у маст ҳолда хотини Оксана билан жанжаллашиб, ғазаб билан уйдан чиқиб кетди. Қўлида эса нақд пулга тўла бир пластик халта бор эди. У Ростовга бориб, уйни ўзича сотиб олишга қарор қилди.
"Хотиним менга "эрталаб ўйлаб кўрасан", деганида бундай бўлмас эди", дейди у ҳозир.
Йўлда уни полиция тўхтатди. Халтадаги пулни кўрган полициячилар пора талаб қилди. Хурса урушдан қайтганини айтганига қарамай, улар қарийб ҳамма пулни – 2,66 миллион рублни (£24 000) – олиб қўйишди.
Бу воқеа Путиннинг «қаҳрамонларга» берган ваъдаларини ҳеч ким инобатга олмаётганини кўрсатади.

Сурат манбаси, Nikita Khursa
Яна бир ҳолатда Москва аэропортида ишловчи полициячилар фронтдан қайтаётган аскарлар ҳақида таксичиларга маълумот бериб турган. Ҳайдовчилар аввал арзон нарх таклиф қилиб, манзилга етказгач, 15 баравар кўп ҳақ сўрашган. Эътироз қилган аскарлар таҳдидларга учраган, айримлар заҳарланган ва банк карточкалари орқали пуллари ечиб олинган.
Терговчилар бу гуруҳ аскарлардан камида 1,5 миллион рубл ўғирлаганини тахмин қилмоқда.

Сурат манбаси, .
Баъзан аскарлар пулни ҳали қўлига олмасидан олдиноқ алданган. Масалан, 2024 йил октябрида Владимир вилоятида ҳарбий чақирув марказининг уч ходими янги чақирилганларга берилган SIM-карталар орқали уларнинг ҳисобларига кириб, 11 миллион рублдан кўпроқ маошни ўзлаштирган.
Белгород вилоятида эса бир амалдор янги аскарларнинг банк ҳисоб рақамларини ўз рақамига боғлаб, 1 миллион рублни ўғирлаганликда гумон қилинмоқда.
Афсуски, баъзан ҳарбийларни ўз командирлари ҳам алдаган.

Бир аскар Би-би-сига айтишича, уларнинг бўлинмаси дўконларга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва барча ҳарбийлардан банк карточкалари ҳамда PIN кодларини бош сержантга топшириш талаб қилинган. Сержант 50 та карточкани жамлаб олган – кўплари «бедарак йўқолган» деб қайд этилган аскарларга тегишли бўлган. Айтишича, офицер карточкалардаги пуллар билан қочиб кетган. Айримларида 2 миллион рублгача маблағ бўлган.
Никита Хурса пулини олиб қўйган полициячиларни прокуратурага берди. Уларга нисбатан талончилик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Бироқ иш судга етиб бормади. Сабаби – ҳар икки полициячи армияга ёзилиб, Украинага жўнаб кетган. Янги қонунларга кўра, айбланувчилар урушда қатнашиш орқали жазодан қутулишлари мумкин.

Сурат манбаси, Nikita Khursa
"Аввалига жаҳлим чиқди, – дейди Хурса Би-би-сига Санкт-Петербург яқинидаги шифохонадан. – Кейин эса ўйлаб қолдим: агар Худо бўлса, балки ҳаммаси айнан шундай бўлиши керакдир".
У пулларини қайтариб ололмади ва ҳозир ҳарбий шифокор хулосасини кутяпти – у фронтга қайтиши керакми-йўқми.
Чунки шартнома асосида хизмат қилаётган аскарлар уруш тугагунча жангда қолишлари шарт.
Хурсанинг айтишича, юраги яқинида снаряд парчаси бор, аммо у ўзини фуқаролик ҳаётида кўра олмайди.
У ва Оксана ҳозир ажрашган: у хотинини ўзини кутиб яшашга мажбур қилмасликни маъқул кўрган.
"Агар мен бу ерда бўлмасам, кўчада қоламан, – дейди у. – Фақат армия сени сақлаб қолади, том остида ушлаб туради".
Иллюстрациялар муаллифи Наталя Мака.












