АҚШ ҳаками Маҳмуд Халилни депортация қилишга қарор чиқарди, ЕИ Исроил билан савдосини чекламоқчи, Макрон Бриджит аёл эканини исботламоқчи (видео)

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Дэвид Гриттен
- Ўқилиш вақти: 9 дақ
АҚШдаги миграция судяси Фаластин фаоли Маҳмуд Халилни Жазоир ёки Сурияга депортация қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қарор Халилнинг "Грин карта"га ариза топшираётганида гўёки ўзи ҳақидаги айрим маълумотларни яширгани ҳақидаги даъволарга асосланган.
Луизианадаги судя Жами Комансга кўра, Маҳмуд Халил "иммиграция жараёнини четлаб ўтиш мақсадида маълумотни атайлаб нотўғри тақдим этган".
Америка Фуқаролик эркинликлари иттифоқи(American Civil Liberties Union)га берган баёнотида Халил шундай деди: "Трамп маъмурияти менинг сўз эркинлигимдан фойдаланганим учун жазолашни давом эттираётгани ҳайратланарли эмас."
Келиб чиқиши фаластинлик Маҳмуд Халил АҚШда доимий яшовчи сифатида рўйхатдан ўтган ва 2024 йилдаги Колумбия университетидаги Ғазо урушига қарши намойишларда етакчи шахс сифатида танилган.
30 ёшли Маҳмуд Халилнинг адвокатлари суднинг сўнгги қарорига қарши апелляция беришини маълум қилдилар. Шунингдек, федерал суднинг алоҳида қарорлари ҳукуматга уни депортация қилиш ёки қамоққа олишни тақиқлашини таъкидладилар.
2025 йил март ойида Трамп маъмуриятининг антисемитизмга қарши кураш баҳонасида университетларга босим ўтказиш сиёсати доирасида Маҳмуд Халилни АҚШ Иммиграция ва Божхона назорати (ICE) ходимлари ҳибсга олган эдилар.
Ўзи Сурияда туғилган ва Жазоир фуқароси бўлган Маҳмуд Халил Луизианадаги миграция қамоқхонасида уч ой ушланди. Кейин федерал судя уни жамоат хавфсизлигига таҳдид солмайди ва қочиш хавфи йўқ деб топиб, 20 июн куни озод этишга қарор қилди.
Халил қамоқдалиги пайти унинг АҚШ фуқароси бўлган рафиқаси фарзанд кўрди.
Март ойида АҚШ ҳукумати Маҳмуд Халилни миграция ҳужжатларида ўзининг аввалги алоқалари ҳақидаги маълумотларни яширганликда айблади. Бу алоқалар орасида БМТнинг Фаластинликларга ёрдам бериш агентлиги — UNRWAда ишлагани ва ва Байрутдаги Британия элчихонасидаги "давом этаётган иш фаолияти" ҳам бор.

Сурат манбаси, .
Сўнгги қарорга муносабат билдирган Халил шундай деди: "Мени депортация қилишга биринчи уринишлари муваффақиятсизликка учраганида, улар менга қарши асоссиз ва кулгили даъволарни тўқиб чиқаришга ўтдилар. Бу менинг Фаластинни қўллаб-қувватлашим ва геноцидга барҳам бериш талабимни жиловлашга уринишдир."
Июн ойида Халилнинг адвокатлари 20 миллион долларлик даъво аризасини киритдилар. Унда ноқонуний озодликдан маҳрум этганлари, ёмон ният билан таъқиб этганлари ва антисемит деб ёмонотлиқ қилганлари учун товон тўлаш талаби илгари сурилган.
Президент Трамп бир неча бор Халил ва бошқа Фаластин тарафдори бўлган фаолларни Ҳамас қуролли гуруҳини қўллаб-қувватлашда айблаган. Ҳамасни АҚШ террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Президент Трамп бу намойишчиларни депортация қилиш кераклигини айтган ва Халилнинг ҳибсга олинишини "кўплаб ҳибслардан биринчиси" деб атаган.
