Тожикистон ижтимоий тармоқлардаги "лайк"лар учун жазо сиёсатини қайта кўриб чиқди. Ўзбекистонда аҳвол қандай?

Ўқилиш вақти: 7 дақ

Май бошида Тожикистон интернетда босилган "лайк"лар ва бўлишишлар учун белгиланган жазо чораларини енгиллатди. Унда баъзи турдаги онлайн материалларга "лайк" босиш ҳамда уларни тармоқларда бўлишиш энди жиноят ҳисобланмаслиги ҳақида гап боради.

Айни мавзу Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Мамлакатда онлайн "лайк"лар, постлар ва изоҳлар учун жавобгарликка тортиш ҳануз давом этмоқда. Халқаро ташкилотлар эса Ўзбекистоннинг бу сиёсатини йиллардирки босим ўлароқ тавсифлаб келади.

Тожикистондаги айни ўзгариш Ўзбекистон қонунчилигида ҳам янгилик ясай оладими?

Ўзбекистонда тақиқланган ижтимоий тармоқ аккаунтлари ва сайтларининг рўйхати сўнгги маротаба 2025 йил январида янгиланган.

Сурат манбаси, Дин ишлари бўйича қўмита

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда тақиқланган ижтимоий тармоқ аккаунтлари ва сайтларининг рўйхати сўнгги маротаба 2025 йил январида янгиланган.

14 май куни Тожикистон Жиноят кодексига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, ижтимоий тармоқлардаги постларга "лайк" босиш, кўриш ёки улашиш жиноят ҳисобланмайди. Reuters манбасига кўра, ушбу сиёсат онлайн постларнинг барча турини, хусусан, тероризм ва эктремизмга алоқадорларини ҳам қамраб олиб, энди айни мазмундаги онлайн материалларни кўриш жавобгарликка сабаб бўлмайди.

2018 йилдан бошлаб, Тожикистонда тақиқланган контент билан ҳар қандай алоқадорлик жиноят деб ҳисобланган. Шу вақтга қадар 1500 дан ортиқ тожикистонликларнинг қамалишига сабаб бўлгани айтилади. Бу эса халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан муттасил танқидларга учраб келган.

Тожикистонда амалга оширилгани халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланётган айни ўзгариш ўзбек жамоатчилиги орасида қизғин муҳокамаларни бошлаб берган. Сабаби, интернетдаги фаолият учун жавобгарликка тортиш ҳолатлари Ўзбекистонда тез-тез учраб туради.

Авваллари бу асосан экстремизм ва терроризмга оид материалларни назарда тутган бўлса, сўнгги йилларда, аниқроғи, 2021 йилдаги қонуний ўзгаришлардан кейин, ижтимоий тармоқларда ҳукумат ёки президентни обрўсизлантириш ҳам жиноят сифатида қаралишни бошлаган.

Баъзи фаоллар Ўзбекистонда ушбу ёндашув қатъий тугатилиши кераклигини таъкидлайди.

Жумладан, фаол Расул Кушербаев ўз Telegram каналида қуйидагиларни ёзиб қолдирган: "Бизда ҳам бу масала долзарб. Фуқароларнинг мулкини ноқонуний бузиб ташлаётган амалдорларни жазолашга "дух"и етмаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари "лайк" учун фуқароларни жавобгарликка тортишдан уялишмаяпти."

Айрим кузатувчилар эса Ўзбекистондаги ушбу қонун лойиҳаси Тожикистондагиси билан таққослаганда, анчайин тартибга солингани ҳақида гапиради.

Хусусан, Тожикистонда тақиқланган контент учун жавобгарлик белгиланиб келган бўлса-да, айнан қайси онлайн материаллар тақиқда эканлиги жамоатчиликка очиқланмаган. Ўзбекистонда эса ушбу рўйхат сўнгги йилларда доимий равишда янгиланиб ҳамда оммага эълон қилиб келинади.

Алоқадор мавзулар:

244.1 модда: Тақиқланган рўйхат

Тақиқланган ахборотлар билан боғлиқ қарор лойиҳалари Ўзбекистон қонунчилигида 90 йилларданоқ учрайди. Жумладан, Lex.uz сайтида 1999 йил мартида имзоланган ахборот сиёсатига доир ҳужжатларда тақиқдаги ахборотлар ҳақида гап кетади.

Open Democracy ташкилоти буни "тартибга солиш" ниқоби остида босқичма-босқич амалга оширилган сўз эркинлигинининг бўғилиши дея баҳолаган.

