Халоскор пашша ё нега қолган овқатни пашшага беришимиз керак?

Сурат манбаси, Energesman
- Author, МериЛоу Коста
- Role, Технология бўйича мухбир
- Reporting from, Вилнюс, Литва
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Аксарият одамлар овқат ёнида учиб юрган пашшаларни ҳайдашга ҳаракат қилади, чиқиндилар қутисидан қўнғизча (личинка) чиқиши ҳақидаги тасаввурданоқ таъб хира бўлади.
Бироқ баъзи шаҳар кенгашлари айнан шу қўнғизчалар – пашша личинкалари ва уларнинг чириган озуқага бўлган иштаҳaсини мамнуният билан қарши олмоқда.
Литва пойтахти Вильнюсда ҳар йили 607 минг нафар аҳоли чиқарадиган 2 700 тонна озуқа чиқиндисини (қўшни олти шаҳар билан биргаликда) қайта ишлаш вазифаси расман пашша личинкаларига юкланган.
Бу вазифани бажараётган Energesman компанияси шаҳардан бу хизмат учун ҳеч қандай тўлов олмайди. Компания бош директори Алгирдас Блазгисга кўра, 2026 йилгача 12 000 тонна чиқиндисини қайта ишлаш орқали шаҳар йилига €2 млн ($2.3 млн) тежаши мумкин.
Energesman вильнюсликларга махсус апельсин рангли чиқинди пакетларини тарқатди ҳамда инфлюэнсерлар орқали чиқиндиларни саралашни тарғиб қилмоқда. Чунки ҳозир йиғилаётган 2 700 тонна – шаҳарда йилига ҳосил бўладиган тахминан 40 000 тонна маиший чиқиндининг жуда кам улуши.
Ўтган йилдан бошлаб озуқа чиқиндисини йиғиш кенгашлар учун мажбурий бўлгани сабабли, шаҳар бу масалада самарали ечимлар изламоқда.
Energesman эса семирган личинкаларни янги даромад манбаига айлантиришни ният қилган. Компаниянинг Вильнюсдаги заводида махсус ҳудудда олти миллионга яқин пашша сақланади, улар ҳар олти соатда жуфтлашади. Урғочи пашша 21 кунлик ҳаёти давомида тахминан 500 тухум қўяди. Блазгис ва унинг жамоаси ҳар ойда 3 миллиондан зиёд личинкани парваришлайди, улар ҳаётларининг дастлабки энг оч кунларида 11 тоннадан ортиқ озуқа чиқиндисини ейди.

Сурат манбаси, Energesman
Айнан шу улкан иштаҳа уларни озуқа чиқиндисини қайта ишлашда роса боп номзодга айлантиради. Бир тадқиқотда улар 40 см.ли пиццани атиги икки соатда йўқ қилгани қайд этилган.
Личинкаларни катта пашшага айланиб улгурмасидан олдин йиғиб олиш муҳим. Шунда оқсилга бой биомасса ҳайвон еми ёки саноатда ишлатиладиган моддалар – масалан, бўёқ, ёпишқоқ модда, чироқ қалпоғи ва мебел қопламаси – ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
Бундан ташқари, улар қолдирган ўғит қишлоқ хўжалигида ишлатилади.
Energesman компанияси аллақачон бўёқ, ёпишқоқ модда ва мебел ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорликда синов етказиб бериш жараёнини бошлаган. Аммо Блазгис тан олишича, жараён у кутгандек осон кечмаяпти – масалан, личинкалардан тайёрланган бўёқ ранг жиҳатдан идеал чиқмади, бироқ чироқ қалпоқлари умидбахш.
Компания университетлар билан ҳамкорликда тадқиқотлар ва бактерия озиқлантириш учун ҳам личинка етказиб беради. Шунингдек, уларга маҳаллий балиқчилик саноатида ҳам талаб бор.
Бироқ Европа Иттифоқининг соғлиқ ва хавфсизлик қоидаларига кўра, ошхона чиқиндиси билан озиқланган личинкалар инсон истеъмоли учун мўлжалланган хашаротли маҳсулотларда ишлатилиши мумкин эмас – бу гўшт ва балиқ парчалари орқали ифлосланиш хавфи билан боғлиқ.
«Бошида баъзи ғалати ғоялар келди, сўнгра бошқалардан ҳам шундай фикрлар чиқадими, деб изладик», дейди Блазгис.
«Ҳали ҳамма нарса янги. Кўпчилик иш бермайди деб ўйлайди, шунинг учун ҳали бу билан фахрланишмаяпти. Лекин менимча, натижа яхши бўлади».
Дунёда личинкалар орқали озуқа чиқиндисини қайта ишлаш кенг тарқалган, бироқ бу одатда хусусий тарзда амалга оширилади – масалан, меҳмонхона ёки уй-жой мулкдори билан личинка парваришловчилар ўртасидаги шартнома асосида.
Кенияда Project Mila деб номланган ижтимоий лойиҳа Момбасада ортиб бораётган чиқинди муаммосини ҳал қилиш учун личинкалардан фойдаланади ҳамда фермерларга фрасс ўғитини етказиб беради.
Аммо бундай ютуқни расман қабул қилган шаҳарлар жуда кам.
Австралиядаги Goterra компанияси бу йилдан Сиднейда озуқа чиқиндисини қайта ишлаш учун пашша личинкаларидан фойдаланишни синовдан ўтказмоқда. Сўнгги уч йилда компания Қўшни минтақадаги учта шаҳар билан ҳамкорликда 10 тонна озуқа чиқиндисини қайта ишлаб келмоқда.