2024 йилдаги Колумбия университети намойишларида Халилнинг иштироки уни жамоат эътиборига олиб чиқди. У университет маъмурияти ва намойишчилар ўртасидаги музокараларда воситачи сифатида қатнашди.
Исроилни қўллаб-қувватловчи фаоллар Халилни Columbia University Apartheid Divest (CUAD) гуруҳининг етакчиси деб атаганлар. Бу талабалар гуруҳи университетдан Исроил билан молиявий алоқаларни узиш ва Ғазода ўт отишни тўхтатиш талабларини илгари сурган.
Маҳмуд Халил Associated Press агентлигига бу гуруҳни бошқармаганини, фақат намойишчиларнинг матбуот котиби ва университет билан воситачиси сифатида фаолият юритганини айтган.
Европа Иттифоқи Ғазо уруши туфайли Исроил билан савдони чеклашга чақирди

Сурат манбаси, Getty Images
Европа Комиссияси Исроил билан савдони чеклаш ва унинг ҳукуматидаги экстремист вазирларга қарши санкциялар жорий этиш режасини эълон қилди. Агар бу режа қабул қилинса, Ғазодаги урушга нисбатан ЕИнинг энг қатъий жавоби бўлади.
Комиссия Президенти Урсула фон дер Ляйен томонидан ўтган ҳафтада эълон қилинган режалар ЕИ–Исроил Ассоциация келишувининг савдога оид моддаларини тўхтатишни ўз ичига олади.
Бу Исроил маҳсулотларини Европа бозорларига имтиёзли кириш ҳуқуқидан маҳрум қилади, миллиардлаб Евро қийматдаги экспортга, айниқса хурмо ва турли цитрус мевалари каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бож тўловлари жорий этилади.
Бироқ қаттиқ баёнотларга қарамасдан, бу чоралар қабул қилиниши эҳтимоли паст ва Исроил томонидан "ахлоқий ва сиёсий жиҳатдан бузилган" деб баҳоланди.
Савдо чекловлари ЕИга аъзо давлатларнинг кўпчилик овозини ҳамда муайян шахсларга нисбатан санкциялар якдилликни талаб этади.
Германия ва Италия каби асосий аъзо давлатлар бу режага қарши бўлиб турганлари, Ирландия ва Испания каби мамлакатларнинг эса бундан ҳам қаттиқроқ чораларни талаб қилаётганлари туфайли, унинг қабул қилиниш эҳтимоли паст деб кўрилмоқда.
ЕИ ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас Европа Кенгашидаги мураккабликни тан олди ва журналистларга шундай деди: "Сиёсий позициялар ҳозирча ўзгармаган ҳолда қолаётир."
У пакет "Ҳамас террорчилари", Исроил ҳукуматидаги номи эълон этилмаган "экстремист вазирлар" ва Ғарбий Соҳилда жазосизликни қўллаб-қувватлаётган "зўравон кўчманчилар ва ташкилотлар"га ҳам қаратилганини айтди.
Европа Иттифоқи Исроилнинг биринчи рақамли савдо ҳамкори ҳисобланади, 2024 йилда 42,6 миллиард Евролик Исроил товар савдосининг 32 фоизи ЕИга тўғри келган. Шунга қарамасдан, бож имтиёзларини бекор қилишнинг иқтисодий таъсири чекланган бўлади. Савдо комиссари Марош Шефчович бу таъсирни йилига атиги 227 миллион Евро деб баҳолади.
Дарҳол кучга кирадиган ягона чора — Исроил ҳукуматига икки томонлама молиявий ёрдамни тўхтатишдир. Аммо бу ҳам асосан рамзий аҳамиятга эга, чунки 2020–2024 йиллар учун ажратилган 14 миллион Евродан фақат 9,4 миллион Евро сарфланган ва бу чора аъзо давлатлар тасдиғини талаб қилмайди.