Гарчи тақиқланган ахборотлар рўйхати ҳамда у билан алоқадорлик учун белгиланган жавобгарлик хусусида аввалдан гапирилган бўлса-да, ушбу рўйхатда нималар киритилгани Ўзбекистонда ҳам йиллар давомида очиқ манбаларда эълон қилинмаган.

Рўйхатни оммага эълон қилиш бўйича қонун лойиҳаси ҳозирги президент Шавкат Мирзиёев (ўша вақтдаги бош вазир) томонидан 2014 йилга келибгина имзоланган. Унга қадар кўриб чиқилган ишларда нима асос қилиб олингани ёки айбланувчиларнинг эҳтимолий шикоятлари қандай кўриб чиқилгани хусусида маълумотлар деярли учрамайди.

2023 йил Telegram'да тақиқланган нашида тарқатгани учун жазога ҳукм қилинган Жаҳонгир Улуғмуродов ишида унинг айни нашидани "тақиқланган" рўйхатда борлигини билмагани тўғрисидаги кўрсатмаси жазонинг бекор қилинишига сабаб бўлмаган.

Сурат манбаси, Жаҳонгир Улуғмуродов

Сурат тагсўзи, 2023 йил Telegram'да тақиқланган нашида тарқатгани учун жазога ҳукм қилинган Жаҳонгир Улуғмуродов ишида унинг айни нашидани "тақиқланган" рўйхатда борлигини билмагани тўғрисидаги кўрсатмаси жазонинг бекор қилинишига сабаб бўлмаган.

Ўзбекистонда тақиқланган ижтимоий тармоқ аккаунтлари ва сайтларининг рўйхати сўнгги маротаба 2025 йил январида янгиланган.

Унга кўра, жами 1400га яқин онлайн саҳифалар билан алоқадорлик жиноят сифатида қаралади. Рўйхатда Telegram'даги 713 канал, Facebook'даги 203 саҳифа, YouTube'даги 135 канал, TikTok'даги 44 аккаунт ва бошқаларни кўриш мумкин.

Айни рўйхат очиқ ҳолда эълон қилинган бўлса-да, унинг тушунарли ва аниқ эканлиги борасида жамоатчилик орасида қатор саволлар туғилиб келади. Кузатувчиларнинг фикрича, ушбу рўйхат билан оддий диний ва сиёсий фикрлар ҳам "тақиқланган" деб топилиши мумкин.

Жумладан, рўйхатнинг кенглиги исталган одамга ноқулайлик туғдириш билан бирга уларнинг барчасини эслаб қолишни ҳам қарийб имконсиз қилишини таъкидлайди фаоллар.

Тожикистон амалга оширган янги ўзгаришда айни ҳолат "билмаган ҳолда" маълум бир фаолиятга алоқадор бўлиб қолиш жиноят бўла олмаслиги таъкидланади. Ўзбекистонда эса бу борада қатъий ўзгариш ҳали амалга оширилмаган. Жиноят Кодексида айни тушунча ёки унга маъно жиҳатдан яқин бўлган жумла учрамайди.

Жиноят кодексининг 244.1 моддасига кўра, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этганлик учун БҲМнинг икки юз баравари миқдорида жаримадан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Хусусан, 2023 йил Telegram'да тақиқланган нашида тарқатгани учун жазога ҳукм қилинган Жаҳонгир Улуғмуродов ишида унинг айни нашидани "тақиқланган" рўйхатда борлигини билмагани тўғрисидаги кўрсатмаси жазонинг бекор қилинишига сабаб бўлмаган.

Аксинча, жамоатчилик муҳокамалари ва қатор аппелляция шикоятларидан кейин ҳукмга ўзгатириш киритилиб, уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси уч йил озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган эди.

Аввалига тармоқларда кескин баҳсларга сабаб бўлган бу ҳолат кейинчалик аксар фаолларнинг саволли мурожаатларини бошлаб берди. Уларнинг кўпчилиги "аслида, тушунишга қийин бўлган" бу рўйхатнинг кескин жиноий жавобгарликка асос қилиб олиниши амалиётини қоралашган эди.

Хусусан, айни ҳолат юзасидан муносабат билдирган тадбиркор Зафар Ҳошимов ўз Facebook саҳифасида ўз фикрларини қуйидагича ёзиб қолдирган эди:

"Грант асосида "нархоз"да ўқиб келаётган 21 ёшли талаба бир йил аввал YouTube'дан (очиқ манба) олиб, билар билмас, синфдошларига йўллаган бир нашида учун уч йил қамоқ жазоси олибди. Билар-билмас, деганим, бу нашидани бутун бошли бир диний қўмита ўрганиб, таҳлил қилибгина, унинг асл моҳияти зарарли, деб топибди. Ёш йигит YouTube'да қўшиқ эшитиб, унинг бу жиҳатларини тушунмаган бўлиши мумкин-ку ахир."

