Ҳиндистонга Толибон нега керак – бу Марказий Осиё боисми?

Сурат манбаси, MEA India
- Author, Сутик Бисвас
- Role, Ҳиндистон бўйича мухбир
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ҳиндистоннинг Толибон ҳукуматига сўнгги дипломатик муносабати минтақадаги геосиёсий воқеликка бўлган қараш сезиларли ўзгарганини кўрсатмоқда.
Бу Ҳиндистон Кобулнинг Толибон қўлига ўтиши натижасида катта стратегик ва дипломатик зарбага дучор бўлганидан уч йилдан ортиқ вақт ўтгач содир бўлди.
Афғонистон демократиясига сарфланган йигирма йиллик сармоя – ҳарбий таълим, стипендиялар ва янги парламент биноси қурилиши каби муҳим лойиҳалар – тезда йўққа чиқди. Бу парчаланиш, шунингдек, минтақавий рақиблар, айниқса, Покистон ва Хитойнинг таъсирини кучайтирди, Ҳиндистоннинг стратегик мавқеини заифлаштириб, хавфсизлик бўйича янги муаммоларни келтириб чиқарди.
Алоқадор мавзулар:
- Қирғизистон ҳам Қозоғистондек Россия қилмаган ишни қилди, расмий Москва ҳам жим турмади, Тоқаев 'демарши' ёки Қозоғистоннинг 'суверен ҳуқуқи'
- Афғонистон: Толибон лидери огоҳлантирди, тан олинмаса, толиблар нима қилмоқчи, Кобул марказида "Бухоро" ва толиблар яхшими, Ўзбеклар нима дейди?
- Афғонистон: Толибон йўқолмаса, Ўзбекистон нима қилади? Дунё-чи?
Ҳаммаси ўзгардими?
Bu munosabatning Tolibon bilan ilgari hech qachon do‘stona aloqada bo‘lmagan Hindistondan kelishi Tolibon uchun diplomatik g‘alabadir...
Бироқ, ўтган ҳафта вазият ўзгарганини кўрсатди. Ҳиндистоннинг етакчи дипломати Викрам Мисри Дубайда Толибон ҳукуматининг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан учрашди – бу Кобул қулашидан бери энг юқори даражадаги мулоқот бўлди. Толибон ҳукумати Ҳиндистон билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қизиқиш билдириб, уни "муҳим минтақавий ва иқтисодий куч" деб атади.
Хабар қилинишича, музокаралар савдони кенгайтириш ва Ҳиндистон Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларини четлаб ўтиш учун ривожлантираётган Эроннинг Чобаҳор портидан фойдаланишга қаратилган.
Бу учрашув қанчалик муҳим? Американинг "Wilson Center" таҳлил маркази ходими Майкл Кугелманнинг айтишича, Деҳли Толибон раҳбариятига ҳокимиятга келганидан бери халқаро ҳамжамиятдан кутган де-факто тан олинишни берди.
"Бу муносабатнинг Толибон билан илгари ҳеч қачон дўстона алоқада бўлмаган Ҳиндистондан келиши Толибон учун дипломатик ғалабадир," дейди у.

Сурат манбаси, AFP
Афғонистонда Толибон ҳокимиятга қайтганидан бери мамлакатлар бу режимга турлича ёндашувларни қўллаб, дипломатик алоқаларни инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик масалалари билан мувофиқлаштириб келмоқда. Масалан, Хитой анча илгарилаб кетди: у Толибон ҳукумати билан фаол ҳамкорлик қилиб, хавфсизлик ва иқтисодий манфаатларга эътибор қаратди, ҳатто мамлакатда ўз элчисини ҳам тайинлади.
Ҳеч бир давлат Толибон ҳукуматини расман тан олмаган, аммо 40 га яқин мамлакат у билан қандайдир дипломатик ёки норасмий муносабатларни сақлаб келмоқда.
Шу сабабли, Ҳиндистоннинг Афғонистондаги собиқ элчиси Жаянт Прасад каби экспертлар Ҳиндистоннинг бу ташаббусига эҳтиёткорона ёндашмоқда.
Унинг айтишича, сўнгги уч йил давомида Ҳиндистон ташқи алоқалар хизмати дипломати орқали Толибон билан алоқада бўлиб келган. Ҳиндистон 1990-йиллардаги фуқаролар уруши пайтида Афғонистондаги консулхоналарини ёпган ва уруш тугаганидан сўнг 2002 йилда уларни қайта очган эди. "Биз бу танаффус яна такрорланишини истамасдик, шунинг учун мулоқотга киришишни хоҳладик. Бу муносабатларда жуда оддий қадам," дейди у.
Ҳиндистоннинг ташқи ишлар вазири С. Жайшанкар 2023 йилда парламентга Ҳиндистоннинг Афғонистон билан "тарихий ва маданий алоқалар"и борлигини айтган. Ҳиндистон Афғонистон бўйлаб 500 дан ортиқ лойиҳаларга, жумладан, йўллар, электр узатиш линиялари, тўғонлар, шифохоналар ва клиникаларга 3 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлаган. У афғон зобитларини ўқитган, талабаларга минглаб стипендиялар берган ва янги парламент биносини қурган.
Бу узоқ давом этадиган геосиёсий воқеликни акс эттиради. "The Indian Express" газетаси таъкидлаганидек, "Кобулдаги режимнинг табиатидан қатъи назар – монархия, коммунистик ёки исломий – Деҳли ва Кобул ўртасида табиий яқинлик мавжуд эди".
Жаноб Кугелман ҳам бу фикрга қўшилади. "Ҳиндистон Афғонистонда ривожланиш ва гуманитар ёрдам донори сифатида муҳим меросга эга, бу афғон халқининг Деҳли йўқотишни истамаётган хайрихоҳлигига айланган," дейди у.
Қизиқ томони шундаки, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб бораётган бир пайтда, Деҳли билан алоқалар яхшиланмоқда. Покистон таъкидлашича, Покистон Толибони Афғонистондаги бошпаналардан фойдаланмоқда.
Ўтган йил июлида Покистон Мудофаа вазири Хаважа Асиф Би-би-сига Покистон терроризмга қарши кураш операцияси доирасида Афғонистонга ҳужумларни давом эттиришини айтган эди. Ҳиндистон ва Толибон ҳукумати ўртасидаги музокаралардан бир неча кун олдин Покистоннинг ҳаво ҳужумлари Афғонистон шарқида ўнлаб одамларни ўлдирди, деб хабар қилди Афғонистон ҳукумати. Толибон ҳукумати бу ҳужумларни ўз суверенитети бузилиши сифатида қоралади.

