Афғонистон: "Ҳиббатулла Охундзода, юзингни, ўзингни кўрсат" ёки Толибон лидерини танқид қилса, оқибати ёмон бўладими?

Толибон лидери

Сурат манбаси, Afghan Islamic Press

Сурат тагсўзи, Мавлавий Ҳиббатулла Охундзода Афғонистон Толибон ҳаракатининг амалдаги лидери бўлади. Сиёсий, диний ва ҳарбий масалалар бўйича Олий раҳбари саналади. Ҳиббатулла Охундзодадан Қандаҳордан пойтахт Кобулга келиш ва халққа кўриниш бериши сўралган.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Афғонистоннинг ўзида Толибон лидери ошкора танқид қилинди, бунинг ортидан нималар бўлгани шу кунларда қатор нашрларда сарлавҳаларга чиқди.

Алоқадор мавзулар:

Ошкора танқид

Нангарҳордаги мушоира

Сурат манбаси, skrinshot

Хабарларга кўра, Ҳиббатулла Охундзода ҳақидаги танқидий шеърларни цензура қилмагани учун Толибон ҳукуматининг Нангарҳор вилоятидаги Ахборот ва маданият бўлими раҳбари Сажид Хўгёний ишдан кетган.

Бу хабарларни Би-би-си манбалари ҳам тасдиқлашган.

Маълум бўлишича, ҳаммаси яқинда ушбу вилоятда бўлиб ўтган "Норинж гули" мушоираси чоғида юз берган.

Ўзининг танқидий шеърлари билан танилган пуштун шоири Матиуллоҳ Тўроб Толибон етакчисини танқид қилиб, шеър ўқиган.

Шоир ўзининг мазкур шеърида Ҳиббатулла Охундзодадан Қандаҳордан пойтахт Кобулга келиш ва халққа кўриниш беришини сўраган.

Айрим хабарларга кўра, у Толибон лидерига Кобулсиз Афғонистонни бошқара олмаслигини ҳам айтган, давлатни бошқаришдан олдин халқ билан маслаҳатлашишни маслаҳат бериб, бу каби йиғинларининг муҳимлигини ҳам таъкидлаган.

Танқидий шеъри ва танқиди учун шоирнинг ўзига қарши бирор бир чора кўрилгани ёки йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Толибон лидери ва Қандаҳор

Қандаҳор

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ҳаракат Афғонистонда қудратни қайта эгаллаган 2021 йилдан кейин ҳокимият ва қарорларнинг қабул қилиниши пойтахт Кобулдан айнан Қандаҳорга кўчган.

Ўзини одамларга кўрсатмаслиги ҳаракат Афғонистонга қудратга қайтганидан буён Толибон лидери билан боғлиқ хабарларда хос эътибор топган, алоҳида урғуланиб келаётган нуқталардан бири бўлади, фақат Ҳиббатулла Охундзоданики экани айтилган аудиолари тарқатилади, унинг турли байрамлар муносабати билан йўллагани айтилувчи табриклари эса, Толибон ҳукуматининг воизлари томонидан ижтимоий тармоқлар, асосан, X(собиқ Twitter) платформасида чоп этилади.

Толибон лидери Афғонистоннинг жанубий Қандаҳор вилоятидан деярли чиқмайди.

Қандаҳор, таъбир жоиз, Толибон ҳаракатининг Афғонистондаги юраги ва ҳозирги етакчиси Ҳиббатулла Охундзоданинг таянч нуқтаси сифатида кўрилади.

Ҳаракат Афғонистонда қудратни қайта эгаллаган 2021 йилдан кейин ҳокимият ва қарорларнинг қабул қилиниши пойтахт Кобулдан айнан Қандаҳорга кўчган.

Бунга ҳатто Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам ўзининг эътиборини қаратган.

Халқаро ташкилотга кўра, Қандаҳорнинг яна ҳокимият марказига қайтиши Толибоннинг 90-йиллардаги илк бошқаруви даврида бўлгани каби қарорларнинг пойтахт Кобулдаги ҳукумат вазирларисиз қабул қилинишига йўл очган.

Орада Толибон муваққат Ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққонийнинг раҳбариятнинг қарор қабул қилиш жараёнини танқид қилгани ва яккаҳокимликдан огоҳлантиргани ҳақидаги хабарлар ҳам олинган.

Аммо Толибон сафларида ички келишмовчиликлар борлигини рад этган.

Қандаҳорни ким назорат қилса, Афғонистонни ҳам назорат қилади, деган гап бор.

Қандаҳор мамлакатдаги энг йирик этник гуруҳ - пуштунларнинг ҳам юраги ҳисобланади.

Толибоннинг мафкурвий, ғоявий таянч нуқтаси, маркази сифатида кўрилади.

Қандаҳор ўзининг халқаро аэропорти, қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқариши ҳамда мамлакатнинг асосий савдо марказларидан бири сифатидаги мавқеи туфайли стратегик аҳамиятга эга.

Стратегик ва савдо йўли сифатидаги аҳамияти боис, Қандаҳор учун кўп асрлар давомида кураш олиб борилган.

Ўтган икки ўн йилликда НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучлари ва Толибон ўртасидаги энг шиддатли жанглар айнан худди шу вилоятга ҳам тўғри келади.

Қандаҳор яна Афғонистоннинг Покистонга чегарадош вилоятларидан бири ҳам бўлади.