Сурат манбаси, Flybox
Буюк Британия шаҳар кенгашлари ҳам йилига 6.4 миллион тонна озуқа чиқиндисини қайта ишлаш учун миллионлаб пашшаларни олиб келиши эҳтимоли фақат вақт масаласи, дейди Flybox компанияси бош директори Ларри Коч.
Унинг айтишича, Flybox – Буюк Британияда ҳашаротли чиқинди қайта ишлаш бўйича энг кўп объектга эга компания бўлиб, асосан хусусий озуқа ишлаб чиқарувчилар ва супермаркетлар билан ишлайди.
Flybox ҳашаротли қайта ишлаш соҳасида фаолият юритаётган компанияларни ўз ичига олган Ҳашаротларни биотрансформация қилиш ассоциациясининг етакчи аъзоларидан биридир.
Жаноб Кочнинг таъкидлашича, Буюк Британияда маҳаллий кенгашлар бу ташаббусга катта қизиқиш билан қарамоқда, айниқса, 2026 йил март ойидан бошлаб Англияда ҳафталик овқат қолдиқларини йиғиш мажбурий бўлишини инобатга олсак.
Англиядаги 317 та маҳаллий ҳокимият органидан тахминан 148 таси ҳануз овқат чиқиндиларини йиғиш ишларини йўлга қўймаган, дея маълум қилади Маҳаллий ҳокимият қайта ишлаш маслахат қўмитаси.

Сурат манбаси, Flybox
Шу билан бирга, DEFRA (Атроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича департамент) жорий этган регламентлар маҳаллий ҳокимиятларга овқат чиқиндиларини қайта ишлашда ҳашарот личинкаларидан фойдаланишга рухсат бермайди.
Жаноб Кочнинг фикрича, агар регламентлар илмий тараққиёт билан ҳамоҳанг янгиланса, Буюк Британия икки йил ичида ўзининг илк маҳаллий ҳокимият буюртмасига асосланган ҳашарот заводига эга бўлиши мумкин.
"Афсуски, ҳозирда ҳукумат учун энг хавфсиз ечим – рад жавоб бериш. Биз суҳбатлашган барча маҳаллий ҳокимиятлар ҳашарот оқсили ғоясидан жуда илҳомланган ва бошқа технологиялардан кўра ҳашарот фермалари билан ишлашни маъқул кўришади", дейди у.
DEFRA Би-би-сига йўллаган жавобида ҳайвон маҳсулотлари бўйича амалдаги регламентлар ҳашаротлардан овқат чиқиндисини қайта ишлашда фойдаланишни чеклашини тасдиқлади.
Департамент вакили таъкидлашича: "Чиқиндиларни бошқариш бўйича қоидаларимиз мамлакат биохилма-хиллиги хавфсизлигини таъминлаш ва касалликлар тарқалиши хавфини камайтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳозирда бу қоидаларни қайта кўриб чиқиш режалаштирилмаган".
Айни пайтда овқат чиқиндисини полигонларга юборишга муқобил йўқ сифатида анаэроб парчалаш қўлланмоқда – бу жараёнда чиқиндилардан биогаз олинади.
Бироқ жаноб Кочнинг таъкидлашича, мавжуд анаэроб парчалаш иншоотлари келажакда кутилган овқат чиқиндиларини қайта ишлашга тайёр эмас.
"Дунё бўйлаб ҳар йили тахминан 1,3 миллиард тонна овқат чиқиндиси йўқ қилинади. Унинг 40 фоизгача қисми ҳашарот чиқиндисини бошқариш усули орқали иқтисодий айланмага қайтарилиши мумкинлигига ишонамиз. Бу нафақат чиқиндини қайта ишлаш харажатларини ва метан чиқиндисини камайтиради, балки қимматли оқсил ва органик ўғит ҳам беради", дейди у.












