Чиқинди ошхонасида овқатланасизми – нега улар аслида бизга жуда ҳам керакли?

Kafe binosi va kirishi surati. Nihoyatda zamonaviy va chiroyli

Сурат манбаси, Ritesh Saini/ Ambikapur Municipal Corporation

    • Author, BBC янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ҳиндистон бўйлаб чиқинди ошхоналари сони кўпаймоқда. Би-би-си мухбири Амбикапур шаҳрига бориб, бу ошхоналар пластик чиқиндиларни тозалаш ишлари ва одамларга қанчалик таъсир кўрсатиши мумкинлигини ўрганди.

2025 йил боши. Булутли ва туманли қиш куни. Ҳиндистондаги биринчи чиқинди ошхонасига яқинлашганимда, иссиқ сомса ҳиди димоғимга урди, бундан жой янада шинамроқ туюлди. Ичкарида одамлар ёғоч ўриндиқларда ўтириб, буғланаётган таом солинган металл ликопчаларни ушлаб турибди, баъзилари суҳбатлашмоқда, бошқалари эса жим овқатланмоқда.

Ҳар куни Ҳиндистон марказидаги Чҳаттисгарх штатининг Амбикапур шаҳрида жойлашган бу ошхонага оч одамлар иссиқ таом учун келади. Аммо улар овқат учун пул тўламайди – бунинг ўрнига эски халтачалар, озиқ-овқат қадоқлари ва сув идишлари каби пластик чиқиндиларни топширади.

Амбикапур муниципал корпорацияси (АМК) номидан ошхонани бошқараётган Винод Кумар Пател айтишича, одамлар бир килограмм пластик чиқиндини гуруч, иккита сабзавотли карри, дал, роти, салат ва тузламалардан иборат тўлиқ овқатга алмаштириши мумкин. "Ярим килограмм пластик учун эса сомса ёки вада пав каби нонушта олишади."

Ҳиндистоннинг марказий қисмидаги Чҳаттисгарх штатидаги Амбикапур шаҳри пластик ифлосланиш муаммосидан очликни бартараф этиш учун фойдаланишга ҳаракат қилди. У 2019 йилда "кўп чиқинди – яхши таъм" шиори остида Чиқиндилар ошхонасини ишга туширди. Ошхона АМКнинг санитария бюджети ҳисобидан шаҳарнинг асосий автобекати ёнида ташкил этилди.

"Ғоя Амбикапурдаги иккита мавжуд муаммони: пластик чиқиндилар ва очликни ҳал қилиш заруратидан келиб чиқди," дейди Пател. Ғоя оддий эди: кам таъминланган одамларни, айниқса, уйсизлар ва тирикчилик учун латта-путта ва чиқинди йиғувчиларни кўчалар ва чиқиндихоналардан пластик чиқиндиларни тўплашга рағбатлантириш ва бунинг эвазига уларга иссиқ овқат бериш.

Рашми Мондал ошхонага пластик олиб келадиган маҳаллий аёл. Ҳар куни эрта тонгда у Амбикапур кўчаларида ташлаб юборилган пластикни – эски озиқ-овқат қадоқларидан тортиб пластик идишларгача тўплаб келади. Унинг учун бу чиқиндиларни йиғиш тирикчилик воситасидир.

"Мен бу иш билан кўп йиллардан бери шуғулланаман," дейди Мондал ўзи тўплаган кичкина пластик уюмига қараб. Илгари Мондал йиққан пластикни маҳаллий чиқинди сотувчиларга ҳар килограмми учун атиги 10 ҳинд рупиясидан (0,12 доллар) сотарди – бу кун кўриш учун зўрға етарди. "Энди эса пластик тўплаб оилам учун овқат олишим мумкин. Бу бизнинг ҳаётимизни бутунлай ўзгартирди."

Ошхонага келувчиларнинг аксарияти камбағал қатламдан, дейди ошхона очилганидан бери ишлайдиган Шарада Сингх Пател. "Агар пластик эвазига овқат берилса, биз нафақат оч қоринларни тўйғазишга ёрдам берамиз, балки атроф-муҳитни тозалашга ҳам ҳисса қўшамиз." Винод Пателнинг айтишича, кафе кунига ўртача 20 дан ортиқ одамга шу тарзда овқат беради.

