Ўзбекистон фуқаролари Украинада Россия учун жон берган чет элликлар учлигида (Видео)
- Author, Олга Ившина
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Украина тупроқларида Россия армияси сафида жанг қилиб, ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари юқори учталикка кирди. BBC ҳамкорлари билан юритган рўйхатда 66 ўзбекистонлик келтирилган, асл рақамлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
BBC, "Медиазона" нашри ва кўнгиллилар жамоаси билан очиқ манбалар асосида Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини пайти ҳалок бўлган 118 139 нафар россиялик ҳарбий шахсни аниқлади. Улар орасида — Ўзбекистон ва АҚШ каби 28 мамлакатдан 500 нафардан ортиқ чет элликлар ҳам бор.
Бу фақат шартнома имзолаган пайтда Россия фуқаролигига эга бўлмаган ҳамда ҳалок бўлгани расмий манбалар — расмий хабарлар, яқинларининг ижтимоий тармоқлардаги постлари ёки қабр суратлари орқали тасдиқланган шахслар рўйхати. Украина Россия сафида жанг қилган чет эл фуқароларининг асл йўқотишлари бундан анча кўп бўлиши мумкин.
Рўйхатни тузишда Украина томони маълумотлари ёки Ғарб разведкаси нашрларидан фойдаланилмади.
Моделдан ҳарбий учувчигача
"Танам спортчиники, бўйим 179 см. Китоб ўқиш ва овқат тайёрлашни ёқтираман", — деб ёзган эди 25 ёшли Аҳмад Валид Дераз фотомоделлар изланадиган сайтдаги анкетаcида. У ўтган лойиҳаларда тушган суратларини ҳам жойлаган.

Сурат манбаси, Deraz Akhmed Valid
Оқ-қора суратда у оқ тор кийинган қизга нозик нигоҳ билан қарайди. Бошқасида эса яланғоч кўкрак остига қўлларини қовуштириб, камерага тик қаратган. Яна бир расмда у ватани Мисрдаги денгиз ёқасида турибди.
Ижтимоий тармоқлардаги постларига қаралса, Аҳмад Дераз 2021 йилдан бери Екатеринбургда яшаб, ишлаб келган. Бўш вақтларида электросамокатда юришни ёқтирар эди.
У охирги марта модел сифатида ишлаш учун 2023 йил июнида ариза топширган. Кейинчалик мисрликнинг излари йўқолган. Фақат у қачондир Россия армияси билан шартнома имзолагани ва 2024 йил 17 март куни Украинада ҳалок бўлгани маълум.

Аҳмад ислом анъаналарига мувофиқ дафн этишди, қабри ёнига Миср байроғи қўйилди.
У — Мисрлик тўрт фуқаронинг бири ва Украинада Россия сафида ҳалок бўлган 523 чет элликдан бири.
Маҳбуслардан то кўнгиллиларгача
Ҳалок бўлган чет элликлар сони бўйича Шимолий Корея етакчилик қилаётган бўлиши мумкин. Бироқ, оддий шимолий кореяликлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланишмайди, расмий Пхенян эса йўқотишларини махфий сақлайди. Шундан келиб чиқиб, ҳозирча бирорта ҳалок бўлган шимолий кореяликнинг шахси аниқлай олмадик. Жанубий Корея разведкаси баҳосига кўра, фронтда тахминан 600 нафар Шимолий Корея аскари ҳалок бўлган.
Ҳалок бўлган чет элликлар орасида шахси аниқланган ичида Тожикистон фуқаролари етакчи — 72 киши, Ўзбекистон ҳам унга яқин — 66 киши.
Икки ҳолатда ҳам ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги Россия қамоқхоналаридан фронтга жўнаб кетганлардир. Тожикистонлик 43 ва ўзбекистонлик 46 нафар фуқаро асосан "Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси билан шартнома тузиб, жазо муддатларини "йўқ" қилишга уринишган.
2023 йил январидан колониялардан жалб қилиш ҳуқуқи Россия Мудофаа вазирлигига ўтди. "Вагнер" эса сояда қолди. Можаро Евгений Пригожиннинг амалга ошмай қолган тўнтариши, "Вагнер"нинг тарқатилиши ва унинг авиаҳалокатда ҳалок бўлиши билан тугади. 2024 йилда қамоқхоналардан чет элликларни жалб қилиш ҳоллари камроқ кузатилди.
Ҳуқуқ фаоллари фикрича, Россиянинг Украинага босқини Марказий Осиёдан келган мигрантларга босим қилиш воситасига айланди: уларга урушда қатнашиш эвазига кириш тақиқини олиб ташлаш, фуқароликни тезлаштириб бериш ёки чиқариб юборишни бекор қилишлар ваъда қилинмоқда. Адвокатлар мигрантларни таҳдид орқали Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишга мажбурлаш ҳолатларини қайд этган.