Сурат манбаси, AFP
Бу 2021 йилда Кобул қулаган пайтдан бери муносабатлардаги кескин ёмонлашувни кўрсатади. Ўшанда Покистон разведкасининг юқори мартабали амалдори Толибон режимини кутиб олган биринчи хорижий меҳмонлар орасида эди. Ўша пайтда кўпчилик Кобулнинг қулашини Ҳиндистон учун стратегик муваффақиятсизлик деб ҳисоблаган эди.
"Покистон Ҳиндистоннинг Толибон билан алоқаларини кучайтиришига ягона сабаб бўлмаса-да, Деҳли ўзининг азалий рақиби Покистоннинг собиқ ҳамкори бўлган муҳим активга яқинлашиб, Покистон устидан катта ғалабага эришаётгани бор гап," дейди жаноб Кугелман.
Алоқаларни кенгайтиришнинг бошқа сабаблари ҳам бор. Ҳиндистон Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва унга киришни таъминлашни кўзлаган, чунки Покистон транзит ҳуқуқини рад этгани сабабли у ерга қуруқлик орқали тўғридан-тўғри бора олмайди. Мутахассислар фикрича, Афғонистон бу мақсадга эришиш калити ҳисобланади. Стратегиялардан бири Афғонистон орқали Марказий Осиёга киришни яхшилаш учун Эрон билан Чобаҳор портини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишдир.
"Деҳли учун Толибон раҳбарияти билан яқинроқ алоқа ўрнатиш орқали ушбу режанинг Афғонистон қисмига эътибор қаратиш осонроқ, чунки Толибонга ҳам бу режалар маъқул, бу режалар Афғонистоннинг ўз савдо ва алоқа йўлларини яхшилашга ёрдам беради," дейди жаноб Кугелман.

Сурат манбаси, Getty Images
Шубҳасиз, Ҳиндистоннинг сўнгги вақтлардаги ҳаракатлари Толибон бошчилигидаги Афғонистондаги асосий манфаатларини илгари суришга хизмат қилади: Ҳиндистонга террорчилик таҳдидлари олдини олиш, Эрон ва Марказий Осиё билан алоқаларни чуқурлаштириш, ёрдам кўрсатиш орқали халқ хайрихоҳлигини сақлаб қолиш ва Покистонга қарши туриш.
Салбий томонлари-чи?
"Толибон билан алоқаларни мустаҳкамлашнинг асосий хавфи Толибоннинг ўзидир. Биз халқаро, жумладан, Покистон террор гуруҳлари билан яқин алоқада бўлган, 1990-йиллардаги ҳолатидан деярли ўзгармаган зўравон ва шафқатсиз ташкилот ҳақида гапиряпмиз," дейди жаноб Кугелман.
"Ҳиндистон Толибонни ўз томонида ушлаб турса, у Ҳиндистон ёки унинг манфаатларига путур етказмаслиги мумкин деб умид қилиши мумкин. Бу тўғри бўлиши ҳам мумкин. Аммо охир-оқибат, Толибон каби ташкилотга ишониш мумкинми? Ҳиндистон ушбу мураккаб муносабатларни эҳтиёткорлик билан давом эттирар экан, айнан ана шу савол уни ташвишга солади."
Жаноб Прасад Толибоннинг аёлларга муносабатидан хавотирга қарамай, Ҳиндистоннинг Афғонистон билан ҳозирги алоқасида ҳеч қандай салбий жиҳат кўрмайди. "Толибон тўлиқ назоратни ўз қўлига олган. Толибонни ўз ҳолига ташлаб қўйиш афғон халқига ёрдам бермайди. Халқаро ҳамжамият билан баъзи алоқалар ҳукуматни ўз хатти-ҳаракатларини яхшилашга мажбур қилиши мумкин."
"Ёдда тутинг, Толибон тан олинишга интилмоқда, – дейди жаноб Прасад. – Улар буни фақат ички ислоҳотлардан кейин эришиш мумкинлигини билишади." Масалан, аёлларни ижтимоий ҳаётга қайтариш, уларнинг таълим олиш, ишлаш ва сиёсий ҳуқуқларини тиклаш орқали.