Жанубий Европа бўйича Комиссар Дубравка Шуица антисемитизмга қарши кураш ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш дастурлари учун ажратилган маблағлар таъсирланмаслигини таъкидлади.
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Комиссия таклифларини "ахлоқий ва сиёсий жиҳатдан бузилган" деб танқид қилди.
У ўзининг X(собиқ Твиттер) ижтимоий тармоғида саҳифасида Исроилга қарши ҳаракатлар Европанинг ўз манфаатларига зарар етказади деб огоҳлантирди. У Исроилга қарши ҳар қандай чораларга "ўхшаш жавоб" берилишини ваъда қилди.
Бу чоралар ЕИ аъзолари томонидан қачон овозга қўйилиши ҳозирча аниқ эмас.
Макрон АҚШ судига Бриджит аёл эканининг "илмий далили"ни тақдим этади деди адвокати

Сурат манбаси, Getty Images
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Франция Президенти Эммануэл Макрон ва унинг рафиқаси Бриджит Макрон АҚШ судига Бриджит Макрон аёл эканини исботлаш учун фотосуратлар ва илмий далиллар тақдим этишни режалаштирмоқда.
Франция президенти ва унинг рафиқаси ўнг қанот америкалик инфлюенсер Кандас Оуэнсга қарши туҳмат даъвоси билан мурожаат қилган. Оуэнс Бриджит Макрон аслида эркак бўлиб туғилган деб даъво қилган.
Макронларнинг адвокати Том Клер BBC'нинг Fame Under Fire подкастида шундай деди: "Бриджит учун бу даъволар жуда оғриқли бўлди ва Франция президенти учун ҳам бу эътиборни чалғитувчи омилга айланди."
У шундай давом этди: "Мен бу унинг иш фаолиятига жиддий таъсир қилган демоқчи эмасман. Лекин ҳар қандай инсон каби, оиласига таҳдид бўлса, бу уни чарчатади. Президент бўлиши уни бундан мустасно қилмайди."
Адвокатнинг айтишича, судда "илмий асосланган мутахассис фикрлари" тақдим этилади. У бу далилларнинг аниқ мазмунини ҳозирча ошкор қилмаган, аммо Макронлар бу даъволар ёлғон эканини умумий ва аниқ тарзда исботлашга тайёр эканини айтишган.
"Бундай далилларни тақдим этишга мажбур бўлиш жуда оғриқли," деди у. "Бу жуда оммавий жараён бўлади, лекин у тайёр. У ҳақиқатни тиклаш учун нима керак бўлса, шунга тайёр."
Судда Бриджит Макроннинг ҳомиладорлик пайтидаги суратлари ва фарзанд тарбиясига оид далиллар ҳам тақдим этилиши мумкин. Адвокат бу суратлар мавжудлигини айтди, судда тақдим этилади деди.
Кандас Оуэнс, ўнгчи Daily Wire нашрининг собиқ шарҳловчиси, ижтимоий тармоқларда миллионлаб кузатувчиларга эга ва Бриджит Макрон ҳақидаги даъволарини бир неча бор такрорлаган.
2024 йил март ойида у бу даъво учун "бутун касбий обрўсини хавф остига қўйишини" айтган. Бу даъво илк бор 2021 йилда француз блогерлари Амандин Руа ва Наташа Рей томонидан YouTube орқали тарқатилган.
Макронлар 2024 йилда Францияда Руа ва Рейга қарши туҳмат ишини ютиб чиқишган, аммо 2025 йили ушбу суд қарори сўз эркинлиги асосидаги апелляцияда бекор қилинган. Айни ҳозир Макронлар бу қарорга қарши шикоят билан мурожаат қилганлар.
2025 йил июл ойида Макронлар АҚШда Оуэнсга қарши даъво аризасини топширишди. Улар Оуэнс "ўз даъволарини рад этувчи ишончли далилларни инкор этиб, тўқиб чиқарилган назариялар ва туҳматчиларни тарғиб қилган" деб айблашмоқда.