Kafe ichkarisida odamlar stol atrofida o'tirib, ovqatlanmoqdalar

Сурат манбаси, Ritesh Saini/ Ambikapur Municipal Corporation

Сурат тагсўзи, Амбикапур Чиқинди Кафеси ҳар куни ўнлаб одамларга пластик чиқиндилар эвазига овқат беради

Ошхона, шунингдек, чиқиндихонага тушадиган пластик чиқиндилар миқдорига таъсир кўрсатди, дейди Ҳиндистон ҳукумати томонидан 2014 йилда бошланган «Swachh Bharat Mission Urban» тозалик ва санитария ташаббуси доирасида шаҳарда санитария ва чиқиндиларни бошқаришни мувофиқлаштирувчи Ритеш Сайни. Унинг айтишича, 2019 йилдан бери жами 23 тонна пластик йиғилган бўлиб, бу шаҳардаги чиқинди полигонига кетадиган пластик миқдорининг 2019 йилдаги йилига 5,4 тоннадан 2024 йилда йилига икки тоннагача камайишига ҳисса қўшган.

Унинг сўзларига кўра, бу Амбикапурнинг 2024 йилда 226 тонна бўлган умумий пластик чиқиндиларининг кичик қисми, уларнинг деярли барчаси аллақачон қайта ишланган. Аммо ошхона асосий йиғиш тармоғидан четда қолган пластикни тўплашни, шунингдек, жамоатчилик иштирокини рағбатлантиришни кўзлаган эди. Унинг айтишича, бу шаҳарда пластик чиқиндиларни камайтириш ва қайта ишлаш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар, жумладан, пластикдан фойдаланиш бўйича қатъий қоидалар ва чиқиндиларни саралаш ҳамда бошқаришнинг яхшироқ усулларини жорий этиш билан бир қаторда туради.

Бу саъй-ҳаракатлар шаҳарга Ҳиндистондаги энг тоза шаҳарлардан бири сифатида обрў қозонишга ёрдам берди. Амбикапурдан кунига 45 тонна қаттиқ чиқинди чиқади ва "бир пайтлар 3,5 км узоқликда жойлашган 6,5 гектар чиқинди полигонини тозалолмай қийналган эди." Аммо 2016 йилда АМК уни паркка айлантирди ва шаҳарнинг номарказлашган қайта ишлаш тизимини ишга туширди, бу эса бундай чиқиндихонага бўлган эҳтиёжни бартараф этди.

Йиғилган пластик йўл қурилиши учун ишлатиладиган ёки қайта ишловчиларга сотиладиган гранулалар ишлаб чиқариш учун қайта ишланади, бу эса маҳаллий ҳукуматга даромад келтиради. Ҳукуматнинг 2020 йилги ҳисоботига кўра, нам чиқиндилар компост қилинади ва қайта ишланмайдиган чиқиндиларнинг фақат оз қисми ёқилғи учун цемент заводларига юборилади. Шу ва шунга ўхшаш саъй-ҳаракатлар туфайли Амбикапур "чиқиндисиз" шаҳар сифатида танилди.

Чиқинди қаҳвахонасида тўпланган пластик АМК бошқарадиган махсус маҳаллий чиқинди йиғиш марказларига (SLRM) юборилади. Амбикапурда ҳозирда бундай 20 та марказ мавжуд бўлиб, улар тўпланган чиқиндиларни максимал қайта ишлаш учун 60 дан ортиқ тоифага ажратади. Марказларда чиқиндиларни саралаш ва ҳар куни уйма-уй юриб маиший чиқиндиларни йиғиш учун 480 нафар аёл ишлайди. Улар ойига 8-10 минг ҳинд рупияси (тахминан 100 доллар) ишлаб топади.

Ish kiyimidagi ishchilar, to'lov sifatida olib kelingan qyta ishlashga yaroqli plastiklar uyumi oldida o'tirib, ularni saralamoqdalar

Сурат манбаси, Ritesh Saini/ Ambikapur Municipal Corporation

"Ҳар куни бу ерга 30-35 киши пластик олиб келади," дейди чиқинди йиғиш марказларидан бирини бошқарадиган Сона Топпо. "Баъзилар мунтазам келса, бошқалари вақти-вақти билан иштирок этади." Унинг айтишича, марказга пластикни турли одамлар: латта терувчилардан тортиб дўкон ходимлари ва оддий ишчиларгача олиб келади.

Сайнининг таъкидлашича, чиқинди йиғиш маркази ходимлари чиқиндилар билан ишлашда соғлиққа хавфни камайтириш учун қўлқоп, ниқоб ва бошқа санитария воситалари билан таъминланади, бироқ чиқинди йиғувчилар бундай гигиеник ёрдам олмайди. Ҳиндистон ғарбидаги Гужарат штатидаги Аҳмадобод университети доценти, шаҳар муҳитида иқлим ўзгаришини юмшатиш бўйича тадқиқотчи Минал Патҳакнинг айтишича, асосий ҳимоя воситаларисиз чиқинди терувчилар ҳар куни бактериялар, ўткир буюмлар ва заҳарли чиқиндилар таъсирига дучор бўлиши мумкин, бу эса касалланиш хавфини туғдиради.