Воқеалар ривожи

Мушоира

Сурат манбаси, skrinshot

Сурат тагсўзи, Хабарларга кўра, мушоираларни бекор қилиш қарори ҳатто ижтимоий тармоқлардаги баъзи Толибон тарафдори бўлган фойдаланувчиларнинг ҳам норозиликларига сабаб бўлган, улар миллий бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирни тўхтатиш қарорини танқид қилишган.

Хабарларга кўра, Афғонистоннинг Толибон назорати остидаги миллий телевидениеси мушоира чоғида янграган танқидий шеърлар, шу жумладан, пуштун шоири Матиуллоҳ Тўробникини ҳам олиб кўрсатмаган.

Аммо, маълум бўлишича, унинг Толибон лидерига қаратилган шеъри бошқа оммавий ахборот воситаларида чиқиб кетган.

Сўнгги ҳодиса Толибон масъулларининг мушоиралар олдидан шоирлар ва уларнинг шеърларини текширувдан ўтказиш буйруғи, қайриб бир йилдирки, амалда бўлган бир манзарада юз берган.

Шу кунларда олинган айрим хабарларга кўра, Толибон бутун Афғонистон бўйлаб барча мушоира тадбирларини номаълум муддатгача тўхтатиб қўйган, бу ҳақда вилоятлардаги барча бошқармаларга оғзаки кўрсатма бўлган.

Айтилишича, Толибон бунга иқтисодий вазият ва яна айнан мушоиралар чоғида яқинда янграган танқидларни сабаб қилиб келтирган.

Ўтган тўрт йил ичида Афғонистоннинг турли вилоятларида ўтказиб келинаётган мушоиралар Толибоннинг миллий, маданий бирдамликни тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисми ўлароқ кўрилган, аммо, маълум бўлишича, қаттиқ назорат қилинган.

"Afghanistan International" нашрининг ёзишича, мушоираларга фақат ижоди ва қараши Толибон мафкурасига тўғри келган шоир ва маданият арбоблари қўйилган, аёллар улардан буткул чиқариб ташланган, романтик ёки танқидий шеърлар қатъиян ман этилган.

Худди шу нашрнинг манбаларга таяниб хабар беришича, Толибон шу кунларда Парвон вилоятида ўтказилиши режаланган "Арғувон гули" миллий мушоирасини ҳам бекор қилган, тескариси бўлса-да, бунга ёмон об-ҳавони важ қилиб келтирган.

Би-би-сининг бу хусусда Толибон масъулларидан изоҳ сўраб қилган сўрови ҳам бежавоб қолган.

Толибоннинг ўзи эса, ҳозирча буларнинг барчаси хусусида бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.

Хабарларга кўра, мушоираларни бекор қилиш қарори ҳатто ижтимоий тармоқлардаги баъзи Толибон тарафдори бўлган фойдаланувчиларнинг ҳам норозиликларига сабаб бўлган, улар миллий бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирни тўхтатиш қарорини танқид қилишган.

Ҳиббатулла Охундзода ким?

Инфографика

Мавлавий Ҳиббатулла Охундзода Афғонистон Толибон ҳаракатининг амалдаги лидери бўлади.

Сиёсий, диний ва ҳарбий масалалар бўйича Олий раҳбари саналади.

Ҳаракатни унгача асосчиларидан бири Мулла Умар ва Ахтар Мансур бошқарган.

Мулла Умарнинг 2013 йилда вафот этгани ишонилади. Ахтар Мансур 2016 йили ўлдирилган.

Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охундзода худди ўша йили унинг ўрнини эгаллаган.

У ҳарбий эмас. Кўпроқ уламо одам сифатида танилган.

Охундзоданинг 1961 йилда Афғонистоннинг жанубий Қандаҳор вилоятида туғилгани айтилади. Аммо бу маълумотлар тасдиқланмаган.

Отаси қишлоқ имоми бўлган.

1980-йилларда у Совет қўшинларига қарши жанг қилаётган мужоҳидлар сафига қўшилган. Аммо жанг қилмаган.

Кейин оиласи билан Покистонга кўчиб ўтган. Шимолий Кветта шаҳрига бориб ўрнашишган.

Охундзода худди ўша ерда ўзининг мадраса таҳсилини бошлаган.

1994 йилда Мулла Умар ва унинг уч шериги томонидан Покистонда асос солинган Толибон ҳаракатига қўшилган.

Толибон ўша пайтда диний мактаблар радикал талабаларининг ҳаракати сифатида кўрилган.

Афғонистонда Толибоннинг Исломий Амирлиги амал қилган йилларда қозилик қилган. Шаръий маҳкамаларидан бирига масъул бўлган.

Толиблар ўша пайтда телевидение, кино, мусиқа, пардоз-андоз ва спортни тақиқлашган.

10 ёшдан катта қизларнинг мактабга чиқишига изн беришмаган.

Тошбўрон қилиш, қўлни кесиш ва омма олдида калтаклаш каби жазо чоралари амал қилган.

Бу ҳукмлардан қай бири Охундзоданики бўлгани маълум эмас.

Аммо у толибларнинг орасида энг анъанадори сифатида танилган.

Мавлавий Ҳиббатулла Охундзода одамлар кўз ўнгида деярли кўриниш бермайди, ошкора баёнотлар ҳам қилмайди.

Сиёсий, диний, ҳарбий - барча масалаларда сўнгги сўзни айнан Охундзода айтади.

Унинг 23 ёшли ўғли 2017 йилда портловчи модда жойланган юк машинаси билан Афғонистон жанубидаги ҳарбий базага ҳужум қилган. Катта шов-шувга сабаб бўлган.

Акаси эса, 2019 йили Кветта шаҳрида юз берган портлашда ҳалок бўлган.