Ҳиндистон мусулмонларини ваҳимага солаётган маҳкама

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Нияз Фаруций ва Никита Ядав
- Role, BBC, Деҳли
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ҳиндистон Олий суди 1947 йилда мамлакат мустақилликка эришган пайтда мавжуд бўлган диний обидаларнинг хусусияти ва ўзига хослигини сақлашни назарда тутувчи қонунга қарши бир қатор аризаларни кўриб чиқмоқда.
1991 йилда қабул қилинган мазкур қонун ҳар қандай ибодат масканини ёки унинг бирор хусусиятини ўзгартиришни тақиқлайди ва судларга унинг мақоми бўйича низоларни кўриб чиқишни ман этади, фақат Бобур масжиди иши бундан мустасно.
XVI асрга оид Бобур масжиди узоқ давом этган тортишув марказида бўлиб, уни 1992 йилда ҳиндулар оломони бузиб ташлаган эди. 2019 йилдаги суд қарори бу жойни ҳиндуларга ибодатхона қуриш учун берди ва Ҳиндистоннинг диний ва дунёвий бўлиниш чегаралари бўйича баҳсларни қайта жонлантирди.
Ҳозирги аризалар, жумладан, Бош вазир Нарендра Модининг Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) аъзосидан бири томонидан берилган ариза, 1991-йилги қонун диний эркинлик ва конституциявий дунёвийликни бузишини таъкидлайди.
Agar masjidni tekshirib, uning ostida ibodatxona bor-yo‘qligini aniqlasangiz-u, keyin o‘sha joyda ibodatxonani tiklashni taqiqlasangiz, bu nizolarga sabab bo‘ladi.
Ушбу тинглов кўплаб масжидлар вайрон қилинган ҳинд ибодатхоналари устида қурилганини даъво қилаётган ҳинд гуруҳлари ҳаракатлари фонида ўтмоқда.
Кўпчилик, жумладан, мухолифат етакчилари ва мусулмон гуруҳлари қонунни қўллаб-қувватлаб, у ҳиндулар кўпчиликни ташкил этадиган Ҳиндистонда диний озчиликлар ибодатхоналарини ҳимоя қилиш учун жуда муҳимлигини айтишмоқда. Шунингдек, улар аризачилар ўз даъволарини қўллаб-қувватлаш учун келтираётган тарихий далиллар ишончлилигини шубҳа остига олишмоқда.
Уларнинг фикрича, агар қонун бекор қилинса ёки кучсизлантирилса, бу бир қатор шунга ўхшаш муаммоларга йўл очиши ва диний кескинликни, айниқса, ҳиндулар ва мусулмонлар ўртасидаги зиддиятларни кучайтириши мумкин.
Пайшанба куни Олий суд судларга ибодат жойларига эгалик қилишга эътироз билдирувчи ёки уларнинг табиати ва хусусиятини аниқлаш учун текширувлар ўтказиш тўғрисидаги янги ишларни кейинги кўрсатмалар берилгунча рўйхатга олишни тақиқлади. Кейинги тинглов февраль ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Нима учун бу қонун қабул қилинган эди?
Қонунда айтилишича, ҳар қандай ибодат жойининг – ибодатхоналар, масжидлар, черковлар ва гурдвараларнинг диний хусусияти 1947 йил 15 августда, Ҳиндистон мустақилликка эришган пайтдагидек сақланиши керак.
Ибодат жойлари тўғрисидаги қонун 1991 йил ўша пайтдаги Конгресс партияси ҳукумати томонидан илгари сурилган, айни пайтда, ҳинд миллатчи БЖП аъзолари бошчилигидаги ҳаракат шимолий Аёдҳия шаҳридаги Бобур масжиди ўрнида ибодатхона қуриш учун кучайиб борган. Ушбу шиддатли кампания мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида тартибсизликлар келтириб чиқарди ва баъзи маълумотларга кўра, уларда юзлаб одам ҳалок бўлди.
Бу зўравонлик Ҳиндистон 1947 йилда бўлиниш пайтида гувоҳи бўлган диний курашнинг оғриқли хотираси эди.
Ўша пайтдаги ички ишлар вазири С.Б. Чаван қонун лойиҳасини парламентга киритаётиб, "баъзи гуруҳлар ўзларининг тор манфаатлари учун тарғиб қилаётган муросасизликнинг хавотирли ўсиши"дан хавотир билдирган эди.