Чиқинди йиғувчи аёлларни ташкил этувчи ва бошқарувчи «Swachh Bharat Mission Urban»нинг шаҳар даражасидаги федерацияси президенти Шашикала Синҳанинг маълум қилишича, марказлар 2016 йилдан бери пластик, қоғоз/картон, металлар ва электрон чиқиндилар каби тахминан 50 минг тонна қуруқ чиқиндини тўплаган ва қайта ишлаган.

Чиқиндиларни уйма-уй йиғиш ғояси шунчалик муваффақиятли бўлдики, у "Амбикапур модели" сифатида танилди ва ҳозирда бутун Чҳаттисгарҳ штатидаги 48 та ҳудудда қўлланмоқда. Амбикапур шаҳрида чиқиндисиз моделни жорий этган ҳукумат амалдори Риту Саин айтишича, мақсад фақат Амбикапур учун эмас, балки шунга ўхшаш муаммоларга дуч келаётган бошқа ўрта катталикдаги шаҳарлар учун ҳам ечим топиш эди. "Бизнинг мақсадимиз амалий жиҳатдан самарали, экологик барқарор ва молиявий жиҳатдан мақбул модел яратиш эди," деб ёзган эди у 2025 йилда Принстон университети блогида.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Чиқинди ошхоналари Ҳиндистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам пайдо бўлди. Ғарбий Бенгалиянинг Силигури шаҳрида 2019 йилда пластик чиқиндилар эвазига бепул овқат бериш лойиҳаси ишга туширилди. Худди шу йили Телангана штатининг Мулугу шаҳрида бир килограмм пластикни худди шунча оғирликдаги гуручга алмаштириш имконияти яратилди. Карнатаканинг Мисуру шаҳрида 2024 йилда бошланган лойиҳа маҳаллий аҳолига давлат томонидан молиялаштириладиган ҳар қандай Индира ошхонасида 500 грамм пластикни бепул нонуштага ёки 1 килограммни бепул тушликка алмаштириш имконини беради. Шу билан бирга, Уттар-Прадешдаги акцияда пластик чиқиндилар эвазига аёлларга гигиеник воситалар тарқатилмоқда.

Бироқ, бундай лойиҳалар доим ҳам муаммосиз кечмаган. Деҳли шаҳри ҳам 2020 йилда 20 дан ортиқ шохобчани ўз ичига олган чиқинди ошхоналари орқали пластик чиқиндиларни йиғиш ташаббусини бошлаган эди. Аммо бу фаолият аста-секин тўхтаб қолди. Би-би-си билан суҳбатда бу ошхоналарнинг бир нечтаси аҳоли хабардорлиги пастлиги, чиқинди саралаш тўғри йўлга қўйилмагани ва қайта ишлаш инфратузилмасини етарлича қўллаб-қувватламаслик каби муаммолар борлигини айтди. Сайнининг фикрича, Деҳлидаги чиқинди ошхоналарига қизиқиш пастлиги Амбикапурга нисбатан камбағал аҳоли қатлами камроқ эканлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳиндистондан ташқарида Камбоджа ҳам бир вақтнинг ўзида чиқинди ва очликка қарши курашиш учун шунга ўхшаш дастурларни қабул қилган. Масалан, пластик билан тўлиб кетган Тонле Сап кўли атрофидаги жамоаларда одамлар тўпланган пластик чиқиндиларни гуручга алмаштириши мумкин.

Патҳакнинг айтишича, Амбикапурдаги каби чиқиндиларни йиғиш ташаббуслари пластик чиқиндиларнинг салбий оқибатлари ҳақида хабардорликни оширишга ҳам ёрдам беради. Бироқ у ҳукумат бошқа шаҳарларга чиқинди ошхоналари ёндашуви уларга тўғри келиш ёки келмаслигини баҳолашга ёрдам бериш учун кўпроқ маълумот бериши кераклигини таъкидлайди.

Пластик чиқиндиларни тўплаш лойиҳалари ижобий таъсир кўрсатган бўлса-да, улар пластикнинг ҳаддан ташқари кўп ишлаб чиқарилиши, қайта ишланмайдиган пластиклар ва кўпчилик ҳинд хонадонларида тўғри саралаш йўқлиги каби муаммоларни ҳал қила олмайди, дея қўшимча қилади Патҳак: "Бу пластик муаммонинг асл сабабларини эмас, балки юзаки масалаларни ҳал қиладиган тезкор ечимга ўхшайди."

Шундай бўлса-да, дейди у, бу саъй-ҳаракатлар фойдали. Улар одамларга муаммо ҳақида маълумот беради ва маҳаллий ечимлар самарасини кўрсатади. "Бу хайрли иш, лекин бизга каттароқ ўзгаришлар ҳам керак."