Грузиядан Непалгача
Собиқ шўро ҳудудлар орасида Грузиядан чиққанлар ажралиб туради — 63 киши. Деярли барчаси Жанубий Осетия ва Абхазияда яшовчилар бўлиб, бу ҳудудлар 1991–1993 йилларда Тбилиси назоратидан чиқан. Кавказликлар, урушга қўнгилли бўлиб кетишган. Уларнинг айримлари Россия Украинага бостириб киришидан аввал зобит ёки профессионал ҳарбий бўлишган.
МДҲдан ташқарида энг кўп йўқотиш Непал фуқароларига тўғри келади: бизнинг рўйхатда 70 киши бор. Бундан ташқари, тахминан 50 непаллик бедарак йўқолган. Катманду ҳукумати Россияга қариндошларининг ДНК намунасини юбора бошлаган.
Биринчилардан бўлиб, 2023 йил июнида Сандип Тапалия ҳалок бўлди. У жангдаги қаҳрамонлиги билан машҳур тоғлик гуркалардан бўлган. Уларни кўпинча Британия ва Ҳиндистон ҳарбий элита қисмларига жалб қилишади.
Сандип 30 ёшда ҳалок бўлди ва Ивановода дафн этилди. Асосий ёллаш тўлқини 2023 йил ёзи ва кузида кузатилган. Декабрда Непал Россиядан ўз фуқароларини армияга ёлламасликни талаб қилди. Бироқ бу жараён секинлашган ҳолда бўлса-да, бир муддат давом этган. Бизга маълум охирги непаллик 2024 йилнинг мартида ҳалок бўлган.
Африка, Шри-Ланка ва АҚШ фуқаролари
Россия сафида Эфиопия, Замбия, Марказий Африка Реуспубликаси, Танзания ва Того фуқаролари ҳам жанг қилган. Рязандаги десантчилар дафн қилинган қабристонда Шри-Ланка фуқаролари номлари ёзилган тўртта лавҳа топилган. Шри Ланка ҳукумати маълумотларга кўра, Россия армиясига камида 288 нафар фуқароси ёлланган, улардан 16 нафари ҳалок бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images
Россия томонида ҳалок бўлганлар орасида америкаликлар ҳам бор. Улардан бири — Марказий Разведка бошқармасининг амалдаги директор ўринбосарининг ўғли Майкл Глосс. "Важные истории" хабарига кўра, у бир неча йил фермер хўжаликларида ва хиппилар лагерларида қатнашиб юрган. 2023 йил августида Россияга келган ва сентябрда шартнома тузган. 2024 йил апрелида эса ҳалок бўлган.
АҚШ разведкаси маълумотига кўра, Россия армияси сафида америкаликлар "саноқли". Украина томонида эса 2–3 минг АҚШ фуқароси жанг қилган.
Рўйхатимизда Россия сафида ҳалок бўлган 54 нафар Украина фуқароси бор. Улар уруш бошланган пайтда Украина назоратидаги ҳудудларда яшаган бўлган. Уларнинг кўпчилиги жазо колонияларидан урушга жалб қилинган. Россия томонида жанг қилган Қрим, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари аҳолиси бу ҳисобга киритилмаган.
Биз ҳалок бўлган ҳарбийларнинг маълумотларини тўплашда давом этамиз. Бу борада хабар улашмоқчи бўлсангиз, бизга мактуб ёзинг: [email protected].
Биз қандай ҳисоблаймиз?
Россияда ҳар куни ҳалок бўлган янги аскарлар номи ва дафн маросимидан суратлар чоп этилади. Одатда, исм-шарифларни вилоят раҳбарлари, туман маъмурияти, маҳаллий ОАВ ва ҳалок бўлганлар ўқиган таълим муассасалари, ҳамда яқинлари эълон қилади.
BBC, "Медиазона" ва кўнгиллилар жамоаси ушбу маълумотларни ўрганиб, Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери махсус юритилаётган рўйхатга қўшади.
Ҳалок бўлиш тасдиғи деб, расмий манбалар ёки ОАВдаги нашрлар, яқинларининг ёзувлари, қабр суратлари билан тасдиқланган ижтимоий тармоқ постлари олинади.
Асосий рўйхатда Донбассдаги ўзини мустақил деб эълон қилган республика йўқотишлари кирмайди. Бироқ агар РФ фуқароси ихтиёрий равишда у ерга жўнаб, урушда қатнашган бўлса — ҳисобга олинади.
Қўшин тури ҳалок бўлган шахснинг қайси қисмда хизмат қилгани ва кийимидаги нишонлар орқали аниқланади. Сафарбар қилинганлар, кўнгиллилар ва маҳбусларни алоҳида қўшин сифатида эмас, балки профессионал армия қисмлари билан солиштириш учун алоҳида тоифа сифатида қайд этилади.