АҚШдаги туҳмат ишларида, айниқса оммавий шахсларга нисбатан, даъвогар "ҳақиқий ёвуз ният"ни исботлаши керак — яъни даъвогар ёлғон маълумот тарқатганини билган ёки ҳақиқатга бефарқ бўлган.
2025 йил августида Эммануэль Макрон Paris Match журналига нега ҳуқуқий чора кўришга қарор қилганини шундай тушунтирди: "Бу менинг шаънимни ҳимоя қилиш ҳақида! Чунки бу мутлақ бемаънилик. Бу кимса ёлғон маълумотга эга эканини яхши билган ва шу орқали зарар етказишни мақсад қилган. Бу мафкура хизматида қилинган иш ва ўнгчи етакчилар билан алоқадорликка эга."
Оуэнснинг адвокатлари даъвони рад этишни сўраб, иш Делавэрда кўрилмаслиги керак, демоқдалар.
Уларга кўра, Оуэнснинг бизнеслари Делавэрда рўйхатдан ўтган бўлса-да, у бу штатда яшамайди ва у ерда шахсий алоқалари йўқ. Шунинг учун у ерда судга жалб этилиши "катта молиявий ва амалий қийинчилик" келтириб чиқаради.
BBC Кандас Оуэнснинг ҳуқуқий жамоасига изоҳ сўраб мурожаат қилди. Оуэнс эса аввалроқ шундай деган: "Мен айтган гапларимга ишонаман. Америкада сўз эркинлиги ва танқид қилиш ҳуқуқидан кўра америкаликроқ нарса йўқ."
16 сентябр. БМТ комиссияси: Исроил Ғазода геноцид содир этган - Видео

Сурат манбаси, Reuters
БМТнинг мустақил тергов комиссиясига кўра, Исроил Ғазода фаластинликларга қарши геноцид содир этган.
Янги ҳисоботда 2023 йилда Ҳамас билан уруш бошланганидан бери халқаро ҳуқуқда белгиланган бешта геноцид ҳаракатидан тўрттаси амалга оширилганига асосли далиллар борлиги айтилган.
Улар қуйидагилар:
- гуруҳ аъзоларини ўлдириш;
- уларга жиддий жисмоний ва руҳий зарар етказиш;
- гуруҳни йўқ қилишга олиб келувчи шароитларни қасддан яратиш;
- туғилишнинг олдини олиш.
Ҳисоботда Исроил раҳбарларининг баёнотлари ва Исроил қўшинларининг фаолиятлари геноцид ҳаракатларига далолат сифатида келтирилган.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги ҳисоботни "қалбаки ва сохта" деб кескин рад этди.
Вазирлик вакили комиссиядаги уч мутахассисни "Ҳамас гуруҳининг "иловалари" деб атаб, улар "бошқалар томонидан тарқатилган Ҳамас ёлғонларига тўлиқ таянган"ини билдирди.
"Ҳисоботдаги ёлғонларга мутлақ зид ҳолда, айнан Ҳамас Исроилда геноцид уринишини қилган — 1200 одамни ўлдирган, аёлларни зўрлаган, оилаларни тириклай ёққан ва барча яҳудийларни ўлдириш мақсадини ошкора эълон қилган", деди у.
Исроил армияси 2023 йил 7 октябрда Ҳамас бошчилигидаги мислсиз ҳужумда жанубий Исроилда 1200 киши ҳалок бўлиб, 251 киши асир олинганидан кейин Ғазода ҳарбий амалиёт бошлади.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотича, шундан бери Исроил ҳужумларида камида 64 905 киши ҳалок бўлган.
Аҳолининг кўп қисми такрорий равишда кўчирилган; уй-жойларнинг 90% дан ортиғи вайрон қилинган; соғлиқни сақлаш, сув ва санитария тизимлари йиқилган; БМТ қўллаб-қувватлаган мутахассислар Ғазо шаҳрида очарчилик ҳукм сураётганини эълон қилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Фаластин ҳудудидаги ҳуқуқбузарликларни ўрганиш учун 2021 йилда тузилган комиссия уч аъзодан иборат бўлиб, уни Жанубий Африкадан бўлган собиқ БМТ инсон ҳуқуқлари раҳбари Нави Пиллай бошқармоқда.