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Интернетда тақиқланган материаллар билан алоқадорлик ёки тақиқланган ҳаракатларни амалга оширганлик учун қанча ўзбекистонлик жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида аниқ рақамлар мавжуд эмас.

Аксар кузатувчиларнинг фикрича, бу борада статистик маълумотларнинг ошкор этилмаслиги аҳоли орасида хавотирни кучайтириши мумкин.

Халқаро Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, Human Rights Watch ва Amnesty International Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқлар устидан кучли назоратни сўз эркинлигига таҳдид деб баҳолайди.

Бироқ, Ўзбекистон расмийлари бунга онлайн фаолиятни тартибга солиш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш дея изоҳ беради.

Жамоатчилик фикри

Айни қонун лойиҳалари халқаро инсо ҳуқуқлари ташкилотларининг доимий танқиди остида бўлиб кетади. Хусусан, CPJ (Журналистларни ҳимоя қилиш комитети) интернет орқали "президентни обрўсизлантириш" жиноят деб эълон қилиниши юзасидан 2021 йилдаёқ кескин қаршилик билан чиққан эди. Халқаро ҳамжамият томонидан интернет эркинлигига таҳдид деб қаралувчи 244.1 модда эса ҳануз кенг баҳс-мунозараларга учраб келади.

Шу билан бирга, маҳаллий фаоллар орасида ҳам айни қарор лойиҳаларига нисбатан қатъий норозиликлар кузатилади.

Бироқ, жамоатчилик қарашларида бири бошқасидан фарқ қилувчи қутбланишни кузатиш мумкин. Уларнинг баъзилари ҳукуматни ушбу моддаларни буткул бекор қилишга чақирса, аксар қисми фуқароларни иложи борича эҳтиёркор бўлишга ундаб, ҳукуматнинг айни ахборот сиёсатини қўллаб-қувватлайди.

Жумладан, фаол Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон дунёвий давлат эканлигини таъкидлай туриб, ахборот оқимини тартибга солиш, хусусан, маълум материалларни тақиқлаш билан боғлиқ хато йўқлиги ҳақида гапирган. У, аксинча, одамлар ўзлари қабул қилаётган контентни назорат қилишлари кераклигини таъкидлаган.

"Бу ишларнинг ноқонунийлиги бўйича баҳсга ҳеч қандай ўрин ҳам йўқ, сабаби Ўзбекистон дунёвий давлат сифатида қонунларда аниқ нима мумкин ёки нима мумкин эмаслиги белгилаб қўйган. Жайдари тилда айтганда, тақиқланган диний материалларни тарқатган ўша йигитлар "улар айбсизку, ноҳақ айбланди", деб ҳимоя қилинмаяпти, жазони қайта кўриб чиқайлик, дейиляпти. Бу иккаласининг фарқи жуда катта", - деб ёзиб қолдирган у ўз Telegram саҳифасида.

Xushnud Xudoyberdiyev (Telegram)
Bu ishlarning noqonuniyligi bo‘yicha bahsga hech qanday o‘rin ham yo‘q. O‘zbekiston dunyoviy davlat sifatida qonunlarda aniq nima mumkin yoki nima mumkin emasligi belgilab qo‘ygan.
Xushnud Xudoyberdiyev
Ijtimoiy faol

Аммо яна бир гуруҳ кузатувчилар ҳукумат "тартибга солиш" учун дея изоҳлайдиган бу сиёсат аслида аҳоли орасида ўринсиз қўрқувни келтириб чиқаришидан хавотир билдиришади. Фаол Комил Жалилов бу қонун лойиҳалари Ўзбекистон давлатчилигининг туб моҳияти деб қаралувчи демократик тамойилларга зидлиги ҳақида гапиради.

"Умуман, демократик давлатда сўз эркинлигига фундаментал ҳуқуқ ва жамиятнинг ривожланиши учун зарурий шарт сифатида қаралади. Бундай давлатда шунчаки сўз учун, қандайдир қўшиқ (ёки унинг ҳаволаси) учун (у ҳатто диний мазмунда бўлса ҳам), қандайдир материалларга "лайк" ёки "класс" босиб қўйгани учун одамлар суд қилинмайди, жавобгарликка тортилмайди."