Унинг айтишича, бу гуруҳлар янги низоларни келтириб чиқариш мақсадида ибодат жойларини "зўрлик билан ўзгартириш"га уринишган.
Ўшанда мухолифатда бўлган БЖП қонун лойиҳасига қатъий қарши чиққан, баъзи қонунчилар парламентни тарк этганди. Партия депутати қонун лойиҳаси озчиликни тинчлантириш учун киритилган, ҳиндулар ва мусулмонлар ўртасидаги келишмовчиликни янада кучайтиради, деб ишонганини айтди.
Диний ёки диний бўлмаган археологик жойлардан ташқари, қонундан ягона истисно Бобур масжиди эди, чунки бу иншоотга қарши ҳуқуқий даъво мустақилликдан олдин ҳам мавжуд бўлганди.
Бироқ, ҳинд оломони қонун кучга кирганидан бир неча ой ўтгач, масжидни бузиб ташлашди. 2019 йилда Ҳиндистон Олий суди баҳсли ерни ҳинд гуруҳларига ажратар экан, масжиднинг бузилиши ноқонуний ҳаракат эканлигини таъкидлади.

Сурат манбаси, Getty Images
Нега бу масала ҳамон матбуот нигоҳида?
Олий суднинг қонун бўйича қарори ҳинду гуруҳлари даъво қилаётган ўнлаб диний иншоотлар, айниқса, мусулмонларга тегишли бўлганларининг тақдири учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Буларга Варанаси ва Матҳура муқаддас шаҳарларидаги иккита баҳсли масжид – Гянвапи ва Шоҳи Ийдгоҳ киради.
Танқидчилар, шунингдек, жой тарихий табиатга эга бўлгани сабабли, қарама-қарши даъволарни узил-кесил исботлаш қийин бўлишини таъкидламоқда, бу эса динлараро кескин низолар ва зўравонликларга йўл очиши мумкин.
Тингловлар диққат билан кузатиб борилаётган бўлса-да, масжидларга қарши янги иш пайдо бўлганда ҳам қонун янгиликларнинг марказида бўлади.
Икки ҳафта олдин Ражастан суди ҳар куни минглаб зиёратчиларни ўзига жалб қиладиган 13-асрга оид машҳур сўфийлик зиёратгоҳи – Ажмер Шариф даргоҳининг ҳинду ибодатхонаси устида жойлашгани даъво қилинган аризани қабул қилгач, ҳукуматга хабар юборди.
Ўтган ойда эса Уттар-Прадеш штатидаги Самбҳал шаҳрида 16-асрга оид масжидда ўтказилган суд сўрови пайтида юз берган зўравонлик оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Мусулмон гуруҳлари бу сўровга қарши Олий судга мурожаат қилишди.
Илгари суд томонидан буюрилган бошқа сўровлар, жумладан, Гянвапи масжиди иши бўйича ҳам кескинлик юзага келган эди. Ҳинду гуруҳлари 17-асрга оид масжидни бобурий ҳукмдор Аврангзеб Каши Вишванатҳ ибодатхонасининг қисман харобалари устига қурдирган деб таъкидлашди. Мусулмон гуруҳлари маҳаллий суд томонидан буюрилган сўровга 1991-йилги қонунни бузади деб қарши чиқишди.
Бироқ 2022 йилда ўша пайтдаги Олий суд раиси Д.Й. Чандрачуд бошчилигидаги ҳайъат сўровнинг давом этишини тўхтатмади. У, шунингдек, 1991-йилги қонун 1947 йил 15 августдаги ибодат жойи мақомини текширишга тўсқинлик қилмаслигини, агар бу уни ўзгартиришга қаратилмаган бўлса, таъкидлади.
Ўшандан бери кўпчилик буни танқид қилмоқда. Собиқ давлат хизматчиси Харш Мандер бу "1991-йилги қонунга зид бўлган судлар чиқарган бир қатор қарорларга дарвозаларни очиб берди" деб айтди.
"Агар сиз масжидни текширишга рухсат бериб, унинг остида ибодатхона бор-йўқлигини аниқласангиз-у, кейин ўша жойда ибодатхонани тиклашни тақиқласангиз, бу турли динларга мансуб одамлар ўртасида йиллар давомида аччиқ низоларга сабаб бўладиган норозилик, нафрат ва қўрқувни шакллантиради," деб ёзди жаноб Мандер.
Олий суднинг пайшанба кунги қарори ушбу сўровлар ва давом этаётган суд ишларини вақтинча тўхтатиб туради.