Комиссиянинг сўнгги ҳисоботида Исроил ҳукумат ва армияси 1948 йилги Геноцид конвенциясида белгиланган ҳаракатлардан тўрттасини Ғазодаги фаластинликларга нисбатан содир этгани айтилган:
- Гуруҳ аъзоларини ҳужумлар орқали ўлдириш
- Жисмоний ёки руҳий зарар етказиш
- Гуруҳнинг ҳаётий шароитларини йўқ қилишга қаратилган сиёсат юритиш
- Туғилишнинг олдини олиш чоралари (жумладан 2023 йил декабрида Ғазодаги энг йирик сунъий уруғлантириш маркази вайрон қилиниб, минглаб эмбрион ва намуналар йўқ қилингани қайд этилган)

Сурат манбаси, Reuters
Комиссия, шунингдек, Исроил Президенти Исҳоқ Герцог, Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни "геноцидга ундаган"ликда айблади.
Ҳисоботга кўра, Исроил армияси фаластинликларни оммавий равишда йўқ қилишга қаратилган оғир қуроллардан фойдаланган, диний, маданий ва таълим муассасаларини тизимли тарзда йўқ қилган ҳамда Ғазони қамал қилиб, аҳолини оч қолдирган.
Нави Пиллай BBCга берган интервюсида шундай деди:
"2023 йил 7 октябрдаёқ Бош вазир Нетаняҳу Ҳамас жойлашган, яширинган ва фаолият олиб бораётган барча манзилларга… 'интиқом' ваъдасини берди. У бу шаҳарни "ёвуз" дея таъсирлаб, уни ер билан яксон қиламиз, деди".
"Унинг 'ёвуз шаҳар' иборасидан фойдаланиши бутун Ғазо (Ғазо шаҳри)ни жавобгар ва интиқом объекти деб билганини англатади. У фаластинликларга 'ҳозироқ кетинглар, чунки биз ҳар жойда қаттиққўллик билан ҳаракат қиламиз', деб айтди", деди у.
Пиллай шунингдек, "бизга барча ҳаракатларни йиғиб, аниқ хулосалар чиқариш ва улар содир этилганини текшириш учун икки йил керак бўлди… Фақат фактлар йўналиш бериши мумкин. Ва бу ҳаракатлар айнан шу ният билан қилинган бўлса, уларни Геноцид конвенцияси манзарасида кўриш мумкин", деди.
Комиссия Исроил сиёсий ва ҳарбий раҳбарларининг ҳаракатлари "Исроил давлатининг ўзини ифодалайди" ва шу сабабли давлат "геноциднинг олдини олмагани, уни содир этгани ва жазоламагани учун масъул" эканини таъкидлади.
Шунингдек, комиссия барча бошқа давлатлар Геноцид конвенциясига кўра "геноцид жиноятини олдини олиш ва жазолаш" мажбуриятига эга эканини, бунга эътибор қилмасалар, шерикликда айбдор бўлиши мумкинлигини уқтирди.
"Биз ҳалича айрим томонларни шерик ёки геноцидда масъул деб аниқ кўрсатмадик. Лекин бу комиссиянинг давомий ишларидан бири. Улар бу босқичга ҳам етиб боришади", деди Пиллай.
Қатор халқаро ва исроиллик инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, мустақил БМТ экспертлари ва олимлар ҳам Исроилни Ғазода фаластинликларга қарши геноцид содир этганликда айблаган.
Айни пайтда Халқаро Адолат суди (ICJ) Жанубий Африка томонидан берилган даъвони кўриб чиқмоқда. Унда Исроил армияси геноцид содир этгани айтилган. Исроил эса бу ишни "асоссиз" ва "якқол ёлғон даъволарга асосланган" деб рад этади.