Унинг фикрича, қонун лойиҳаларида сўз ўйинлари қилиш ёки мавҳум жумлалардан фойдаланиш билан қонун ижросини вазиятга мослаб, турлича талқин этиш эҳтимоли йўқ эмас. Бу эса сўз эркинлигини чеклаш ва ахборот оқимини тартибга солиш ўртасида аниқлаш қарийб имконсиз бўлган чегарани ҳукумат хоҳиш иродасига кўра талқин қилиш имконини беради.

"Қонунда таърифи келтирилмаган тушунчалар (масалан, "ақидапарастлик") учун жавобгарликка тортиш ҳақида-ку, демократик (ёки ўзини "демократик" деб атайдиган) давлатда гап бўлиши мумкин эмас," – дея мулоҳаза қилган у ўз Telegram саҳифасида.

Komil Jalilov (Linkedin)
Qonunda ta’rifi keltirilmagan tushunchalar (masalan, "aqidaparastlik") uchun javobgarlikka tortish haqida-ku, demokratik davlatda gap bo‘lishi mumkin emas.
Komil Jalilov
Ijtimoiy faol

Жумладан, диндор қатлам орасида машҳур блогер Мубашшир Аҳмад диний материалларга қўйилган тақиқ ва интернетда "лайк" қўйганликни жиноят деб атовчи қонун лойиҳалари бўйича ўз қарашларини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиб қилган. У ўз постларида ҳукуматнинг айни сиёсатини диндор гуруҳларга нисабатн босим ўлароқ баҳолаган.

Бироқ, 2023 йилда Туркияга кетган ва бир неча кун аввал Ўзбекистонга қайтарилган Мубашшир Аҳмаднинг ўзига ҳам 244.1 модда бўйича жиноят иши очилган.

Қатор кузатувчиларнинг фикрича, ушбу ҳолат ҳукумат "тартибга солиш" ниқоби остида айни қонун лойиҳасидан мустақил фаолларга босим қилиш учун фойдаланётганини яққол кўрасатади.

2023 йилда Туркияга кетган ва бир неча кун аввал Ўзбекистонга қайтарилган Мубашшир Аҳмадга 244.1 модда бўйича жиноят иши очилган.

Сурат манбаси, Мубашшир Аҳмад (Facebook)

Сурат тагсўзи, 2023 йилда Туркияга кетган ва бир неча кун аввал Ўзбекистонга қайтарилган Мубашшир Аҳмадга 244.1 модда бўйича жиноят иши очилган.

Бошқа давлатларда қонунчилик қандай?

Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам Ўзбекистондаги каби интернет эркинлиги чеклангани айтилади. Аммо ёндашувлар ва жазолаш даражаси турлича.

Қозоғистонда расмий равишда экстремистик материаллар ва тақиқланган диний контент рўйхати юритилади. Ҳукумат сайтларни фильтрлайди. Айрим диний адабиётлар тарқатилиши ва ҳатто юклаб олиниши учун жиноий жавобгарлик мавжуд. Бироқ, "лайк" учун бевосита жазолаш амалиёти мавжуд эмас.

Қирғизистонда вазият нисбатан эркинроқ эканлиги айтилади. Бироқ, "Ёлғон ахборотга қарши курашиш тўғрисида"ги қонун кучга киргач, бир нечта мустақил ОАВ ва блогерлар жавобгарликка тортилган.

Қирғизистонда ижтимоий тармоқларда тарқатилган контент ёки билдирилган фикрлар учун қонун доирасида жазо белгиланган. Аммо "лайк" қўйганлик учун тўғридан-тўғри жазога тортиш амалиёти мавжуд эмас.

Туркманистонда эса энг ёпиқ интернет сиёсати мавжуд. Мамлакат ҳудудида фақат ҳукумат томонидан рухсат этилган сайтлар ишлайди. VPN хизмати тақиқланган.

Диний ва сиёсий контент марказий назорат остида бўлиб, тақиқланган ахборотни тарқатганлар оғир жазо олади. Бироқ, тақиқланган материаллар рўйхати оммага очиқ эмас. Шунингдек, амалда бу рўйхат деярли чексиз эканлиги айтилади.

Жаҳон миқёсида бу борада икки қарама-қарши ёндашув мавжуд: Россия, Хитой ва Эрон каби авторитар деб қаралувчи давлатларда интернет кескин назорат қилинади; демократик давлатларда, жумладан, Германияда эркинлик муҳим кўрилади.

Масалан, Хитойда кенг кўламли интернет фильтрлаш тизими мавжуд бўлиб, барча контент ҳукумат назоратидан ўтади.

Россияда эса "ножўя контент" тарқатган шахслар жиноят кодекси асосида жазоланади.

Германияда эса фақатгина зўравонлик ёки ёлғон ахборот учун маъмурий чора кўрилиши белгиланган.